Бу йил фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини кенг нишонлаймиз. Урушда қатнашган фахрийларимиз ҳам бармоқ билан санарли қолди. Ахир ғалаба қозонган йили туғилган болаларинг ўзи бугун 76 ёшли мўйсафид чолларга айланишган. Аммо қирқ йил қирон келсада ажали етган ўлади деган гап тўғри.
Хивалик Самандар ота Худойберганов бу йил 102 баҳорни қаршилади. У ўша машъум уруш қатнашчиси. Пиру бадавлат отахон. Самандар ота 1919 йилнинг 15 январида Хиванинг Саёт қишлоғида таваллуд топган.
Отахон 1939 йилнинг декабрида ҳарбий армия сафига чақирилади. Дастлабки ҳарбий тайёргарликни Кримнинг Феодесия шаҳрида ўтказган. Самандар отанинг ёзуви чиройли эканлигини кўрган старшина Козлов уни ҳисоб-китоб ишига ўтказади. Чунки С.Худойберганов 12 ёшидан хат-саводи яхши бўлганлиги сабабли «Қизил милиса» колхозида табелчилик қилган эди. Отахоннинг ёнида шу пайтда ҳамқишлоқ дўсти Рўзмат Хўжаев ҳам бўлган, лекин уни 6 ойдан кейин бошқа ҳарбий қисмларга бўлиб юборганлар.
Уруш бошланган куни отахон Бессарабияда эди. Ҳеч қандай тайёргарликсиз бўлган Совет қўшини кўп талофатлар кўрганини ва немислар Москва шаҳри атрофигача етиб келганини эслайди. Самандар ота Украинани немис фашистларидан озод қилишдаги жангларда фаол иштирок этади. Шунинг учун Украина давлати уни «Ғалабанинг 50 йиллиги» медали билан тақдирлаган.
Самандар ота урушда бир ўлиб, бир тирилган инсон. Урушнинг ўша маъшум кунларининг бирида ундан «қора хат» келади. Отаси Хударган ота ва онаси Ширин момо бағри гирён бўлиб, ўғлининг маъракаларини ўтказишади.
–Кампир қўй энди йиғингни, урушда ўлган бир сенинг болангмиди. Эл билан келган тўй бу , –деб аёлини юпатади Хударган ота.
Самандар эса 1945 йилнинг август ойида орадан олти йил ўтиб уйига ғалаба билан қайтиб келади. Афсус унга онасини кўриш насиб этмади. Бу вақтда Ширин момо бу фоний дунёни тарк этган эди.
Урушдан кейин С.Худойберганов 1946 йилдан бошлаб колхозда бош ҳисобчи ёрдамчиси бўлиб ишга киради ва нафақага чиққунича шу соҳада ишлайди. 1947 йилда турмуш қуради. У турмуш ўртоғи Анабиби она билан 11 нафар фарзандни вояга етказган. Ҳозирда самандар отанинг фарзандларидан етти нафари ҳаёт.
Самандар Худойберганов 1964-70 йилларда Тошкент Қишлоқ хўжалик институтини сиртдан тугатаган. Ўзининг кўп йиллик меҳнат фаолиятини халқ хўжалигини ривожлантиришга бағишлаган.
Бугун отахон 102 ёшида, фарзандлари невараю-чеваралари ардоғида, бу кунларга етказганига шукроналик келтириб яшаб келмоқда. Унинг кўксини турли даврларда олган орден ва медаллари безаб турибди.
Болтабой МАТҚУРБОНОВ, журналист