«Бир ғамзада юз жон олур, эй маҳлиқо, қошу кўзинг»

Абдиназар ЭГАМНАЗАРОВ – 1951 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. 1972 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги
институтини тамомлаган. 1982 йили биология фанлари номзоди илмий даражасини олган. Нафақага қадар илмий ва хўжалик соҳаларида фаолият олиб борган. Ўзбекистон шоличилик илмий тадқиқот институтида бўлим мудири, директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари ва директори
лавозимларида ишлаган.

30дан ортиқ илмий рисола, қўлланма, тавсияномалар муаллифи. “Ҳаёт ўйлари”, 2021 йилда “Қишлоғим соғинчлари”, “Эътиқод шукуҳи”, “Шоирлик қисмат” номли шеърий тўпламлари чоп этилган.

Огаҳийнинг «Феруз-1» ғазалига муҳаммас

Келдим пойига бош уриб, ёдим тизиб ёд устина,
Олдим жавоби раддини бўлганча барбод устина,
Энди ҳолимдир забунким дод айларам дод устина,
Мушкин қошининг ҳайъати ул чашми жаллод устина,
Қатлим учун нас келтирур нун элтибон сод устина.

Билмам қандай кетгазурман ёпишган кўнгил қорасин,
Бу жаҳон кўрганмас ҳали мендайин ишқ овворасин,
Айтдилар малҳам, кушойиш битирармиш дил ёрасин,
Қилғил тамошо қомати зебоси бирла оразин,
Гар кўрмасанг гул бўлғонин пайванд шамшод устина.

Келдим ажалнинг чоҳига, қатлимга қолди бир қадам,
Ошиқлари сон мингтадир, ўлсаму қолсам неки ғам,
Зарра парво қилмағайким, хаёлида савту ажам
Нозу адову ғамзаси қасдим қилурлар дам-бадам,
Ваҳ, мунча офатму бўлур бир одамизот устина?!

Ўйладим, кирганим наҳот севги сотилар бозорким,
Мен каби қашшоқ ошиқлар бу издиҳом ичра хорким,
Ул париваш жоним олурға оташин харидорким,
Ман хастаға жон асрамоқ эмди эрур душворким,
Қотил кўзи бедод этар ҳар лаҳза бедод устина.

Дунё демишлар бевафо, шароб деб тутгайлар заҳар,
Бош суқиб келсангки агар комига ютгайдир шаҳар,
Менга фарқи йўқдир сира ёнимда бўлса ул магар,
Ул гул юзи шавқи била шайдо кўнгул шому саҳар
Булбулдек айлар юз наво минг навъ фарёд устина.

Бедодлиғидан бу кўнгил ёришмағай ҳам тўлмағай,
Неча бор айтиб шаҳодат бош қўйсада ҳеч ўлмағай,
Тошданда қаттиқдир бу жон, тошлар сўлар бу сўлмағай,
Бошимға ёққон ғам тоши мингдан бирича бўлмағай,
Гардун агар минг Бесутун ёғдурса Фарҳод устина.

Кўргали бор бўлса истак, ҳохиш дунёнинг нақшини,
Эслама, тамом унутгин чиркин замоннинг фахшини,
Тут қулоғинг, тингла бир дам сен Абдиназар бахшини,
Эй шаҳ, карам айлар чоғи тенг тут ёмону яхшини-
Ким, меҳр нури тенг тушар вайрону обод устина.

Машойихлар кетмиш айтиб, азалдан бу дунё бедил,
Оқибат бойга ҳам анқо, сен кимсану ҳаддингни бил,
Дедиларким эй бенаво, кет бўлмасингдан дарду сил,
Хокий танинг барбод ўлур охир жаҳонда неча йил,
Сайр эт Сулаймондек агар тахтинг қуриб бод устина.

Келди, кетди ишқ дардининг топмай шифосин кўп хаким,
Ранги сомон, умри ҳазон ошиқлар сингди ергаким,
Тақдири ночор забунлиғ, менгзалсаларда шергаким,
Не журъат ила Огаҳий очқай оғиз сўз дергаким,
Юз хайли ғам қилмиш ҳужум ул зору ношод устина.

Огаҳийнинг “Феруз — 2” ғазалига мухаммас

Ишқим сабабми жилвали, ойданда ойдиндир юзинг,
Жонимга жон, ёғдай ёқар хуш келдингиз деган сўзинг,
Не парилар наслидансан, айтгинчи қай хурсан ўзинг,
Ваҳ, не балодур, билмадим, эй дилрабо, қошу кўзинг-
Ким бир назарда солди ўт жоним аро қошу кўзинг.

Жим турарсан жилмайибким, борми ёки йўқми тилинг,
Белларингда қирқта соқчи, қирқта аждар зулф-кокилинг,
Ўйланиб қолдим не тонгким, нурми юзинг, ёки дилинг,
Олди қарору тоқатим оқ синаю нозик белинг,
Солди қаро кун бошима икки қаро қошу кўзинг.

Гулми десам камситганим, гулдан-да нозикдир таъбинг,
Жодуларингнинг чеки йўқ, сирми синоат мактабинг,
Менда қасдинг бўлса айтгин, жаллод эрурми матлабинг,
Жонимға қўйдики доғлар рашк ўтидин холи лабинг,
Кўнглумга еткурди туман дарду бало қошу кўзинг.

Тунлари боқиб фалакка, излаганимдир юлдузинг,
Ўт олиб ёнган юракка, айни муддаодир музинг,
Хаста дил дармонин топар, кўзга суриб ўтган изинг
Ҳам юз ўлукни тиргазур лаълинг аро ширин сўзинг,
Ҳам минг тирикни ўлдурур айлаб жафо қошу кўзинг.

Қанча зор-зор йиғласам ҳам, ким эътибор бермас ажаб,
Одами зот бандаманким, ахир қаро ермас ажаб,
Ошиқ аҳли ҳокисорким, кўксин баланд кермас ажаб,
Қошу кўзинг бедодидин дод айласам эрмас ажаб-
Ким , не жафолар қилмади охир манго қошу кўзинг.

Келдим бору йўқдан кечиб, сен бирла даврон сургали,
Пойингга бошимни қўйиб, сўзимда исбот тургали,
Дўзахми жаннат фарқи йўқ, айтган йўлингга юргали,
Ҳусн аҳли шоҳисан — бори ошиқларинг ўлдургали
Гўёки жаллоду қилич бўлмиш манго қошу кўзинг.

Нолалар ёзилса сиғмай, айлар фиғон дил дафтари,
Устига устакдир бало, нозу фироғинг сарсари,
Ўйлар эрдим кўздурурман, сен унинг лаъли, гавҳари,
Ман зору ҳайронинг нечук девона бўлмай эй пари-
Ким, ақлу хушим айлади мандин жудо қошу кўзинг.

Ҳажрингдаги ошиқларинг лак-лакми, йўқдир сониким,
Ҳеч бирининг ишқ йўлида йўқ зарра бўлсин шониким,
Мен каби йўқдир фидоси, эҳсон йўлингда жониким,
Йўқдур манго ишқинг аро юрмак тирик имкониким,
Жонимни ё қадду юзинг олғуси ё қошу кўзинг.

Ошиқман дебон чиқди ким, бўлди бу йўлда хору зор,
Кетди ишқидан кечиблар, ўзни ҳисоблаб тору мор,
Етти қаватли фалак ҳам, ўн саккиз минг оламки тор,
Қошу кўзинг имосидан бўлди қиёмат ошкор,
Гўёки олам офати қилмиш худо қошу кўзинг

Бунчалик мастоналиғни қайдин олдинг, ё алҳазар,
Йўқми зарра шафқатингким шайдоларингга кўргазар,
Ё жамшид деб қиморингга тикди ўзин Абдиназар,
Эл қатлини қасд айлабон мастона қилғоч бир назар,
Солди жаҳонга нолаи во ҳасрато қошу кўзинг.

“Ўлдим-куйдим”га не ҳожат, чиққан бу сўзнинг сийқаси,
Бир нигоҳда ҳамдам турур борлиқ муҳаббатнинг саси,
Сен ва мен бир жуфт эрурмиз, шудир изҳорнинг қисқаси,
Айлай ҳаётим нақдини ҳар дам нисори садқаси,
Ёшурмагил ман зордин айлаб ҳаё қошу кўзинг.

Кирганингда ишқ боғига ўн тўрт кунлик ойдай тўлуб,
Бошим арш-аълога етди, боққанда сен менга кулуб,
Хуснингга эгар бошини бор одамизот қул бўлуб,
Мажлис фазосида усул эткан чоғи раққос ўлуб,
Бир ғамзада юз жон олур, эй маҳлиқо, қошу кўзинг.

Севгиси ёлғон кимсанинг чиққай бу йўлда сарсони,
Муҳаббатига ким содиқ, сўнгида келгай даврони
Ёрининг васли мукофот, “Тўйлар муборак”дир шони,
Ширин лабингдин Огаҳий жисмиға жон берким они,
Ўлдурди бир имо қилиб боқғоч қиё қошу кўзинг.

Боболардан мерос юрт

Ўзбекистон аждодлардан мерос юрт,
Боболари улуғ Расулга хос юрт,
Момоларин тилак, дуоси рост юрт,
Янгиланган, янги авлодга мос юрт.

Башарга донг наҳорлари, тўй оши,
Ризқ-рўз учун кўкда сахий қуёши,
Юртга содиқ мардум кексаю ёши,
Бу оламда таърифи беқиёс юрт.

Бир дон еган қуш келармиш Маккадан,
Зиёсига топилмас бермаган тан,
Бу гапларнинг бари унинг учун шаън,
Жаннат боғи Эрамдан иқтибос юрт.

Амир Темур қўйган илк шони ҳаққи,
Муслим муслималар виждони ҳаққи
Сарбадорлар, жадидлар жони ҳаққи,
Истибдоддан энди боқий халос юрт.

Бир яхши сўз тилайман

Бу дунёга яхшилик тиловчиман,
Одамларга эзгулик, бахт- саодат.
Имкон топсам бошларин силовчиман,
Бобом менга қолдирган урфу одат.

Тиланчиман элимдан сўз тилайман.
Гуррос-гуррос сўзлар чиқар йўлимдан,
Бир керак сўз қидираман, элайман.
Аммо уни топиш келмас қўлимдан.

Борин бериш осон, қидирмоқ қийин,
Навоий ҳам сўнги сўзин топмаган.
Ундан ортиб мен фақир нима дейин,
Бу майдонда омади ҳеч чопмаган.

Тиланчи ҳам, тиловчи ҳам мен ўзим,
Тўрт муча соғ, ибодатим қиляпман.
Тан меҳнатда, руҳ Аллоҳда, ҳақ сўзим,
Қаноатни бошимга тож биляпман.

Тонг отишин шарҳи сиғмас баётга,
Фарзандлар рухсори, ҳиди бокира.
Эгам бахш айлаган ушбу ҳаётга,
Шукроналар айтсам туганмас сира.

Аждодлар эҳтироми

Аждодларим азиз авлиё зотлар,
Сарбадорлар, эрки жонидан улуғ.
Фоний тирик экан ёдлар авлодлар,
Руҳлари қалбларда, бошимизда туғ.

Ҳар ишда, қадамда қони тортади,
Мен ҳам учаяпман юлдузлар бўйлаб.
Уларга кундан-кун меҳрим ортади,
Ифтихор туяман борлигин ўйлаб.

Бугунги кун шаҳди, диллар туғёни,
Менга янгиликмас, улардан мерос.
Бобом кашф этганди ярим дунёни,
Уринаман дея фарзанд бўлай мос.

Башарни бор дарддан айлагач фориғ,
Луқмони Ҳаким деб аталди номи.
Кўрингки яроғмас, шифокордир тиғ,
Орқага чекинди ҳаётнинг шоми.

Сизга қай биридай айтай ҳикоят,
Сўзлайверсам умрим етмаслиги ҳақ.
Ҳаммасин руҳига бағишлаб оят,
Айтай Худо бирдир ва Расул барҳақ.

Дерлар йўқ оламнинг боши, адоғи,
Кўпмиш ечилмаган синоат сирлар.
Мен билган сир шуки, боқийдир тоғи,
Аждодларим руҳи барҳаётдирлар.

Бобурнинг қисмати

Санчилиб қисматнинг заҳарли ниши,
Ўн икки ёшида тақдир ташвиши,
Ўйинлар алвидо, подшоҳлик иши,
Болалиги беҳос жувонмарг Бобур.

Болалик ҳам майли, шоҳлик ҳам майли,
Жудолик бор экан, тақдирнинг зайли,
Қисматига эгиз тахти туфайли,
Битмас жароҳати — Туронтарк Бобур.

Ёмонлик, қабоҳат бор экан токи,
Беҳосдан йиртилар ҳаётнинг чоки,
Баҳор, ёзин сезмай қолди ҳаттоки,
Кузи эрта келган ҳазонбарг Бобур.

Куздан кейин қишнинг келмоғи тайин,
Қаҳратон қақшатар сайинма-сайин,
Сўнгисини Сизга қандай айтайин,
Қолди жаҳон ичра буюк Арк — Бобур.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: