«Ё Ватан, ё шарафли ўлим!»

Уруш! номинг ўчсин жаҳонда,
Ҳамон битмас сен солган алам.
Сен туфайли кўп хонадонда
Ота номли буюк шодлик кам.

ЗУЛФИЯ

Дунёдаги энг тансиқ сўз «тинчлик» десам, ишонинг. Бу сўзнинг қадрини ёши улуғлардан, уруш кўрган қалблардан сўргим келади.

1941-1945 йилларда башарият бошига мисилсиз кулфатлар ёғдирган Иккинчи жаҳон уруши фронтларида Ўзбек халқининг ўғлонлари ҳам мардлик ва қаҳрамонлик кўрсатдилар. Бу мусибат тоғни талқон қиладиган қанчадан-қанча забардаст йигитларнинг бошини еди. Кўп оилаларнинг ёстиғини қуритди… Уруш даҳшатларига жонли гувоҳ бўлган, тинчлик учун курашган мард инсонларнинг авлоди эканлигимиз бизни қувонтиради. Иккинчи жаҳон урушидаги тарихий ғалабани таъминлашда жасорат ва хизматлари беқиёс бўлган боболаримизнинг юртга меҳри ва садоқатига ҳавас қиламиз. Улар мардлик ва жасорат сиймосидир.

Эл-юрт тинчлиги учун курашган шундай жасоратли инсонлардан бири қишлоғимиздаги Шомурот бободир. У 1924 йил 20 майда Хоразм вилоятининг Гурлан туманидаги «Вазир» қишлоғида туғилган. Гурланнинг забардаст йигитлари қаторида Ватан тинчлиги учун яқинлари ва қишлоқдошлари ила хайрлашиб 1942 йилда фронтга отланади. Улар ортидан қишлоқдошлари «Ой бориб, омон қайтишсин!»-дея дуо қилиб қолишади. Ватанга меҳр, ёвга нафрат ила «Ё Ватан, ё шарафли ўлим!»-дея жанга киришади. Урушда «Плюмеётчи» вазифасини ўтайди. Сафдошларининг қўлсиз-оёқсиз қолганини, қурбон бўлаётганини ўз кўзи ила кўриб гувоҳ бўлган бобо душманга нафрат оловида ёнади.

Урушнинг дахшатли воқеалари ҳақида бобонинг невараси билан суҳбатлашганимда у бобоси ҳақида дадасидан эшитганларини сўзлаб берди: «Бобом 1945 йилгача «Улуғ Ватан уруши»да қатнашиб Германиягача борганлар. Чап оёқ тиззасидан ўқ еб ҳарбий госпиталга олиб кетилади».

Бу пайт қишлоқ аёллари далада туну кун ўз ёрлари, ака-укалари ўрнига ҳам меҳнат қилаётган эди. Ўзбекистон фашизм устидан ғалаба қозониш учун жуда катта ҳисса қўшди. Республика ўша пайтлар фронтга қурол-яроқ ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш билан бирга миллионлаб кўчирилган инсонлар учун умумий масканга айланган.

«Бобом даволаниб бўлгач яна ҳарбий сафга қайтади. Ҳар сафар бобом уруш фожиалари ҳақида дадамга сўзлаб берганида кузларига ёш оларкан: «Қанчадан-қанча уйлар қумга айланди, захиралар тугаб неча кунлаб оч қолдик, ён атрофимизда бошсиз, оёқсиз, чалажон гуруҳдошларимиз ётарди…Урушни биз кўрдик, сизлар асло кўрманглар болаларим!»

…Ва ниҳоят уруш тугаб, Шомурот бобо Ватанимизга ғалаба билан қайтди. Душман ўқи оёғини бир умр оқсаб юришига мажбур қилган бўлсада, жангчи кўксида орден ва медаллар ила ёруғ юз билан Гурланга қайтди. 1948 йил ўз қишлоғидаги қиз билан оила қурди. Урушдан кейинги тикланиш ва очарчилик йилларида қишлоқдошларига қўлидан келганича кўмаклашди. Дастлаб, 1948 йилдан 1965 йилгача «Қишлоқ советида селекатов» лавозимида ишлайди. 1965 йилдан колхозда «Биригада бошлиғи» бўлиб, 1973-дан то 1984 йил нафақага чиққунга қадар «Қишлоқ хўжалиги завхози» лавозимида фаоилят юритади. 8 нафар фарзанднинг отаси бўлган Шомурот бобо 33 та невара 49 та эвара ва 3 та чеваранинг суюкли бобосидир. Юксак жасорат соҳиби 2001 йил 29 июлда 77 ёшида вафот этади.

Иккинчи жаҳон урушидаги тарихий ғалабани таъминлашдаги жасорат ва хизматлари учун СССР Мудофаа вазирлиги томонидан бир қанча орден ва медаллар билан тақдирланган. «Улуғ Ватан урушидаги ғалабанинг 55 йиллиги» юбилейи муносабати билан «Жасорат» медали билан тақдирланган. Оилада, маҳаллада алоҳида эътиборга сазовор бўлиб, доим эл ардоғида яшаган.

«Бобомнинг Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларига жонли гувоҳ бўлгани, тинчлик учун курашган мард инсон эканлиги бизга юксак фахрдир! Қимматли маслаҳатлари ва ўгитлари билан ёшларни доим тўғри йўлга чорлаган бобомга ҳавас қилиб, ҳарбий соҳани танладим ва бобом сингари мард инсон бўлиб, Ватанимга садоқат билан хизмат қиламан!»-дейди ҳозирда Қуролли Кучлар академиясида таҳсил олаётган невараси Муроджон.

Ҳар йили 9 май «Хотира ва қадрлаш куни» сифатида нишонланиб, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва кексаларимиз ҳолидан хабар олинмоқда. Аслида улардан ҳар кун хабар олишимиз, авайлаб-асрашимиз лозим. Йиллар ўтгани сайин уруш кўрган нигоҳлар «Тирик афсоналар»га айланиб бормоқда.
Бугунги кунда юртимиз тинч, чегараларимиз мустаҳкам. Хирмонларимиз донга тўла, нонимиз сероб. Юртимиз обод, хонадонларимиз файзли. Шундай кунларга етишиш учун қонли жанг майдонларида мардлик кўрсатиб, фронт ортида меҳнат қилган, бахтли келажакни яратиб берган барча «Улуғ Ватан уруши»да қатнашган жасоратли боболаримизга муносиб авлод бўлишимиз, тинчликнинг қадрига етиб, ҳамиша шукрона қилиб яшашимиз лозим. «Уруш номинг ўчсин жаҳонда!», чунки бизга тинчлик, тўй-у томоша, байрамлар ярашади!

Сабоҳат САИДРИЗО,
Ўзбекистон Журналистика ва Оммавий Коммуникациялар университети ҳарбий
журналистика йўналиши талабаси

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: