Статистик маълумотларга кўра, бошқарилувчи юқумли касалликлар ўлимга сабаб бўлувчи омиллардан ҳисобланади. Бундай касалликларга қарши курашишнинг энг самарали йўли эмлашдир.
Иммунизация ёрдамида дунёда ҳар йили дифтерия (бўғма), қоқшол, кўкйўтал, қизамиқ ва бошқа юқумли касалликлардан миллионлаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинади. Эмлашнинг афзалликлари ва бу борада аҳолини қизиқтирувчи энг долзарб саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария эпидемиология Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова жавоб беради.
–Вакцинация нима мақсадда амалга оширилади?
–Эмлаш аҳолининг юқумли касалликларга чалинмаслиги, уларни енгил ўтказишига сабаб бўлади. Ҳозирги вақтда жаҳонда кўплаб болалар иммунизация амалиётига жалб этилмоқда. Эмланган болаларни ногиронлик ва ҳаттоки, ўлимга олиб келувчи юқумли касалликлардан ҳимояланди, дейиш мумкин.
Агар фактларга эътибор қаратсак, ҳар йили дунёда 1 миллиондан ортиқ эмизикли болалар пневмококли инфекциялардан ва ротавирус диареяси (ичкетар)дан вафот этади. Афсуски, ушбу ўлим ҳолатларининг аксарият қисмини вакцинация ёрдамида бартараф қилиш мумкин эди…
Эмлаш сабабли ҳозиргача дунёда айрим юқумли касалликлар хавфини камайтиришга эришилди. Масалан, қизамиқдан жаҳон аҳолисининг деярли 75 фоизи ҳимояланди, полиомиелит касаллиги дунёда 99 фоизга камайди. Ўзбекистон айрим юқумли касалликлардан ҳоли ҳудуд сифатида тан олинди. Гўдакларнинг нобуд бўлиш миқдори ҳам кескин пасайди.
Аммо биз қоқшол, кўкйўтал, тепки, вирусли гепатитнинг В тури ва бир қатор хасталикларга қарши эмлашни давом эттиряпмиз. Негаки қўшни давлатларда касаллик авж олган ҳолатлар учраб турибди. Эмланмаган одам чет элга боргудай бўлса ёки инфекция манбаига тушиб қолса касаллик юқиши ва бу жуда оғир ўтиши мумкин.
–Ҳозирда республикамизда болаларни қандай касалликларга қарши эмлаш жорий этилган?
–Ҳозир юртимизда болалар 12 та юқумли касалликка қарши бепул эмланади. Мамлакат аҳолисининг санитар-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда энг самарали воситалардан бири юқумли касалликларнинг олдини олишдир. Шу мақсадда турли инфекцияларга қарши миллий эмлаш жадвали асосида босқичма-босқич эмлаш дастури жорий қилинган. Ўзбекистонда Миллий эмлаш тақвими асосида контингентнинг камида 97-99 фоизи қамраб олинган.
–Ўзфарзандини эмлатишдан бош тортадиганлар ҳам борми?
–Ҳа, эмлаш тарафдорлари билан бир қаторда, бу амалиётдан бош тортувчилар ҳам бор. Яъни “менинг фарзандимни эмлаб беринг” деб олиб келувчилар билан бирга “эмлатишга қаршиман” деб тилхат ёзувчилар ҳам учраб туради. Айримлар “қўйинг, бу иссиқда боламни эмламанг, майли дафтарингизга эмланди, деб ёзиб қўйинг, менг қўл қўйиб бераман”, дейишади. Кейин эса буни эсдан чиқаришади. Шу тариқа бола эмланмай қолиб касалликка чалиниши мумкин.
Биз ота-оналардаги баъзи фикрларнинг нотўғрилигини, эмлашнинг афзалликларини тушунтиришимиз керак. Мамлакатимизда эмлаш бепул жорий этилган, лекин шу вақтнинг ўзида бир қатор мамалакатларда эмлаш пуллик бўлгани учун вакцинация тўлов асосида амалга оширилади, ҳамма ҳам бунга маблағ тополмаганидан ночор оилаларда болалар ногиронлиги ва ўлими қайд этилмоқда.
Бизда ҳукуматимиз ва ЮНИСЕФ каби ташкилотлар кўмагида юқумли касалликларга қарши болалар бепул эмланади. Бу имкониятдан фойдаланиш, болаларни турли юқумли касалликлардан асрашга ёрдам беради.
–Нима учун болалар жуда кичик пайтида бир вақтнинг ўзида 7-8 та касалликка қарши вакцинация қилинади…
–Эмлаш жараёни туғуруқхонадан бошланади. У ерда бола вирусли гепатитнинг В тури ҳамда туберкулёзга қарши вакцинаси билан эмланади. Эмлаш тўғри йўлга қўйилгани учун 1 ёшгача болалар орасида дифтерия, қизилча, вирусли гепатитнинг В тури ва бошқа касалликлар қайд этилмаяпти. Туғуруқҳонадан чиққанидан кейин чақалоқ 2,3,4,12 ва 16 ойликларда пентавалент вакциналари (АКДС, полиомиелит, шолга қарши, ротавирусга, пневмококка қарши ва бошқалар) билан эмланади. Республикада бола 4 ойлик бўлгунча асосий юқумли касалликларга қарши эмлаш тугатилади. Бу жуда қисқа вақт, лекин шу тартибда эмланса у касал бўлмайди. Шунинг учун жадвалда белгиланган вақтда эмлатиш жуда муҳим. Кейин эса сал каттароқ бўлганда қизамиқ, қизилча ва пневмококк вакцинаси билан, сўнг қоқшол, кўкйўталга қарши қайта эмланади.
Полиомиелит, қизамиқ, дифтерия ва қоқшолга қарши вакицинациялаш эса босқичма-босқич олиб борилади. Мактабга чиқиш олдидан бор иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида коллектив иммунитетни сақлаш учун бола яна қайта эмланади. Биздаги миллий жадвал дунё стандартларига мос ишлаб чиқилган. Бола жадвалга асосан эмланиши шарт.
– Айрим ота-оналар “менинг болам ҳали жуда нозик, жуда кичкина” деб эмлашга кеч олиб келишади…
–Бу жуда нотўғри. Болани бир вақтнинг ўзида 7-8 ҳатто 10 та касалликка қарши эмлаш ҳам мумкин. Негаки мойиллик жуда катта, бола қанча эрта эмланса шунча тез юқумли касалликларга қарши иммунитет тўплайди. Агар нотўғри фикрларга алданиб вакцина олмаса болага касал юқиб, ногиронликка ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин.
–Айримларда ҳозир бизда умуман учрамаётган касалликларга қарши эмлашни тўхтатса бўлмайдими, деган савол туғилади…
–Олдин полиомиелитдан мажруҳ бўлган болалар учун махсус шифохоналар бўларди… Шукур, ҳозир бу хасталикдан ногирон бўлган болалар йўқ. Бу бизнинг вакцинация самарасида қўлга киритган ютуғимиз. Аммо эмлашни бу касаллик Ер куррасидан худди чинчечакка ўхшаб тугатилиб кетгандан кейин тўхтатишимиз мумкин. Ҳозирда бу касаллик бизда йўқ бўлгани билан қўшни давлатларда мавжуд. Паротит (тепки) ҳам шундай. У фақат эркакларни эмас, аёлларни ҳам бепуштликка олиб келиши мумкин. Шунинг учун биз эмлашни давом эттиришимиз керак.
–Бола эмланса қизамиқ ва қизилча ҳам енгил ўтадими?
–Эмланмаган болада, ҳатто катталарда ҳам юқумли касалликлар жуда оғир ўтади. Қизамиқ касаллиги ҳақида ҳам шу гапларни айтиш мумкин. У ҳали тамоман тугатилмаган, баъзи ҳудудларда учраб турибди. Аммо кўпчилик эмлангани учун жойида тўхтатиляпти.
Биз беозор деб ўйлаган қизилча касаллиги ҳам унчалик хавфсиз эмас. Биласизми, агар ҳомиладор аёл қизилча билан оғриса ундан туғиладиган фарзанд ногирон бўлиб туғилади. Бу педиатрия илмий- тадқиқот институти билан ҳамкорликда олиб борган тадқиқотларимизда аниқланган.
–Вакцинация компаниясида иштирок этувчи шифокорлардан нима талаб қилинади?
–Айни пайтда вакцинация республикамизда 3 мингдан ортиқ эмлаш пунктларида амалга оширилади. Бунда ота-оналаримиз, шифокор ва ҳамширалар ҳам жуда масъулиятли бўлиши зарур. Масалан ҳар бир ойда ҳудуд шифокорлари нечта болани эмлаш лозимлиги ҳақида олдиндан маълумот бериши керак. Кейин шу ҳудудга керакли вакцина етказилиб берилади. Бу вакциналарни сақлашда совуқлик тизимига риоя қилиш шарт. Ўзи очилган вакцинанинг сақланиш муддати бир неча ой, аммо биз уни 1 ой ичида ишлатишга ҳаракат қиламиз. Вакцина очилгандан кейин муддати ўтса ёки ичга микроб тушса у заҳарга айланади. Ҳозирда ҳудудларда чироқ ўчиб туради, бу ўз-ўзидан совуқлик тизими бузилишига олиб келади. Шунинг учун вакцина очилгандан кейин тез ишлатилиши керак.
Болани эмлашдан олдин кўрикдан ўтказиш жуда муҳим. Агар бола шамоллаган бўлса, яъни тиббий чеклов бўлсагина эмлаш бироз кечиктирилади. Аммо болани чеклов тугаши билан эмлатиш зарур. Ўзи умуман меъёрий ҳолатда эмлашдан кейин иситма, безовталик, инжиқлик каби нохушликлар бўлиши табиий. Негаки организмда кураш кетяпти, шу тарзда иммунитет ҳосил бўлади.
Иммунобиологик препаратларнинг бир неча турлари бор. Уларнинг барча талабларга жавоб берадиганлари республикамизга киритилади. Соғлиқни сақлаш тизими ходимларидан вакцинация жараёнларини тўғри йўлга қўйиш ва эмлаш қонуниятларига амал қилиш талаб этилади. Боланинг ваколати ота-оналарга топширилган. Демак улар болани ўз вақтида эмлатиб, касалликлардан сақлаб қолишлари лозим.
Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди