Йўли топилди (фельетон)

Директор Оларбек Толмасовнинг мана, бир ойдирки, кайфияти чатоқ. Ишда, уйида, қўйингки, дўстлари даврасида ҳам, қошу-қабоғи осилган тушкун бир кайфиятда.

 Иш жойида ҳам, уйида ҳам хўмрайиб кириб чиқиб юрибди. Биров бир нарса деса дарров жеркиб берадиган, бўлар-бўлмасга ходимларини уришадиган одат чиқарди. Унинг олдинги хушмуомалалигидан асар ҳам қолмаган эди. Ходимлар бошлиғимиз катталардан танбеҳ эшитган шекилли бир-икки кундан кейин ўтиб кетади, деб ўйлашса ҳам мана, бир ойдирки, аҳвол ўша-ўша.

Оларбек Толмасов тумандаги катта бир корхонанинг раҳбари. Қўл остида оз эмас-кўп эмас, 200 нафардан зиёд одам ишлайди. Икки уч нафардан ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари…

Оларбек Толмасовнинг аёли Ўсархон эрининг нега бундай тушкун кайфиятда юргани сабабини кўнгли сезарди. Аммо унга ботиниб  бир гап айтолмасди.

— Бугун айтмасам бўлмайди, — хаёлидан ўтказди Ўсархон. У эри ишдан келиши билан хуштавозелик билан илиқ қаршилади. Эгнидан костюмини олиб, бўйинбоғини ечиб қўйди. Оларбек ичкари кириб уй кийимларини кийиб чиқди ва оромкурсига ўзини енгил ташлади. Ўсархон дарров иссиққина кўк чой дамлади. Чойни чиройли қилиб қайтариб эрига бир пиёла тутди.

— Чарчамадингизми дадаси, кунингиз яхши ўтдими? — сўради аёли эрининг юзига маъноли боқиб. Эри индамади, чойдан секин ҳўплаб, чуқур уҳ тортди. Мана бир ойдан буён ичидагисини сиртига чиқаролмай келаётган Оларбек хотинига ёрилди.

— Ҳамма жойга исковучлар қўйиб ташланган. Бировдан бир тийин ололмайсан. Шуям ҳаётми? Ишга кираман, ишимни битириб беринг, деб келувчиларнинг сон-саноғи йўқ, аммо биз жим. Узатишса ҳам ололмайман онаси, қўрқаман. Олдинлари қандай яхши эдия. Ўша даврларни қадрига етмаган эканмиз. Оҳ, оҳ конвертнинг ичида келардия бели букилмаган “тепа каллар”. Мана бу иморат, қўша-қўша машина, болаларингнинг тўйлари қайси пулга бўлганини сен яхши биласан.

— Ҳа, дадаси биламан, биламан. Аммо ўлимдан бошқасининг чораси бор. Йўлини қилиш керак. Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам, — деди Ўсархон бошини ликиллатиб.

— Қанақа йўли? — сўради Оларбекнинг кўзлари ола-кула бўлиб.

— Туғилган кунингизни ўтказамиз. Ҳовлида чиройли қилиб зиёфат уюштирамиз. Биламан, ходимларингиз қуруқ келишмайди. Шу зайлда пича йиғиб оласиз, ҳовурингиз босилади, — деди хотини.

— Ие туғилган кунимга ҳали икки ойча борку. Йўқ мен бунга тоқат қилолмайман!

— Бўлмаса ўғилчамизнинг туғилган кунини ўтказамиз, нима дедингиз.

— Яна, яна вариантлардан айт!

— Хўш, менинг туғилган кунимчи ёки яқинда қизимизни узатган эдик, шунинг зиёфатига, деб чақирасиз.

— Уф! Бошгинам қотди, нима қилсак бўлади?

— Яхши вариант сизнинг туғилган кунингиз. Агар битта-яримтаси сўраб қолса, “мен туғилган кунимни йилда икки марта нишонлайман. Биринчиси 10 сентябрда, буниси ҳақиқийси. Иккинчиси 10 ноябрда, бу паспортдагиси, дейсиз, олам гулистон.

Хуллас, Ўсархоннинг таклифи билан эрининг туғилган куни барвақт ўтказиладиган бўлди. Тайёргарлик кўрилди. Ишхонага эълон осилди. Оларбек ташкилий ишларни ўринбосари Тиллаевга топширди. Тиллаев ташкилий ишларни тилло қиладиган йигитда. Ҳамма харажатларни бекаму кўст тайёрлаб директорнинг уйига келтириб қўйди. Кеч соат 19 да бошланадиган базмга эрталабдан оёқ қўли чаққон тўрт-беш ходим жўнатилди. Хуллас, орзиқиб кутилган дақиқалар етиб келди. Оларбек Толмасовнинг ўзи йўлакда келган меҳмонларни кутиб олишга чиқди. Ҳар эҳтимолга қарши ёнига жиянини ҳам олди. Ана эшикдан бўлим бошлиғи Саломов кўринди. Қўли бўш, демак, қуруғидан тутқазади. Ана ўринбосар Хуррамов. Қўлида катта пакетда совға. Нима экан-а?

Хуллас, жамоадаги қоровул Алихўжадан бошқа ҳамма зиёфатда ҳозиру нозир бўлишди. Оларбекнинг келган совға-саломдан кўнгли тўлди, шекилли ходимлар билан очилиб сочилиб ўтирди. Айниқса  унинг шарафига айтилган қадаҳ сўзларни эшитиб ёғдек эриди. Ҳатто улар билан лазгига ўйинга ҳам тушди. Бирам енгил тортдики, асти қўяверасиз.

Аёлларни бўлса хотини Ўсархон қаршилаб совға-саломини олиб турди. Зиёфат яхши ўтди. Ҳамма тарқалиб бўлгач, Оларбек хотини билан совғаларни бир кўздан кечирди. Ҳаммаси жойида Оларбекнинг кўнгли  ёришди. Шу куни мазза қилиб хотиржам ухлади.

Эртасига ишга борди. Эшикдан кириши билан уни котиба қиз ўрнидан туриб қаршилади. Ҳар куни саломига алик ҳам олмай хўмрайиб  ўтиб кетадиган Толмасов бугун ўн минутларча котиба билан сўрашди, ундан бундан гурунглашган бўлди. Иш вақти бошланиб қабулхонада навбат пайдо бўлди. Дастлаб директор ҳузурига кириб чиққан йигитдан ўтирганлар директорнинг кайфиятини сўрашди. Йигит ўтирганларга бош бармоғини тик қилиб кўрсатди.

— Хайрият, — дейишди ходимлар. — Мана, бир ойдан буён битмай келаётган ишларимизни бугун битириб оладиган бўлдик. Яшасин пора!

Болтабой МУҲАММАД ҚУРБОН

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: