Икки мисра шеър учун қатл этилган шоир


ХIХ аср ўзбек мумтоз адабиётида кўплаб шоиру шоиралар етишиб чиқди. Улардан бири Жунайдулло Ҳозиқдир. У ўз даврида Марказий Осиёдаги учта давлат – Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонлигида бўлиб, у ердаги маданий муҳит билан яқиндан танишган, ҳар учала ўлкадаги ижтимоий-сиёсий воқеаларни ўз кўзи билан кўрган ҳақгўй аллома, нозиктабъ шоир бўлган.
Жунайдулло Ҳозиқ асли ҳиротлик бўлиб, XVIII  асрнинг 80 йилларида таваллуд топган. Амир Ҳайдар ҳукмронлиги  йиллари Бухорога келиб таҳсил олган, тиббиёт илмини ўрганган, шу боис ўзига “Ҳозиқ”, яъни табиб тахаллусини танлаган.
Бухорода  сарой аъёлари билан келишолмай қолган Ҳозиқ кейинчалик Қўқонга, Амир Умархон саройига боради. Бухорода ёзишни бошлаган «Юсуф ва Зулайҳо» достонини тугаллаб, хонга тортиқ қилган. Қўқон адабий муҳити вакиллари билан яқин алоқада бўлган. Унинг ғазаллари Нодирабегимнинг шеър мажлисларида ҳам бот-бот ўқилган. Фазлий Намангоний ўзининг “Мажмуатуш-шуаро” тазкирасида Ҳозиқни алоҳида таърифу тавсиф билан тилга олади.
Жунайд он ҳакими билоди сухан,
Ки шаҳри Ҳирот аст ӯро ватан.
Мудаққиқ ба таҳқиқи илму сифот,
Бувад ибни Исломшайхи Ҳирот.
(Жунайд сўз мамлакатининг ҳакимидир. Унгинг Ватани Ҳирот шаҳридир. Илм ва сифатларни аниқлашда жуда нозик ёндашади. У ҳиротлик Исломшайхнинг ўғлидир)
Маълумотларига кўра, у кейинчалик Хоразмга ҳам борган, Огаҳий, Мунис сингари буюк шоирлар билан ҳамсуҳбат бўлган, Хива хони  Оллоқулихон топшириғи билан Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» асари биринчи жилдини ўзбек тилига таржима қилган, кейин яна Қўқонга қайтиб келган.
1842 йилда Амир Насрулло Қўқонни босиб олиб, қонга ботиради. Нодирабегимдек нозиктаъб шоира ва унинг оила аъзоларини қиличдан ўтказади. Хон саройидаги жуда кўп аҳли илмлар қатори Ҳозиқни ҳам олиб Бухорога қайтади. Табиатан ўта ростгўй, ҳақиқатпарвар бўлгани учун Ҳозиқ Мовароуннаҳрдаги ҳар учала ҳукмдор саройида ҳам қадр топа олмаган эди. Амир Насруллонинг зулму бедодлигига ҳам жим қараб туролмайди. Зотан у Қўқонда юз берган қатлу қирғинларни ўз кўзи билан кўрган, бу ноҳақликларга нисбатан қалбида нафрати тўлиб тошган эди. Бу эса, Ҳозиқнинг ҳаёти эрта тугашига сабаб бўлади.
Бухоро, XIX аср.
Тарихчи Мушриф қаламига мансуб «Ансоб ус-салотин ва таворих ул-ҳавоқин» асарида Ҳозиқнинг ўлими батафсил баён қилинган.

Мушрифнинг ёзишича, Амир Насрулло Қўқондан қайтишида, Бухорога яқинлашиб қолгач, Ҳозиқдан эришилган ғалаба шарафига шеър айтишни сўрайди. Ҳозиқ ҳамон рўй берган фожиалар таъсирида эди. У беихтиёр амирга қараб туриб, шу байтларни ўқийди:

Буриди бар қади худ аз маломат,
Либосе то ба домони қиёмат.

(Ўз қаддингга лаънатлардан шундай бир либос тикиб кийдингки, у либос устингда қиёматгача қолади).

Бу шеърни эшитиб, амирнинг ғазаби қайнаб тошади. Ранги оқариб кетади. То шаҳарга етиб. Аркка киргунча ҳеч ким билан сўзлашмайди.
Албатта. шоҳга тик боқиб, бундай ўткир сўзларни айтиши ҳар қандай шоирнинг қўлидан келавермайди. Бунинг учун жуда катта юрак, жасорат дадиллик керак. Чамаси, шоир бу байтдан сўнг амир уни тирик қўймаслигин билган, ҳатто ўлимни бўйнига олиб туриб шу байтни айтгандир? Аммо негадир амир бу қатлни кечиктиради. Бундай фойдаланган Ҳозиқ Бухорога қайтгач, ўша куни кечқурун Шахрисабзга қочиб кетади.
Маълумки, ўша пайтда Шаҳрисабз ярим мустақил тарзда кенагас беклари  томонидан идора қилинарди. Шаҳрисабз ҳукмдорлари амирга бўйсунмай қўйишганди. Амир Насрулло бир неча бор Шаҳрисабзга қўшин тортиб, уни ололмай қайтганди. Одатда Қўқон ёки Бухоро ҳукмдорлари саройидан қочганларнинг кўпи ҳар икки мамлакатга тобе бўлмаган Шаҳрисабздан паноҳ топишарди. Ҳозиқ ҳам худди шу йўлни танлаганди. Қолаверса, ўша пайтларда шоирнинг яқин дўсти, тарихчи ва шоир, Қўқон шаҳзодаларидан бири бўлган Ҳакимхон тўра Шаҳрисабзда истиқомат қиларди.
Шоирни  Шаҳрисабз ҳокими Хўжақулбий ўз паноҳига олади. Шаҳарда унга алоҳида ҳовли-жой ажратилади, унинг ҳовлисини қўриқлаш учун махсус соқчилар бириктирилади. Ҳакимхон тўра ҳам унга ҳар тарафлама ёрдам беради.
Амир Насруллоҳ шоирнинг гуноҳидан кечганлиги тўғрисида Шаҳрисабзга иноятнома ва уч маротаба аҳднома битиб, махсус одам юборганида ҳам Ҳозиқ Бухорога қайтмайди. Ҳатто бир гал Ҳозиқнинг Бухорода яшаб турган, Муҳташам тахаллуси билани шеърлар ёзган ўғлини ҳам отасининг ёнига юборади.
Ҳозиқ табиатан қасоскор ва шафқатсиз амир унинг гуноҳидан кечмаслигини биларди. Шу боис, у ўғли орқали бироз узрхоҳлик, бироз киноя йўғрилган навбатдаги  байтни битиб юборади:

Чун ҳузурам сабаби ранжиши табъат гардад,
Мегурезам, ки малулат накунам бори дигар.

(Менинг ҳузур-ҳаловатим сизнинг табъингизни хира қилди. Яна бир бор сизни ранжитиб қўймаслигим учун қочиб юрибман.)

Бу байт амирнинг унга нисбатан хусуматини янада ўт олдиради. Амирнинг вазири Раҳмонберди Махдум амирга “зиндонда ётган уч-тўртта каллакесарни чиқариб, катта пул ваъда қилиб, Ҳозиқнинг бошини келтиришни буюрсангиз” дея маслаҳат беради. Амир унинг айтганидек йўл тутади.
Амир Насруллоҳ Душабой деган ўғрини зиндондан озод қилиб, унга Ҳозиқни ўлдириш вазифасини юклайди. Душабой уч нафар шериги билан  Шаҳрисабзга бориб, миршаблар  қўриқлаётган Ҳозиқнинг уйига ярим кечаси яширин йўл билан кириб боради. Ухлаб ётган Ҳозиқнинг бошини танидан жудо қилиб, ўзи билан  Бухорога, амир ҳузурига  олиб кетади.
Бу машъум воқеа бундан роппа-роса 180 йил аввал, 1843 йилнинг 13 январь куни юз берганди.
Шоирнинг жанозаси эртаси куни  Кўк-Гумбазда ўқилади. Дафн маросимида унинг яқин дўсти  Ҳакимхон тўра мавлононинг шаҳид кетганини айтиб, унга аталган марсияни ўқиганда ҳамма уввос солиб йиғлайди.  Мавлононинг бошсиз жасадини Мулло Охунд қабристонига дафн қиладилар.
Шоирнинг ўлими билан боғлиқ бошқача фикрлар ҳам бор. Баъзи тарихчиларнинг  ёзишича, Амир Насрулллоҳ “тили заҳарханда шоир Ҳозиққа дастлаб ҳеч қандай жазо чораларини кўрмайди”.  Ҳозиқ Шаҳрисабз кенагаслари ичида яшаб, марказий ҳокимият ва Амир Насруллоҳга қарши зиддиятни  авж олдиради. У ва унинг ҳаммаслак шериги Эшон Шофеъ кенагасларнинг ғоявий мафкурачиси сифатида уларнинг сепаратистик  ҳаракатини қўллаб-қувватлайди. Ниҳоят, сабр-косаси тўлган Амир Насрулло  ана шундай шафқатсиз чора кўришга мажбур бўлган.
Нима бўлганда ҳам, Жунайдулло Ҳозиқ адабиёт тарихидаги ҳақ сўз учун боши кетган ҳур фикрли шоирлардан бири сифатида из қолдирди. Шунингдек, унинг туркий ва форсий тиллардаги шеърлари ўрин олган “Ғазалиёт девони”, «Юсуф ва Зулайхо» достони «Воқеоти исломий» ва «Таҳқиқ-ул-қавоид» рисолалари етиб келган.
Ҳозиқнинг туркий шеърлари ҳам адабиётимизнинг нодир жавоҳирлари сифатида эътирофга молик.

Кел, э, носеҳ эшит пандим ўзинг, девона бўлмишмен,
Нечунким билмадинг девоналарга суд панд этмас.
Табассум гар лабидин кўз тутарсен, йиғлағил, Ҳозиқ,
Булут оқузмагунча ёшини, гул нўшханд этмас.

Ҳа, тарихимизда ҳақиқатни юзига тик боқиш учун ҳатто ўлимдан ҳам ҳайиқмаган, алалоқибат бошини кундага қўйган қалам соҳиблари кўп ва улар ҳар доим ижод аҳли учун ибрат бўлишга арзийди.

Рустам Жабборов

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: