«Бобурнома» – беназир тасвирлар жилоси

Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,

Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.

Бу замонни нафйи қолсам айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.

Шоҳ ва саркарда, адиб ва шоир, ўлмас ном, бебаҳо маданий мерос қолдирган Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг шундай ёзғиришига асос бормиди? Умри замоннинг талотўплари, савашлари, ҳарб юришлари ичра кечган, оқибат ўз юртини қўйиб, ҳинд сари юзланган буюк шахснинг ҳаёти ва ижодини кузатган ҳар бир киши бу андуҳнинг чинлигини яна бир бора англайди.

Шоҳ Умаршайҳ Мирзо хонадонида 1483 йил 14 февралда Андижонда таваллуд топган Бобур Мирзо суронли, шиддатли умри мобайнида ўзидек буюк, ўзидек муаззам ишларни адо этди. У барча темурий шаҳзодалар каби тарбиячилар, йирик фозил-уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ илми, араб  форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқади. Табиатан довюраклиги боис «Бобур» («Шер») лақабини олади.

Унинг таълим-тарбиясида комил ва илмли инсонларнинг ҳиссаси беқиёс. Машҳур сўйфий Хожа Аҳрорга ихлос қўйган бўлажак саркарда устозининг тариқати руҳида вояга етади ва умрининг охирига қадар шу эътиқодга содиқ қолади. Отаси Ахсида фожиали ҳалок бўлгач, 12 ёшли Бобур валиҳад сифатида тахтга  ўтиради. Бобур ҳукмронлигининг дастлабки 2-3 йилида мавқеини мустаҳкамлаш, бек ва амалдорлар билан ўзаро муносабатини яхшилаш, қўшинни тартибга келтириш, давлат ишларида интизом  ўрнатиш чора-тадбирларни амалга оширади. Шу ўринда айтиш мумкинки, Бобурнинг асосий мақсади бобоколони Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатидан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли салтанатни қайта тиклашдан иборат эди.

Шу улуғ йўлда астойдил ҳаракат қилиб, Шайбонийхонга қарши бир неча йил давомида муттасил кураш олиб борса-да, аммо мамлакатда ҳукм сурган оғир иқтисодий танглик ва сиёсий парокандалик шароитида мақсадига эриша олмайди. Бобур Самарқанд тахти учун курашаётган пайтда Андижонни султон Аҳмад Танбал эгаллаб олади. Бобур 200-300 навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади, Ғазни ва Кобулни эгаллайди. Мустақил давлат тузишга жадал киришади, қўшинни тартибга келтиради. У келгач, Афғонистонда қурилиш, ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги ривожлана бошлайди.

«Бобурнома» – лингвистик маълумотлар хазинаси

Мовароуннаҳр ва ундаги халқлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи «Бобурнома» жаҳон халқлари тарихида алоҳида аҳамият касб этади. Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг бу асари ижтимоий-тарихий, илмий, адабий-лингвистик маълумотлар хазинасидир. Унда 1494 йилдан 1530 йилгача Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистондаги воқеалар жонли ва гўзал тасвирланган. Бобур тарихий фактларни шунчаки қайд этиш, жангу жадаллар, юришлар ҳақида хронологик ахборот берибгина қолмай, ҳодисаларни бадиий талқинда кўз олдингизга келтириб қўяди. Моҳир рассом каби манзара чизади, атроф-жавонибнинг гўзаллигини, халқларнинг энографик ҳолатларини самимий, тушунарли тилда гавдалантиради. Шу боис нафақат илмий-тарихий, балки ўзбек бадиий насрининг ёрқин намунасидир.

Инглиз тарихчиси Элфинстон «Бобурнома» ва унинг муаллифи ҳақида: «Унинг шахсий ҳис-туйғулари ҳар қандай муболағадан ёки пардалашдан холи, услуби оддий ва мардона, шу билан бирга, жонли ва ифодали. Ўз замондошлари биографиясини, уларнинг қиёфалари, урф-одати, интилишлари, қизиқиш ва қилиқларини кўзгуда акс этгандек равшан тасвирлайди. Бу жиҳатдан «Бобурнома» Осиёда ягона чинакам тарихий тасвир намунасидир», деб ёзади.

Мамлакатимизда асар нашрига алоҳида эътибор қаратилиб, китоб бир неча марта чоп этилди. Париж, Калкутта каби йирик шаҳарларда сақланаётган қўлёзмалар асосида тайёрланган ушбу тарихий асар ҳали-ҳамон қадри юксак манба сифатида эъзозланмоқда.

— «Бобурнома» форс тилига биринчи марта 1589 йилда шоирнинг невараси шоҳ Акбар саройида хизматда бўлган Абдураҳимхон ибн Байрамхон Хони Хонон томонидан таржима қилинган, — дейди Ғофур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи муҳарири, адабиётшунос Саидмурод Холбеков. — Таржима кўп нусхада кўчирилиб, «Воқеоти Бобурий», «Воқое» номлари остида Шарқ мамлакатларига кенг ёйилган.

Инглиз шарқшуноси Л.Кинг берган маълумотга қараганда, «Бобурнома» ўша даврда яна икки марта Муҳаммадқули ва Зайниддин Хавофий томонидан форс тилига таржима қилинган. Абдураҳмон таржимаси Британия музейида ва Москвадаги Шарқ қўлёзмалари фондида сақланади. Унинг фотонусхаси эса Алишер Навоий номидаги Адабиёт музеймизда ҳам бор.

Европа шарқшунослари орасида Витсен биринчи марта «Бобурнома» билан қизиқиб, ундан айрим қисмларини голланд тилига таржима қилади. XIX  аср бошларига келиб, асар бутун Европа илм аҳлига маълум бўлган. Бобур меросининг жаҳоний шуҳратида, аниқса, инглиз шарқшуносларининг хизмати улкандир.

Ҳарб илмининг билимдони

Адабиётшунос Ваҳоб Раҳмонов «Бобурнома» («O’qituvchi» HMИУ, 2008 й.)  асарига ёзган сўз бошида «Бобур – буюк подшоҳ, мумтоз шоир, назариётчи адабиётшунос, фақиҳ, тилшунос, санъатшунос, этнограф, ҳайвонот ва наботот оламининг билимдони сифатида кўп қирралари фаолият  ва ижод соҳиби эди. Биргина «Бобурнома» унинг  йигирмадан ортиқ соҳага қизиққанлигига яққол мисолдир», дея таъриф беради. Чиндан ҳам дилбар шахс (Жавоҳирлаъл Неру таърифи) Бобурнинг кучли билим, кенг тафаккур ҳамда заковат соҳиби бўлганлигини унинг яратган ўлмас асарлари, қурдирган меъморий, маданий обидалар қиёсида билиш, англаш мумкин. Айниқса, саркардалик фаолиятида унинг чапдастлиги, ҳарб илмида зукколиги кўзга ташланади.

Мирзо Бобур ҳар бир жанг олдидан у астойдил тайёргарлик кўради. Ҳужум ва мудофаа усулларини пухта ўйлайди. Шу кунга қадар етиб келган Темурнинг жанг санъатидан фойдаланади. Бу хусусда «Бобурнома»да «Ўзбекнинг урушда бир улуғ ҳунари ушбу тўлғамадир, яъни жангга тинимсиз аскар солиб туришидир. Ҳеч уруши тўлғамасиз бўлмайди. Бундан ташқари, илгари ва кейин беку навкарлар мунтазам ўқ ёғдириб, сафни сақлаб келадилар, қайтганда ҳам тартиб билан саф бўлиб қайтадилар» каби изоҳлар билан ҳарб юришларининг ўзига хос томонларини кўрсатади.

Улуғ саркарданинг Ҳиндистонга юриши хайрли бўлди, десак, ўринсиз бўлмас. Боиси, тарқоқлик ва парокандалик, ўзаро ичи низо авж олган бир пайтда одил ва адолатпеша раҳбарнинг давлат устига келиши маҳаллий халқ учун ҳам жуда зарур эди. Бобур шундай бир паллада Ҳиндистондаги вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Қурилиш ишларига бошчилик қилди.

1526 йил апрелда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини ўзининг оз сонлик лашкари билан енгган саркарданинг маҳоратига, иқтидорига тан бермай иложи йўқ. Бу жангдаги муваффақияти «Бобурнома»да шундай баён этилади: «Душман аскарларининг сони айни пайтда бир лак – юз минг кишига етарди. Ўзи ва амирларида бир-икки мингтага яқин филлари бор, дейишарди. Ота-бобосидан қолган  хазинанинг ҳаммаси қўлида нақд эди. Ҳиндистонда шундай одат бор: агар шундай урушлар рўй бергудек бўлса, белгиланган муддат учун пулга навкар ёлланилади. Ёлланган кишиларни «бадҳандий» деб атайдилар. Агар Султон Иброҳим шундай фикрга келса, юз минг, икки юз мингта навкарни ҳам ёллай оларди. Тангри таоло билан ёрлақади, у на навкарларни рози қила олди, на  хазинасини улаша олди. Табиатида бахиллик ғолиб келган одам қандай қилиб йигитларни рози  қила олади. Ўзи пул йиғишга беҳад берилган, тажрибасиз, ғўр бир йигит эди. Унинг на келиши ва туришида саранжомлик, на юриши ва урушида ғайрат-иштиёқ бор эди».

«Бобур ул оламни истар…»

Дунё яралибдики, инсоният озодликка, ҳурликка интилади. Туғилиб ўсган заминини, она тупроғини муқаддас билиб, уни ёт нигоҳлардан ҳимоя этмоққа чоғланади. Турон юртининг закий, улуғ, аллома ва ўз номидек шер ўғлони Бобур Мирзонинг ҳам дилидаги бирдан-бир ўчмас маёғи, орзуси Ватанини озод кўриш эди. Ўзи айтганидек, бу йўлда унинг асрларга туташ фиғонлари қолди, армонлари қолди:

Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?!

                   Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?!

                   Мени хор этти-ю қилди муддаини парвариш,

                   Даҳри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?!

                   Мени ўлтурду жафои жавр бирла ул қуёш,                

                   Эмди тургузмак учун меҳру вафоси қолдиму?!

                   Ошиқ ўлғоч кўрдим ўлимни ўзимга, эй рафиқ,

                   Ўзга кўнглимнинг бу оламда ҳароси қолдиму??!

                   Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,

                   Тангри учун де бу оламнинг сафоси қолдиму?!

 

Наргиза АСАДОВА, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: