Нанотехнологиялар гиганти — Ухан айғоқчисими? 

Америкалик профессор Чарльз Либер ҳақида турли хабар ва янгиликлар урчиди. Унга қўйилаётган асосий айб коронавирусни яратишда бош-қош бўлгани билан боғлиқ. Аммо, буларнинг бари ёлғонлиги ҳақида ҳам материаллар бериляпти. Бизнингча, бу ҳақиқатми ёки бўхтон, барини вақт кўрсатади.

Эътиборингизга Россиянинг “Коммерсантъ” газетасида шу йил февраль ойида Чарльз Либер ҳақида эълон қилинган “Нанотехнологиялар гиганти — Ухан айғоқчисими?” мақоласини ўзбек тилида тақдим этамиз.

АҚШ Хитойдан грант олган олимларга қарши курашни фаоллаштирди

Яқинда бу йўлда яна бир шов-шувли қадам қўйилди. Қуйида ана шу воқеалар сценарийси билан танишишингиз мумкин.

У Гарвард университети кимё департаменти раҳбари эди. У кимё ва нанокимё соҳасидаги энг обрўли мутахассислардан бири. У 11 та нуфузли мукофот соҳиби, Америка, хориж ва халқаро 18 та академия ва илмий ташкилотлар аъзоси ёки фахрий аъзоси ҳам. Профессор Чарльз Либер энди АҚШ Адлия вазирлиги ФҚБ учун Хитой ҳукумати билан жиноий алоқаларни ўрнатишда айбланаётган маҳбусга айланди.

Буюк олим
Чарльз Либер 61 ёшда. Шундан 30 йилини илм-фанга бағишлаган ва нанокимё ҳамда нанотехнологиялар жабҳасидаги энг машҳур намояндалардан бири ҳисобланади. Боз устига, кўплаб соҳадош олимлари уни ушбу соҳадаги кўплаб йўналишларнинг отаси дея эътироф этишади. У билан биргаликда ишлаган инсонлар Либерни ўзлари шу пайтгача билганлар орасида энг масъулиятли мутахассис бўлгани ва шундай бўлиб қолишини тан олишади.

Зеро, унга ярим тун соат 2 да ҳам, саҳарлаб соат 4 да ҳам бемалол хабар юбориш мумкин эди. Либер эса шу заҳотиёқ жавоб қайтарган. У ҳамиша барча учун очиқ ва хушмуомала бўлган дейишади. Ўз ходимларидан ҳам худди шундай фазилатларни кутган.

2011 йилдаёқ Thomson Reuters ўз тадқиқотларида унинг илмий мақолалари ва ютуқларига асосланган ҳолда Либерни ўн йилликнинг энг муҳим кимёшунос олими деб атаган эди. Унинг номзоди икки бора Нобель мукофотига қўйилгани ҳам буни тасдиқлайди. Гарчи Чарльзга ушбу нуфузли соврин насиб этмаган бўлса-да, кўпчилик буни Нобель қўмитасининг хатоси деб топди. Чунки унинг тадқиқотлари ҳаддан ташқари илғор ва илгарилаб кетган эди.

У, масалан, диаметри бир нечта атомдан иборат бўлган сим-ўтказгчини ўйлаб топган. Эътиборлиси, бу кашфиёт ҳатто электр энергиясини ўтказишга қодир. Ўз потенциалига кўра улар электроника соҳасини мутлақо ўзгартириб юбориши мумкин. Дунёдаги нуфузли илмий хайрия ташкилотларидан бири бўлган Welch Foundation унинг “касал тарқатувчи вируснинг бир бўлакчаси даражасида касалликни аниқлаш имконини берадиган бионаноэлектрон сенсорлар яратиш” бўйича ишларига юксак баҳо берган. Яқинда The Harvard Gazette нашрига берган интервьюсида унинг ўзи ўзига хос ғовак материални яратиш устида иш олиб бораётганини билдирган эди. Айтишича, мазкур моддани оддий шприц ёрдамида инсон миясининг турли қисмларига юбориб, “мия фаолиятини янада яхши тушуниш ва мия касалликлари ҳамда жароҳатларини даволаш” мумкин бўлар экан.

Либернинг лабораторияси АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ ҳарбий ҳаво ва денгиз кучлари илмий-тадқиқот бошқармаларидан мунтазам равишда грантлар олиб келган. Унинг ҳомийлари рўйхати жуда катта. Боз устига, Адлия вазирлиги ва ФҚБнинг тасдиқлашича, мазкур рўйхат тўлиқ эмас ва унга киритилмаганлар жуда кўп.

Чин ўлкасининг айғоқчисими?

Профессор Либерни ўтган ҳафта ўрталарида қўлга олишди. Ўшанда унинг уйида ва лабораториясида тинтув ўтказилди. ФҚБ томонидан эълон қилинган айбловда эса битта банд жой олди. У ҳам бўлса Ухань технология университети ва Хитойнинг “Минг истеъдод режаси” давлат дастури билан ўзаро алоқаларда ёлғон маълумотлар тақдим этиш билан боғлиқ эди. Масалан, ХХР “Минг истеъдод режаси” бўйича етакчи хорижлик мутахассисларнинг мамлакатга келиши харажатларини кўтаради.

ФҚБ махсус агенти Жозеф Бонаволантанинг расмий айблови ва тушунтиришига кўра, Ухань технология университети профессор Либерга Хитойда лаборатория очиши учун 1,5 млн. доллар берган.

Бундан ташқари, олий ўқув юрти унга 2011-2017 йиллар мобайнида ҳар ойда 50 минг доллардан тўлаган ва Хитойда бўлган вақтлари учун 150 минг долларни суткалик харажатларга ажратган.

Агар Либернинг лабораторияси шу вақтнинг ўзида АҚШ ҳарбий идораларидан ҳам маблағ олмаганида, бу муаммога айланмас эди. Махсус агент Бонаволантанинг таъкидлашича, бу ерда “манфаатлар тўқнашуви” яққол кўриниб турибди. Профессор эса бу ҳақда на ўз буюртмачиларини, на Гарварддаги иш берувчиларини огоҳлантирган, балки унга шу бўйича савол беришганида очиқчасига ёлғон гапирган.

Катта можарога сабаб бўлган ҳибс

Профессор Либерни ҳибсга олиниши билан боғлиқ янгилик илмий доираларда катта можаролар, машмашаларни келтириб чиқарди. Ахир у жуда йирик олим ва унга нисбатан қўйилган айбловлар ҳам кўпчиликни жуда ажаблантириб юборди. Боз устига, профессор Либернинг Хитой билан алоқалари атрофидагилар ва ҳукуматга ҳам қозоқнинг тўққиз пулидек маълум эди: у Хитой Фанлар академиясининг чет эллик аъзоси ва асосий вазифасидан ташқари ХХРдаги бир нечта илмий жамиятлар аъзоси ҳисобланади.

АҚШ Мудофаа вазирлигидан миллион долларлаб грант оладиган инсон бу маблағларни ва, айниқса, бебаҳо обрўсини қандайдир 50 минг доллар учун хатарга қўйиши мумкинлигига эса аксарият одамлар ишонмади.

Аксинча, улар Либерни АҚШдаги Хитой айғоқчилари ва уларнинг шерикларини аниқлаш бўйича бошланган кампания қурбонига айланди деб ишонишмоқда.

Қатор ҳолатлар ҳам шунга ишора қилаётгандек. Ҳатто махсус агент Бонаволанта ҳам ўз баёнотини дунёдаги ҳеч бир давлат Хитой каби АҚШ миллий хавфсизлиги ва иқтисодий фаровонлигига жиддийроқ хавф туғдирмайди деб бошлаган.

“Оддий қилиб айтганда, Хитой Америка Қўшма Штатларининг дунёдаги етакчилик ўрнини эгаллашни истаяпти ва бу мақсад йўлида жиноятга ҳам қўл урмоқда”, — деди агент.

ФҚБ профессор Либернинг қўлга олиниши ҳақида эълон қилар экан Хитойнинг икки нафар фуқаросига нисбатан ҳам айбловлар илгари сурилаётганини хабар берди. Уларнинг жиноий фаолияти профессорникига нисбатан аниқроқ ва тушунарлироқ эди.

Хитой Халқ-озодлик армиясининг аёл ҳарбий хизматчиси, лейтенант Яньцин Е АҚШга талаба сифатида келиб, Бостон университетида бир неча йил таҳсил олади. У ўқиш қаторида университетдаги профессорлик таркиби, университетга турли ҳарбий лабораториялардан тақдим этиладиган грантлар ҳақида ахборотлар йиғиш билан шуғулланган. Зотан, айнан мана шундай рўйхат асосида америкалик ҳарбийларни нима қизиқтиради ва улар қандай йўналишлар устида иш олиб бораётгани ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш мумкин эди.

Уни Хитойга қайтиб кетаётганда аэропортда тўхтатишди, бироқ қўйиб юборишди. Аммо ФҚБ уни нима учун ватанига жўнатиб юборганини изоҳламади.

Бироқ қандайдир Чжэн Цзаосон қўлга олинди. У ҳам Бостонда таълим олган. Чжэн деярли самолёт бортида ушланган. Унинг кийимлари тагидан яширилган тадқиқот маълумотлари ва тадқиқот учун материал намуналари солинган пробиркалар топилди.

Буюк, лекин ягона эмас

Хуллас, мантиқий якун: ҳатто профессорнинг тарафдорлари ҳам уни буюк олим деб билишса ҳам, Хитойда ишлаётган америкалик мутахассислардан бири деб ҳисоблашади. The Wall Street Journal нашрида қайд этилишича, Техасдаги университетлардан бири Хитойдан грант оладиган ходимларнинг сонини аниқлашга қарор қилганда, университетнинг ўзида бундай олимлар юз нафар атрофида эканлиги маълум бўлган. Бироқ ХХР билан алоқаси борлигини фақатгина беш нафар ходим расман тасдиқлаган.

Газета суриштирувига кўра, Хитой ҳукуматининг америкалик олимлар билан ўзаро ҳамкорлиги схемаси деярли барча ҳолатларда бир хил бўлиб чиққан: йилига камида 100 минг доллар (бу асосий иш жойидан берилаётган маошдан кўп), лаборатория очиш учун 1 млн. доллар ва АҚШда солиқ солинмайдиган қўшимча мукофотлар.

АҚШ санкциялари хитойлик олимларга қандай таъсир қилди?

Хориждан грант олиш аслида жиноят эмас. Профессор Либернинг айби эса грант олиш фактини яшириш билан боғлиқ. Бунинг учун у 5 йилга қамалиши мумкин. 2018 йилда Хитой ҳукумати “Минг истеъдод режаси” дастури ҳақидаги деярли барча маълумотларни интернетдан ўчириб ташлаган. Ўшанда АҚШ федераль вазирликлари ва Конгресси ушбу режага қизиқиб қолган эди-да. АҚШнинг тегишли кичик қўмитаси бу мавзуда махсус маъруза ҳам эълон қилган.

ФҚБнинг америкалик олимларнинг Хитой билан алоқаларини аниқлашга бўлган қизиқиши фаоллашуви мана шундай вазиятни келтириб чиқарди. Профессор Чарльз Либер эса ана шу қизиқишнинг энг таниқли қурбонига айланди.

Манба: Платформа.уз

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: