Унда ОКМКда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига эътибор қаратилди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати юртимизда йирик корхоналаридан бири ҳисобланади. Комбинат бугунги кунда мис-молибден, рух-қўрғошин, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича дунёда 30та энг йирик корхоналар сафидан жой олган. Комбинат бугунги кунда очиқ ва ер ости конлари, маъдан бойитиш ва олтин саралаш фабрикалари, металлургия ва цемент заводларига ҳамда йирик техникаларига эга ривожланган саноат мажмуасига айланган.
Пресс-тур иштирокчилари Комбинатнинг кўп йиллик тарихидан ҳикоя қилувчи музей экспонатлари билан танишишди. Сўнг технологик ишлаб чиқариш занжирининг бошланғич нуқтаси бўлган Қалмоққир карьерига боришди.
Умида ҚАРШИБОЕВА, Олмалиқ кон-металлургия комбинати АЖ Ахборот хизмати раҳбари:
– Қалмоққир карьерининг қурилиши 1954 йилда бошланган, 1959 йил 1 июлда эса кондан илк маротаба маъдан юкланган ва шу кунгача белгиланган кўрсаткичлар бажариб келинмоқда. Ҳозирги вақтда карьернинг узунлиги — 4000 метр, кенглиги — 2000 метрни ташкил қилади.
2020 йилда Қалмоққир конидан 28 920 000 м3 руда қазиб олинган бўлса, 2021 йилнинг шу даврига келиб ушбу кўрсаткич 1 472 000 м3 га етказилди. Режада эса 30 392 000 м3 қилиб белгиланган.
Мутахассислар ОКМКда амалиётга жорий этилаётган инвестициявий лойиҳалар ҳақида кенг маълумот беришди.
Хусусан ҳозирда Президентнинг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ “Ёшлик I” конини ўзлаштириш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шунингдек, “Олмалиқ КМК” АЖ конлари негизида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 26 майдаги қарорга мувофиқ лойиҳанинг биринчи босқичида 2021-2025 йилларда 290 минг тонна мис, 38 тонна олтин ва 203 тонна кумуш ишлаб чиқарилади. 2024-2028 йилларда эса лойиҳанинг иккинчи босқичида 400 минг тонна мис катоди, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқарилади.
Кон ишларида заҳиралар ҳолатини баҳолаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Буюк Британиянинг “SRK Consulting” компанияси ёрдамида “Олмалиқ КМК” АЖ минерал ресурслар хомашё базасини кенгайтириш ва захираларни қайта баҳолашга қаратилган лойиҳа жорий қилинди.
Айни кунда Олмалиқ лойиҳаси (Қалмоққир ва Ёшлик I) дунёда олтин миқдори бўйича 1- ўрин, руда таркибидаги олтин бўйича 2-ўрин, руда ҳажми бўйича 3-ўрин (19,5млрд тонна) маъдандаги мис миқдори бўйича 6 – ўринни эгалламоқда.
Шунингдек Олмалиқ кон-металлургия комбинати тармоғидаги «Қалмоққир» ва «Ёшлик» конларини бирлаштириб, яна бир йирик кон ишлаб-чиқариш кластерини ташкил қилиш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа доирасида минглаб маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминланади. Бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақда навбатдаги мақолаларимизда маълумот берамиз.
Манзура БЕКЖОНОВА, Олмалиқ-Тошкент.