ПАЛАК (Ҳикоя)

Ким ўша бола билан ўйнаса, таъзирини бераман! Балки айб болада эмасдир. Палаги нопок…

Ҳали мактабга ҳам қатнамас эдик. Орамизда “Елим” лақабли бола бўларди. Текканга тегиб, тегмаганда кесак отар, ҳатто ёши катта болалар ҳам ундан узоқроқ юришга ҳаракат қилишар эди. “Елим” лақабини олишига сабаб, у отаси урушга кетганидан кейин икки йил ўтиб туғилган, онаси айтиши-ча, “қорнига ёпишиб қолган” экан.
Бир куни Елим ёмон иш қилди. Қаердандир ориқлаб кетган қора мушукни топиб келди. “Ҳозир сенларга томоша кўрсатаман”, деди-да, мушукнинг думига чизимча боғлаб, биғиллатиб, дарахт шохига илиб қўйди. Анҳор бўйидаги тошлардан кўйлагининг этагига тўлдириб келди. Кейин беш-олти қадам орқага чекиниб, мушукка тош ота бошлади. Болалардан бири “унақа қилма” деса, “бўпти, ўзингни тошбўрон қиламан”, деб хезланди. Елим тошларни шошилмай, узоқ мўлжалга олиб отар, ҳар гал тош текканида мушук аянчли миёвлар, типирчилаб, ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлар, аммо қутулиб кетолмас эди. Охири бечоранинг оғзидан қон кела бошлади. Биз болалар даҳшатдан қотиб, қилт этмай турар, нима қилишни билмас эдик. Бир маҳал мушукнинг кўзидан олов сачраб кетгандек бўлди-да, сўнгги бор миёвлаб, тинчиб қолди…
Бу воқеани ичимга сиғдиролмай, онамга айтиб бердим. Онам отамга айтган шекилли, кечқурун бизни ёнларига чақириб, танбеҳ берди:
– Ким ўша бола билан ўйнаса, таъзирини бераман! — деди. Сўнг бир зум ўйлаб турди-да, қўшиб қўйди: — Балки айб болада эмасдир. Палаги нопок…
Отамнинг гапини яхши тушунмаган бўлсам-да, Елимдан нарироқ юрадиган бўлдим. У еттинчи синфни битириб, бошқа ўқимади… Университетда ўқиб юрган кезларим, Елим одам ўлдириб, ўн йилга кесилиб кетганини эшитдим.
Орадан кўп йиллар ўтди. Билмадим, ўттиз йилми-ўттиз беш йилми… Куз кечаларидан бирида дарвоза тақиллаб қолди. Чиқсам, телпак кийган нотаниш одам турибди.
– Танимадинг-а, — деди эски қадрдонлардек елкамга қўл ташлаб. – Мен… фалончиман.
Ростини айтсам бунақа исмли одамни эслай олмадим. Отини қайта сўраган эдим, илжайди.
– Елимман.
Шунда “эски қадрдоним” ёдимга тушди.
– Сенга бир масалада келдим, — деди мақсадга кўчиб. – Ўғлим арзимас нарса билан қамоққа тушиб қолди. Шунга бир ёрдам бериб юборсанг…
– Мен терговчини танимайман, — дедим.
– Сен уларни танимасанг, улар сени танийди-ку!
Очиғи, ўғлининг “арзимаган нарса билан” қамалганига ишонмадим. Бунақа ишларга аралашмаслигимни айтдим. Елим хафа бўлди.
– Бўпти, сен бўлмасанг, бошқаси топилиб қолар, деди-да, кетаверди…
Ўғлининг қисмати нима бўлганини билмайман-у, орадан тағин беш-олти йил ўтиб, нохуш хабар эшитдим. Елим хотин, бола-чақаси билан ажрашиб, қўшни маҳалланинг чеккароқ кўчасидан ҳовли сотиб олган экан. Қиш кунларидан бирида уйига ўт кетибди. Одамлар ўтни ўчиришиб, ичкари киришса, Елимнинг куйиб кетган жасади ётганмиш. Негадир оёқ-қўли сим билан чандиб боғлаб ташланган экан…
Бечорага ачиндим. Отамнинг сўзлари ёдимга тушди: “Палаги нопок…”

Ўткир Хошимов