Чироқчида етти фуқаро тузланган помидордан заҳарланди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Қашқадарёда бир оилада 7 киши помидор-бодринг консервасидан заҳарланди” мазмунидаги хабар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 14 ноябрь куни соат 09:00 ларда Чироқчи тумани Лангар МФЙ Тутли қишлоғида яшовчи 7 нафар фуқаро туман юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган. Беморларга овқатдан заҳарланиш – “Ботулизмга гумон” ташхиси қўйилган. Уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уч нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали реанимация бўлимига, тўрт нафари эса вилоят юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Аниқланишича, беморларнинг деярли барчаси бир оила вакиллари: оила бошлиғи 38 ёшли Н.Ҳ., унинг турмуш ўртоғи 37 ёшли Ю.У., фарзандлари 13 ёшли А.Т.,  9 ёшли эгизаклар Ҳ.Т. ва Ф.Т., 5 ёшли Т.Т. ҳамда жияни 5 ёшли Л.Т.лардир.

Эпидемологик суриштирув давомида ва беморларнинг бир ҳафталик таомномаси ўрганилганида қуйидагилар аниқланди.

Беморлар 2019 йил 13 ноябрь куни кечки пайт соат 17.00 да Н.Ҳ.нинг хонадонида ош билан уч литрли шиша банкада уй шароитида тайёрланган помидор консерва маҳсулотини истеъмол қилишган. Эртаси куни эрталаб соат 8.30 ларда уларнинг барчасида кўнгил айниши, ҳолсизланиш, қайт қилиш каби касаллик аломатлари пайдо бўлган. Сўнг беморлар шу куни туман юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилишган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалида даволанаётган оила бошлиғи, унинг турмуш ўртоғи ва катта ўғлига “Ботулизм касаллигининг оғир даражаси. Ўткир токсемия даври. Токсик нейропатия. Ўткир нафас етишмовчилиги I даражаси” ташхиси қўйилган. Уларнинг аҳволи жиддий. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган қолган беморларнинг аҳволи эса қониқарли. Айни пайтда тажрибали шифокорлар томонидан беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Беморнинг хонадони ўрганилганда уй шароитида тайёрланган турли ҳажмдаги 13 дона консерва маҳсулоти тегишли тартибда истеъмолдан олиниб, йўқ қилинган.

Ҳозирда туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази томонидан ҳудуд аҳолиси ўртасида ботулизм касаллигининг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари кучайтирилиб, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Хонадонларда уй шароитида тайёрланган, истеъмолга яроқсизлиги аниқланган консерва маҳсулотларини йўқ қилиш чоралари кўрилаяпти.

Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқаролардан уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилишдан сақланишни сўрайди. Биргина эҳтиётсизлик юқоридаги сингари ўта нохуш оқибатларга олиб келишини унутманг! Ўзингиз ва оила аъзоларингиз саломатлигига асло бефарқ бўлманг!

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: