Биз бобомни «Ота» деймиз. Қизимга эса “Оқ ота» бўлади. Қишлоқда соч-соқоли оқ нуроний отахонларни «Оқота» деб чақиришади. Отам Ортиқҳожи Асқаров 1925 йили Андижон вилояти, Избоскан тумани, Тўрткўл қишлоғида туғилганлар. Фуқаролик паспортида 15 январь санасида туғилганлиги ёзилган. Лекин бобом онаси Хожар энамнинг айтиб кетишларича, қовун пишиғида туғилган эканлар.
Бобом ўша шафқатсиз урушнинг даҳшатли жангларида иштирок этган. У 1945 йилнинг февраль ойида урушга кетиб, немислар армиясига қарши кураш олиб борган, авиация қўшинларида хизмат қилди.
Уруш тугаганидан сўнг етти йил давомида ўз хизматини давом эттириб, ҳарбий ҳаёт ўчоқларида тобланади. Бобом ҳарбий хизмат йилларида Хитой ва Япония давлатларида ҳам бўлганлиги ҳақида дадамдан эшитгандим. Уруш ҳақида отам сираям гапирган эмас.
Мен, бобомнинг маҳмадона набираси эмасманми, бир-икки маротаба саволга тутганимни эслайман: “Ота, урушда бўлганмисиз?” “Ота, фашистлар ёмон одамлар экана?!” бу саволларимга жавоб бўлмасди. “Ота, Сиз ҳам одам ўлдирганмисиз?!”… Шу саволимни эшитиши билан отамнинг кўзларида қандайдир ғазабнок хотиралар учқунлаган бўлардию, менга қараб, “Хайт, сеними…” деб, ҳассасини дўқиллатиб қўярдилар.
Йиллар ўтди. Мен улғайдим. Касбли бўлдим. Қоғозларга нималардир тушира оладиган бўлиб қолдим. Лекин Отам аввалгидек ҳасса билан юролмасди. Менга дўқ қилолмасди. Уруш заҳматини тотган инсоним, беш ўғилдан учтасини ерга кўмишга улгурган бағриқон бобожоним юз ёшни қаршилай бошлаган бир паллада қон босими бир кўтарилдию, хотирасидан айрилди.
Ана шундай кунларнинг бирида Отам мени танидими ёки йўқ ёнига чақирдиларда, бир нималар демоқчи бўлдилар. Тушундим. Отам уруш ҳақида гапирарди. Сўзлари чалкаш, гапларидан шуларни англадим: “Еттита немисни ўлдирдим. Лекин улар ҳам айбдор эмас. Барчамиз Ватан учун курашдик…»
Отам хотирасидан айрилган бўлсаларда, миясида уруш хотиралари кино тасмасидек айланаётганин тушуниш мумкин эди. Балки чиндан ҳам у урушда одам ўлдиргандир, бунинг учун виждони қийналаётгандир. Қўлида милтиқ тутиб, урушда қон кечишдан даҳшатли хотира бўлмаса керак.
Ватан озодлиги йўлида курашган Отам сингари қанчадан-қанча юртдошларимиз урушда иштирок этишди. Кимлар қайтиб келди, кимлар эса йўқ. Отамнинг акаси ҳам урушда бедарак кетган экан. Биз, укам ва сингилларим тинчлик ва ҳурлик замонасида улғайдик. Отамнинг гавдаси мункиллаб қолган, гарданида эса тинчлик йўлидаги жанглардан ёд бўлиб қолган қанча оғир кечмишлар борлигини йиллар ўтиб англаб боряпман. Бунинг учун Сизга раҳмат, менинг меҳрибоним, довюрак бобожоним!!!
Шоҳиста ОРТИҚОВА, уруш қатнашчиси Ортиқхожи АСҚАРОВнинг невараси.