Узоқ йиллар олдин Москва атрофидаги шаҳарчада бир қария яшарди. У темирчилик устахонасида устанинг ёрдамчиси бўлиб, кучи камлигидан гоҳ сув, гоҳ қум ва кўмир ташиб келар, гоҳ мўйна билан оловни шамоллатиш, тақа қоқишда отни ушлаб туриш каби енгилроқ ишларни бажарарди. Унинг исми Ефим бўлиб, ҳамма уни Юшка деб чақирарди. Бу одамнинг бўйи паст, озғин, ажинли юзида соқол-мўйлов ўрнига сийрак оқ толалар ўсган, кўзлари эса кўзи ожиз кишиники каби оқариб, ёшланиб турарди.
Юшкага устахона хўжайини уйидан бошпана берганди. Қилаётган меҳнати учун уни нон, шўрва, бўтқа билан боқарди. Мева ширинлик ва кийим-бошни ўз маошига (7 сўм 68 тийин) сотиб олиши керак эди. Бироқ Юшка ширинлик ва мева емас, фақат сув ичар, ёзу-қиш битта кийимда юрарди. Совуқ тушганда эса эгнига отасидан қолган жулдур камзулни, оёғига эски пиймасини кийиб оларди.
Юшканинг тонгда ишга кетаётганини кўрган кампирлар: “Ана, Юшка ишга отланди, турларинг сенлар ҳам!” – деб ёшларни уйқудан уйғотишарди. Кечқурун эса у ўз ётоғига қайтганда: “Ана, Юшка ҳам уйига қайтди. Кечки овқат вақти бўлди”, – дейишарди.
Болалар бўлса уни кўчада кўз очиргани қўйишмасди. Ердан тош ва чўпларни олиб отишар, “Юшка, Юшка” дея мазаҳ қилишарди. Чол уларга жавоб бермас, хафа ҳам бўлмасди. Юзига тегаётган тош ва тупроққа эътибор қилмай, жимгина қадам босарди. Болалар нега бошқа катталар каби унинг жаҳли чиқмаслигидан ҳайрон бўлишар, шу боис атайлаб уни итариб, ҳақоратлаб, жиғига тегишга ҳаракат қилишарди. Аммо Юшка уларга бир оғиз ҳам қаттиқ гапирмасди. Ҳатто болалар йўлини тўсиб, жонини оғритганларида ҳам:
-Менинг азиз кичкинтойларим, нега сизлар менга кўп ёпишасиз? Мени шунчалик яхши кўрасизми? Тўхтанг, тегманг, кўзимга тупроқ кирди, ахир сизни кўролмаяпман! — дерди.
Болалар эса унга қулоқ солишмас, ҳеч қачон жаҳли чиқмайдиган Юшкани хоҳлаганча камситиш уларга қувонч бағишларди.
Оилаларда ота-оналар агар болалари ёмон ўқишса, Юшка каби нотавон бўлишларини айтиб, панду насиҳат қилардилар.
Айрим катталар ҳам ичкиликбоз кимсаларга қўшилиб Юшкани хафа қилишарди:
— Хой сен ювиқсиз, телба! Нега бу ерда юрибсан?
Юшка уларга мунгли нигоҳини қадар аммо индамасди.
–Нима, бизга айтишга бирон гапинг йўқми?! Гапир!!! Ичингда нима сиринг бор?! Айтмайсанми?!” – Шундай дея уни уриб, силташарди. Шу тариқа ўз кўнгилсизликлари учун Юшкадан аламини олишарди.
Калтак еганда у узоқ вақт чанг кўчада бошини ушлаб ётар, шу ётганча қанча ётганини ҳам билмас, ўзига келгач яна тентираб уйига ошиқар ёки устанинг қизи келиб, бир амаллаб уни олиб кетарди.
–Бу кунингдан ўлганинг яхши эди, – дерди хўжайиннинг қизи. — Ўзи нима учун яшаяпсан?!
Юшка унга ҳайрон бўлиб боқар, ахир яшаш учун туғилганку, нега ўлиши кераклигини тушунмасди.
–Мени ота-онам дунёга келтирган. Бу уларнинг қарори эди… Мен ўлсам отангга ким кўмаклашади?..
— Сенинг ўрнингга бошқа ёрдамчи топилади.
— Йўқ, Дашажон, мени одамлар яхши кўради!
Даша унинг бу гапига қотиб куларди.
-Кўрмаяпсанми, бугун юзларинг қонга беланди. Ўтган ҳафта қулоғингни кесиб кетишганди. Сен бўлсанг “одамлар мени яхши кўради” дейсан!..
— Улар аслида мени яхши кўришларини билишмайди. Айрим одамларнинг қалб кўзи кўр бўлади.
— Қалблари кўр бўлса ҳам кўзлари очиқку! — дерди Даша.
— Тўғри, улар мени кўчада юришимни хоҳламайдилар…
— Эҳ сен, Юшка, Юшка! — дерди хўрсиниб Даша. — Отамнинг айтишича, шундай бўлганинг билан сен унча қари эмассан…
— Қанақасига қари бўлай?.. Болаликдан ўпкам хаста… шунинг учун шундай кўринаман.
Касаллиги туфайли Юшка ҳар йили ёзда бир ой ишдан рухсат олиб, қаергадир кетиб қоларди. Пою пиёда йўл босар, узоқ қишлоқда қариндошлари борлигини айтарди. Кимгадир қишлоқда бева синглиси борлигини, бошқа бировга эса жияни борлигини айтган экан. Баъзилар қишлоқда унинг ўзидек ҳеч кимга кераксиз хаста қизи борлигини гапирарди.
Хуллас ҳар йили июль ёки август ойида Юшка тугунига бир бўлак нонни солиб, эски камзулини эгнига “илдириб”, шаҳардан чиқиб кетарди.
Йўлда ўтлоқлар ва ўрмонлардан ўтаркан, соф ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оларди, бу хаста ўпкасига мадор бўлар, кимсасиз ерларда кезиб, ўз дардини унутарди.
У дарахтлар танасини авайлаб силар, ерга эгилиб, гуллардан бўса олар эди. Ўлиб ётган қўнғизлар ва капалакларни кўриб қолса, ўз яқинидан ажраб қолган каби узоқ вақт уларга термулиб ўтирарди. Осмонда чуғурлаётган шўх қушларни, хуштак чалаётган чигирткалар ва меҳнаткаш чумолиларни кўрса, кўнгли ёришар, қуёш нури ва беғубор ҳаводан мириқиб баҳра оларди. Шу асно хасталикдан соғайиб, янада бардам ва тетик қадам ташлай бошларди.
Бир ойдан сўнг яна шаҳарчада пайдо бўлиб қолар, одатдагидек темирчи устахонасида тонгдан-кечгача меҳнат қиларди. Бу ердаги одамлар ва болалар эса уни камситиб, ҳақоратлашда давом этардилар.
Юшка бор йўғи 40 ёшга тўлганди. Аммо азиятли хасталик уни вақтидан аввал қаритган эди. Шундай бўлса-да ҳар йили ёз келиши билан топган пулини олиб, тўрва-халтасини бўйнига илиб, яна номаълум манзилга равона бўларди.
У йилдан-йилга заифлашиб бораётганди.
Бу йил ёз келса ҳам ҳеч қаерга кетмади. Бир кун кечки пайт хўжайиннинг уйига кетаётганида бир сархуш йўловчи унинг йўлини тўсди.
–Худонинг балоси, бадбашара маҳлуқ, нега бизнинг соф еримизни булғатяпсан?! Агар ўлсанг, бизга яхшироқ бўлармиди… Аммо зерикиб қолишимиз ҳам мумкин…
Кутилмаганда Юшканинг жаҳли чиқди. Ҳаётида биринчи марта гап қайтарди:
— Нима, мен сизларга ҳалақит беряпманми?!.. Мени ҳам ота-онам дунёга келтирган, қонуний туғилганман. Сен каби табиатнинг бир бўлагиман… Нимага ўлишим керак?!
Йўловчининг жаҳли чиқди:
— Сени қараю! Тилинг чиқиб қолибдими?! Менга ўзингни тенглаштиришга қандай журъат этдинг, бадбашара?!
–Сенга ўзимни тенглаштирмаяпман, — деди Юшка, — лекин ҳақ сўзни айтганда биз ҳаммамиз тенгмиз…
— Сен менга ақл ўргатма! — бақирди йўловчи. — Сендан ақллироқман! Тилинг чиқдими ҳали? Мен сенинг ақлингни киргизиб қўяман!
Фиғони фалакка чиққан кимса Юшкани куч билан кўкрагидан туртиб юборди.
— Дамингни ол, — деди у йиқилиб тушган қарияга ва бемалол уйига кетди.
Юшка узоқ ётди. Бир пайт ён томонга ағдарилди ва бошқа қимирламади.
Шу ердан ўтган дурадгор уни кўриб қолди. Унинг исмини айтиб чақирди, сўнг кўтариб чалқанча ётқизди. Қоронғида қапиянинг очиқ кўзлари ва лабларида қотган қон кўзга ташланди.
— Ўлиб қолибдику, — хўрсинди дурадгор. — Алвидо, Юшка, биз гуноҳкорларни кечир. Одамлар сени тамом қилишди…
Устахона хўжайини мурдани кўмишга тайёргарлик кўрди. Унинг қизи ўз қўллари билан Юшканинг жонсиз танасини ювди.
Уни сўнгги манзилга кузатиш учун жуда кўп одамлар келди. Тириклигида хўрлаганлар ҳам келишди… Шу тариқа Юшкани дафн этишди ва унутишди.
Аммо у ўлгандан сўнг ҳам одамларнинг ҳаёти енгиллашмади, баттар қийинлашди. Улар энди бир-бирига заҳрини сочишар, ўзаро жанжаллар ҳеч тўхтамасди.
Юшкани одамлар кузда яна эсга олишди. Кунларнинг бирида устахонага ёшгина бир қиз келиб, уни сўради.
–Ефим Дмитриевични қандай топсам бўлади?— деди у.
–Қандай Ефим Дмитриевич? — ҳайрон бўлди уста. — Бизда ундай одам ишламайди.
Шу гапдан кейин ҳам қиз кетмай, жим кутиб тураверди. Уста унга синчиклаб разм солди. Озғин, паканагина қизнинг нозик юзига, ёш тўла кўзларига тикилди. Меҳмонга ким кераклигини фаҳмлади:
— Юшка эмасми сенинг излаганинг? Унинг паспортида Дмитриевич деб ёзилган эди…
— Юшка, — шивирлади қиз. — Тўғри. У ўзини шундай деб атарди.
Уста бир пас жим қолди.
— Сиз кими бўласиз? Қариндошимисиз?
— Мен унга ҳеч ким эмасман. Ота-онам йўқ, етим эдим. Ефим Дмитриевич мени асраб олиб, Москва шаҳридаги бир хонадонга жойлаштирди. Кейин ётоқхонаси бор мактабга берди… Сўнг улғайдим, ўқишга кирдим. Ҳар йили у мени кўришга келиб, ўқиш ва яшаш пулларимни тўлаб кетарди. Ҳозирда мен университетни тамомладим. Ефим Дмитриевич бу йил ёзда келмаганига уни кўришга ўзим келдим. У сизнинг қўлингизда 25 йил ишлаганини айтганди…
— Ҳа, чорак аср бирга яшадик, бирга қаридик, — деди уста.
Сўнг устахонани қулфлаб, қизни қабристонга бошлади. Қиз ўзи емай-ичмай, бор будини унга сарфлаган инсоннинг қабри пойида чўкка тушиб узоқ йиғлади.
Қиз Юшка қандай касаллик билан оғриганини биларди, шу сабабдан тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирди. Ўқишни тамомлаб, дунёда ҳаммадан ҳам кўпроқ севган инсонини даволаш учун келганди. Аммо улгуролмади…
Шу кундан эътиборан шифокор қиз шаҳарчада яшаб қолди. У уйма-уй юриб, силга чалинган беморларни даволади ва ҳеч қачон ўз хизмати учун ҳақ олмади. Уни шаҳарчада ҳамма танир, меҳрибон Юшканинг қизи сифатида севиб, ҳурмат қилишарди.
Андрей ПЛАТОНОВ
Рус тилидан Манзура БЕКЖОНОВА таржимаси.