Сэй Кубота: Олис Лейте денгизи (новелла)

Почта бошлиғи Томэга нафақа пулини ўз қўли билан топширар экан: «Мана асл ўғлон қанақа бўлади. Ҳатто у дунёда ҳам ота-онасининг ғамини ейди», дейди. Қўшни кампирларнинг баъзилари эса, ҳеч бир андишага бормай: Шунча ўғилдан бирортаси ҳам урушда ўлмади-я…- дейишдан ҳам тойишмаган.

1

Қоп-қора нефть қуйқаси билан қопланган денгиз эмиш, денгизнинг элас-элас кўзга ташланиб турган қоронғу буржидан Нацуо сузиб келар, Томэни чақирармиш. Тўлқинлар чарх уриб кўпирармиш. Осмондан нимадир ёғармиш, ёмғир деса ёмғирга, кул деса кулга ўхшамасмиш. Бир тахта парчасига ёпишиб олган Нацуо “Кетиб қолманг, кетиб қолманг, мен ҳозир, мен ҳозир”,-дея қичқирармиш. Томэ ўғли томон отилмоқчи бўлармиш-у, нимадир томоғидан хиппа бўғиб уни қўймасмиш.

Томэ қайғудан зил тортган бошини кўтарганида, ўзини кўз ёшидан ивиб кетган ёстиқда кўрди.

Нацуо Томэнинг кенжа ўғли. У 1944 йилнинг октябрида кўнгиллилардан бўлиб урушга кетган, флотда, Филлиппин яқинидаги денгиз жангларидан бирида ўн тўққиз ёшида ҳалок бўлган. Аммо Томэнинг адоқсиз тушларида ўғли мудом енглари тор, енгил газламадан тикилган киманода, ўсмир-бола қиёфасида намоён бўлади. Одатда Томэнинг Нацуодан кўрадиган тушлари нафақа пули берилиши олдидан кўп такрорланади. Кеча шу нафақани деб қўшни аёл Кити билан кўнгилхиралик бўлиб ўтди.

Томэга нафақа пули бундан ўн йилча бурун-Корея уруши тугаган йили белгиланган. Император туғроси зарб этилган нафақа дафтарчасини унинг қўлига тутқазган кезлари ажратилган пул миқдори қирқ минг иен эди. Бора-бора нафақа суммаси ортди. Айниқса, атом бомбасини синашга қарши матбуотдаги чиқишлар, Вьетнам урушини тўхтатиш борасидаги баёнотлар нафақа миқдорининг кўпайишига сабаб бўлди. Ҳозир Томэ етмиш минг иен нафақа олади. Бу пул Томэга йил давомида тўртга бўлиб берилади. Унга ўхшаган нафақахўрлар қишлоқда етмиш киши. Бир вақтлар тўрт юз хонадонли бу қишлоқ юз эллик йигитини урушга кузатган. Шу йигитларнинг ярми уйларига қайтишмаган.

Томэ ҳар сафар нафақа дафтарчасини қўлига тутганча почтага келганида, уни бошлиқнинг шахсан ўзи кутиб олади. У почта хизматини бошқаради, яна урушда ҳалок бўлганлар оиласига ёрдам ташкилотининг ҳам раиси. Бошлиқ ҳар сафар Томэга нафақа пулини ўз қўли билан топширар экан, бир гапни такрорлашдан чарчамайди:

-Мана асл ўғлон қанақа бўлади. Ҳатто у дунёда ҳам ота-онасининг ғамини ейди.

Шунга ўхшаш сўзни Томэ қарияларга ёрдам жамияти йиғилишига борганида қишлоқ оқсоқолидан ҳам эшитган.

Ҳа, у оладиган нафақа пули кўп кампирларнинг кўзини ўйнатади. Ҳатто уларнинг баъзилари, ҳеч бир андишага бормай:

-Шунча ўғилдан бирортаси ҳам урушда ўлмади-я…- дейишдан ҳам тойишмаган.

Куни кеча, Томэ яқин дугонаси, синфдоши, етмиш яшар Китидан бундан бешбаттарини эшитди.

-Уялмайсанми, Кити! Қайси она ўз боласига ўлим тилайди.-Томэ бу гапни айтишга айтди-ю, аммо узоқ вақт Кити сўзларининг заҳридан қалби зирқираб кетди.

Кити ҳам вақтида бирйўла икки ўғлини урушга кузатган, уларнинг иккиси ҳам соғ-омон қайтишган. Китининг ўзи олаётган нафақага ҳасад билан қарашини Томэ кўпдан сезиб юради, ҳатто бугун қўшни Торисака шаҳридаги химия заводида ишлаётган кенжа ўғлини-да ҳимоя қўшинга жўнатишини кўзлаганини ҳам билади. Айниқса шунисини Томэ сира ҳазм қилолмайди.

Хонада рутубат ҳукм суради. Эри Сайкити эса ҳамон уйқуда. Томэ тўшагидан туриб, бош учидаги дераза пардасини сурди-да, кўчага кўз ташлади. Онэяма тоғи устида юлдузлар чарақлайди. Ҳали тонг отмаган бўлса ҳам, Китининг ҳовлисида олов чарсиллайди. Ўчоқ бошидаги курсичада ўтирган соя олов ёруғида липпиллаб-ўйнайди. Томэ биладики, девор соати занг уришга улгурмасдан, қўшниси Кити оёққа турган бўлади.

Китининг айтишича, совуқ жонидан ўтиб, оёқлари увиша бошлагач, ухлолмайди, хўроз қичқирмай туришга мажбур бўлади. Икки қават, ўнта хонадан иборат бўлган бу-баҳайбат уйда Кити ёлғиз яшайди. Ўзини нақадар тетик ва бардам тутишга уринмасин, бераҳм вақт олдида Кити кун-кундан кичрайиб боради. Шунга қарамасдан у ўзига тегишли шоли майдонида тер тўкишини, даладан бўш пайти мардикорлик қилишини қўймайди.

Кити барча қулайликлардан юз бурган ҳолда ўта қашшоқликда кун кечиради. Дейлик, кўмирга қилинадиган харажатдан қочиб уйини иситмайди, Томэ неча бор уринган бўлса ҳам, уни кичкина, арзонгина электр истигич сотиб олишга ҳамон кўндира олмайди. Унинг каттакон уйини бор-йўғи биттагина ўттизлик лампочка хирагина ёритиб туради. Аксар деҳқонларнинг уйларида аллақачон телевизор, кир ювиш машиналари, ҳатто музлатгичу стериорадиолалар пайдо бўлгани ҳолда, Кити электр тўловининг ошиб кетишидан қўрқиб, эски радиопрёмнигини ҳам ишлатмайди. Бутун маҳаллада фақат унинг томида антенна кўринмайди. Эски декчада қайнатилган ёвғон шўрвани оғир сукунат аро ичиб олгач, Китининг уйида ягона ёруғлик манбаи ҳам сўнади, шундан сўнг бу маскан тамомий зимистонга чўмганча қартайган эгасига алла айта бошлайди.

Ўтган йили барча уйларга электр ҳисоблагичлар ўрнатишгандан бери хуфтон кирар-кирмас уйқуга ётиш Китининг одатига айланган. Китининг бутун ой давомида бор-йўғи икки киловатт электр ёқишига ажабланмаса ҳам бўлади. Электр пулини йиғувчилар бир ойда бир хонадон энг ками етмиш киловатт электр ёқиши қонунда кўрсатилганини, бу эса бир юз олтмиш иен бўлишини Китига тушунтириш учун беҳуда куч сарфлашар эди. Кити бу сўзларга ишонишни сира истамас, қайсарларча рад этарди. У газета сотиб олмас, умумий сув қувуридан фойдаланмас, бутун хонадонда фақат электр учунгина харажат қилинарди.

Кити сира кўмирга пул сарфламайди. Тоғликдаги ўрмондан йиғиб келадиган ўтинини ҳам сотади. Ўзи эса баобаб поясини тутатиб, шу билан кифояланади. Фақат ухлайдиган хонаси- ошхонагагина бўйра тўшайди. Бошқа бўйраларини эскириб қолмасин деб бир бурчакка тахлаб қўяди. Оқибат, уй полларидаги ёриқлардан совуқ ҳаво уфуради. Бундан уй ичи баттар совиб кетади.

2

Томэ билан Кити бир қишлоқда улғайишган. Тўрт йиллик бошланғич мактабни тугатишгач, биргаликда Синанодаги ипак йигириш фабрикасига ишга киришган.

У вақтлар бутун қишлоқ қашшоқликда кун кечирарди. Атрофи тоғлар биан ўралган бу қишлоқда иш дегани анқонинг уруғи эди. Деҳқон зоти борки, ижара ерларида экин экиб, тирикчилик қилишарди. Шоли ҳосилини йиғиб олишгач, ўша ерга буғдой экишар, даладан қўллари бўшади дегунча пилла боқишга киришишар, шунда ҳам тийинни тийинга улай олишмасди. Шу сабаб барча деҳқон қизлари фабрикада ишлаш учун йўл олишарди. Томэ ўн икки, Кити эса ўн бирни тўлдирганларида навбат уларга ҳам етиб келди. Қонун бўйича қизлар фақат ўн тўрт ёшдан кейингина ишга қабул қилинарди. Ўшанда Томэ ва Китига ҳақиқий ёшларини яширишга тўғри келганди. Аслида-ку буни биров суриштириб ҳам ўтирмасди. Фабриканинг иши кун-кундан ривож олар, тайёрланган хомашёларга хорижлик талабгорлар сони ошиб борган сайин янги-янги иш ўринлари пайдо бўларди.

Янги йил кириши билан қишлоқда ишга ёлловчилар пайдо бўлишади. Томэ ва Китилар қишлоғи билан фабрика ораси ўн икки километрча келади. Бу ердан темир йўл ўтказилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Темир йўлдан илк бор тупроқ ортган юк поездлари из солиб, мустаҳкамлагини синаб кўришган. Мактаб даврида ўқитувчилари билан темирйўлни, поезд қанақа бўлишини кўриш учун атайлаб борганлари қизларнинг ёдида.

Дугоналарни фабрикага элтиб қўйишни Томэнинг отаси ўз зиммасига олди. Томэ ва Кити ўша давр қизлари орасида русм бўлган тарзда соч турмаклашган, бир хил хонаки бўздан тикилган кимано кийишган, белларига энли малламтир белбоғ тақишган, қўлларида чойшаблар жойланган қизил халтача тутиб олишганди. Отанинг эгнида ҳам Томэники сингари йўл-йўл матодан тикилган кимано бўлиб, юришга қулай бўлсин учун, барлари қайириб қўйилган, кимано тагидан оқ рангли тор шим кўриниб турарди. Оёғида эса похолдан тўқилган шиппак кийиб олганди.

Уфқ бўзариб, Мисатогахара водийси анвойи рангларга чулғанди.

Юриб ҳориган йўлчилар улкан харсанг олдида дам олиш учун тўхташди. Одамлар оғзида шу жойда қандайдир Рокубэнинг ўлдирилгани хақидаги афсона юради.

-Қадим замонларда бўлган экан,-дея гап бошлайди. Томэнинг отаси.-Кунлардан бир кун бизга яқин қишлоқлардан бирида яшовчи Хонсаки-Мураникидан Рокубэ исмли киши бир кеча тунаш учун жой сўрабди. Кутилмаган меҳмонни қўноққа олган мезбон, бир тасодиф билан унинг ёнида катта пул борлигини сезиб қолибди. Меҳмон тонг саҳар Наганага томон йўлга тушиши зарурлигини айтиб, мезбондан хўрознинг илк қичқириғида уйғотишини илтимос қилибди. Нияти бузилган уй эгаси тун яримлаганда ўрнидан туриб, хўрозининг оёғига иссиқ сув сепибди. Бунга алданган хўроз тонг отди деб, бевақт қичқириб юборибди. Хўжайин меҳмонни уйғотиб, йўлга солибди. Меҳмон билан изма-из ўзи ҳам йўлга тушибди. Мақсади уни Мисатогахара водийсида ўлдириб, бойлигига эга бўлиш экан. Хавфни кўнгли сезган меҳмон мана шу харсанг ортига бекинмоқчи бўлибди. Аммо хўжайин ундан айёрроқ чиқибди. Гўё ёнида одами бордай: “Ҳей, Сукэдзо, тезроқ юрсангчи!”-деб қичқирибди. Жонига қасд қилмоқчи бўлганлар икки киши эканини ўйлаб, меҳмоннинг ҳуши бошидан учибди. Унинг лаҳзалик довдирашидан фойдаланган мезбон мақсадига етибди. Шундан бери ушбу харсангни “Сукэдзо-харсанг”, деб аташаркан.

Бир оз нафас ростлаб, беҳи билан наридан-бери тамадди қилиб олишган қизлар йўлда давом этишди.

Қизлар жойлашган фабрика унчалик катта эмасди. Унда уч юзтача ишчи ишларди. Фабрика атрофи устига шиша синиғи териб ишланган баланд девор билан ўралган эди. Фабрика ва унга қарашли ётоқхона тақатақ берк турарди. Бу эшиклар ойида икки марта, ювилган чойшабларни ҳовлида қуритиш учун, очиларди. Шартнома беш йилга тузилган эди. Қизлар биринчи йил, шогирд сифатида фақат қоринга, иккинчи йилдан бошлаб эса ойига ўн иен маош олиб ишлашлари лозим эди. Лекин Томэ ва Кити жон-жаҳдлари билан ишлаганлари учун иккинчи йилданоқ йигирма иендан топа бошлашди.

Орадан олтмиш йил ўтса ҳам, Томэ ва Кити ўшанда уларни катта ёшли ишчилар қандай мақташганини ҳамон эслашади:

-Жимитдеккина бўлиб йигирма иен маош олишади-я, боланг бўлса шулардек бўлса экан!

Шундай ҳам бўлди, Томэ ота-онасини қувонтириб, умрининг ўн тўрт йилини вақирлаб ипак қайнаётган қозон ёнида ўтказди. Улар шу даражада жон куйдириб ишлашардики, бармоқларининг териси едирилиб гўшти чиқиб қоларди.

Қизлар фабрикада иш бошлаганларига ҳаш-паш дегунча тўрт йил тўлди. Энди қизлар сочларини сўнгги модада турмаклашар, маошлари ҳам эллик иенга етган эди. Лекин қизларнинг фабрика қоидаларига бўйин эгишлари осон кечмади. Бир неча бор фабрика эшиклари очилганидан фойдаланиб “қайдасан қишлоғим”, дея қочган пайтлари ҳам бўлди.

Иш оғир эди. Ипак толалари бир хил йўғонликда йигирилиши, кимдир иш сифатини бузса, икки-уч кунлик маошидан жудо бўлиши қатъий тартибга кирганди. Устига-устак қизлар ёпиқ эшиклар ортида қафасдаги қуш янглиғ ватан ҳажрида ғурбат чекишарди.

Томэ опа-сингиллар ичида ўртанчаси эди. Унинг бир опаси ва синглиси ҳам шу фабрикада ишлашарди. Опаси уч йиллик оғир меҳнат туфайли силдан вафот этди. Шу сабаб турмуш қурганидан сўнг, уйга меросхўрлик ҳуқуқи Томэга ўтди.

Томэнинг турмуш ўртоғи Сэйкити ўз ҳамқишлоғи, майда ижарачи деҳқоннинг ўғли. Олти йил Кофудаги хусусий дўконда гумашта бўлиб ишлаган Сэйкити, йигирма бир ёшга тўлгани муносабати билан саркор лавозимига ўтказилган, бунинг шукронасига у яна олти йил хўжайинлар хизматига  туриб берган эди.  Уйланганида эса  хўжайин уни яхшигина сармоя билан сийлади. Қишлоғида ўз тижоратини юргизишига фатво берди.

Эндиликда Томэнинг похол томли, тоб ташлаб қолган уйи қаторида ихчамгина, аммо икки қават қилиб солинган, оппоқ деворли дўкон пайдо бўлган эди. Дўконнинг кўча тараф девори ойнаванд бўлиб, девор манглайини “Фудзи билан юзма-юз. Фудзиваралар тижорат уйи” ёзуви безаб турар эди. Фудзивара-Томэлар оиласи шарафини, Фудзи эса Сэйкити аввал ишлаган фирма номини ифодаларди. Бу ёзув роса ўрнига тушган, чунки Томэлар уйи ойналари шундоққина Фудзи тоғининг чўққиларига кўз тикиб турарди.

Биринчи жаҳон уруши олиб келган йўқчилик балоси эндигина тўкин турмушга ўргана бошлаган бу қишлоққа ҳам етиб келди. Бу пайтда Томэнинг эри айни қирчиллама йигитга айланган, ёши йигирма еттида эди. Кўп йиллар фабрика чангини ютган Томэ андак инжиқроқ, қайсарроқ бўлса, унинг эри Сэйкити ҳавас қилгулик даражада оғир-вазмин, шунданмикан қишлоқ аҳли орасида обрўси яхши эди. Хушфеъллиги боис у кўплаб нуфузли мижозлар билан олди-сотди қиларди. Шаҳарлик саркорлар андазасида русумини келиштирб соч қўйган, ипак белбоғли янги кимано устидан қимматбаҳо пешбанд тақиб олган Сэйкити ўта ихчам ва пўрим кўринарди.

Қишлоққа биринчи велосипед олиб келган ҳам шу Сэйкити бўлади. У яп-янги велосипед юксаватига кўзни олгудек нафис матоларни жойлаб, барча мижозларини айланиб чиқади, Томэ эса бу пайтда дўконда иш юритади.

Дўконнинг кўча деворига-шаҳар дўконлариникига ўхшатиб-рангбаранг ойналар солинган эди. Ичкарида девор бўйлаб хилма-хил товланувчи ойнаванд шкафлар жойлаштирилган, асл тахтадан ясалган бежирим қутичаларда эса нафис қадаҳчалар дид билан териб қўйилганди. Бунда анқонинг уруғидан товуқнинг сутигача ҳамма нарса топиларди: бахмал-дейсизми, крепдишен дейсизми, газмол деганининг-ку минг хили босиб ташланганди. Адашиб, бу дўконга кириб қолган аёл зоти борки ақлини йўқотарди.

Томэ ўша шавкатли кунларини армон билан эслайди. Ўзини ўша хазина ичида, тўкис бека бўлиб даврон сурганларига баъзан ишонгиси келмайди.

Бу пайтларда Томэнинг ота-онаси бандаликни бажо келтиришган, айни пайтда бош ўғил Юдзи ва кенжатойи Нацуога она эди. Ўғиллари мактабда яхши ўқишди. Томэ болаларини шаҳарликлар сингари маданиятли қилиб тарбиялашга уринарди. Яна хайри-садақани канда қилмас, бундай сийловлардан ийиб кетган ҳамқишлоқлари унга “Бекахон”, деб ном қўйишганди. Қандай ажиб, қандай тотли кунлар эди, у кунлар!

3

Китининг қисмати дугонасиникига ўхшамади. У Хацутаро деган деҳқоннинг учинчи қизи эди. Урабон байрами арфасида фабрикадан таътил сўраб қишлоғига келган Кити ота-онасига қўшни қишлоқлик Токудзо деган йигитни ёқтириб қолганидан сўз очди. Отаси уни кескин рад этди;

-Уйсиз йигитга берадиган қизим йўқ.

Хотинига эса уқдирди:

-Ё Такудзони десин ёки бизни. Сўзимга кирмас экан, хонадонига оёқ босмайман.

Хацутаронинг кўнгли уй-жойи тайин шаробфуруш ҳамқишлоғида эди. Такудзо эса ижарачи  деҳқон Кускэнинг иккинчи ўғли бўлгани сабаб, мерос ҳуқуқидан маҳрум ҳисобланарди. Дарвоқе, мана шу Кускэ Томэнинг амакиси  бўлиб, улар Такудзо билан яқин қариндош эдилар. Ота-она ризолигисиз турмуш қуришган Кити ва Такудзо узоқ йиллар Инара ибодатхонасини маскан тутишди. Улар ибодатхона қоровули ҳисобланишар, аммо байрам кунларини мустасно этганда шунда яшашар, ўзга бошпаналари йўқ эди. Маҳалла аҳли йилига икки иен тўлаш шарти билан бу жойни уларга топширганди.

Кити ва Такудзо – «ҳали уларга кимлигимизни кўрсатиб қўямиз», деган қайсарона шижоат билан жонларини жабборга бериб ишлашар, ота-оналариникидан баландроқ, улканроқ уй қуришдан бошқа нарсани хаёлларига ҳам келтиришмасди, Атрофи тоғлар билан ўралган бу қишлоқда иш топиш нари турсин, ижарага бир парча ер олиш ҳам маҳол эди. Эр-хотин қайдаки кунбай иш топишса, ўзларини уришарди. Хатто биргина тушлик ва кечки овқат эвазига ҳам ишлашаверарди. Қиш ойларида улар йўл қурилишига ёлланишар, нозиккина Кити манаман деган эркаклардан қолишмай арава сурарди. Кун чўккач, икковлон ўрмонга, ўтин йиғиш учун йўл олишар, сўнг ой ёруғида похолдан шиппак тўқишарди.

Эрталаб соя пояси кукунидан қилинган атала билан кифояланишар, баъзи-баъзида овқат юзига ибодатхонага қарашли бир парча ерда ўзлари етиштирган сабзавот ҳам кўриниб қоларди. Такудзонинг оёқлари қишли-қировли кунларда ҳам тузукроқ пойафзал кўрмас, йил бўйи чипта ковушда юрарди. У сакэ ва тамакининг таъмини ҳам унутганди. Улар сира шаҳарга тушишмасди, турар жойларидан бир чақиримча келадиган ғариб дўкончадан ҳарид қилишарди. Винони ҳисобга олмаганда, фақат тамаки, туз, арзонгаров, сифатсиз шўрбалиқлар, дудланган нарсалар, мавсумида эса, иваси ва сайра балиқлари ҳам меҳмон бўларди бу дўконда. Фақат дўкон очилганининг тўртинчи йилигина Кити сахийларча бир шода дудланган иваси балиғини харид қилди. Бунга сабаб Такудзонинг касали эди.

Шундай оғир шароитга қарамай, Кити ўн битта фарзанд туғиб берди.

-Биласанми, Кити, бола дегани – хазинанинг ўзгинаси. Кучинг борида туғиб қол,- Такудзо шундай дейишни яхши кўрарди.- Улар учун ташвиш чекиш ортиқча, думалаб-сумалаб катта бўлишади, ўлмайди. Улғайганларида улар топган пулни жойлаштириб улгурсанг, бўлгани.

Болалар бутун йилни икковара бир иштон, қандай чиқамиз қишдан қабилида ўтказишарди. Озиқ-овқатнику айтмаса ҳам бўлаверади, қўлларига тушган нарсани мужиб кетаверишарди. Кўпинча ғариб қоринчаларини ибодатхона мухлислари келтирган садақани ўғрилаш эвазига қаппайтиришарди. Айрим нимжонроқ, соддароқларига шу ҳам йўқ эди. Шунинг учун ҳам Кити тўрт фарзандини бевақт ерга топширди.

Бош фарзанд туғилганининг йигирманчи куни жон таслим қилди. У Инара ибодатхонасиниг зах ва совуқ хонасига чидаш беролмади. Кити боласини туғиб, эртасигаёқ ишга чиқиб кетган эди. Бу фалокат эса февраль ойида, Империя байрами арафасида рўй берди. Похол беланчакка енгил-елпи ўраб ташлаб кетилган бечора чақалоқ онаси ишдан қайтганида кўкариб кетган, унинг бир бурдагина юзчасида ҳаёт нишонаси тамом сўнган эди.

Такудзо от арава топиб, чақалоқни қўшни қишлоқдаги врачга олиб борди. Врач эса иссиқ ванна қилишни маслаҳат берди. Аммо бу пайтда чақалоқ қуруқ танага айланиб бўлган, энди ҳеч қандай ваннага эҳтиёж сезмасди.

Китининг қолган уч фарзанди ҳам шу машъум ибодатхонада, очликдан ўлишди.

Ажойиб кунларнинг бирида ниҳоят эр-хотин унча катта бўлмаган ер сотиб олишди. Кейин шу жойда, ҳозирда Кити ғарибгина кун кечираётган, уйни қуришди. Бу унутилмас воқеа 1931 йил, ибодатхонада яшаётганларининг ўнинчи йили юз берди. Ўшанда Такудзо ўттиз етти, Кити ўттиз тўрт ёшда эдилар. Уй бошқаларникига қараганда ҳашаматлироқ қурилган бўлиб, Такудзо ҳамон қайнота-қайнонасига бўлган ички адоватидан қутилмаган, уларнинг беш хонали уйларига басма-бас ўз уйини биратўла икки қават, ўн хонали қилиб ташлаган эди. Уй унга меҳнат ҳақидан ташқари минг рёга тушди. Такудзо болаларига раҳм қилиб, янги уйига кўчишга қарор берганида, ҳали уй тамом битмаган эди. Шунинг учун ҳовли юзида бир кулбача қурди, кулба ичкарисига бордон тўшади, бола-бақраси билан кўчиб кирар экан, бу жойнинг ибодатхонадан ўлса ўлиги ортиқлигини айтишни ҳам унутмади.

Уй битди ҳамки, эр-хотин тинчишмади, қайтанга хасисликлари ортди. Энди амаллаб уч юз иен топиш, бир парча шолибоп ер олиб ҳақиқий ер эгасига айланиш орзуси уларнинг тушларига кириб чиқарди.

-Шерикида барака йўқ. Йил бўйи тер тўкасан, бу ҳам етмагандай, даромадни ижара эгаси билан бўлишасан. Турган битгани ютқизиқ. Сассиқ чол ҳали кўриб қўяди Такудзонинг кимлигини,-дерди кийимларини битдан тозаларкан баъзан Такудзо. Сассиқ чол деганда, албатта, қайнотасини назарда тутарди. Чунки у ҳали ҳам эски аламини ичига ютиб яшарди.

Ниҳоят Китилар учун ҳам ер дегани топилди. Улар шолибоп далани ижарага олишди. Дала иши асосан болапақирларнинг бўйнига тушди. Зотан, Такудзо ва Китининг кунбай мардикор ишлашдан қўллари бўшай демасди.

-Бугун тушликка баобаб шўрва. Ҳей тирранчалар, яхшилаб ишланглар, нон ейиш осонмас,-болаларини тергарди Такудзо.

Асаларидек бетиним болалар ҳануз дуч келган емишни қўйишмас, асосий овқатлари баобаб шўрва бўларди. Оталарнинг буйруғига кўра катта-кичиги далада ғимирлашар, бесўнақай  кетмон, бел, оғирдан-оғир тешалар билан ер чопишар, балчиқ кечишарди.

Шунга қарамасдан болаларнинг ҳаммаси мактабда ўқишарди. Қизлар олтинчи синфни, ўғил болалар саккизни битириб, ўрта маълумотни эгаллашганди.

Қачонлардир катта ўғилга деб харид қилинган дарсликларнинг титиғи чиқиб кетганди. Чунки бу дарсликлар навбати билан барча ака-ука, опа-сингилларнинг бир-бир қўлидан ўтарди. Янги маълумотлар тўғридан-тўғри китоб варағининг четига, қўл билан кўчириб бориларди. Сира янги дарслик сотиб олинмасди.

-Дарсликда бўлмаган нарсани ўқитувчидн сўраб олинглар. Сизларнинг орқангиздан нон егандан кейин айтсин-да,-дерди Такудзо болаларига. Улар шундай улғайишди. Янги расмли китоб тугул, бирор журнал ё газета уларга меҳмон бўлмади.

Бу уйда ҳар бир қора пул ҳисобда эди. Такудзо буни қаттиқ назорат қиларди. Мебель деган нарсалар бу уйда ҳатто эсланмасди ҳам.

-Бордон турганда мебелга бало борми,-хўжалик боши шу сўзлар билан оиласини, тўғрироғи ўзини ишонтирарди. Ўн хоналик, икки қават уйнинг бор-йўқ жиҳози эски идиш-товоқ шкафи-ю, пастак курсидан иборат эди.

Такудзо томонидан баён этилган бир фалсафа мантиқан бошқасига уланарди, албатта:

-Ортиқча кимано ҳам турган битгани ташвиш, киймаганингдан кейин уни қаерда сақлайсан.-Кийим сотиб олмоқчи бўлган хотинини шундай тинчлантирарди у. Шунинг учун Кити йилни иккита кимано билан ўтказарди: бири ёзги, бири қишки. Йил бўйи эгнидан иш кийим тушмайдиган Китига шу киманолар ҳам ортиқчалик қиларди. Оилада спарталиклар одати ҳукмрон эди. Ҳар қандай совуқда ҳам бу оиладан бирор киши ич кийими киймасди. Такудзо кимано остидан иштон киймаганидек, болалари ҳам бу қоидани бузишмасди. Доимий очлик азобидан, тишлари такирлаб, юзлари кўкариб юрарди. Оқибат бу нарса оилавий сўзакка олиб келди.

Ҳар кун, ишдан қайтган Такудзо, топиб келган пулларини албатта дазмоллар, сўнг кўзага жойлаб пол остига бекитиб қўярди. Болалигидан банкларнинг синиши, унинг орқасидан чиқадиган ғавғоларни эшитаверганиданми, Такуздонинг ҳар қандай банк хизматига ишончи йўқ эди.

Қиш кечаларининг бирида қўшни Тацукирилар уйида ёнғин чиқди. Бахтга қарши ерлар қуп-қуруқ, устига-устак тентак шамол эсиб турарди. Зум ўтмай оловнинг қинғир-қийшиқ қўллари қўшни уйнинг похол томини харислик билан қучоғига олди. Атроф ёришиб кетди. Учқунлар юлдузчалар каби атрофига сочилди. Ўт ўчирувчилар гуруҳи етиб келишга улгурмай, уй томи аянчли мунг солиб қулади.

