МАНА, ҲОКИМ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК!

У лавозимга ўтириши билан шаҳар ҳокимлигидаги барча амалдорларнинг хизмат машиналарини сотиб юборишини айтганди. Бундан асосий мақсад шаҳар мулкини оқилона сарфлаш эканлигини таъкидлади ва ўз ваъдасининг устидан чиқди.

Сўнгги уч ой давомида Якутияда содир бўлаётган воқеалар кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлмоқда. Уларнинг бош қаҳрамони – якутиялик шаҳар ҳокими Сардана Авксентьева исмли аёл бўлиб, уни россиялик журналистлар ўз мақолаларида “эзгулик фариштаси” деб аташяпти.

Гап шундаки, Авксентьева 2018 йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган сайловларда энг кўп овоз тўплаб, шаҳар ҳокими лавозимига сайланган. Бу ўшанда шаҳар мансабдорлари учун кутилмаган воқеа бўлганди.

 ЯНГИ ЙИЛ, “ЖИП”ЛАР ВА АСФАЛЬТ МОЖАРОСИ

Авксентьеванинг сайлов олди ваъдалари аввало шаҳар казо-казоларини тамом қўрқувга солди. Негаки, агар у шу лавозимга сайланса дастлабки иши ҳокимлик тасарруфидаги ортиқча бойликларни сотиб, пулини шаҳарни ривожлантиришга сарфлашини айтганди. Шаҳар мэри мақомига эришгач у ўз сўзига содиқ эканлигини барчага “кўрсатиб қўйди!”

Қандай қилиб дейсизми? Масалан, янги йил тантанасида ўз жамоаси билан бирон ресторанда ўтириб, байрамни тантанали нишонлаш ўрнига барча ўринбосарларини меҳр-мурувват акцияси ўтказишга сафарбар этди. Бунинг учун ҳар бирига алоҳида “Қорбобо мактуби”ни йўллади ва турли масканлар (мурувват уйи, пансионат, ногиронлар ёки болалар меҳрибонлик уйлари)да Арча байрами ўтказишини тайинлади. Ҳокимнинг бу қарори ҳақидаги “миш-миш”лар тез орада ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб кетди. Унга одамларнинг ишончи ва ҳурмати янада ортди.

Лавозимга ўтириши билан ҳокимликдаги барча раҳбарларнинг хизмат машиналарини сотиб юборишини айтган ҳоким бундан асосий мақсад шаҳар мулкини оқилона тақсимлаш эканлигини таъкидлади ва бу ваъдасини ҳам сидқидилдан адо этди! Бир неча кун ичида мансабпараст амалдорларнинг қимматбаҳо “люкс” автомобиллари, хатто собиқ шаҳар мэрининг сайловдан бир неча кун олдин сотиб олган “Жип”и ҳам сотувга қўйилди. Ушбу автоларда кўкрак кериб юрган амалдорларга эса ҳокимлик балансида турган “Уазик”лар тавсия этилди. Янги ҳокимнинг бундай қатъиятли қадами бутун Россия бўйлаб овоза бўлди.

“Жип”лар можароси тинчиб улгурмасдан Сардана Владимировна бундан-да қалтисроқ қарорлар қабул қилишга қодирлигини исботлади.

Ўша кунларда ижтимоий тармоқларда якутсклик фойдаланувчилар қўйган қорли йўлга асфальт ётқизаётган йўл қурилиши ходимлари ҳақидаги видео-лавҳалар муҳокама этиларди. Буни ўз кўзи билан кўрган Авксентьева пудратчилар билан шартномани бекор қилди ва уларга бир тийин ҳам бермаслигини айтди. Ҳоким бу шижоати билан нафақат Якутия, балки бошқа вилоятлар аҳолисининг ҳам эътиборини қозонди.

МОДЕЛЬЕР ЎРНИГА МЎРИ ТОЗАЛАШ

Янги шаҳар ҳокими бошқа соҳаларда ҳам интизом ўрнатишга жиддий ёндашди. Масалан, шаҳарлик модельернинг “Қиш қадамлари Якутиядан бошланади” номли фестивалда иштирок этиши учун ажратилган бюджет маблағларини инкор этди. Бу сармоя Якутскдаги мактабларнинг иситиш тизимини таъмирлашга сарфланса фойдаси кўпроқ бўлишини таъкидлади.

Шундан сўнг таниқли балет гуруҳи намойиши учун ажратилаётган 1,5 миллион россия рублини иқтисод қилиб, шаҳардаги кутубхоналар, болалар ижодиёти ҳамда санъат мактабларини ривожлантиришга йўналтирди.

Ҳоким аёлнинг ободончилик идораси билан олиб борган кураши ҳам кутилмаган ходиса бўлди. Уни шаҳар озодалиги учун ажратилган катта миқдордаги маблағ нимага сарфланаётгани қизиқтирар эди. Бу пуллар кўча супурувчи 100 дан ортиқ фаррошга маош сифатида тўланар экан. Шу ҳолат бўйича шаҳар аҳолисининг эътирозларига қулоқ тутди. Одамлар кўчалар тозалиги талабга жавоб бермаслигини тан олишди. Шахсан ўзи жойларга бориб, буни кузатган ҳоким маълум ҳудудни тозаловчи 15 та фаррошдан фақат 2 таси ишлаётгани, улар ҳам ўз ишини “хўжакўрсинга” бажараётганини аниқлади. Кейин текширув ўтказилганида шаҳар ободончилиги бошқармаси раҳбарининг бошқа бир қатор айблари ҳам чиқиб қолди ва лавозимидан озод этилди.

Хуллас, янги ҳокимнинг қахрамонликларини санаб адо этиб бўлмайди. У ўзининг қатъияти ва дадиллиги билан амалдаги тартибларни ўзгартира олди ва биргина Якутскда эмас, бутун мамлакатда эътибор қозонди.

Албатта, бундай халқ қаҳрамонлари бизнинг орамизда ҳам йўқ эмас. Дабдаба, маишатбозлик, манманлик ва обрў илинжида қилинадиган бефойда тадбирлардан воз кечиб, шу сарф-харажатни мухтожлар кўнглини кўтаришга, мактабларни иситиш, кутубхоналарни кўпайтиришга йўналтирган масъуллар халқ меҳрига, аксинча бўлса нафратига сазовор бўлади.

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: