Садриддин Айний — ўзбек ва тожик халқининг атоқли фарзанди

15 апрел ўзининг серқирра ижоди, бой адабий ва илмий фаолияти билан Соктари қишлоғи номини дунёга таратган, ўзбек ва тожик халқининг ардоқли фарзанди «Дохунда»,»Қуллар», «Одина»,»Бухоро жаллодлари», «Эски мактаб» каби асарлари билан нафақат ўзбек ва тожик, балки жаҳон адабиети хазинасини бойитган адиб Садриддин Айний туғилган кун. Бу йил атоқли адиб таваллудига 144 йил тўлди.

С. Айний кўплаб давлат мукофотлари ва орденлари соҳибидир. Адибнинг «Эсдаликлар» асари Давлат мукофотига сазавор бўлган. Филология фанлари доктори илмий унвонига эга бўлиш билан бирга 1943 йилда Ўзбекистон ФАси фахрий аьзоси этиб сайланган. Шунингдек Тожикистон Республикаси ФАсининг академиги ва Биринчи Президенти бўлган. С.Айний бир-бирига қондош икки халқнинг севимли фарзанди. Шу сабабли буюк устозга эҳтиром ҳар икки халқда юксакдир.

Тожикистон Давлат Университетида таҳсил олаётган пайтимизда тожик халқининг зуллисонайн шоирига бўлган юксак эҳтиромига гувоҳ бўлганман. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов фармони билан ўзбек адабиёти ривожига кўшган хизматлари сабабли «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.

1997 йилда С. Айнийга Тожикистон республикасининг олий мукофоти Тожикистон Қахрамони унвони берилган. 1987 йилда улуғ адибнинг 100 йиллиги ЮНЕСКО томонидан кенг нишонланди.

Ҳар йили адиб туғилган кун муносиб нишонланиб келинмокда. Бу йилги шоир туғилган кун муқаддас Рамазон ойи ва халқаро маданият ва саньат ходимлари кунига тўғри келди.

С. Айний туғилиб ўсган Соктари қишлоғидаги 4-мактабда (аввалги С . Айний номли) унинг таваллуд санаси муносиб нишонланди.Унда яқин мактаблардан келган ўқувчилар ва тарғиботчи ўқитувчилар иштирок этишди. Мактабнинг бадиий ҳаваскорлик тўгараги аьзолари адибнинг асарлари ва шеьрлари асосида саҳналаштирилган театрлашган кўринишларни ўзбек ва тожик тилларида намойиш этишди. Айниқса «Эски мактаб»,» Куллар», «Одина» асарлари асосидаги саҳна кўринишларини тадбир иштирокчилари олқишлар билан тамоша қилишди. Биз С.Айний ҳамюртлари, ғиждувонликлару бухориклар, қолаверса соктариликлар буюк ёзувчи бобомиз билан фахрланамиз, унга муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз.

Олимжон ҒАЙБУЛЛАЕВ, ўқитувчи

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: