Ҳаёт шунчалар мураккаб тузилган, ўзингники тажриба, бировнинг ҳаёти мактаб экан. Бир маромда кечса, нурга ва шодликга йўғрилган бўлса уни бахт деймиз, тошдек қаттиқ бўлса тақдир, қисмат деймиз. Лекин баъзида тақдирнинг аянчли бўлишига ўзимиз сабабчи бўламиз, хатти-ҳаракатларимиз, айтган бир оғиз сўзимиз билан билиб-билмай кимнингдир тақдирига эгри чизиқлар тортиб қўямиз. У бизнинг душманимиз, дўстимиз ва ҳатто севимли фарзандимиз бўлиши ҳам мумкин.
Хуллас бу бир оиланинг азиз фарзанди, ҳуснда, одобда, ақл-фаросатда тенгдошларидан кам бўлмаган қиз ҳаёти ҳақидаги аянчли ҳикоянинг муқаддимаси эди. У – менинг опам Гулчирой. Келинг, унинг бошдан кечирган қисматини сизга бир бошдан айтиб берай.
Опам аёллар салонида сартарошлик қиларди. Ўзига қараб, чиройли бўлиб юрарди. Совчисиям кўп эди. Айниқса биздан бир кўча нарида яшайдиган Ойбек уйимизга кўп бора одам жўнатди. Аммо опам унинг совчиларига рад жавобини берди. Ойдек йигитларнинг биронтаси унинг кўнглига ўтирмади. Кейин негадир совчилар тўхтаб қолди. Бу орада мен ўқишни битказдим, ишга жойлашдим. Энди “шифокор қизингизни келин қиламиз” дегувчилар кўпайди. Хуллас, мени опамдан олдин узатишди.
Мен бир болали бўлдим ҳамки опамнинг жойи топилмади. Ўзингиз биласиз, бизда қиз бола ўтириб қолса, ундай эмиш-бундай эмиш, деб дарров миш тарқатишади. Шу гапларни ўйлаб ота-онам уни эшик қоқиб келган совчига таг-тугини суриштирмай узатиб юборишди. Куёвнинг онаси ўқимишли аёл экан, кийиниши, гап-сўзи, ўзини тутишидан яхши инсонга ўхшарди. У гапи орасида “ўғлим йигитчиликда бўладиган жанжални деб 3 ойгина қамоқда ўтириб чиқди”, кейин Москвада ишлаб машина, уй-жой олди, шунга уйланишга ҳам бироз кечикди, деди. Майли, ёшликда бўлиб туради, дея биз унга унчалик эътироз билдирмадик. Отаси ва куёв бўлмиш ҳам ташқи кўринишидан яхши таассурот қолдиришди. Қизимизни зиёли оилага беряпмиз деб ота-онам ҳам хурсанд эди. Опам фотиҳа қилиниб уч кун ичида тўй ҳам бўлиб ўтди. Ҳаттоки бу оилани суриштиришга ҳеч кимнинг вақти ҳам, имкони ҳам бўлмади.
Бизни алдашган экан…
Тўйдан кейин куёв ўз оғзи билан “мен 3 ой эмас 11 йил қамалиб чиққанман” дебди… Шундай бўлса ҳам опам шунга чидаб, “майли тақдир экан, мен энди нима қиламан, қаерга бораман” деб шу одам билан кўникиб яшай бошлади.
Поччам оилада худбин, қайсар бўлиб ўсган. Ўзи ишламас, ота-онасининг қарамоғида эди. Фарзандли бўлганида ҳам оила, бола-чақа масъулиятни ҳис қилмади. Аксинча пул топ деб опамни уриб-силташларини қўймасди. Опам ҳомиладор бўлди, фарзандини дунёга кетиргунча тинмай ишлади. Қўлидаги чақалоғи 4 ойлик бўлганда яна бўйида бўлиб қолди. Ана шундан кейин куёвнинг онаси “текинхўр ўғлимни боққаним етмадими, энди сизларни ҳам боқаманми” деб уларни алоҳида чиқарди. Опам 4 ойлик боласини онамга ташлаб ишга чиқиб кетди. Опам сартарошлик қилиб дам олмай ишлар, рўзғор тебратар эри эса унинг топган пулини ичарди…
Уй тўловлари, бола, рўзғор, эрнинг инжиқликлари… буларни аёл боши билан бир ўзи таъминлай олмади. Сўнг ўзи бориб гаплашиб, эрини бетон заводига ишга жойлаб қўйди. Ҳаттоки унинг йўл пулларини бериб ишга жўнатарди. Бизнинг оилада ота-она ҳурмати баланд эди. опам эри онаси билан келишмай қолган бўлса ҳам уйи яқин бўлгани учун опам қайнонасидан хабар олиб турган. Бир куни қайнонамнинг хизматини қилиб келай деб отланса эри унга пичоқ тираб онамникига бормайсан, дебди.
Оиладаги қийинчиликлар, эрнинг зўравонлиги, стресслар, тирикчилик учун дам олмай ишлашлар беиз кетмади. Бу орада опамнинг кўкрагида без пайдо бўлиб қолади. Қайнонасига айтса уни онкология шифохонасига олиб бориб, қон таҳлили топширтиради. Шифокор билан опамни чиқариб юбориб ёлғиз ўзи гаплашади. Кейин опамга эртаси куни биопсия таҳлили топширишни тайинлашади. Қайнонаси унга эрингга айтмасдан ўзинг бориб топшир дейди. Опам биопсия топширса саратон ҳужайралари чиқади…
Хуллас шу гаплардан кейин эри ҳомиладор хотини ва қизчасини меникига олиб келиб ташлаб кетди. Биз Тошкентда турамиз. Опамга қанчалик қийин бўлганини меникига келиб яшай бошлаганида билдим. Мен кеч бўлмасдан даволатайлик деб опамни шифохонага олиб бордим. Аммо врачлар бола туғилгандан кейин олиб келинг, муолажаларнинг ҳомилага салбий таъсири бор дейишди. Шунда ҳомиласи саккиз ойлик эди, тўққиз ойлик бўлганда туғуруқхонага олиб бориб ётқиздик. Боласи соғлом туғилди.
Бола туғилиши билан онкология шифохонасига олиб бормоқчи эдим. Аммо опамнинг уйидагилар кейин текширтирамиз, деб опамни уйига олиб кетишди. Кейин мен уни яна қайтариб олиб келиб, яхши врачларга кўрсатдим. Аммо шифокорлар ҳозир эмизяпти боласини ажратгандан сўнг олиб келинг, дейишди. Мен унинг боласини сутдан ажратганидан кейин даволатмоқчи эдим, лекин қайнонаси ва эри олиб кетамиз деб яна туриб олишди. Улар оиласи, қайни-қудали жой, биз уларга бир нима дея олмадик…
Опамнинг қайнонаси пулга жуда ўч аёл экан. Пул кетмасин барибир бефойда деб опамни даволатмади. Боласи 2 ойлик бўлганда ота-онам шифокорларга олиб боришди. Бу вақт орасида даволанишга кеч бўлиб кўкрагидаги без ўпкасига, жигари ва умуртқа поғонасига ўтиб кетибди…
Ҳозирги кунда опам иккита боласи билан бизникида яшаяпти.
Опамни турмуш ўртоғи уйида юрганида, ҳатто шу касал ҳолида ҳам жанжал чиқариб кўкрагига урган экан. У ҳеч қачон ҳеч кимга ҳеч нарсани айтмаган, фақат ичига ютаверган. Иккинчи боласи туғилганида ота-онам “қизим касал, кўнгли ўксимасин, болалари бетонда ётибди” деб кичик каравотча ва бошқа мебелларини олиб берган эди. Эри туртиб юборганда шу каравотчага тегиб, умуртқа суяги синган. Шу даража қаттиқ урганки каравот ҳам синиб кетган. Кейин аҳволи оғирлашиб шифохонага тушиб қолди. Пул керак бўлиб тилла тақинчоқларини сотишга қарор қилди. Тақинчоқлари овсининикида эди. Уларни олишга борганида эри уриб, тиллаларини бермай ҳайдаб юборган. Хотини шифохонадалигида уйига бегона аҳлоқсиз аёлларни олиб келиб фохишабозлик билан шуғулланган…
Хуллас, опамни ёши улғайиб ўтириб қолмасин, деб мана шундақа золим одамга турмушга берган эканмиз…
У ҳозир бизникида, яқинда кимётерапия олди. Аммо эри ва қайнонаси келиб ундан ҳолинг нима бўлди, деб сўрашгаям ярашмаяпти. Опам эса икки боласи билан, барибир оиласи… уларни кўзи тўрт бўлиб кутмоқда…
Ёш қизларини турмушга узатаётган ота-оналарга ибрат бўлсин дея бу аянчли ҳикояни газетага ёзишни илтимос қилдим. Токи улар «Қиз бола – палоқмон тоши» деб уни дуч келган тарафга отиб юборишмасин. Куёвнинг, бўлажак қудаларнинг таг-туги, ўтмишини, хулқ-атворини суриштириб узатишсин, билиб билмай қизларининг қисматига қора чизиқ тортишмасин.
Мухлисанинг ҳикоясини Манзура БЕКЖОНОВА оққа кўчирди.