Болани ишлашга мажбурламанг, қизиқтиринг!

Фарзандини менатсевар қилиб тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг орзуси. Чунки бола қанчалик ишчан ва чаққон бўлса ўз яқинларининг оғирини енгил қилади, оиладаги барча ишларда кўмаклашади, дейишади. Бироқ ҳозир бундай болаларни кам учратамиз. Агар оилада битта эмас бир нечта фарзанд бўлса, улар, албатта, буюрилган ишни бир-бирига солади. Айрим болалар эса катталар иш буюрганда, ҳатто илтимос қилганда ҳам қилгиси келмайди, “хўп” демайди ёки гап қайтаради.

Болага бирон иш буюрганда, “Лаббай!” деб бекаму кўст бажариши учун, иш унга жазодай туюлмаслиги учун нима қилиши керак?

Келинг, дастлаб “Меҳнат нима ўзи?” деган саволга аниқлик киритиб олайлик. Ўз самараси билан ўйиндан фарқ қиладиган ҳар қандай фаолият меҳнат дейилади. Ўйинда ихтиёр, хохиш устун турса, ишда “масъулият”, “жавобгарлик” устун бўлади. Мабодо бола ишлашга мажбуран йўналтирилса, бу унда норозилик туғилишига сабаб бўлади.

Кўпчилик болалар кичиклигидан иш қилишга ихлосманд бўлишади. Масалан гуруч курмагини тозалаш бизга унчалик хуш ёқмайди, аммо кичкинтойлар бу ишни жон деб бажаради. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳар бир ота-она ўз фарзандида фойдали меҳнатга муҳаббат уйғота олиши керак.

Тарбияда ҳам тартиб бор

Агар болага бирон ўйинни ўйнаш ёқмаса, уни ҳеч ким мажбурлай олмайди, тўғрими? Демак ишлаш ҳам унга ўйиндек қизиқарли бўлиши, қувонч бағишлаши лозим.  Меҳнат тарбиясида қуйидагиларни инобатга олиш керак:

  • Болага унинг кучи етмайдиган ишни буюриш мумкин эмас;
  • Бола ёши ҳам аҳамиятга эга. Кичик болага катта бола қиладиган ишни қилдириш тавсия қилинмайди. Масалан, 5 яшар қизчага пол артиш қийнчилик туғдириши мумкин. Қолаверса у ҳали кичкина латта ушлагандан кейин қўлларини ювиш лозимлигини билмайди ёки унутиб қўяди. Бунинг натижасида турли инфекцияларни юқтириб олиши ҳеч гапмас. У ойисига хонани йиғиштириш, жовондаги китобларни тартиб билан териш, дастурхонни йиғиштириш каби ишларда кўмаклашса бўлади;
  • Меҳнат тарбиясида ўғил-қизингизнинг қизиқишларини ҳам инобатга олинг. Масалан, у кўча супуришни ёқтирмас, аммо мебеллардаги чангни тозалаш, гулларга сув қуйиш, идишларни ювишни ёқтириши мумкин;
  • Шу билан бирга бирон ишни бажариб бўлгандан кейин болани, албатта, мақташ ва рағбатлантириш лозим. Мақтов ҳар қандай одамни ғайрат билан меҳнат қилишга ундайди.
  • Агарда болангиз сиз айтган ишни уддалай олмаса, “ношудсан”, “нўноқсан”, «дангасасан» деб уни хафа қилманг. “Биринчи марта қийин бўлади, ҳали ўрганиб оласан” деб кўнглини кўтаринг. Акс ҳолда меҳнат қилишга бўлган ҳавасини сўндириб қўясиз;
  • Фарзандингиз бирон ишни ўрганиб олгунча у билан бирга бажаринг, билмаганини ўргатинг.

Психологлар фикрича, айрим болалар юмушни бир ўзи қилгиси келмайди. Агар кимдир у билан бирга қилса, жон деб ишлайди.

Бола ишёқмас бўлиб ўсса, ҳатто китоб ўқиш, дарс тайёрлашга ҳам эринади. Агар ўз вақтида оилада меҳнат тарбияси тизимли ташкил этилса, ўша оила фарзандлари келгусида интилувчан, мустақил бўлиб вояга етади, ўз устида ишлаш, ўқиб-ўрганиш, истеъдод қирраларини рўёбга чиқаришга ҳам уқувли бўлишади.

Ҳаётхон РАСУЛОВА,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошидаги академик лицей ўқитувчиси

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: