Пресс-тур: Бухоро ва Қашқадарёда кўмир муаммоси қандай ҳал этилмоқда?

«Ўзбеккўмир» АЖ томонидан Бухоро ва Қашқадарё вилоятларига пресс-тур ташкил этилди. Унда икки вилоятда аҳоли ва ишлаб чиқариш тармоқларини кўмир билан таъминлаш масалалари ўрганилди.  

Дастлаб журналистлар Бухоро вилояти Жондор туманидаги кўмир тақсимлаш марказига боришди. Бу ерда вилоят аҳолисининг эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳаллий ва хориждан олиб келинган кўмир хомашёси сақланади. Аҳоли вакиллари мазкур омбордан нақд пулга ёки пул ўтказиш йўли билан ҳеч қандай ортиқча ҳужжатларсиз ўзига керакли кўмирни харид қилиб олиб кетиши мумкин. Ушбу марказда савдо-сотиқни пластик карта орқали расмийлаштирувчи терминаллар, замонавий тарозилар ўрнатилган. 150 нафар ишчи мавсумий иш ўрни билан таъминланган. Уларга 1,5 млн. сўм ойлик ва бепул овқат берилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу йил вилоят кўмир билан етарли ва арзон нархда таъминланади. Бунинг учун “Кўмир таъминот” МЧЖ Бухоро вилояти филиали барча имкониятларини ишга солмоқда.

Прогноз кўрсаткичлари бўйича жорий иситиш мавсумида Бухоро вилоятига 40 минг 10 тонна кўмир ва кўмир брикетлари керак бўлади. Шунинг 10 минг 20 тоннаси ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжларини ташкил этади. Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, поликлиникалар ва бошқа муассасалар қаттиқ ёқилғи билан етарлича таъминланган.

КЎМИРНИ АРЗОН ВА ТЕЗ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ҲАРАКАТИДАМИЗ

“Кўмир таъминот” МЧЖ Бухоро филиали раҳбари 

Улуғбек КОЗИМОВ:

–Вилоят аҳолисининг кўмирга бўлган эҳтиёжи – 29 минг 990 тонна. Ҳозирда Бухоро «Кўмиртаъминот» МЧЖ филиали омборларида 18 минг 302,7 тонна (61 фоиз) кўмир маҳсулотлари мавжуд. Қиш мавсуми олдидан захирадаги қаттиқ ёқилғи аҳолига ва муассасаларга тарқатилмоқда. Айни кунларда фуқароларга Ангреннинг қўнғир кўмири ва маҳаллий хомашёдан олинадиган кўмир брикетлари, шунингдек, импорт қилинадиган кўмир маҳсулоти таклиф этилмоқда.

Айни пайтда аҳоли томонидан 6 минг 134,1 тонна кўмир ва кўмир маҳсулоти сотиб олинган бўлиб, уларнинг 17 фоизи ёки 1 минг 13,4 тоннаси чет элдан келтирилган қаттиқ кўмир маҳсулотидир. Вилоят омборларида аҳолига мўлжалланган қаттиқ ёқилғи захираси 12168,7 тоннани ташкил этмоқда. Фуқаролар талабини тўлиқ қондириш учун яқин келажакда вилоятга яна бир неча кўмир партиялари етказиб бериш кўзда тутилган.

Мутахассислар таъкидлаганидек, харид қилинган кўмирни ўз хонадонига етказиб олишлари учун ҳам зарур шароит яратилган. Хоҳловчилар кўмир омборлари яқинида уларни кутиб турган автотранспорт воситаларидан фойдаланишлари мумкин. Бунда транспорт ҳаражати алоҳида тланади. Яъни 1 тонна кўмирни уйга етказиб бериш нархи 1 км. масофага 900 сўм ставкаси бўйича ҳисобланади.

Бухоро вилоятининг чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган қишлоқлар (овуллар) аҳолисига ҳам қўшимча қулайликлар яратиб берилмоқда. Хусусан, Ғиждувон туманидаги Оғитма, Шофиркон туманидаги Чуррук, Пешку туманидаги Жонгелди ва Калота овулларида, Ромитан туманидаги  Қизилравот ва Гугуртли қишлоқларида кўмир ярмаркалари ташкил этилмоқда. Ушбу ҳудудлар аҳолиси ўзларига яқин ойдан кўмир сотиб олишлари мумкин.

Ҳозирда кўмир нархи қанча?

  • «БР» маркали “Ангрен” кўмири (1 тн) − 300 минг 300 сўм;
  • Кўмир брикетлари (1 тн) − 412 минг 500 сўм;
  • Импорт қилинган кўмир (1 тн) − 780 минг сўм қилиб белгиланган.

Бу нархлар ўтган йилги нарх даражасида сақлаб қолинган.

Брикет тайёрлашда ишчи кучи, хомашёни майдалаш ва тайёр брикетни қопга солиш каби ишларнинг харажатлари ҳам қўшилади. Шунинг учун брикет нархи оддий кўмирдан сал баланд бўлади.

ГАЗ БЎЛМАСА – ГАЗ БАЛЛОН ВА КЎМИР БОР

Албатта, қишда уйни иситиш ва овқат тайёрлашда табиий газ кўмирдан яхшироқ. Аммо кейинги пайтда газ босими паст бўлгани сабабли айрим ҳудудларга газ етказиб бериш муаммо бўлиб қолмоқда. Бунинг устига чекка жойларга газ элтувчи қувурлар эскиргани боис катта босимни кўтаролмайди. Улар тубдан янгиланиши керак. Шу сабаб ҳозирча айрим қишлоқлар газ тармоғидан узилган. Лекин аҳолини газ баллонлари ва кўмир билан таъминлашга ҳаракат қилинмоқда.

КЎМИРНИНГ СИФАТИ НЕГА ЁМОН?

Мутахассислар кўмир ва брикетларнинг калорияси бир хил эканлигини таъкидлашди. Аммо брикет сақлаш ва ўчоққа солиб ёқишда қулайлиги билан ажралиб туради.

Ижтимоий тармоқларда аҳоли ва муассасаларга берилаётган кўмирнинг сифатсизлиги, унга ёниши қийин бўлган таркибий қўшилмалар қўшилиши ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Бу масалада ҳам масъуллар изоҳ бериб ўтди.

Эркин ЯҚУБОВ, “Ўзбеккўмир” АЖ директори ўринбосари:

–Стандарт талабларига жавоб берадиган кўмир ва брикетлар махсус машиналарга юклаб, аҳолига жўнатилади. Уни боргандан кейин қабул қилиб оладиган муассаса ходимлари махсус технология асосида сақлаши керак. Кўмирнинг ҳам ўз инкубацион даври бор. 20 кундан кейин, агар бу кўмир сифатли бўлса ҳам қорда, ёмғирда, очиқ ҳавода қолса, кун сайин ўз хусусиятларини йўқотиб боради. Шунинг учун кўмирни махсус омборларда устидан сувоқ қилган ҳолда сақлаш керак. Негаки иссиқлик тегса кўмир қўрийди ва уқаланиб кетади, шу тарзда унинг сифати бузилади.

КЎМИР СИФАТИГА ҚАТТИҚ ЭЪТИБОР ҚАРТИЛЯПТИ

Нарзулла ҲАМДАМОВ,

Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари:

– Бухоро вилоятида аҳолини сифатли кўмир билан таъминлаш энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Бу йил 555 та ижтимоий соҳа объектлари (шифохона ва таълим-табия муассасалари) эҳтиёжидан келиб чиқиб, мавсумий режалаштирилган 10 минг 20 тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилди.

Вилоятдаги мавжуд 406 минг 173 та хонадонлардан 236 минг 970 таси табиий газ билан таъминланган. Қолган 169 минг 203 та хонадонларда кўмирга бўлган эҳтиёж мавжуд. Бу эҳтиёж 29,9 минг  тоннани ташкил этади. Шундан ҳозир “Кўмиртаъминот” МЧЖ Бухоро филиали томонидан 18,3 минг тоннаси олиб келинди. Ундан 10,5 минг тоннаси маҳаллий кўмир, 4,5 минг тоннаси юқори калорияли импорт кўмир, 3,2 минг тоннаси брикет маҳсулоти ҳисобланади. Қолган қисмини ҳам тез орада олиб келиш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.

Ўтган йиллардаги хато ва камчиликларимизни ҳисобга олиб, бу йил аҳолига ўзи базаларга бориб, керкли кўмирни танлаб олиш имконияти яратилди. Кўмир сифатига қаттиқ эътибор қаратиляпти, бу ҳокимлик ва жамоатчилик томонидан назорат қилинмоқда.

ҚАШҚАДАРЁДА ҲАМ КЎМИР ЕТАРЛИ

“Кўмир таъминот” МЧЖ  Қашқадарё филиали томонидан ижтимоий соҳа объектлари қатори вилоятдаги барча давлат муассасаларига сифатли кўмир маҳсулотлари  етказиб берилди.

Прогноз кўрсаткичларига кўра, вилоятда жорий куз-қиш мавсумида 58 минг 539 тонна кўмир ва брикетларга эҳтиёж мавжуд. Шунинг 25 минг тоннаси аҳоли, 33 минг 539 тоннаси ижтимоий соҳа  объектлари улушини  ташкил этади.

Айни пайтда, Қашқадарё вилоятининг бюджет ташкилотлари иситиш мавсуми учун зарур бўлган кўмир маҳсулотининг 93 фоизини ёки 33 139 тоннасини қабул қилиб олди.

«Кўмир таъминот» МЧЖ Қашқадарё вилоят филиали омборларида ҳозирги кунда 7 минг тонна маҳаллий ва 4 минг 528 тонна импорт қилинган (қозоқ) кўмири мавжуд. Ҳисоб-китобларга кўра, вилоят аҳолисининг кўмирга эҳтиёжи 25 минг тонна бўлиб, шу кунгача  фуқаролар томонидан 3 минг 434 кўмир сотиб олинган. Шунинг 157 тоннасини (5 фоизи) импорт кўмир ташкил этади.

Аҳолига ҳарид қилган кўмирни уйига етказиб олиши учун ҳам қулайликлар яратилган. Кўмир омборига автотранспорт воситалари жалб қилинган. Бунда юкларни ташиш, сотиб олинган кўмир маҳсулотлари таннархига қўшилмайди. Қашқадарё ҳудудида 1 тонна кўмирни хонадонга етказиб бериш нархи: 1 км = 951 сўм тариф бўйича ҳисобланади

Шу билан бирга, Қашқадарё вилоятининг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган қишлоқлар (овуллар) аҳолиси кўмирни тўғридан-тўғри жойларда ташкил этилган ярмаркаларда сотиб олиш имкониятига эга бўлдилар. Шаҳрисабз туманининг Ғилон, Хитой, Китоб туманидаги Қавзахона, Яккабоғ туманидаги Ўрта, Бешигул ва Қайроқоч ҳамда Деҳқонобод туманидаги Янгиобод маҳалласидаги ярмаркалар шулар жумласидандир.

Куз-қиш мавсумининг давомийлиги тахминан 5 ойни ташкил этади. Ана шуни ҳисобга олсак, иситиш даврида бир оилага 1,5-2 тонна кўмир зарур бўлади. Вилоятда жами 626 минг 189 хонадон кўмирдан фойдаланади. Ушбу хонадонларни етарли миқдорда,  сифатли қаттиқ ёқилғи билан таъминашда барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Манзура БЕКЖОНОВА, Тошкент-Бухоро-Қашқадарё

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: