ЗИДДИЯТЛИ ЖУРНАЛИСТИКАНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ  

Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида қандайдир зиддиятли вазиятларга дуч келамиз. Баъзан вазиятни чигаллаштирамиз, баъзида эса муросага интиламиз…

Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида қандайдир зиддиятли вазиятларга дуч келамиз… Муроса қиламиз, муросага интиламиз…  Баъзан ютамиз, баъзан вазиятни бой берамиз Асли ҳаётимизнинг ўзи турли хил зиддиятлардан иборат. Қадимдан  ёвузлик ва эзгуликнинг, ёруғлик ва зулматнинг, ҳаёт ва ўлимнинг ўзаро зиддияти инсоният фалсафаси, адабиёти, эътиқодларида ўз аксини топган. Масалан, миллий-маданий меросимизнинг энг қадимги намуналаридан бўлган “Авесто” ёки “Қутадғу билиг” мисраларидаги фалсафа бунга яққол мисол бўла олади. Ҳаётимиздаги зиддиятли вазиятлар жадал ривожланаётган ижтимоий муҳитда янада мураккаблашди. Айни пайтда ҳаётдаги барча воқеа-ҳодисалар ўз аксини топаётган ОАВ ҳамда уларнинг ижодкорлари ҳам беихтиёр мураккаб ҳолатлар иштирокчисига айланишади.  

Шу ўринда зиддиятли журналистиканинг асоси бўлган конфликтологиянинг илмий келиб чиқишига тўхталсак. “Конфликтология – зиддиятларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши, якунланиши ҳамда уларнинг конструктив ечимини ўрганадиган фан йўналишидир”. Умуман олганда, мураккаб вазиятдаги инсонга ҳаётда орттирган тажрибасидан ташқари дин ҳамда санъат, маданият, ижтимоий-сиёсий фанларга оид билим ва кўникмалар ҳам керак бўлади. Зиддиятлар таҳлилига қадим замонлардан бери кўпгина файласуфлар эътибор қаратиб, жамият тараққиётида зиддиятлар ҳам ижобий, ҳам салбий оқибатларга олиб келишини тадқиқ этишган. Ижтимоий зиддият жамият ва гуруҳлар ўртасидаги кураш, баҳс бўлиб, унда якка индивидларнинг эмас, балки кўпчиликнинг қизиқишлари акс этади. Ижтимоий зиддиятларнинг ечимида, одатда, у ёки бу томонни куч билан енгиш ёки келишув ҳолати кузатилади. Бунда иккала тараф бир оз ён босиб, ўзаро манффаатли келишадилар. Иккала тарафни ана шу келишувга олиб келадиган махсус мутахассислар –медиаторлар фаолияти бугунги кунда жаҳонда ўз ўрнига эга бўлмоқда. Тарихга назар солсак, айнан ХХ асрда йирик зиддиятлар юз йилликда 300 миллионга яқин инсоннинг ҳаётдан кўз юмишига олиб келди. Бунга асосан, иккита жаҳон уруши, икки юзга яыин қонли тўқнашувлар, тоталитар тузумларнинг террори, ҳукмронлик учун олиб борилган қуролли жанглар, ҳунрезликлар сабаб бўлган. Ҳиндистон ҳамда Покистон давлатларининг ўзаро низоларида ядер қуролларидан фойдаланиш, жаҳонда оммавий қирғин қурол-яроғларининг такомиллашиб бораётгани огоҳликнинг аҳамияти нақадар ортиб бораётганлигини исботламоқда. Кўпгина сиёсатшунослар Ғарб давлатлари билан жаҳоннинг қолган ривожланаётган давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг зиддиятларини тадқиқ этишади.

МУРОСА – ЭНГ ТЎҒРИ ЕЧИМ

Албатта,  зиддиятли ҳолатлар кундалик ҳаётдами, ижтимоий муҳитдами, миллий ёки ирқий масаладами – жамият тараққиётига ўз таъсирини ўтказади. Ижтимоий муаммолар ечимини кенг оммага тақдим этаётган журналистлар бу соҳанинг барча қирраларидан воқиф бўлишларига тўғри келади. Конфликтология-зиддиятшунослик фанининг асосида социология, психология, политология фанлари пойдевор бўлмоқда. Журналистик фаолият турларига нисбатан конфликтология деярли тадқиқ этилмаган. Турли хил зиддиятларни таҳлил қилишдан аввал уларнинг пайдо бўлиш тарихини, сабабини ва турли вазиятлардаги ечимини ўрганиш керак. Зиддиятли вазиятларда фаолият кўрсатаётган журналистлар муаммонинг психологик ечимини билиб, қийин вазиятларда муросасозлик кўникмаларига эга бўлганларида нохуш ҳолатларнинг олди олинган бўларди. Албатта, бунда журналистларнинг ҳавфсизлик масалалари, этика муаммолари ҳам нақадар долзарб эканлиги равшан бўлмоқда. Зиддиятли вазиятларни  тўғри баҳолаш учун тарих, психология, политология фанларини чуқур ўзлаштириш талаб этилади. Бундай қалтис вазиятларда фаолият кўрсатаётган журналистлар йўналишини Олий таълим муассасаларида тайёрлаш давр талабига айланган. Дунёдаги зиддиятли вазиятларнинг йил сайин ортиб бораётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бундай мутахассислар учун талаб катталиги равшан бўлади.

ЗИДДИЯТЛАРНИНГ ҚАНДАЙ ТУРЛАРИ БОР?

Зиддиятли вазиятларнинг бир неча турлари мавжуд. Масалан, миллатларо, меҳнат  фаолияти, сиёсий, диний, аҳлоқий, оилавий  зиддиятлар.  Мутахассислар зиддиятли вазиятларда томонларнинг беш хил кўринишларини таснифлайдилар. Булар: ҳамкорлик қилувчилар, кўникувчилар, рақиблар, қийин вазиятдан қочувчилар, келишувга келувчилардир. Зиддиятли вазиятларни таҳлил қилувчи журналистик материалнинг аҳамияти юқори бўлади. Улар жамиятдаги сиёсий, иқтисодий жараёнга таъсир қиладилар. ОАВ ихтисослашуви, мақсадли аудитория учун тайёрланган ахборий материал зиддиятли вазиятни мураккаблаштирувчи ҳолатларни юмшатиши ёки зиддиятнинг ечимига ойдинлик киритиши мумкин. Баъзи журналистлар холисликка эътибор бермай, у ёки бу тарафга ён босиб, беихтиёр вазиятнинг мураккаблашишига олиб келишади.  Шу ўринда журналистларнинг асосий вазифаси бетарафлик бўлиб, воқеа ва ҳодисаларга холис ёндашишдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Бугунги кунда интернет ҳамда ижтимоий тармоқларнинг кенг оммалашуви натижасида турли хил зиддиятли вазиятлар ҳақида ахборотлар тезлик билан тарқалмоқда. Балки омманинг эътиборини тортиш учун ҳам конфликт ҳолатларни кенг ёритишга аҳамият қаратилаётир. Қандайдир ахборотни тақдим этишдан аввал журналистлар унинг ҳаққонийлигига, холислигига эътибор қаратиб, тарафларнинг ҳақ-ҳуқуқларини инобатга олган ҳолда материал тайёрлашлари керак. У ёки бу ҳодисани фото ёки видео ёзувларини тайёрлашда ҳам ахборот олиш борасида белгиланган меъёрларга риоя қилиш лозим. Воқеа-ҳодисанинг таҳлили қонуний асослансагина, журналист текшируви ўз самарасини бериши мумкин.

Ҳиссиётларга берилиб, фақат бир тарафнинг ёнини олса, шунингдек ўз мақоласида ҳақоратомуз сўзлар, иборалар ишлатса журналист ўз обрўсини тушириб, шунчаки бир тарафкаш сифатида намоён бўлиши мумкин. Зиддиятли вазиятларда холис ва бетараф позицияда туриб, бу жараённинг ижтимоий-психологик, ҳуқуқий ҳолатига тўғри баҳо бера олган журналист – шунчаки иштирокчи эмас, балки том маънода тўртинчи ҳокимият деб аталувчи соҳа вакили сифатида фаолият кўрсата олади.

Юлдуз ОРТИҚОВА,

 филология фанлари номзоди

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: