Чапақайлар ишхонаси (фельетон)

Бугун салкам бир ойга қараб кетяпти. Ўз касбим техник тузатувчилик бўйича иш қидириб юрибман. Шаҳримиздаги ўндан ортиқ корхона, ишхона, маҳкамаларга бирма-бир кириб чиқдим.

Аммо мен ўчун бўш иш ўрни топилмади. Қаттиқ қийналиб юрганимда, менинг йўлим очилди. Бозор жойда ҳамқишлоғим Хамидни учратиб қолдим. Иккимиз апоқ-чапоқ бўлиб кўришдик. Бундан тўрт кун аввал у олтмиш ёшини тўлдириб, пенсияга чиқибди.

— Дониёр, ростдан иш керакми?

— Ҳа керак!

— Сиз ўнақайсизми ёки чапақайсизми?

— Тушунмадим?

-Мен сиздан ўнақайсизми ёки чапақайсизми деб сўраяпман?

— Ўнақайман!

— Ундай бўлса омадингиз йўқ экан, – деди бошини чайқаб! – Агар чапақай бўлганингизда ўзим ишлаб келган чапақайлар ишхонасига ишга жойлашиш имконияти бор эди. Хамид ўзи ишлаб, пенсияга чиқиб кетган ишхонасининг аҳволи ва шароитларини тушунтириб кетди. Ҳуллас бу ишхонанинг бошлиғи чапақай экан. Шу туфайли у қонига тортиб, чапақайларга кўпроқ ён босадиган ўхшайди. Ишгада қўлдан келса фақат чапақайлар олинади. Унинг ўринбосари, бош ҳисобчиси  кадрлар бўлими бошлиғи, хатто керак десангиз қоравулигача чапақай экан.  Бундан хабари борлар бу ишхонани «чапақайлар ишхонаси» деб аташаркан.

-Бўлди энди ҳаммасини тушундим, – дедим ачиниб. Начора, биз ўнгақайлар учун бу ишхонанинг эшиги ёпиқ экан, майли бошқа жойдан иш қидириб кўраман!

-Дониёр?

— Ҳа эшитаман?

— Бу ишхонага бир хийла ишлатиб кўрамизми?

— Қанақа хийла?

-Сен шу кундан бошлаб чапақайга айланасан! Ўнг қўлинг билан ишлашни “совсем” тўхтатасан! Сени мен уч кун ва уч тун чапақайликка тайёрлайман!

Хамид ўзи эринмайдиган одам бўлиб чиқди. Ўз уйига боришни ҳам қўйиб, хотинига бир телефон қилдию, мени куну тун чапақайликка тайёрлади. Эрталаб кўз ойнагимни чап қўлим билан тақиб, чап қўлим билан тўғрилайдиган бўлдим. Эшикни, ойнани, музлаткични энди чап қўлим билан очадиган бўлдим. Қўл телефонимга қўнғироқ бўлса, фақат чап қўлим билан ушлаб гаплашаман. Агар баъзида «ошибка» бериб, ўнг қўлим кетиб қолса, Хамид тўқмоқдай мушти билан тушириб қолади!

Елкамда тез-тез қичиб тўрадиган жойим бор эди, энди уни ҳам чап қўлим билан қашийдиган бўлдим. Яна сал ноқулай бўлсада айтиб қўйганим мақул… хотинимнинг чап томанида ётиб, мен уни фақат чап қўлим билан қучоқлайдиган бўлдим!

Тўртинчи куни эрта билан чапақайлар ишхонаси олдида пайдо бўлдим. Хато қилишга ҳаққим йўқ, ахир уч кунлик чапақайлар курсини тугатганман. Хамиджонга яхши баҳоларга тест топширганман.

— Эй Худо, ёрдам бер, бу хийламиз иш бериб, ишга кириб кетай. Ҳуллас мен чап қўлим билан дарвозани тақиллата бошладим. Қоровул дарвозанинг чап томанини очиб, ташқарига чиқди. Мен у билан сўрашиб ўтирмадим, бирданига чап қўлимни чўздим. У ҳам чап қўлини чўзиб сўраб қолди.

— Чапақайсизми?

— Ҳа чапақайман! Ӯнгақайларга ўлим! – дедим бақириб.

— Секин яна бировлар эшитиб қўймасин! Қани, ишга киринг!

Кўп ўтмай мен кадрлар бўлими бошлиғи олдида пайдо бўлдим. Унинг исми Ўринбой экан.

— Қоровулдан ҳозир эшитдим сиз ўзимиздан экансизку?!

Ўринбой шу гапини айтиб чап қўлини борича юқорига кўтарди. Мен ҳам ундан қолишмай, чап қўлимни борича юқорига кўтардим. Икки чап қўл осмонда  қарсак уришди. Икки туғишган топишди!

— Исминг ким?

— Дониёр чапақай!

— Бизнинг ишхонамизга биринчи қадам ташлашингиз бўлса керак, – деди у яйраб-яшнаб. Юринг, қолган гапларни ошхонамизга бориб гаплашамиз!

Бу  ошхонада бир ёш қиз столимизга хизмат кўрсата бошлади. Қиз чап қўли билан столимизга икки финжон қаҳва ва ярим килоча ёғсиз, сувга пишган гўшт олиб келди. Бизлар ҳам чап қўлимиз билан қаҳва ичиб, гўшт едик. Кейин овқатланиб бўлдикда, чап қўлимиз билан столга тираниб ўрнимиздан турдик. Мен дарҳол чап қўлимни чўнтагимга солдим:

— Мен ўзим тўлайман, қанча бўлади? – дедим.

— Дониёр, буни тўлаш шарт эмас, – деди Ўринбой. Чунки бу ошхонада чапақайлар учун овқатланиш текин!

— Баракалла зўр экан! Сизга бир савол берсам майлими?  Ўзи бу ишхонада бита бўлсада ўнақай ишлайдими?

— Йўқ! Энг сўнгги Хамид деган ўнақайдан ўтган ҳафта қутулдик! Сизни ўнинг ўрнига ишга олишимиз мумкин! Хамид деган ҳолига қарамай, биз чапақайлар билан сал нарсага тортишиб қоларди. Олтмиш ёшига чиқариб тўн кийдириб, бошига дўппи кийгазиб, уни пенсияга чиқариб юбордик!

— Тўғри қилибсиз, – дедим мен ўзимни уч кун ва уч тун чапақайликка тайёрлаган устозимни сотиб. Мен ҳам ўнақайларни кўппак итдай ёмон кўраман… яшасин чапақайлар!!!

— Раҳмат, энди кетдик, сизни Ўрта Осиёдаги энг биринчилардан ташкил этилган яккагина музейимизни томоша қилишга таклиф этаман!

Лифт билан бир қоп-қоронғи ертўлага тушиб, катта эшик олдига бордик. Ўринбой менга бир тугмачани кўрсатиб, “босиб юборинг” деди… мен синовда эканлигимни тушиндим да, дарҳол чап қўлим билан босдим.  Бирдан сигнализация ишлаб кетиб, тўртта ҳар хил лампочкалар ёниб-ўчиб турди. Лампочкалар орқасидаги “Чапақайлар музейи” деган ёзув томон бордик. Кўп ўтмай катта залга кириб, ҳайрон қоларли музейни томоша қила бошладик!

Бу ерда энг машҳур одамларнинг расмлари намойиш қилинган экан. Мен эса расмларни чап томандан бошлаб кўра бошладим. 16 асрда яшаган шоир Лутфий, таниқли композитор Уилл Смит, турк олими Ҳамза Ямтаз, Ливаннинг сиёсий арбобларининг бири Умар Каддафий, игна билан санчиб даво қиладиган хитойлик Пун Гун, араб элида бир пайтлари ҳукмдор бўлган, Ал-Малик ал Ашраб, суяклари неча марта пит-чит бўлиб синган мотокаскодёр Роберт Книвес, таниқли кўзбойлоғич  Дэвид Копперфильд, сербиялик машҳур карикатурачи Никола Отас, тожик ҳалқининг  машҳур кулгу устаси Мушфиқий, эронлик ёш физик Абдулазиз ва дунёда энг кўп гонорар оладиган актёрларнинг бири, кино юлдузи Эдди Мерфининг рангли суратлари ўрин олибди. Мен ўнақай бечора кўп нарсалардан хабарим йўқ, буларнинг ҳаммаси чапақайлар экан.

Тушдан сўнг бу ишхонани бошқариб ўтирган бошлиқнинг олдига кирдим. Унинг чап томанидаги бўш ўриндиққа ўтирдим. У озгингина мўйловли, қиз товушли одам экан.

— Сиз ўзимизнинг бола экансизку, – деди у завқ билан кулиб. Икки ҳодим сиз ҳақингизда яхши гаплар айтди. Сиз бугундан бошлаб ишга қабул қилиндингиз. Ҳозироқ аризангизни ёзинг, қўл қўйиб бераман.

Мен кўзларимга ёш олиб, даров аризамни ёза бошладим. Бу қувонч кўз ёшлар эди.

Дунёда кимлар мард десангиз чапақайлар мард экан! Бўлмаса қанча ўнақайлар бошқарадиган ишхоналарга иш сўраб бордим. Номард ўнақайлар, биттаси ҳам ишга олмади! Мана, чапақайлар ишга оляпти. Яшасин чапақайлар!!!

Мени ташқарида кадрлар бўлими бошлиғи Ўринбой қовоғини уйиб кутиб олди. Унинг телефонига қўнғироқ бўлди, товуши бошлиқнинг овозига ўхшайди экан. У Ўринбойга қаттиқ бақирди. Сўнг у телефонни ўчириб:

— Бизлар сизни ишга қабул қилмайдиган бўлдик, – деди.

— Нимага?

-Буни ўзингиз биласиз. Сиз бизга ўттиз икки минг сўм олтмиш тийин тўлаб кетасиз.

-Нима учун?

— Ошхонада еб-ичган овқатингиз учун!

— Вой буни сиз ўз оғзингиз билан бепул деган эдингизку?

-Тўғри, фақат чапақайларга бепул. Бу оз бўлса яна ўн саккиз минг сўм тўлайсиз.

-Бу нимага?

— Биздаги чапақайлар музейини томоша қилганингиз учун!

Ҳуллас бу пулларнинг ҳаммасини тўлиқ тўлаб бўлиб, бу ишхонанинг дарвозасидан тўпдай отилиб чиқдим. Ҳамма айб ўзимда бўлибди. Бошлиқ “ишга олиндинг” деб айтанида ўтакам ёрилганича қувониб кетиб, катта анқовликка йўл қўйибман. Ишга кириш ҳақида аризамни чап қўлим билан эмас, ўнг қўлим билан ёзиб юборибман…

Сайловбой ЖУМАҚУЛОВ

Карикатурачи рассом: Ҳусан СОДИҚОВ.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: