Коронавирус: ваҳима қаердан келади? (Психолог маслаҳатлари)

Ваҳима босиши бу маълум меъёрий психофизиологик ҳолатдир. Инсон психикаси ўз эгосини (эго-“мен”) сақлаб қолиши ва асраши учун  шундай реакция билан бизларни тетиклайди, огоҳлантиради.

Сардор Дурсунов, клиник психолог

Бир неча кун аввал ушбу долзарб масала ҳақида ёзган мақоламда (“Коронавирус фобиями ёки огоҳлик”) ўтказган кичик тадқиқот (мулоқот) ва илмий изланишларим ҳақида маълумот бериб ўтган эдим. Шу ўринда шуни айтишим зарурки, психолог муаммога ечим топиши учун аввал муаммонинг хусусиятини аниқлаш борасида турли хил усуллар қўллайди ва таҳлил қилади. Ана шундан сўнг муаммо ечими учун махсус тавсия, коррекция ва бошқа усуллардан фойдаланади. Қисқа қилиб айтадиган бўлсам психолог, вазиятни илмий ва амалий нуқтаи назардан баҳолай олиши муҳим.

Энди асл мавзуимизга қайтсак…

Кун ўтган сайин коронавирус мавзуси долзарблиги турмуш тарзимиздаги ҳолатларда, оила саломатлигини ва ҳамжиҳатлигини сақлашда, ижтимоий барқарорлигимизда, табиатга салбий таъсирларни камайтириш билан биргаликда, кўп иш фаолиятлари, барча ўқув даргоҳларидаги жараёнлар тўхташи ва ҳатто автотранспортларда йўлда ҳаракатланиш маълум муддат чекланганлигида кўзга ташланмоқда.

Бу жараённи қисқача  “КАРАНТИН”  даври деб таъкидлашимиз ҳам ўринли. Бу тадбирлар, албатта, бежизга эмас. Барчаси ҳукуматимизнинг халқимиз соғлиги учун қайғураётганлигидан далолат бериб турибди.  Демак, коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун олиб борилаётган  чора-тадбирлар ушбу эпидемиологик вазиятдан тезроқ чиқиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Шу ўринда аввало ҳар биримиз ўзимизга шундай савол беришимиз лозим:

  • Короновирус эпидемияси даври менинг онгимда нимани намоён қилмоқда?
  • Карантин даврида оилада   вақтни мазмунли ўтказиш мақсадида кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун менга қандай имконият яратмоқда?
  • Бу карантин ҳам Аллоҳнинг иши, биз инсонлар фурсатни ғанимат билиб, ўзимиздаги қандай хислатларга эътибор беришимиз ва тўғрилашимиз зарур?

Бу саволларга аввало ҳар биримиз ичимизда жавоб топайлик!

Ваҳима қаердан келади?

Ваҳимадан қандай сақланиш ҳақида мутахассис сифатида маслаҳат беришдан аввал ваҳиманинг қаердан келиши, нега содир бўлиши ҳақида тушунча бериб ўтишим зарур.

Коронавирус бўлсин ёки бошқа хавф, соғлиғимизга алоқадор бўлган барча муаммолар нега бизни ваҳимага солади?

Айни бугунгидай вазият, ҳолатларнинг бошида инсонни  ваҳима босиши бу маълум ва меъёрий психофизиологик ҳолатдир. Буни англашимиз зарур. Сабаби инсон психикаси ўз эгосини (эго-“мен”) сақлаб қолиши ва асраши учун  шундай реакция билан бизларни тетиклайди ва огоҳлантиради. Ва ҳар қандай ваҳиманинг олдини олиш учун керакли чора-тадбирларни билсак, реактив ваҳима содир бўлмайди. Бошқа бир ифода билан айтганда, ваҳима (паника) экстремал вазиятларда аниқ тадбир йўқ бўлса вужудга келади. Демак бизнинг вазиятимизда бундай ҳолатлардан ташвишланиш ноўрин. Чунки бизда ушбу короновирусдан сақланиш ва олдини олиш учун барча керакли ва фойдали чора-тадбирлар мавжуд.

Энди қуйидаги  маслаҳатларимни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман:

  • Аввало Короновирусдан қўрқманг! Олдини олиш борасида аниқ санитария ва гигена қоидаларига риоя қиляпсизми? Агар уларни бажараётган бўлсангиз, кучли ваҳимага ўрин йўқ!
  • Бу инфекция ҳақидаги интернет ва ижтимоий тармоқлардаги ҳар-хил миш-мишларга кўп берилманг! Фақат аниқ ва реал маълумотларни ўқинг. Диққатингиз кўп вақт бундай хабарларга қаратилишидан чекланинг!
  • Сабр қилинг, сабр қилинг ва сабр қилинг! Кўп нарса ўтади кетади, бу ҳам!..
  • Уйда жисмоний машғулотарни вақт-вақти билан бажариб туринг. Чунки  танангиз руҳиятингиз билан, руҳиятингиз танангиз билан ўзаро боғлиқлигини асло унутманг! Бежиз эмаску ахир, “соғ танда соғлом ақл” деб айтилган ибора.
  • Қизиқишларингиз (хобби) билан шуғулланинг, агарда бунга имконият бўлмаса, янги хобби ҳақида ўйлаб кўринг ва бўш вақтингизни унга бағишланг!
  • Оила аъзоларингиз, фарзандарингиз билан ижтимоий иттифоқни кучайтиринг, янги ва қизиқарли ҳунар, маълумотлар ўрганинг ва ўргатинг, қизиқарли ўйинлар ўйнанг.
  • Карантинни бир фурсат, яъни бир имконият билинг, якунланмаган ишларингизни, муносабатларингизни ва ҳ.к масофадан туриб (карантин талабларига риоя қилган ҳолда) охирига етказинг…
  • Кунлик таомномангизни витаминли ва иммунитетни кучайтурувчи (кўпроқ яшил кўкатлар, пиёз, саримсоқ каби сабзавотлар ва мевалар) махсулотлар билан бойитинг!

Соғлик ва омонликда яна доимий фаол ижтимоий ҳаётга қайтамиз, албатта!                             

   Сардор ДУРСУНОВ, клиник психолог

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: