Онадан ор қилган қиз (Ҳикоя)

Аёл кўчага чиқар экан, томоғига нимадир тиқилгандек бўлди.  Қизи тўғри айтяпти, анчадан бери ўзига қарамай қўйган…

Қизи онасига деди: «Сиз ҳозирча бизникига келмай туринг… Биз учун кўп иш қилдингиз, ҳаммаси учун раҳмат, аммо бизникига келмай турганингиз маъқул».

Аёл қизидан бу гапларни кутмаганди, сумкасини олиб, эгнига устки кийимини илиб йўлга чиқмоқчи бўлиб турган эди. Она ҳар куни қизиникига келиб, у фитнесга бориб келгунча неварасига қараб турарди. Қизининг гапларини эшитиб, ўзини йўқотиб қўйди. “Балки ниманидир нотўғри қилгандирман? Қандайдир хатога йўл қўйгандирман? Болага яхши қарамадимми ёки уни каравотчасига чаппа ётқиздиммикан?” ўйлади у.

Йўқ, гап умуман бунда эмас. Гап шундаки, куёвининг ота-онаси ўзига тўқ, бадавлат одамлар. Улар неварасига ўзлари қарашни, ҳар куни ўзлари ўғлиникига келишни, болага совға-саломлар олиб боришни хоҳлашади. Меҳмон бўлиб, чой ичиб кетишлари керак. Ахир бу уй уларники, ёшларга квартирани улар сотиб олиб беришган. Ҳатто идиш-товоқлар ҳам уларники. Катта ва чиройли қутида ёш оилага совға қилишган. Уйдаги жиҳоз ва мебеллар ҳам ҳаммаси уларники.

Шундай экан улар ҳар куни келиб, чақалоқни ўйнатишга ҳаққи бор. Албатта чақалоқ ҳам уларники. Келиннинг онаси эса оддий аёл – темир йўлда кузатувчи бўлиб ишлайди. Шу сабабли унинг қиёфаси ҳам шунга яраша, ёқимли эмас, ҳунук. У бундай оилага тўғри келмайди. Қизи бу ҳақда унга батафсил тушунтирди.

“Ойи, менга қаранг, сиз жуда қарисиз. Сочларингизни кўринг. Оппоқ оқариб кетган, бу жуда ҳунук кўринади. Кийинишингиз ҳам ғалати, қандайдир урфдан қолган кўйлакларни сотиб оласиз. Сиз ўзингизни тартибга солиб олишингиз керак. Аввал ўзингизга қараб, кейин бизникига келинг. Мен бу гапларни сизнинг фойдангизни кўзлаб айтяпман. Бу туришда чиндан ҳам жуда ёмон кўриняпсиз. Сиздан поезднинг ҳиди келади”.

Она қизининг уйида деворга илинган чиройли кўзгуга қаради. Кетаётиб ўйлади: “Дарҳақиқат қизи тўғри айтяпти. Ташқи қиёфаси мактабда айтишганидай “икки” баҳога лойиқ. Юзлари ҳам касалларникига ўхшайди, икки юзи қизарган, оғзи атрофида ажинлар пайдо бўлган. Чиндан ҳам ҳунукман”. Аёл кўчага чиқар экан, томоғига нимадир тиқилгандек бўлди.  Сўнг юзларидан кўз ёшлари тўкила бошлади. Қизи тўғри айтяпти, анчадан бери ўзига қарамай қўйган…

Она ўзининг кичик кулбасига келди. Уйни унинг “студияси” дейиш мумкин. Ўриндиққа оғир чўкди. Шу алфозда анча ўтириб қолди. Уриниб қолган қўл телефонида сақлаб қўйилган суратларга бир-бир кўз югуртирди. Мана қизчаси, мана унинг ўқувчилик пайтлари, бу эса университетни тамомлагандаги расми. У беҳад бахтиёр, кулиб тушган. Мана унинг тўйи, бу эса унинг невараси, ўз каравотчасида эркаланиб ётибди. Унинг бор ҳаёти мана шулардан иборат.

Умуман ҳаммаси яхши. Бу ерда тушунмайдиган ҳеч гап йўқ. Келмасликни сўрашган экан, демак ўзи айбдор. У жуда семиз ва ҳунук. Аммо бу унчалик қўрқинчли нарса эмаску, тўғрими? Асосийси у ўз ролини ўйнаб бўлди. Энди муҳими уларга ҳалал бермаслик, бахтига тўғаноқ бўлмаслик. Агар уларга керак бўлиб қолса, ҳар доимгидек ўзлари қўнғироқ қилиб чақиришади. Ва яна ҳаммаси яхши бўлади. Ҳаммаси жуда оддий.

Аммо бу билан ҳаммаси тугади дегани эмас. Негаки бу аёл шунчаки абгор ва заиф бўлиб қолмаган. У қизини ёлғиз ўзи оёққа турғазди, ўқитди, шунинг ўзи нимагадир арзимайдими? Проводник бўлиб ишлаш ҳам енгилгина иш эмас. Бироқ у бу ишни бажарди. Ўзи етимликда катта бўлган, шундай бўлсада ҳеч қачон ношукурлик қилмаган – бу унга хос характер бўлса керак. Шунчаки у жуда меҳрибон ва кўникувчан эди.

Энди бу она ўзи спортзалга қатнай бошлади. Зарарли егуликларни истеъмол қилишдан ўзини чеклади. Умуман стресс ва хўрлик аламидан ҳеч нарса емай қўйди. Сочларини эса – уларни нимаям қиларди. Шунчаки чиройли қилиб кесдирди ва бўяб юрадиган бўлди. Косметологлар унинг ажинларини текислаб қўйишди. Юзидаги чизиқлар унчалик ҳам кўп эмас экан. Тўғри пардоз қилинса ажинлар ҳам сезилмай кетаркан. Ўзига чиройли кийимлар сотиб олди – бунга ҳам кўп маблағ кетмади. Кейин эса бошқа поездга ишга ўтди. У ерда Благовешенск шаҳридан бўлган эркак билан танишиб қолди.  Ўзидай ҳокисор ҳамроҳ топди. Улар қийинчиликда ва шодон кунларда бирга бўлишга қарор қилишди. Сўнг ишдан бўшаб ўз “тақдири” билан юрт ошиб кетди. Яшаб кўрса, ажойиб шаҳар. Асосийси бу воқеалар кўз очиб-юмгунча жуда тез содир бўлди – бор йўғи бир ярим ой ичида…

Ва ниҳоят қизи қўнғироқ қилиб қолди. Ундан болага қараб туришни сўради. Чунки улар топган энага бўшаб кетганди. Эри эса қайлардадир саёқ юрадиган бўлиб қолган. Қайнона ва қайнотаси тез орада ўз характерини кўрсатиб қўйишди, кунда-кунора уйда жанжал кўтариб, уйни улар олиб берганини миннат қила бошлашганди.

Она тўғрисини айтди: “Боролмайман, ҳозир Узоқ Шарқдаман, аммо қачондир сизларни кўришга бораман”, деди. Имконият топилиши билан боришини айтди. “Ёки ўзларинг келинглар, мен доим сизларни кўришдан мамнунман. Ҳеч қачон ҳайдаб солмайман”, деди.

Қизи онасини йўқлаб бормади. Ҳозирда эри билан ажрашган, унинг бойвачча ота-онаси билан уйни бўлишиш мақсадида судлашиб юрибди.  Энди у ҳам баъзида ўзининг чиройли телефонидаги эски суратларга термулади. Онаси эса Амур дарёси қирғоқларида тушган селфиларини унга йўллаб туради. Энди унинг кўриниши яхши. Албатта ҳозир ҳеч ким у билан чиройли давраларда бирга бўлишдан ор қилмайди. Лекин ҳозир улар бир-биридан жуда узоқда. Балки ҳали яна ҳаёт учраштирар…

Анна КИРЬЯНОВА

Манзура БЕКЖОНОВА таржимаси

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: