Буюк ўтмишга эга қудратли юрт фарзандиман

Ўзбекистонда 1989 йили давлат тили ҳақидаги Қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди.

Мен Сирдарё вилоятида туғилганман. Туғилиб ўсган шаҳримда ўзбек миллатидан ташқари корейс, рус, украин, қозоқ ва бошқа миллат вакиллари ҳам бўлиб, бир сўз билан айтганда, интернационал муҳитда вояга етдим. Дадам — ўзбек, онам эса — тожик. Мустақилликкача бўлган даврда рус мактаблари жуда кўп бўларди. Мен ҳам таълимни рус мактабида олдим. Навоий ғазалларини билмасамда, Пушкин шеърларини ёд айта билардим.

Рус мактабида таҳсил олганимдан гоҳ хурсанд бўлсам, гоҳида қаттиқ афсусланаман. Мен ўқитувчиларимдан ҳалоллик, поклик, виждон каби фазилатларни ўргандим, лекин афсуски, ўтмишимизни, тарихимизни тузук ўрганолмадим. Ўзбекистон тарихи ҳақида жуда кам маълумотларга эга эдим.

Отам зиёли инсон. Ота-ўғил суҳбатга берилсак, менга доим: “Ўзлигингни унутма болам! Сенинг қонингда буюк аждодларимиз қони бор. Сен уларга муносиб фарзанд бўлишинг, Ватан хизматини олий бурч деб билишинг лозим” – дея таъкидлардилар. Отам ҳадя этган тарихий китоблар эса кун келиб, менинг хизмат фаолиятимда муҳим аҳамият касб этди.

Ўша даврда тузум шундай бўлган эканда, Совет давлатининг кучли мафкуравий сиёсати барча мустамлака давлатларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Йиллар ўтиб, йирик гегемон давлатнинг парчаланиши мустамлака давлатларнинг мустақил давлатга айланишига замин яратди. Халқимизнинг асрий орзуси ушалди. Ўзбекистонда 1989 йили давлат тили ҳақидаги Қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу хабар отамни қанчалар қувонтиргани ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Мактабни тамомлаб, олий ҳарбий таълим билим юртига ўқишга кирганимда барча ўқув қўлланмалар рус тилида олиб бориларди. Взводимиздаги курсантлар ичида жуда озчилик рус тилида эркин сўзлашардик. Ўқитувчиларимиз эса турли миллат вакиллари. Курсдошларимизга рус тилида машғулотларни ўзлаштириши қийин кечарди. Биз эса “таржимонлик” вазифасини ўтардик. Курсдошларимизга рус тилидаги дарсларни ўзбек тилига таржима қилиб, билим олишларига кўмак берганмиз. Бу бизларнинг янада аҳил бўлиб хизматни олиб боришимизга туртки берарди.

Мана йиллар ўтса ҳамки, биз курсдошлар ҳалигача жипслигимизни йўқотганимиз йўқ. Бу воқеалар мустақилликнинг дастлабки йилларида бўлган хотиралардан. Ўша даврлардаги қийинчиликлар ортда қолди, армиямиз кундан-кунга ислоҳ этилиб, ривожланган энг кучли давлатлар қаторидан ўрин олиб бормоқда. Смизафларида интеллектуал салоҳияти юқори ва жисмонан бақувват йигитларнинг сони ортиб, миллий армиямиз сайқал топди. Ҳозирда барча олий ҳарбий таълим муассасаларида соф ўзбек тилида машғулотлар олиб бориляпти. Ўқув қўлланмалар ўзбек тилида чоп этилган. Илмий иш олиб бораётган ҳарбийлар касбий маҳоратини ўзбек тилида баён этиб, диссертация ёқламоқдалар.

Илгари жанговар сафда рус тилида қўшиқ куйлардик. Энди жанговар сафларда ўзбек тилида Ватан мадҳи тараннум этилмоқда. Бунинг замирида эса Ватан тақдири, миллатнинг келажаги устувор деб ўйлайман. Миллий армиямиздаги бу ислоҳотларнинг туб моҳияти ўзбек адабий тилига бўлган эҳтиромдан намуна десам, ҳеч ҳам муболаға бўлмаса керак.

Отам бот-бот такрорлайдиган панду-насиҳатлар, “Ўзлигингни унутма, болам!” деган насиҳатомуз сўзи ёшимга ёш қўшилганда, юқори қўмондонлик менга лавозимни ишониб топширганларида, навбатдаги унвонга муносиб топилганимда асл мазмунини топа бошлади. Отамнинг ўгитлари ва узоқ йиллик тажрибаларимдан қуйидаги хулосага келдим: биз, “маънавият кемаси капитанлари” аввало инсонларни инсонпарварликка ўргатишимиз лозим. Инсон қачонки инсонпарвар бўлиб улғаяр экан, у албатта миллатпарвар ҳам бўлади. Миллатпарвар инсонлар ватанпарвар халққа айланадилар. Ватанпарвар инсонлардан қудратли давлат вужудга келади ва уни ҳеч ким синдира олмайди.

Соқовларда забон йўқ, тўғрими?! Лекин улар Ватанни севишни билишади. Баъзан тил билмасликни айбга йўйганларида мен уларга қарата, шу соқов инсонларни мисол келтиргим келади. Ватанни тил билан севиб бўлмайди. Уни чин дилдан севамиз. Тилдан ҳар сўз чиқиши мумкин. Лекин тилдаги сўз амалда бўлмаса, бундан оғирроқ фожеа бўлмаса керак. Аммо энн қадрли нарсани киши дил тубида сақлайди..

Фарзандларим ўзбек мактабларида таълим олишди. Она тилида менданда аъло сўзлашишади. Ҳозирда катта қизим Россия давлатида таҳсил оляпти, ўғлим эса Англиянинг нуфузли олийгоҳида талаба.

Фарзандларим олис юртлардан менга интернет тармоқлари орқали ўзбек тилида мароқ ила хат ёзишишади. Уларнинг қалбидаги соғинчни ҳис этиб тураман. Улар ўз Ватанига соғинчини ўзбек тилида ёзиб, ҳуморини босгандек бўладилар.

Юртимизда тилга эътибор кундан-кунга ортиб бормоқда. Зеро «Тил — миллат кўзгуси» дея бежиз айтилмаган. Маърифатпарвар ва миллатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг бир шеърида “Оинаи ҳар миллат эрур тил-адабиёт”… деган жумлалари бежиз битилмаган. Тил бор эканки, миллат ҳам яшайди.

Ўзбек тили тарихи Ўрхун-Энасой битикларидан бошланган бўлиб, бу қадимги туркий тил деб аталади. Неча минг асрлардан буён шаклланиб келаётган она тилимиз жуда бой тил. Ўзбек тилининг улуғ ёшда эканлиги ёзма манбалар орқали ўз тасдиғини топиб турибди.

Биргина Навоий ҳазратларининг ижодиёти билан танишиб, шоирнинг ўзбек тилига қўшган улкан ҳиссасини англаймиз. «Тил — қуёш бўлса, адабиёт- нур» дея таърифлашади. Дарҳақиқат, миллатнинг келажаги адабиёт билан ҳамоҳанг. У авлоддан-авлодга ўтиб, халқ оғзаки ижоди билан тарғиб этилиб, ёзма манабалар орқали яшамоқда. Мен эса ана шундай пурвиқор ўтмишга, ўз тили, ўз қадриятларига эга халқнинг, буюк аждодларимиз барпо этган қудратли юртнинг фарзандиман. Бундан руҳламан, фахрланаман.

У. ДЎСМАТОВ, полковник

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: