Журналистлар учун ўтказилган медиа-тур шу мавзуга бағишланди.
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастури доирасида журналистлар учун Фарғона ва Андижон вилоятларида медиа-тур бўлиб ўди.
Сув хўжалиги вазирлиги миллий ҳамкор ҳисобланган мазкур дастур ўзаро боғлиқ учта компонент — “Сув ресурсларини бошқаришнинг миллий тизими ва сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш”, “Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш”, “Хабардорликни ошириш” компонентлар доирасидаги ишларни амалга оширган ҳолда, сув хўжалиги соҳасига кўмаклашишга қаратилган.
Мазкур дастурнинг 1-компоненти Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан Халкаро сув ресурсларни бошқариш Институти (IWMI) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бўлиб, Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги пилот ҳудудларида 6 та тажриба участкаси ташкил этилган. Уларнинг умумий майдони 60 гектарни ташкил этади. Тажриба участкаларига жами 70 мингдан зиёд мевали дарахт кўчатлари экилган. Уларни сув тежовчи замонавий тизимлар орқали, хусусан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш йўлга қўйилган. Шунингдек, мазкур худуддаги учта сув истеьмолчилари уюшмасига қўшимча 720 та кичик сув ўлчовчи иншоотлар қуриб берилди.
Дастурнинг 3-компоненти Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали томонидан амалга оширилмоқда ва жамоатчиликнинг сувни тежаш бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган.
Лойиҳанинг тақдимот маросимида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Халкаро сув бошкариш институти (IWMI) ва Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали вакиллари бажарилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Медиа-турнинг иккинчи куни иштирокчилар Сирдарё-Сўх Ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг Фарғона туманидаги тажриба участкасида бўлиб, интенсив боғ, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришнинг автоматлаштирилган тизими, мини-метеостанция фаолияти билан танишишди.
Тажриба майдони учун сув етиб бориши қийин бўлган, тошлоқ жой танланган.
Сирдарё-Сўх Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жўрабек Сайматовнинг журналистларга маълум қилишича, бу ерда 11 гектар ерда интенсив боғ барпо қилинган. 10 минг тупга яқин олма, шафтоли, гилос, бодом кўчатлари ўтқазилган. Шундан 6 гектари томчилатиб, 2 гектари ёмғирлатиб, 3 гектари оддий усулда суғорилади.
Тажриба участкасига “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастури доирасида автосамосвал, экскаватор, минитрактор тақдим этилган. Яна бошқа техникаларни етказиб бериш кўзда тутилган.
“AgroDrip” компанияси технологияси асосида ўрнатилган томчилатиб суғориш тизими ўзига хос афзалликларга эга. Бу – аввало, технологиянинг бир қисми бўлган кичик метеостанция билан боғлиқ. Мўъжазгина боғнинг 3 та нуқтасига ўрнатилган қурилмадан маълумотлар метеостанцияга узатилади. Ўз навбатида марказий серверда метеостанциядан келиб тушган об-ҳаво, сарфланаётган сув ҳажми, буғланиш даражаси ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинади.
“AgroDrip” компанияси раҳбари Бахтиёр Шокировнинг айтишича, об-ҳавога қараб тизим автомат тарзда томчилатиб суғориш усулида берилаётган сув ҳажмини кўпайтириши ёки тўхтатиши мумкин. Бу тизим мобил қурилма ёрдамида ҳам бошқарилади.
Шундан сўнг журналистлар “Қува ўрта бўз анори” Сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги каналларда бўлиб, сув ўлчаш ва тақсимлаш иншоотлари билан танишди. Уюшма Қува туманидаги 1302 гектар суғориладиган ерларга хизмат кўрсатади. Шундан жорий йилда 161 гектарига ғалла, 121 гектарига ғўза экилган. 995 гектари боғ, 10 гектари тутзор. Қолган қисмини томорқа хўжаликлари ташкил этади.
Журналистлар “Қува ўрта бўз анори” Сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида сувдан фойдаланиш, вегетация даврида оби-ҳаётни адолатли тақсимлаш борасида ўзларини қизиқтирган саволларга кенгаш раиси Мастура Сайфитдиновадан жавоб олдилар. Мастура опа Қуванинг ўзига хос ташриф қоғозига айланган анорзорлар, ушбу мева дарахтларини суғориш усуллари билан танишди.
Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилаар пилот ҳудудлардан яна бири – Андижон вилояти Асака туманида бўлишди. Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг мазкур тумандаги тажриба майдонида 6 гектарлик интенсив боғ яратилган.
– Жорий йил эрта баҳорда экилган олма ва нок кўчатлари яхши ривожланди. Улар 3 хил – томчилатиб, ёмғирлатиб ва оддий усулда суғорилади — дейди Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Эргашев. — Аграномлар 3 хил усулда суғориш жорий этилган кўчатлар ривожини кунма-кун ўрганиб, таҳлил қилиб бораяпти. Улардан қай бирининг бошқасига нисбатан қанчалик самарадорлиги, келгусида йилда, кўчатлар ҳосилга кирганида маълум бўлади.
Медиа-тур иштирокчилари тажриба майдонида бўлиб, интенсив боғни томоша қилди. Томчилатиб суғориш технологияси ва кичик метеостанция ишлашини кузатдилар. Мутахассислардан мазкур ҳудуддаги каналларда сув ўлчаш ва тақсимлаш иншоотлари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Чарос ЁҚУБОВА