Хизматчилик (Фельетон)

Душанба кунида кун бўйи давом этган семинар, сешанбада сектордаги қабул жараёни, чоршанбада ўзларига бириктирилган маҳаллада уйма-уй юриш, пайшанбада эса “Энг фаол ободонлаштирувчи” кўрик-танловининг туман босқичида ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлиш… Қисқаси Янгибоев бугун – жума куни илк бор бошлиқ қилиб тайинлашган идора эшигидан ҳатлади. Уни ҳовлида кутиб олган, қабулхонагача эргашиб келган ходимлар билан бош чайқаб саломлашди, табрикларга “Раҳмат! Раҳмат!” дегандай бўлди…

Сўнг кенг-мўлгина хонага кирди. Атрофида гирдикапалак бўлган, эшик тутқичларига қўл урдирмаган ўрта яшар котибанинг саволли нигоҳларига қарамасдан буйруқ берди:

-Бош ҳисобчи ҳузуримга кирсин!

Бош ҳисобчи, яъни ўрта яшар, қора гардишли кўзойнак таққан киши рухсат сўраб киргач, Янгибоев имо билан кўрсатган стулга ўтирди ва қўлтиғидаги қалин хатжилдни олдига қўйди.

Янгибоев табиатга мос оҳангда паст овозда гап бошлади:

-Биласиз, беш кун олдин бошқармага чақириб, шу идорага бормасангиз бўлмайди, иқтисоди ночор, ишчилар бўшаб кетишяти, деб қўярда-қўймай мени раҳбарликка тайинлашди. Тўрт кундан буён семинар, сайёр қабуллар билан бўлиб, идорага ўтолмадим. Энди…

Бош ҳисобчи кўзойнаги тагидан қараганча, бош чайқаб ўтирар, янги бошлиқнинг муддаосини кутарди.

Янгибоев томоғини қириб, гапида давом этди:

-Бу идоранинг паст-у баландини сиз яхши биласиз. Ҳозирги иқтисодий аҳволи қай ҳолатдалигини билай деб сизни чақиртирдим.

Шу пайт котиба эшикдан бош суқди. Янгибоев овозини баландлатди:

-Нима гап?

Котиба қўлидаги қоғозларни кўрсатди.

-Булар нима?

-Тўрт киши ишдан бўшаш ҳақидаги аризасига қўл қўйдириш учун ҳар куни шу ердалар. Шуларга…

Котиба аризаларни столга қўйди.

-Хўш,  айтингчи, олди-берди қарзларимиз қанча?

Бош ҳисобчи олдидаги хатжилдни очиб, ичидан икки варақ қоғозни ажратди ва бошлиққа қаради:

-Қайсисидан бошлай?

-Оладиган пулларимиздан бошланг!

Бош ҳисобчи  ярмиям тўлмаган варақни кўзига яқинроқ келтирди, содда-содда ўқиди:

-“БСТ” МЧЖдан қирқ икки миллион оладиган пулимиз бор эди. Олти ой қатнаб, натижа чиқмагач, судга бердик. Мана суд қарори.

-Пул ундими?

-Ҳисобида сариқ чақаям йўқ экан. Суд қарзни мулкига қаратди. МЧЖ раҳбари идорасининг икки хонасини бермоқчи эди, рози бўлмадик.  Экскаваторини оламиз дедик. Улар экскваторни қирқ саккиз миллион сўмга баҳолатган экан…

-…

-Эски русумдаги матоҳ эмасми, ҳеч бир талабгор чиқмади. Иложсиз эксковаторни темир-терсакка топширдик. 34 тонна чиқди, ҳар килограммига бир минг уч юз сўмдан оладиган бўлдик.

-Пул олиндими?

-Йўқ ҳали. Кейинги ойда берамиз дейишяпти.

-Ҳмм. Яна?

Бош ҳисобчи қоғозни олдига ташлади:

-Деҳқон бозоридан уч юз эллик минг сўм, маданият бўлимидан икки юз олти минг саккиз юз беш сўм…Шу оладиганларимиз.

Янгибоев чўнтагидан дастрўмол олиб, пешанасини артди.

-Биз беришимиз керак бўлган қарзларга келсак…

Бош ҳисобчининг сўзи чала қолди, эшик очилиб, кетма-кет икки киши кириб келишди. Ёши улуғроғи эса салом-алик йўқ, тўсатдан қўлини пахса қилиб гап бошлади:

-Тўрт ойдан бери қатнайман. Сиз янгисиз, манов ҳисобчи яхши билади. Аёлимни даволатиш учун пойтахтга олиб боришим керак. Буларнинг топган гапи: “Пул йўқ, “пул йўқ”!” Пул қачон бўлади ўзи? Қонуний ҳақимни қачон оламан?

Янгибоев яна дастрўмолини излади…

-Шунақа аҳвол. Ваъда бериб, зўрға қутулдингиз. Мен тўрт ойки идорага келишдан қўрқаман, дарвоза олдидаёқ ёқамдан олишади. Ишчиларга тўрт ойки маош берилмади. Ишлаб чиқаришдан тушган пулни солиқ идораси инкасса орқали қирқиб олаяпти.

-Солиқдан қанча қарз қолган?

Бош ҳисобчи узундан-узун рўйхат қоғозини кўзига яқинроқ келтирди:

-22 миллион 543 минг сўм қарзимиз қолган. Ой охиригача ҳисоблашмасак, судга беришмоқчи. Суд бу миқдор устига пеня қўйса… хўш ҳар кунига 0.4 фоиздан…

Янгибоев дастрўмолини ғижимлади.

Рўйхатнинг охири кўринмасди:

-Яна электр идорасидан 16 миллион 876 минг, цемент заводидан 12 миллион, ғишт заводидан 23… йўқ, кечаям қарзга олибмиз, демак, 27 миллиондан зиёдроқ, нефть базасидан 35 миллион 987 минг қарзимиз бор. Ишчиларга берилмаган маошлар, яна бўшаб кетган етти киши билан ҳисоб-китоб қилинадиган пулларни айтсам… Мана кеча яна бир марта ҳисоблагандим -86 миллион 210 минг сўм. Умумий айтганда…

Янгибоев қўл силтади:

-Етади!

Бош ҳисобчи айбдордек бўйнини эгди. Хонада пашша учса билинарди.

Сукутни Янгибоевнинг телефони қўнғироғи бузди. У рақамларга кўз ташлади, сергак тортди:

-Иккинчи сектор раҳбари қўнғироқ қилаяпти! Нима, ишимизда жиноят аломатлари борми?

Бош ҳисобчи елка қисди.

-Эшитаман! Раҳмат! Шу идорада ҳисоб-китоблар билан. Қачон? Майли, ҳозир бораман.

Янгибоев телефонини ён чўнтагига соларкан, ҳалиям бош эгиб ўтирган бош ҳисобчига кўз ташлаб қўйди.

Ҳали эшигидан кирмасдан одамни ваҳима босадиган идорада суҳбат қисқа бўлди.

-Янги иш бошладингиз. Катта идора – имконларингиз ҳам шунга яраша. Туманда эмас, вилоятда энг йирик қурилиш ташкилоти  бўлгандан кейин…

-Раҳмат, раҳмат!

-Сизга бир кичик хизмат бор эди?..

-Айтинг, хизмат бўлса тайёрмиз!

-Юқоридан текшириш учун уч нафар ходим келаяпти. Тумандаги барча идораларни кўради, “олгидор-бергидор” қарзлар масаласи. Бу масалада сизнинг идора аҳволи… ўзингизга маълум бўлса керак? Сал ковлаштиришса… у ёғини биласиз. Шунинг учун янги раҳбарлигингиз инобатга олиниб, сизга “имтиёз” бераяпмиз. Бу имтиёз учун кичкина хизмат қилишингиз керак!

Шу эгизак сўзларни эшитганида Янгибоевнинг пешанасини тер қоплади. Аксига боя шошганидан дастрўмолини хонасида қолдириб келибди…

Сочларини текис тараган кабинет эгаси Янгибоев олдига бир парча қоғозни ташлади:

-Мана шу хизмат! Кечқурунгача етказишингиз керак!

Янгибоев қоғозга қарашдан қўрқди, чўнтагига солаётиб: “Албатта, ҳаракат қиламиз!” дея олди, холос.

“Уч кишининг етти кун меҳмонхонада яшаши ҳақи — 6.5 миллион сўм;

Самолётга чипта пули (келиш ва кетиш учун) -3.8 миллион сўм;

Тушлик ва кечқурунги овқатланишлари учун –3-2 миллион сўм”;

Янгибоев хонасига кирди-ю таъминот бўлими бошлиғини чақирди.

Узун бўйли, сариқ костюм кийган киши кирганида Янгибоев ҳалиям олдидаги парча қоғозга қараганча ўтирарди.

-Келинг! Мановини ҳозир беришди.

У шундай деб икки бармоғини елкасига қўйиб кўрсатди.

-Шу хизматини қилмасак…Омборда қанча цемент бор?

Найнов иягини сал кўтарганча, ичида ҳисоб-китоб қилган бўлди, кейин тилга кирди:

-Олдиндан ўн етти тонна қолдиқ бор эди, кеча яна олдик.

-Ҳозир бир тоннаси қанчадан кетади?

Найнов яна бир фурсат жим қолди.

Янгибоев дастрўмолини беихтиёр ғижимлай бошлади.

-Уй-жой қураман деганлар кўп ҳозир. Кечаям бириси ўн беш тонна сўраб юрувди. Тоннаси… келишилса… саккиз юз эллик-тўққиз юз мингдан кетади.

Янгибоев сал енгил тортди, қўлидаги қоғозни найновга узатди:

-Пешингача ўн беш тоннага харидор топиб… пулини ўшаларга етказишимиз керак! Тушундингизми?

Найнов қўлини кўксига қўйди.

Янгибоев ташқаридаги шовқин сабабини билгиси келиб, котибани ёнига  чақирди:

-Ташқарида нима шовқин?! Тинчгина ишлашга ҳам қўйишмайди.

Котиба бидирлаб гапирди:

-Тўртинчи бўлимдаги ишчилар келишибди, маошларини сўраб…

Янгибоев столни муштлади:

-Ишлаш керак, шовқин қилиш ўрнига! Айтинг, кейинги ҳафта ҳаммаси билан ҳисоблашамиз.

Чиқиб кетаётган котибани тўхтатди:

-Мени сўрашса… хизмат билан бошқармага кетганлар денг!

Котиба эшикдан чиқаётганида эсига тушиб, ортидан чақирди:

-Гузардаги дўкончадан менга иккита дастрўмол келтиринг!

У чўнтагини ковлади-ю… қўшиб қўйди:

-Пулини кейин бераман!

Рўзимбой ҲАСАН, журналист

Рассом: Ҳасан СУЛТОНОВ.

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: