Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 6-мактаб биноси йиллар давомида таъмирланмаган ва бугунги кунда ушбу аянчли аҳволдаги таълим даргоҳида ўқиётган болаларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.
Мактаб биноси авария ҳолатига келиб қолганига мана 20 йил бўляпти. Бу ҳақда бир неча марта ёрдам сўраб мурожаат қилинишига қарамасдан, кетма-кет ўрин алмашган туман ҳокимлари мактабни таъмирлаб бериш ҳақида ваъда беришдан нарига ўтишмаган.
Ушбу фотолавҳаларда мактабнинг аҳволини кўриб, барчанинг дили хижил, кўнгли хира бўлиши тайин. Негаки биз доим «Болалар – бизнинг келажагимиз. Уларга яратилган шароит – эртанги ютуқларимизнинг кафолати», дея жар солмоқдамиз. Аммо бундай жарангдор шиорлар ва пешлавҳалар фақат расмиятчилик учунми?!
Қуйидаги расмларда болажонлар бир нарса ўрганишга умид билан келиб кетаётган мактаб биноси деворларидаги ёриқларни яққол кўриш мумкин. Дарс пайтида том ўпирилиб, болаларни босиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.
Ушбу фотосуратларда муассасадаги инвентарлар ҳам аллақачон ўз муддатини ўтаб бўлгани кўриниб турибди.
Қуйидаги расмларда мактаб ошхонасининг бугунги аҳволини кўриш мумкин. Унинг фаолияти тўхтатилганига 20 йил бўляпти. Демак 20 йилдан буён мактабда ошхона йўқ, унда таълим олаётган болалар иссиқ овқат ва ҳатто қайнатилган сувдан ҳам махрум.
Мазкур расмлар мактабнинг спорт залида олинган. Унинг фаолиятдан тўхтаганига ҳам 20 йилдан ошган, бугунги кунда мактаб спортзалсиз, қиш кунлари дарслар ўқув хоналарида ўтилади. Аммо бу мактабда кўплаб болалар келгусида чемпион бўлишни орзу қилмоқда…
Бу фотолар эса мактабнинг фаоллар зали қиёфасини акс эттиради. Зал 20 йилдан буён авария ҳолатида бўлгани учун мактабда йирик тадбирлар ва байрамлар ўтказилмайди.
Бу болаларни чақириққа тайёрлаш хонаси… У ҳам умуман талабга жавоб бермайди.
Хуллас Қашқадарёда шундай мактаб бор. У худди океан тубига чўккан «Титаник» каби унутилган. Туманга қанчадан қанча обрўли раҳбарлар келиб кетади, чиройли кастюм-шимларда, қимматбаҳо хизмат машиналарида савлат тўкиб ўтиришади, катта-катта маошлар олишади аммо ўз масъулиятларини ҳам, Китоб туманидаги харобага айланган мактабни ҳам, уларга умид билан кўз тиккан қоракўзларни ҳам буткул унутишган.
Қашқадарёдан юборилган фотофакт бўйича Халқ таълими вазирлиги, вилоят мутасадди раҳбарларидан қониқарли изоҳ кутиб қоламиз.
Манзура БЕКЖОНОВА