Япон ёзувчиси Сей Куботанинг “Олис Лейте денгизи” (рус тилидан Узоқ Жўрақулов таржима қилган) новелласига эркин таҳлил
Ушбу новелла Томенинг ўн тўққиз ёшида урушда ҳалок бўлган ўғли Нацуо ҳақидаги туши билан бошланади. Уғли урушда ўлганидан сўнг Томега катта миқдорда нафақа пули тайинланган. “Мана, асл ўғлон қанақа бўлади. Ҳатто у дунёда ҳам ота-онасининг ғамини ейди” дейди почта бўлими бошлиғи. Томега кўпчилик дугоналари ҳавас ва ҳасад қилишади. Улардан бири Кити эса: “Шунча ўғлимдан бирортаси урушда ўлмади” дейди”. Қайси она ўз боласининг ўлимини тилайди?” дейди унга Томе. Новелланинг тугуни шу жойдан бошланади. Бизда “Нима учун Кити ўз фарзандларига ўлим тилайди?” деган савол пайдо бўлади. Асарни ўқиш давомида китобхонлар: “Қандай ота-оналар ўз болаларига ўлимни раво кўришади ва нима учун?” деган саволга жавоб топиб олади.
Кити ва Томе қўшни аёллар бўлиб, уларнинг ёшлиги ҳам бирга ўтган. Новелла бошидан бу икки аёлнинг ҳаёти, турмуши, дарду-ҳасратлари, эри, болалари ҳам бир-бири билан ўзаро таққосланади.
Кити камбағалликдан, тинимсиз оғир меҳнатдан азоб чекади. Унинг уйи совуқ. У кўмирга кетадиган харажатни тежаб, уйни иситмайди. Каттакон уйини биргина ўттизлик лампочка хира ёритиб туради. Электр тўловининг ошиб кетишидан қўрқиб, Кити ҳатто радиоприёмникни ҳам ишлатмайди. Уникида телевизор йўқ, газета сотиб олмас, ўрмондан териб келтирилган ўтинни сотиб, ўзи эса боабаб поясини тутатиб кифояланарди. Бу ҳолатлар унинг жуда ҳам зиқналигидан далолат беради. Китининг қашшоқлик, йўқчилик оқибатида жиззаки бўлиб қолиши, унинг яхши фазилатлари ўрнини аламзадалик, ҳасадгўйлик эгаллаши новеллада адиб томонидан усталик билан тасвирланган. Бунда ёзувчи Китининг турмуш тарзини ифодалаш, унинг атрофидаги муҳитни тасвирлаш билан қаҳрамон характерининг зиддиятларга бўйсуниб, дийдаси қотиб боришини очиб беради.
Томе ва Кити бирга катта бўлишган, биргаликда ипак йигириш фабрикасида ишлашган. Шунда улар 11-12 ёшда эдилар. Томе ва Кити турмушга чиққандан кейин икковининг ҳаёти икки хил йўналишда давом этди. Томенинг эри 12 йил ҳусусий дўконда хизматкор бўлиб ишлаган. Шунинг учун уйланганида унинг хўжайини яхшигина сармоя билан сийлади. Уларнинг ихчам уйи ва дўкони бор эди. Томенинг эри – Сейкити ҳушфеъл, оғир-вазмин, обрўли одам эди. Уларнинг ўғиллари ҳам яхши тарбия топди.
Китининг қисмати дугонасиникига ўхшамади. У ота-онасига Такудзони ёқтириб қолганини айтганида, отаси уни рад этди. “Уйсиз йигитга берадиган қизим йўқ!” деди.
Ота-она ризолигисиз турмуш қуришган Кити ва Такудзо рўшнолик кўрмай узоқ йиллар ибодатхонада яшашди. Ота-онаси ҳам улар билан алоқани узди. Улар Китининг ота-онасига кимлигини кўрсатиб қўйиш учун “жонини жабборга бериб” ишлашар, дабдабали уй қуришдан бошқа нарсани ўйлашмасди. Улар тузукроқ овқатланишмас ва яхши кийинишмасди. Шундай оғир турмушга қарамай Кити 11 та бола туғди.
“Болалар учун ташвиш чекиш ортиқча, думалаб-сумалаб катта бўлишади, ўлмайди. Катта бўлганда улар топган пулни жойлаштириб улгурсанг бўлгани”, дейдиган Такудзо 4 фарзандини тупроққа топширди.
Бош фарзандини туққан Кити эртасигаёқ ишга чиқиб кетади. Совуқ еб, кўкариб кетган гўдак 20 кундан сўнг ўлиб қолади. Қолган 3 нафар боласи эса очликдан ўлади. Такудзо 37, Кити 34 ёшга тўлганида улар ниҳоят янги уйни қуриб битказишади. Уй битганидан сўнг Кити ва Такудзонинг ҳасислиги баттар ортади. Энди улар ер эгаси бўлиш учун пул тежай бошлайди. Улар ўз болаларини ҳам оғир меҳнат қилишга мажбур қилишарди. Уларнинг уйларида мебел, кийим-кечаклар, умуман яхши яшаш учун шароит йўқ эди.
Хуллас, новеллада Китининг ҳасис эри Такудзо ва бир гала боласи билан кечирган турмуши жуда батафсил, маромига етказиб очиб берилган. Воқеалар ривожи шунга бориб етдики, кутилмаганда Такудзонинг қўшниси уйида ёнғин чиқади ва унинг шунча тежаб-тергаб қурган уйи ҳам ёниб кетади. Такудзо фақат пул солинган кўзасини асраб қолади. Қўлидан кўза тушиб синади, унинг ичидаги пуллар ўзини ўтга уради ва анчаси ёниб кетади.
Бу билан ёзувчи болаларнинг ризқини тежагани билан, бу пуллар унга насиб қилмагани, қаро меҳнатидан келган пули унинг ўзига буюрмагани, ёниб кулга айланганини кўрсатиб беради.
Кити ва Такудзо яна қайтадан пул йиғиб, ер эгасига айланишади. Такудзо ахийри янги костюм сотиб олганида адоқсиз меҳнат уни адойи тамом қилганди. У касалга чалиниб, 53 ёшида вафот этади. Хасис, Такудзонинг болаларини оч-наҳор қолдириб, йиққан пуллари пул қадрсизланиши натижасида арзимас чақага айланиб қолади. Сотиб олган янги костюмини ҳам яхши кунларга кийиш насиб этмайди. Кити эрига янги костюмини кийдириб, дафн этмоқчи бўлганида унинг отаси бунга рухсат бермайди. Такудзонинг тўй ва байрамларда кийиш учун сотиб олган костюмини Китининг укаси унинг дафн маросимига кийиб чиқади.
Томе олдинига яхши турмуш кечиради. Кейин уларнинг ишлари юришмай қолади. Бироқ улар оғир кунларда ҳам ибодатни, хайр-эҳсон қилишни канда қилишмайди, ўз фарзандларини зориқтирмасдан катта қилишади.
Такудзо уларнинг катта ўғли қамалиб қолганини эшитиб, маст ҳолда келади ва уларни ҳақорат қилади. Томе Такудзонинг қариндоши эди. У Томега ўғли қамалганини рўкач қилиб, бақиради, бу унинг ҳам 7 нафар боласига зарар келтириши, уларни энди ҳеч ким ишга олмаслиги мумкинлигини айтиб, тўполон кўтаради. Томенинг Китидан фарқи – у болаларига жуда меҳрибон эди.
Нацуо кўнгиллилардан бўлиб урушга кетганида унга хат ёзиб, озиқ-овқат жўнатиб турди. Катта ўғли қамоқдан чиққач, уни меҳмон қилиш учун тараддуд кўради. Ўғли қамоқдан чиққанининг эртаси куниёқ ишга жойлашади.
Томе доимо урушда ҳалок бўлган ўғли Нацуони тушида кўради. “Нафақангиз керакмас. Менга Нацуони қайтаринглар, ўғлимни қайтаринглар!” дейди.
Китининг эса, болалари номаъқул чиқади. Такудзо ўлгач, Китига жуда оғир бўлади. Китининг катта ўғли лоқайд, дангаса, бетайин ва ҳудбин бўлиб ўсади, айш-ишратга берилади. Ишда бировларнинг ҳаққига ҳиёнат этади, қарз кўтариб, онасини хонавайрон қилади. Уйни гаровга қўйиб, охири сотилиб кетишига сабабчи бўлади. Кити ўлимлигига йиғиб қўйган пулига ерини қайтариб олди ва кексайганида тирикчилик учун яна оғир меҳнат қилишга мажбур бўлади.
Китининг иккинчи ўғли безорилар тўдасига қўшилади. Учинчи ўғли эса топганини ичиб яшарди. Фақат кенжа ўғли кимё заводида ишларди.
Кити ўғилларига яхши тарбия бера олмади. Шунинг учун ҳам қариганида улар ардоғида умр кечириш насиб этмади. Ота-онадан меҳр кўрмаган фарзандлар уларга ғамхўрлик қилишни хаёлига ҳам келтиришмасди.
Новелла япон турмуш тарзини ўзида акс эттирган бўлса ҳам, ундаги воқеалар ва қаҳрамонлар характери, муаммолари, қувонч ва ташвишлари Шарқ халқлари учун ёт эмас. Асарнинг аҳамиятли томони шундаки, у “Инсон меҳнатидан роҳат олишни ҳам билиши лозим, ҳаёт – олий неъмат, инсонга Оллоҳ томонидан берилган бу неъматнинг қадрига етиш, умр бир марта берилган экан, унинг инъомларидан баҳраманд бўлмоқдан ўзини тиймаслик, пул-қўлнинг кири, бугун бор, эртага йўқ, унга хирс қўймаслик керак”, деган ақидаларни яна бир бора таъкидлайди. Қолаверса, устоз мураббий Абдулла Авлоний айтганидек, “Тарбия ё ҳаёт, ё мамот, ё саодат, ё ҳалокат масаласидир”. Фарзандларнинг тарбиясиз бўлиб вояга етиши ота-онанинг хатоси.
Адиб ота-онасининг оқ фотиҳасини олмасдан турмуш қурган ёшларнинг аянчли қисматини тасвирлар экан, қадриятларни писанд этмаслик, катталар маслаҳатларига қулоқ тутмаслик қандай оқибатларга олиб келишини ишончли тарзда кўрсатиб беради. Масаланинг энг асосий фожеаси ҳам шу. Кити ва Такудзо ота-онасини норози қилишди. Шунинг учун ҳам улар бахтдан бебаҳра, омаддан йироқ, саодатдан бенасиб бўлиб, рўшнолик кўрмади. Бу ўринда ҳам новелла бизнинг анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда ҳулоса ясайди.
Ҳикояда тилга олинган яна бир фожеа – урушда ҳалок бўлган ўғил фожеаси. Ҳеч бир она ўз фарзандининг урушда ўлишини истамайди. Кити эса бунинг акси. Чунки у пулни ўзидан, ҳатто фарзандларидан ҳам устун қўяди ва бу жиҳати билан эри Такудзога жуда ҳам ўхшайди.
Биз ўз ўғлининг урушдан омон қайтишини кутиб, сўнгги нафасигача эшикка кўз тикиб, кўзлари ожиз бўлиб қолган оналар ҳақида жуда кўп ўқиганмиз. Бироқ новелладаги Кити деган ОНАнинг ўғли урушда ўлмагани ва ўзига нафақа тайинланмаганидан афсусланишидан таажжубга тушамиз. Шуниси аниқки ўзбек оналари ўғли ёмон бўлса ҳам, унинг ўлимини тиламайдилар.
Тилдан – тилга кўчган нафрат
“Олис Лейте денгизи” новелласи дунё ҳалқларининг қотил урушга бўлган нафратини яна бир бор намоён этади. Таржимон Узоқ Жўрақулов асар моҳиятини тўлалигича ўзбек китобхонларига етказиб беришга ҳаракат қилган. Шу мақсади йўлида у ўзбек тилининг теша тегмаган иборалари, сўз бирикмаларидан фойдаланади. Масалан: “Бордон турганда мебелга бало борми?”, “Бу ҳақда ҳеч зоғ билмасин!”
Русчада: «Бывший тогда в добром здравии Такудзо после многих лет воздержания вдруг напился и стал кричать, что это позор для всей родни» жумласини таржима қилар экан – Ўзбекчада: “У пайтлар соғ-саломат гижинглаб юрган Такудзо бир куни, пулига ачинмай, бўкиб ичди”– таржимон ўз ишини шу даражада моҳирлик билан бажарганки, матнга “пулига ачинмай” сўз бирикмасини қўшиб, Такудзонинг абгор ҳолатига андак кинояли урғу беради ва асл манбадан ҳам яхшироқ талқин этилишини таъминлайди.
Масихиро ҳақида: “Худобехабар”, “виждони қилт этмасдан”, “Пўрим кийиниб шаҳарга жўнаган Масихиро бўкиб ичмаганида ҳам, гейшалар карашмаси учун бир кечада йигирма-ўттиз иенлаб пулни совуриб қайтарди”, ёки “Масихиро эса аллақачон қуён бўлганди”. Нацуо тилидан: “ Эҳ меҳрибонларим, менинг Такао билан учрашишим етти ухлаб, тушингизга ҳам кирмагандир”. Такудзога таъриф беришда: “Оғир меҳнат унинг тинкасини қуритди, соғлигини кемирди. Умрининг сўнгги йилларида у оёғида зўрға турарди” каби тилимизга хос, руҳиятимизга яқин бўлган ибораларни меъёрида ишлатади.
Асар таржимасига муайян инкорлар ҳам бщлиши мумкин. Масалан: “Нежели он и вправду надеялся, что сам испив до дна всю тяжесть издольщины и паденьщины, сумеет вывести своё многочисленное потомство и пристроит на тёплые местечки?” жумласи – “Наҳотки у меҳнат машаққатидан қадди букилиб, мардикорлик орқасида фаровонликка етишиш мумкин деб ўйласа?” дея таржима қилинган. Аслида эса: “Наҳотки тубанлик ва пасткашликни сўнгги томчисигача ичган ота ўзининг кўп сонли авлодини яхшироқ ишга жойлаштира олса?” бўлса, олдинги гап билан мантиқан боғланади.
Хулоса қилиб айтиш лозимки, новеллада ўқувчиларнинг дилига яқин бўлган образли, миллий руҳ акс этиб турган таркибий қисмларнинг ишлатилиши унинг салоҳиятини оширади. Китобхон томонидан идрок этилиши ва руҳиятига чуқур кириб боришини таъминлайди. Шу жиҳатдан таржимон ўз олдига қўйган мақсадига эриша олган, десак янглишмаймиз.
Манзура БАХТИЁР