Такудзо бундан қаттиқ ташвишга тушиб қолди. Томоғини йиртганча хотин-болачақасига қўлга илинадиган ҳамма нарса-қорани ҳовлига олиб чиқишни буюрди. Ўзи эса қўлида пулли кўзани тутиб, ёнаётган уй ёнига зув бориб, зув келиб турди. Ўт ўчирувчилар етиб келиб, резина ичаклар сув пуракаётган пайт, тасодифий совуқ бир зарбадан эсанкираб қўлидаги кўзани тушиб юборди. Кўза тошга тегиб синди, тахланган пуллар озод бўлган қушлар сингари ҳавога кўтарилди. Даҳшатдан калласини йўқотган Такудзо оч қирғий каби пулларга чанг солиб, уларни тутиб қолишга уринди. Унинг чангалидан омон қолган пуллар эса ўзларни тўғри ёниб турган ўтга урдилар.

Кейин ҳисоблаб кўрсаки, Такудзо саксон иенча пулни қўлдан чиқарибди. Такудзо учун саксон иен саксон кунлик мардикор ҳақи дегани эди. Оқибат шу бўлдики, у фалокатзада қўшнисини судга берди. Зарарни ундириб олмоқчи бўлди. Такудзо, бу фалокатда уйи ёнган одам айбдор, деган мантиққа таянарди. Қўшни Тацукири эса тўлов ўрнини бундан ҳам юз карра сермантиқроқ жавоб билан ёпди: “Ҳаммасига олов айбдор,-деди у,-Такудзонинг пули оловда ёнган экан, марҳамат қилиб даъвосини оловга қилсин”. Шу воқеалардан сўнг уч йилча қўшнилар муносабатида совуқ уруш нафаси уфуриб турди.

Йиллар йилларни қувиб ўтаверди. Такудзо ҳам элликни уриб қўйди. Шу кунларда, унинг миясида янги, кўчабоп костюм сотиб олиш ғояси бош кўтариб қолди. Такудзо ўз ғоясини сирли равишда амалга оширишни ўйлаганди. Доғки, уни шаҳардаги комиссион магазинда кўриб қолган бошқарма чопари Кихэй бу сирни ёйишда ўта жонбозлик кўрсатди. Хонадонларга солиқ хабарномасини тарқатар экан, кўргани хусусида сўзлашдан чарчамади.

Бахтга қарши уруш бошланиб қолди. Ҳар қандай тантаналарга, жумладан, байрамона кийиниб юришга ҳам чек қўйилди. Эндиликда пўрим костюмлар ўрнини ҳукумат ўз фуқаролари учун жорий этган формалар эгаллади. Такудзо ҳаётида эса ҳамон маданийлашув жараёни давом этарди. У энди қора рангли шимини тор қўнжли йўл-йўл шимга алмаштирди. Эгнига орқа тарафи ярим доира шаклида кесилган камзул сотиб олди. Қишлоқ аҳлидан фақат мактаб директори, оқсоқил ва шаробфуруш Каэманларгина шунақа камзўл кийишарди. Ҳатто давлат хизматчилари, анча ўзига тўқ одамлар ҳам япон миллий кийимлари билан кифояланишарди.

Ниҳоят Такудзо уч минг иен йиғиб, ер эгасига айланди. Бунга сари, илк мардикорга чиққан кунлардан бошлаб кўнглида ғимирлаб юрган, депутат бўлиш орзуси бош кўтарди. Ўша сассиқ чол, уни бир тийинга олмаган қайнотаси, меҳнатини кулга айлантирган қўшниси Тацукири ҳасаддан ёрилиб ўлишсин. Маданий кийиниб, қўлида бир шиша сакэ билан уйига қайтса, бутун қишлоқ уни томоша қилса…

Аммо Такудзога янги, пўрим кийимларини кийиб кўчага чиқиш насиб қилмади. У янги кийимларини авайлаб сақлайдигани —  девор шкафида қолдириб вафот этди. Такудзонинг ўлими Кити билан турмуш қурганларининг йигирманчи, иморат солганларнинг ўнинчи йили юз берди. Адоқсиз меҳнати билан ярим асрни қаритган Такудзо тўрт фарзандидан ажради, унинг тийинлаб йиққан, пол остида дам олиб ётган уч минг иени пулнинг қадрсизланиши оқибатида шу қадар қийматсизландики, энди химзаводда ишлайдиган энг ёш ишчилар ҳам бундан кўп ойлик олишади.

Такудзо 1947 йилнинг қишида вафот этди. Оғир меҳнат унинг тинкасини қуритди, соғлигини кемирди, умрининг сўнгги йилларида у оёқда зўрға турарди. Зотига кўра унча йирик бўлмаса ҳам, қирчиллма йигитлик даврида Такудзонинг оғирлиги етмиш килограмм эди. Ўлими арафаси ўттиз килограммли бир чўпга айланганди. Оиласидагилар уни қанд касали билан оғриган деб ўйлашар, шу сабабли гуручли овқатдан қисиб, енгил сабзавотлар билан боқишарди. Қишлоқ аҳли бу гапга ишонмасди. Чунки бу хонадонда ҳеч ким қорни тўйиб овқатланмасди. Такудзога қанд касалига йўл бўлсин. Ахир ҳусн оғиздан киради-да.

Ўлимидан бир ой бурун Такудзони шаҳарлик келиннинг олдига, даволатгани жўнатишди. Кузги ишлар бошланиб кетгани учун Кити эрига қарашга вақт тополмай қолган, оқибат шу қарорга келганди. Такудзони олиб кетишар экан, унинг кўзи кузатувчилар орасида турган Томэга тушди ва ҳазил қилмоқчи бўлди:

-Эллик уч ёшли йигитга ўлимни ким қўйибди. Ўлим дегани ҳали мени кутавериб зерикади…-Такудзо шу сўзларни айтиб кулмоқчи эди, аммо касалликдан чарчаган лаблари қийшайишдан бошқага ярамади.

Бир ойдан сўнг уни қайтариб олиб келишди. Бу гал Такудзо бемор тўшагида эмас, тобутда ётарди. Кити эрини қучоқлаб узоқ йиғлади. Сўнгра йиғидан палағда овозда Такудзони янги костюмда дафн қилмоқчилигини айтди.

-Бўлмаган гапни қўй!-илк бор, куёвининг ўлимидан кейин, бу уйга ташриф буюрган отаси Китининг оғзига урди. Китининг укаси,  Такудзога насиб қилмаган костюмда елиб-югуриб таъзияни ўтказди.

4

“Фудзи билан юзма-юз” хусусий дўконининг шон-шавкати ўн йилга, йигирманчи йилларнинг ўрталарига қадар давом этди. Уруш тўфони олиб келган инқироз тўлқини қишлоққа ҳам етди. Ипакнинг баҳоси тушиб кетди. Томэ билан эри тижоратларини сақлаб қолиш учун Кофулик кўтарачи бойлардан бир неча минг қарз олдилар. Аммо бу билан ишлари ўнгланиш ўрнига биратўла синиб қўя қолишди. Шунда Сэйкитининг калласида ҳаммасини йиғиштириб Бразилияга жўнаб қолиш фикри ғимирлаб қолди.

-Биласизларми Бразилия қандай жой? — ёпиқ дераза остида ўтирган Сэйкити гўдак болаларига шу сўзларни айтар экан, дамбадам идишга энгашганича сакэ ҳўплаб қўяр, зотан авваллари унинг ичкиликка сира ҳуши йўқ эди.-Шу аснода у ҳеч қачон қуёши сўнмайдиган, абадий баҳор ўлкаси Бразилия тўғрисида ҳикоя қилишга тушиб кетарди.

-У жойда япон қишлоқлари жуда кўп ва сон-саноқсиз японлар истиқомат қилишади. Ҳар йили у томонга минглаб япон оилалари кўчиб боришади. Бизнинг ҳам у ерда уйимиз бўлади. Ер дегани эса бепоён, ишлайдиган одам бўлса бўлгани…

Сакэдан юзлари қизарган Сэйкити ўзича нималарнидир ғўнғиллар, бир гапни қайта-қайта  такрорлагани такрорлаган эди:

-Дунёда ундан зўр жойни тополмайсан!

Аммо Сэйкити бу борада бир қарорга келиб улгурмасидан, ижарага ер топди. Яхши кунларда савдо ишида гижинглаб хизмат қилган отини аравага қўшиб, далага чиқиб кетди. Унинг ортидан Томэ ҳам йўлга тушди. Уни энди, қашшоқ ижарачининг хотинига айланган бўлишига қарамай, қишлоқдошлари ҳануз “Бекахон” деб аташарди.

Томэнинг катта ўғли Юдзи ўн бешга ёшга тўлганида Токиога жўнади. У ерда хаттотлик билан пул топа бошлади. Шундан бери ундан на бирор хат, на хабар бўлди. Орадан кўп вақт ўтиб, ота-онаси қамоқхона муҳри урилган бир конверт олишди. Унда ўғиллари Юдзининг Кабэ шаҳрида ишчилар озодлик ҳаракатига алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олингани маълум қилинарди. Бу хабар 1940 йилда, Тинч  океанидаги уруш бошланишидан бир йил бурун келганди.

Дунёни ўз қишлоғи ва дўкончасидан иборат деб билган Томэ билан Сэйкити учун Кабэ шаҳри ернинг нариги чети бўлиб туюларди. Сэйкити йўл харажатини топиб, ҳаётида илк бор узоқ сафарга отланди.

Юдзи уни қамоқхона панжараси ортида, қилич таққан шопмўйлов жандарм ҳамроҳлигида, маҳбусларнинг қизил кийимида кутиб олди. Суд бўлиб ўтган, ҳукм ўқилган эди. Озиқ-овқат, кийим кечакка рухсат беришмади. Сэйкити Юдзига деб ёпилган гуруч-нон ва тухумни қайтариб олиб кетар экан, Исэ ибодатхонасида ўғли ҳаққига ибодат қилди.

Кўп ўтмай, Томэнинг ўзи майда-чуйда солинган тугунини қўлтиқлаганча қишлоқдан ғойиб бўлди. У тоғдаги ибодатхонага қадар ўн беш километрча йўл босди. Етиб боргач, кечки ибодат ва дуога берилди, ич-ичидан ўғлининг озод бўлишни сўраб илтижолар қилди. Фақат ўғли қайтса бўлгани, майли сўнгра унинг жони узилсин. Шундай дуолар билан уйига қайтган Томэ, тумор ёздириб, ўғлига жўнатди.

Эр-хотин Юдзининг “қизил” сифатида қамоқда жазо олаётганини ҳаммадан сир сақлашарди:

-Бу ҳақда ҳеч зоғ билмасин,- қатъий огоҳлантирди хотинини Сэйкити.

Шунга қарамай, қишлоқда бу ҳақдаги узунқулоқ гаплар оралаб қолганди. Буни қишлоқ фуқоролик ишлари бўйича масъул- амалдорлар Синдзо тарақатган эди. Эндиликда радиостанция лақабини оқлаш учун куйиб-пишаётган Кихэй ҳам бундай савобли ишдан қуриқ қолмади: ҳар бир хонадонда атайин тўхтаб, чой устида Фудзияралар сирини достон қилди.

У пайтлар соғ-саломат, гижинглаб юрган Такудзо бир куни пулига ачинмай бўкиб ичди. «Юдзи бутун қариндош-уруғларини шарманда қилди», деб жазава билан бақирди. Томэ ҳалигача пулдан бошқа дарди борлигини ошкор қилмаган, ичимдагини топ Такудзонинг бу ишини тушунолмади. Наҳотки, у меҳнат машаққатидан  қадди букилиб, мардикорлик орқасида фаровон турмушга етишиш мумкин деб ўйласа?!!

Бу ҳам етмагандек, Такудзо ўшанда оғзидан бадбўй ҳид таратиб Томэларникига бостириб келган, қўни-қўшнилар уйларидан югуриб чиқишганига ҳам парво қилмай, оғзидан боди кириб, шоди чиққанди:

-Менинг етти болам бор! Қишлоқдан хоин чиққандан кейин уларни ким полицияга, мактабга ишга олади?

Аксига олиб бу пайтда Томэнинг эри ҳам уйда йўқ эди. У кичик ўғи Нацуо билан бу бепарда сўзларни эшитишга мажбур бўлганди.

Нацуо бир йил илгари бошланғич синфни тугатиб, дурадгорликни ўрганиш учун Токиога кетган, сўнг яна қайтиб келиб, мактабда ўқиётган эди. Акасидан фарқли равишда Нацуо озғин, бўйи ҳам пастроқ эди. Унинг Токиода, бўйчан амакиваччалари даврасида тушган сурати ҳалиям Томэда сақланади. Нацуо маъюс жилмайиб турар, эгнида ўзидан катта куртка, бошида эса қулоғигача кўмиб юборган бесўнақай телпак қийшайиб турарди. Афтидан уни амакиваччалари чиқиштиришмаган, кичкина деб камситишган, шунинг учун дурадгорлик ҳам кўнглига сиғмаган. Нацуо оғиртабиатлиги билан отасига тортганди. Умуман, у жуда ёқимтой бола эди. Тишлари дурдек терилган, кийган кийими ўзига ярашиб тушарди:

-Онажон!-Токиодан қайтган Нацуо бор овозида қичқирганча ошхонага учиб кирганди ўшанда. Томэ ҳам унга томон отилган,  боласини узоқ бағрига босиб, хуморини ёзган эди.

Бу воқеадан икки йил ўтиб, 1943 йилда Нацуо ўз хоҳиши билан ҳарбий денгиз флотига ариза берди. Бу пайтда уруш Жанубий денгизнинг барча ҳудудларини қамраб олган, денгиз жанглари Мидуэем ҳамда Сололмон оролларини ҳам тутганди. Япон қўшинлари Гадарканал ҳудудида чекина бошладилар. Қишлоқ йигитлари, жисмоний ҳолати қандай бўлишидан қатъи назар, тўда-тўда қилиб урушга олина бошладилар.

Мактабда имтиҳонларини топширган Нацуо, май ойидаёқ Ёкосукида, денгиз пиёдалари қўшинида эди.

Уйлари деворига ўғилларининг урушга кетишини бидирувчи байроқни қадаган Томэ ва Сэйкити бошқа ҳамқишлоқларига қўшилиб, Нацуони кузатгани шоҳбекатга чиқдилар. Поездга чиқиши олдидан Нацуо онаси томон илкис бурилганча шивирлади:

-Онажон, мен акам учун ҳам хизмат қиламан.

Кўп ўтмай Нацуодан хат келди. У Ёкосукига эсон-омон етиб олгани ҳақида ёзганди. Аммо шундан сўнг Нацуодан бирор хат-хабар бўлмади.

1944 йилнинг сентябрида кутилмаганда иккинчи мактуб келди. Бу пайтда Томэнинг жияни Такао Ёкосукида ҳарбий заводда ишларди. У Нацуо билан бир синфда ўқиган эди. Нацуо ўз мактубида бошлиқларидан рухсат олиб қирғоққа чиққани, бўласини топиб, у билан шаҳар айлангани, Томэ Такаога жўнатган мева-чеваларни биргаликда баҳам кўришганини ҳикоя қиларди. Хат мазмунидан Нацуонинг улғайиб қолгани билинарди. У ота, она сўзлари олдидан “муҳтарам” сўзини ёзарди.

Бу Нацуонинг охирги мактуби эди. Сўнгра у Филлиппинга жўнатилди ва ўша жойда ҳалок бўлди.

Бу пайтга келиб, Япон қўшинлари Сайпан ва Тениан оролларида бўлган жангларда янчиб ташланган, эндиликда ҳаво жанглари Тайван бўғозида давом этарди.

Уруш тугаганидан бир йил ўтиб, Томэ бир қутича олди. Унда ўғлининг катталаштирилган сурати бор эди. Афтидан, бу сурат уларни Филиппинга  жўнатиш арафасида олинган эди. Нацуо ярим белидан, ўзига каттароқ ҳарбий денгиз флоти кийимида, ўша маъюс табассум билан боқиб турарди.

Томэ ўғлидан келган охирги хатни (хат дағал қоғозга, қалам билан ёзилган эди) эски ойна қутисида сақларди. У хатни қўлига олди дегунча кўз ёшини тийиб туролмасди. Нацуо шундай ёзарди:

“Бугун бизга навбатдан ташқари таътил бериб, қирғоққа туширишди. Мен Такаони кўргани бордим. У мени кутмаган экан, жудаям ҳайрон қолди. Ҳа муҳтарам онажон, отажон сизлар ҳам, Такаога деб юборганингиз гуручли нон, хурмоларингиз менга ҳам насиб қилганини эшитиб роса ҳайрон қолгандирсиз. Балки буни худонинг ўзи кўнглингизга солгандир. Шунинг учун, муҳтарам отажон ва онажон Такаога бу нарсаларни жўнатгандирсизлар. Юборган нарсаларингизни Такао билан бўккунимизча едик. Эҳ меҳрибонларим, менинг Такао билан учрашишим етти ухлаб тушингизча ҳам кирмагандир.

Бугун кечки тўққизгача бўшман. Шунинг учун шошадиган жойимиз йўқ. Ҳали Такао билан шаҳар айланиш ниятимиз ҳам бор. Такао сизларга менинг ҳисоб дафтарчам ва заёмимни юборади. Соатимни ва бошқа баъзи нарсаларимни Такаога қолдирдим. Мен келгунча сақлаб қўяди. Ҳисоб дафтаримда қирқ иенга яқин пул бор. Менинг пулга муҳтожлигим йўқ. Уни бемалол ишлатаверинглар. Заёмдан ҳам фойдаланаверинглар. У бор-йўғи бир дона, холос. Бу заёмни мен кемада сотиб олдим. Ҳарбийдаги ишларим ҳақида ҳеч нарса ёзолмайман. Мен соғ-саломатман, урушга кетяпман.

Афтидан мактубим бир оз ғамгинроқ чиқди. Аммо сиз бундан ташвиш тортманг. Ҳисоб дафтарчамни уйга жўнатиш кераклигини рота командирининг ўзи маслаҳат берди. Хизматим жойида, мен бундан хурсандман. Ҳурматли акамнинг аҳволлари яхшими? Балки у ҳам ўзича тўғри иш қилгандир. Бу фикр менда хизмат жараёнида туғилди. Мен бу вақт орасида кўп нарсаларни бошимдан ўтказдим. Балки акам билан бошқа кўришмасмиз. Шунинг билан хатимни тугатаман. Муҳтарам, отажон, онажон сизларга сиҳат-саломатлик тилаб қоламан. Кўришгунча хайр.”

5

Уруш тугади. 1945 йилнинг охирида Томэнинг катта ўғли Юдзи қамоқдан чиқиб келди. Томэ кўзларига ишонмас, ярим кечаси Юдзининг хонасига аста кириб, у ётган кўрпани сийпалаб кўрар, кўраётгани туш эмаслигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўларди.

Уйида тузук-қуруқ дам ҳам олмаган Юдзи, эртасидаёқ тезда ишга кириши лозимлигини, компартия уни кутаётганини айтиб, Токиога жўнади. Шундан сўнг орадан йигирма йил ўтибди ҳамки Томэ билан Сэйкити уйда ёлғиз яшашади. Тўғри сайловлар арафасида, маҳаллий ташкилотлар масаласи бўйича Кофуга келган Юдзи, ота-онасини бирров кўриб кетади. Бу кун Томэ учун ҳақиқий байрамга айланади. У ўғлини яхшилаб меҳмон қилай деб, оёқдан қолар даражада елиб-югуради. Буни кўрган Сэйкити ҳар сафар ҳазил қилади:

-Ўн тўрт яшар қиз бўб кет-э…

Томэ ўғлининг гапларига кўпам тушунавермайди. Фақат шуни ғира-шира англайдики, у қандайдир урушсиз, одамлар тинч-тотув яшайдиган жамият тузмоқчи.

-Биласизми она, биз ўз қўлимиз билан янги дунё яратмоқчимиз. Буни одамлар тушунишлари, бирлашишлари лозим.

Томэ бошини қимирлатади. Аммо хаёли марҳум ўғли Нацуода бўлади. Сўнг Томэ қўшни Китини, у билан ўтган кунларини эслаб кетади…

Томэ тогготар чоғи тўшакда пишиллаб ухлаётган Сэйкити ёнида бедор ётиб, дугонаси Китининг оғир қисматидан ўй суради.

Умр шоми келиб қолди, улар Кити билан фабрик-ю қишлоқларидан бошқа ҳеч нимани кўришмади. Уларнинг қисматларига қайғу ва айрилиқдан ўзга нарса битилмаган чоғи.

Урушдан сўнг, айниқса, Такудзо ўлгач, Китига оғир бўлди. Унинг уч қизи турмушга чиқиб кетишган, эл қатори яшаб юришибди. Аммо унга ўғилларидан, айниқса катта ўғли Масихиродан худо солмади. Тайёрлов курси талабаси бўлган пайтлари, махфий қўшинлар отрядига хизматга жўнатилди-ю, гўё бошқа одамга айланиб келди. Беқарор, лоқайд. Бир жойда муқим туролмайди. Қўлига тушган пулни совуради. Хаёлида фақат айш-ишрат.

-Болалигида қаттиқ ушлашди. Мана оқибат, болани ишдан чиқаришди,-дейишарди қишлоқдагилар.

-Менимча бундай эмас,-эри билан суҳбатлашаркан, дерди Томэ,-уни ҳаётини издан чиқарган армия бўлди.

Масихиронинг ҳунарлари урушдан сўнг юзага чиқа бошлади. У маҳаллий ёшлар уюшмасининг хазинабони бўлиб турганида биринчи марта катта миқдордаги жамғармани еб қўйганди. Унда ҳали отаси ҳаёт эди. Азобланган йигитлар уни уйигача излаб келишган, Масихиро эса аллақачон қуён бўлганди. Бу ишга Такудзонинг аралашувига тўғри келган, у даъвогарлар олдида ялиниб бош эган, узр сўраганди. Аммо бу Масихиро кўрсатган ўйинларнинг бошланиши эди, холос.

Устамон Масихиро кўп ўтмай нарх-навони назорат қиладиган ташкилот аъзосига айланганди.

Европача костюмда, қўлида портфел барча қишлоқ ва шаҳарчалар магазинларини айланиб юрар, гоҳ қарз деб, гоҳ бошқа важ кўрсатиб, пойафзал дейсизми, галстук дейсизми, қўлга илинадиган нимаики бўлса, олиб кетаверарди. Қарз дегани томчига ўхшайди-ю, дарёга айланганини сезмай қоласан. Кўп ўтмай дўкондорлар йиғилиб, унинг устидан шикоят ёзишди. Бу пайтда Такудзо оламдан ўтган эди. Барча оғирлик Китининг бўйнига тушди. Бечора Китининг қарз узишга ҳоли, полиция бошлиқларига қатнайвериб мадори қолмади.

Жанжаллар Масихиронинг ишдан қувилиши билан якун топди. Шундан сўнг Масихиро қишлоққа, отаси ўлимидан кейин ўз номига ўтган уйига кўчиб келди. Энди улар икки киши эдилар, Масахиро уйланиб олганди. Кофулик сутфурушнинг қизи бўлган келинчак ўта ўзбилармон бўлиб чиқди. Кити у билан чиқиша олмади. Бир маҳаллий савдогарнинг йўл ёқасида омонат қурилган кулбасини ижарага олиб, уйни уларга ташлаб чиқди. Фақат шоли майдонини ўзида олиб қолди.

Масихиро деҳқончилик билан ҳам кун кўрса бўларди. Аммо у диний жамиятга аъзо бўлди. Ўз қишлоғида ушбу жамият шаҳобчасини очди. Кўп ўтмай бу ишдан ҳам зерикди. Қолаверса, хотинига ҳам қишлоқда яшаш ёқмасди. Эски касали яна қўзғаб қолди: ўйлаб ўтирмай ижарага олинган иккита велосипедни сотиб юборган Масихиро яна қарзга ботди. Шунга қарамай, кўнгли тилаганча яшайверди.

-Нима қилай, дабдабали ҳаётни севсам,-Масихиро бу сўзларни виждони қилт этмасдан Томэнинг олдида ҳам айтаверарди.

Пўрим кийиниб шаҳарга жўнаган Масихиро, бўкиб ичмаганда ҳам, гейшалар карашмаси учун бир кечада йигирма-ўттиз минглаб иенни совуриб қайтарди.

Оқибат у ер ислоҳоти даврида қўлига теккан уч танобдан ортиқ ерини ҳам бой берди. Тўғри, кейинчалик икки танобча ерни ижарага олиб, тирикчилик қилмоқчи бўлди. Лекин бунинг ҳам уддасидан чиқолмай, шаҳарга солворди. Бемаслаҳат, ҳатто ҳеч ким билан хайр-хўш қилмади, юк машинасига нарсаларини ортди-да, изидан хотини билан ўзи ҳам таксига ўтириб жўнади.

-Ўзини қанчалик тарозига солмасин, шармандаларча қочганини биламиз-ку!-қишлоқ аҳли Масихиро шаънига шу сўзларни айтишди.

Кити буни фақат эртаси куни билди. Яна у ҳувиллаган уйида ёлғиз қолди. Шу даражада ёлғиз қолдики, Масахиро бутун уйни шип-шийдон қилиб кетганди. Ундан ҳатто Такудзо даврини кўрган пастак курсича ҳам қолмаганди. Ҳали буниси ҳам ҳолва эди…

Кити яна қўшниси оёғига йиқилишга мажбур бўлди. Ҳатто бу сафар марҳум Такудзо руҳини ҳам ўртага солиб ялинди. Шундан бери Кити янги-уч юз етмиш минг қарзини узиш учун меҳнат қилади. Қизлари уни йўлдан қайтармоқчи бўлишади. Масихиронинг феъли аёнлигини, у янги ҳунар чиқарса, барча тоат-ибодати бир пул бўлишини айтишади. Кити эса уларга қулоқ солмайди.Кейинроқ маълум бўлишича, ижарага олинган ер ҳам Такудзонинг азалий душмани Тацукирига сотилган экан. Уй уч юз етмиш минг иенга гаровга қўйилган, эндиликда янги хўжайинлар уйни бўшат деявериб, Кити бечорани ҳоли –жонига қўйишмасди.

Кити ўлимлигимга деб йиққан пулини банкдан олиб, қўшни Тацукирига минг тавалло билан ижара ҳуқуқини қайта тиклади.

Бошқа қарзлардан қутулиш учун Кити муттасил уч йил шоли майдонида меҳнат қилди.

Иккинчи ўғил ҳам худобехабар чиқди. У безорилар тўдасига тушиб қолган, бировнинг ҳаётига тажовуз–қилганликда айбланиб, ҳибсга олинганди. Учинчи ўғил Токиода ҳайдовчи бўлиб ишлар, топганини ичиб яшарди. Фақат кенжа ўғилгина ҳозирча химчистикада беғалва ишлаб турарди.

Бу орада Масихиро телевизор савдоси бўйича даллол бўлиб ишлай бошлади. Аммо у ҳамон ўзгалар ҳаққини ўзлаштириш дардидан халос бўлмаганди. Бу дард уни эндиги сафар суд идорасига етаклаб келди. Шаҳардан суд ижрочиси келиб, уйнинг баҳосини чиқарди. Ҳакам болғачаси столга урилди. Қанчалар бешафқатлик бўлиб туюлмасин, уйни оламан деган талабгорлар Китининг қўшнилари орасидан ҳам чиқиб қолди. Ким ошди савдоси шу қадар қизғин ўтдики, одамлар ўзларини йўқотиш даражасигача бордилар. Кити қалтираганча бўлаётган ишларни жим кузатишдан бошқа чора топмади. Унинг бутун умрига зомин бўлган, икки қаватли, бир парча ерга эга бўлган уйи уч юз етмиш минг иенга баҳоланди. Ўша, душман ҳисобланмиш қўшни Тацукири, уйнинг қонуний хўжайинига айланди.

Уйи ёнгандан кейин узоқ вақтлар зах омборхонада, қашшоқликда яшаган Тацукири урушдан кейин чайқовчилик орқасидан бойиб кетди. Ўзига ҳашаматли уй қурди. Чўчқачилик билан шуғулланиб, ишлари юришганда юришди. Тацукири Китининг уйини ҳам чўчқахона қилмоқчи, ишини бундан-да ривожлантирмоқчи эди.

Ўтган йили шоли даласидан олинган йигирма бир қоп ҳосилнинг йигирма қопини Кити қўшни Тацукирига элтиб берди. Қопини олти минг иендан ҳисоб қилганда, у бир юз йигирма минг қарзидан қутулди. Кити ўзи учун бир қоп гуруч қолдирди.  Ахир Кити ҳамон даладан бўш пайтларида мардикорчилик қилади-да. Мардикор аҳлига эса кунига икки маҳал овқат беришади.

“Оҳ, Кити, Кити биз ҳеч қачон номимизга доғ туширмадик. Ёшлигимиздан бери кўрганимиз қора меҳнат, аммо… ” шу ўйлар оғушида Томэ яна тонг арафасида ўғли Нацуони туш кўриш учун уйқуга кетади. Яна унинг қаршисида олис Лейте денгизи пайдо бўлади. У яна ўғли Нацуо томон отилмоқчи бўлиб қичқиради: “Нафақангиз керакмас, менга Нацуони қайтаринглар, ўғлимни қайтаринглар!!!”

Томэ ҳаётида Лейте денгизини кўрмаган, умуман ҳақиқий денгиз қанақа бўлишини билмайди ҳам. Буларнинг бариси Томэ бирор марта ҳам қолдирмай, нафасини ичига ютиб кўрадигани, Жанубий денгиз жангларидан ҳикоя қилгич кинофильмларнинг иши бўлса керак.

Томэ тасаввурида Лейте денгизи бепоён, сўнгги йўқ ва ҳар сафар нефт қуйқаси билан қопланган бир тарзда жонланади. Денгиз устида на осмон, на ой ва на бирор юлдуз бор. Тўлқинлар сурон солиб чарх уради. Тепа тарафдан ёмғир деса ёмғирга, кул деса кулга ўхшамаган нимадир ёғилади. Томэ биладики, бу жой қанча кемаларни ютиб юборган. Лекин сувда бошқа одам зоти кўринмайди. Фақат унинг Нацуоси, сўнгги кучини сарфлаганча, бу ҳудудсиз кенглик аро ёлғиз сузиб кетаётган бўлади.

Рус тилидан Узоқ Жўрақулов таржимаси     

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: