Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони доирасида ички туризмни рағбатлантирувчи чоралар белгиланди. Унга кўра, янги жорий этилаётган авиақатновларга чипталар Ўзбекистон фуқароларига 25 фоиз арзон сотилади, агар ушбу чипта туроператор орқали харид қилинса, ушбу чегирма миқдорига 15 фоиз қўшилиб, умумий 40 фоизлик чегирма тақдим этилади.
Шу билан бирга, туроператор орқали харид қилинган меҳмонхона хизматлари ҳам 10 фоизга арзонлаштирилган нархда сотилади.
Бундан ташқари, хизматларни комплекс кўрсатувчи туроператорлар корпоратив нархларда бошқа хизматларни ҳам арзонлаштириб бериши кўзда тутилади.
2020 йил 3 февралдан йўлга қўйилган Урганч-Фарғона-Урганч авиарейси энг арзон нархи — 920 минг сўм. Маҳаллий сайёҳ ушбу чиптани бевосита авиакассадан сотиб олганда чипта нархи 25 фоизга арзонлашиб, 690 минг сўмни ташкил қилади. Туроператор орқали харид қилганда эса, яна 15 фоиз чегирма тақдим қилиниб, чипта нархи 587 минг сўмни ташкил қилади — 333 минг сўм чегирма тақдим қилинмоқда.
Худди шу каби туроператорларга йўлга қўйилаётган темир йўл қатновларидаги чипталарга ҳам 15 фоизлик чегирма тақдим этилади. Бунда Термиз-Самарқанд йўналишидаги 108 минг сўм турадиган чипта нархи 92 минг сўмни ташкил қилади.
Ўз навбатида, фуқаро туроператор орқали меҳмонхонани брон қилса, шартли равишда “Ўзбекистон” меҳмонхонасидаги 1 кишилик стандарт хона нархи 270 минг сўмни ташкил қилса, бу фуқаро учун туроператорга тақдим қилинган корпоратив нархлар асосида 200 минг сўмни ташкил қилади. Юқоридаги 10 фоиз чегирма ҳисобига эса меҳмонхона нархи 180 минг сўмга айланади. Якунда ташкил қилинган механизмга кўра, 270 минг сўм турувчи меҳмонхона 90 минг сўмга арзонлашмоқда.
Масалан, ушбу хизмат Фарғона шаҳридаги “Зиёрат” меҳмонхонасида 180 минг сўмга тақим этилади, туроператорлар корпоратив нархларда 150 минг сўмдан олишиб, 10 фоизлик чегирма ҳисобига маҳаллий сайёҳга 135 минг сўмга тақдим қилади. Бунда туристик йиғим миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,4 фоизини ташкил этиб, 980 сўмни ташкил қилади.
Ўз навбатида, туристик йиғимдан тушган маблағлар тўлиғича ички саёҳатларни рағбатлантирувчи дастурларга йўналтирилади. Қонунчиликка кўра, меҳмонхона йиғимлари солиқ солинадиган базага киритилмайди.
Хорижий давлатларда туристик йиғим маҳаллий фуқаролар учун ўрганиб чиқилганда мисол тариқасида Украина давлатида бир кунлик яшаш ўртача 30 гривна (яъни 11 400 сўм)ни ташкил қилади.
Бу тажриба Сербияда ҳам қўлланилади. Ушбу шакллантирилган маблағлар ички туризмни ривожлантириш ва тарғиб қилиш мақсадида сарфланади. Бунда эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, ҳозирча асосий урғуни ички саёҳатларга қаратиш ва ички туризмни марказлашган тартибда кенг тарғибот қилиш мақсадга мувофиқ. Таъкидлаш жоизки, сайёҳлар оқимини қайта шакллантириш меҳмонхоналар, овқатланиш шохобчалари, транспорт корхоналари, ҳунармандлар, туроператор ва гидлар бандлигини таъминлаш йўлида хизмат қилади.