Жаҳонгир Ҳасанов 1970 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1997 йилда Тошкент тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)нинг стоматология факультетини тамомлаган, 1998 йилда интернатурани ўтаган. 1998-2004 йилларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий госпиталида фаолият олиб борган. 2004 йилдан буён пойтахтимиздаги 4-стоматология поликлиникада ишлаб келмоқда.
—Жаҳонгир ака, болаларнинг сут тишлари нима сабабдан тез чирийди?
— Тишда кавак пайдо бўлишига кариес сабабчи. Ёш болаларда бу асосан, олдинги тишларнинг ташқи деворидан бошланади. Бунда овқат қолдиқларидан ҳосил бўлган караш (налёт)да кўплаб микроблар йиғилиб, улар ишлаб чиқарган кислота тиш эмалини емиради. Шу сабабдан стоматологияда ҳам профилактика, оғиз бўшлиғи гигиенаси жуда муҳим ҳисобланади. Шунингдек, ирсий мойиллик ҳам кариесга замин яратади. Масалан, ота-онасининг тишлари мустаҳкам бўлса, фарзандиники ҳам мустаҳкам, чидамсиз бўлса — чидамсиз бўлиши мумкин.
— Боланинг тишлари вақтида даволанмаса, оқибати нима бўлади?
—Кичкинтойларнинг сут тишлари касалланса, албатта, даволатиш зарур. Аммо баъзи одамларда нотўғри тушунча шаклланган. Айримлар ёш боланинг касал тишларини даволатмаса ҳам бўлади, вақти келса, чиригани тушиб, янгиси чиқади, деб ўйлашади. Бу нотўғри! Кавак тишни ўз вақтида даволатмаса, тиш емирилиши, касаллик нервга етиб бориб қаттиқ оғриқ бериши, илдизи йиринглаб инфекция суякка ҳам ўтиши мумкин. Тишдаги инфекциялар лорингитга, овқат ҳазм қилиш тизими аъзолари хасталиклари, бора-бора юрак касалликларига олиб келиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Тишларни бир кунда икки марта: эрталаб ва кечқурун ювиш шарт. Айрим ота-оналар тишини мунтазам тозаламайди, фарзандини ҳам назорат қилмайди. Унутманг, тишлари соғлом боланинг ўзи ҳам соғлом бўлади. Аммо бола тишлари соғлом бўлса ҳам ҳар олти ойда стоматолог кўригига олиб бориб туриш керак. Агар олдин қўйилган тиш пломбаси тушиб кетса, тезда унинг ўрнини тўлдириш лозим.
—Ҳомиладор аёлнинг тишлари касал бўлса, болага ҳам таъсир қиладими?
—Албатта, соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади. Тишлар саломатлиги борасида ҳам шундай. Боладаги барча муаммолар ҳомиладорликдаги токсикоз, турли инфекциялар, нотўғри овқатланиш туфайлидир. Она организмида кальций, фосфор етишмаса, бу ҳолат ҳомилада намоён бўлади. Яъни туғилган фарзандда тиш эмали гипоплазияси (нуқсони) кузатилади, тишлари нотекис, эмалида нуқсон билан чиқади. Боланинг кейин чиққан доимий тишларида нуқсони бўлса, бу унинг саломатлигида муаммо борлигини билдиради.
—Ёш боланинг чириган ёки қийшиқ чиққан тишини олдириш, қоплама ёки имплант қўйиш мумкинми?
—Иложи борича 16 ёшгача бўлган болаларнинг тишини суғуриб олмаслик зарур. Уларга турли қопламалар (коронка), протез (сунъий тиш)лар қўйиш ҳам мумкин эмас. Ёш боланинг тиши олинса, жағ суяклари яхши ўсмайди, тишлар кетма-кетлиги издан чиқади, янги тишлар қинғир-қийшиқ бўлиб ўсади, тишлаш мувозанати (прикус) бузилади. Ота-она эътиборсиз бўлса, даволанмаган кариес тиш илдизига бориб етади. Кейин тишни олиб ташлашдан бошқа чора қолмайди. Тишни сақлашнинг иложи бўлмаса, олиб-қўйиладиган ясама тиш қўйишга тўғри келади. Қийшиқ тишлар қиёфани бузади, эстетик жиҳатдан хунук кўринади ва шу боис ота-оналарни кўп ташвишга солади. Нотекис тишларни махсус ортодонтик мослама (орто-тўғри, донтия-тишлар, тишларни тўғри қаторга солиш деган маънони англатади) ёрдамида тўғриласа бўлади.
—Нима учун баъзи болалар тунда тишларини ғичирлатади?
—Бундай ҳолатларда болани невролог кўригига олиб бориш лозим. Баъзилар бу ҳолат организмдаги гижжалар билан боғлиқлигини айтади. Таъкидлаш лозимки, бундай одат кўп қайталанса, тишлар эмалига зарар етиши мумкин.
—Бола фақат бир томондаги жағ тишларида овқат чайнашга одатланса нима бўлади?
— Доимий тарзда овқат чайнайдиган тишлар бақувват бўлади. Овқат тишлашда ва чайнашда кам қатнашадиган тишлар тез чирийди. Чунки уларда овқат қолдиқлари ва карашлар фаол тишларга қаараганда кўп йиғилади. Шунинг учун овқат еганда барча тишлардан унумли фойдаланиш, бир вақтнинг ўзида ҳар иккала жағни ҳам ишга солиш лозим.
—Болалар мисвок (тиш кавлагич)дан фойдаланиши мумкинми?
— Мисвок, сақич ва ипдан тишларни механик тозалаш мақсадида фойдаланиш мумкин. Лекин болалар бу усулни камроқ қўллаши керак. Кимки тишини авайламаса, стоматологга иши тушаверади.
Оналар ва болаларга стоматолог тавсиялари:Ҳомиладор аёл боласининг саломатлиги учун тўйимли овқатланиши, зарарли одатлар ҳамда озиқлар (масалан, консервантлар, газланган ширин ичимликлар)дан ўзини тийиши лозим. Шунда ўзининг ҳам, фарзандининг ҳам тишлари соғлом, чиройли бўлади.Витаминли озиқ-овқатлар, мева ва сабзавотлар, кальцийга бой маҳсулотлар организмнинг барча аъзолари саломатлигига қалқон бўлиб хизмат қилади.Оналар болага гўштни иложи борича майдалаб, мева ва сабзавотларни блендерда эзиб беришни маъқул кўради. Аммо бола сабзи, бодринг ва олмаларни карсиллатиб тишлаб ейиши керак. Овқатни чайнаб еса боланинг тишлари ўз-ўзидан тозаланиб туради, кучли ҳамда мустаҳкам бўлиб ўсади.Замонавий стоматология тишларни оғриқсиз даволайди. Тиш докторига боришдан қўрқмаслик керак.
Манзура Бекжонова суҳбатлашди