«Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир», дейди доно халқимиз. Чунки ёмон гап гўё келажакка башорат бўлиб, бир кун ҳақиқатга айланиши ҳаётда кўп бор кузатилган. Ўзим ҳам бундай ҳодисанинг гувоҳи бўлганман…
Қариндошлардан бири қўшни вилоятдан келин тушираётган эди. Тўйга кетаётганимизда автобус бузилиб қолди. Тўй бошланган, қудалар хавотирланиб қўнғироқ қилишарди. Улар ярим йўлда қолганимизни билиб, бир нечта машина жўнатишди. Ҳаммамиз енгил машиналарга жойлашиб олдик. Биз тушган “Нексия” ўқдай учиб кета бошлади.
-Ҳой ука, секинроқ ҳайданг, биз жонимиздан тўйганимиз йўқ, Тўйга сал кечроқ борсак ҳам бўлади, — деди ҳайдовчининг ёнида ўтирган опамиз.
-Ҳе, опа, нимага қўрқасиз? Бир бошга бир ўлим-да, – жавоб берди ҳазиллашиб ўзини Сардор деб таништирган ўрта ёшли, гавдали ҳайдовчи йигит.
-Хуш-хурсанд тўйга кетаяпмиз, ўлим ҳақида гапирманг-э! –дея уни жеркиб берди опа.
-Э, ажалга барибир, тўйми-азами қараб ўтирмайди. Ҳаммаям бир кун ўлади-да.
Ёшлиги, куч-ғайратига ишонганиданми, Сардор ўлим ҳақида беписанд, кулиб гапирарди. Биз хавотирланиб, қанча ҳай-ҳайламайлик, у ўчакишибми ё ўзининг зўр ҳайдовчилигини кўрсатмоқчи бўлибми, тезликни ошираверди. Катта магистраль йўлдаги ҳамма машиналарни қувиб ўтди. Йўлдаги чуқурча ёки нотекис жойдан ўтганда машина силкиниб кетар, биз — орқадагилар кўтарилиб, бошимиз тепага тегиб, қайтиб тушардик. Эшик тутқичига маҳкам ёпишганча спидометрга кўз ташладим: Кўрсаткич 180-200 рақамларининг ўртасида ўйнарди.
-Секинроқ ҳайданг-э! Сиз ҳаётдан тўйган бўлсангиз ҳам ҳали бизнинг қиладиган ишларимиз кўп. Болаларимиз бор! — деб бақириб юбордим юрагим бўғзимга тиқилгандай бўлиб. Ёнимдагилар ҳам қий-чув қилиб, унга танбеҳ беришди. Лекин бу гаплар унга эшакнинг қулоғига танбур чертгандай ҳам таъсир қилмади.
“Агар шу телба ҳайдаши бўлса бир кун эмас бир кун автофалокатга учрайди. Фақат ўз жонига эмас, бошқаларнинг ҳам умрига завол бўлмаса яхши эди” деган фикр кечди кўнглимдан. Тўйхонага бирпасда етиб келиб, орқамиздан келаётганларни анчагина кутиб турдик. Шунда бизни кутиб олган мезбонларга, Сардорнинг машинани шамолдай учириб келганини айтганимизда, “Ҳа, унинг ҳайдаши шу… Сардор кўчага чиқса ҳамма йўлдан қочади” деб кулишди.
Автоҳалокатда вафот этибди…
Орадан анча вақт ўтиб, яна ўша қудаларникига бешик тўйига борганимизда у йигитнинг автофалокатда вафот этганлигини эшитдим… “Энг ёмони синглисиининг тўйи куни, базм давом этаётган вақтда, нимадир олиб келаман, деб, чиқиб кетиб, автофалокатга учрабди. Машина катта тезликда бораётганлиги учун гир айланиб, орқадан келаётган иккита машинани ҳам уриб юборибди. “Нексия”нинг ҳамма томони оғир зарб еганидан ғижимланган қоғоздай пачоқланиб, таъмирлашнинг иложи қолмабди. Энг ачинарлиси урилган машина ҳайдовчилари ва яна бир неча йўловчилар ҳам қаттиқ жароҳат олишибди.
Бу шум хабарни эшитиб, Сардорнинг ўша куни бизнинг огоҳлантиришларимизга қарамай, машинани пойгачилардай учириб ҳайдагани, ўзича ҳазил қилиб, “Э, ажалга барибир, тўйми азами қараб ўтирмайди” деб, кулгани кўз олдимга келди. Унинг беписанд айтган ўша гапи ҳақиқатга айланганди. Тўй кунида аза… (Оллоҳ ҳеч кимнинг бошига солмасин)
Унинг ўзича ўлимдан қўрқмаслиги, йўл қоидаларини назар-писанд қилмаслиги ёш жонига зомин бўлганди. Бу билан ота-она, оиласи, фарзандларига етказган ғам-кулфати-чи?..
Осмону фалакда нишонланган туғилган кун
Фикримизга икккинчи мисол: Чет элда ишлаб юрган бир йигит одатдагидай туғилган кунини оиласи, дўсту ёрлари даврасида нишонлашни, бир кун олдин уйда бўлишни режалаштириб, самолётга чипта сотиб олибди. Ўша куни дўстлари қўнғироқ қилиб, қачон қайтишини, қутлагани бормоқчиликларини айтишибди.
Йигитнинг чиптаси қўлида, ўша куни уйда бўлишига ишончи комил эди. Бироқ ўртоқлари билан ҳазиллашгиси келиб:
-Бу йил туғилган кунимни осмон-у фалакда нишонламоқчиман. Имконларинг бўлса, келинглар, — дебди.
Буни қарангки, йигит тайёрагоҳга бораётганда катта шаҳардаги машиналар тирбандлиги, (пробка)ни ҳисобга олмаган экан. У тушган «такси» машиналар тиқинида қолиб кетиб, кечикади. Самолёт Бухорога учиб кетганлигини эшитиб, тилини тишлаганча ўтириб қолади. Не-не қийинчиликлар билан зўрға эртаси куни кечқурунга чипта олади. Ҳазиллашиб айтганидай ҳақиқатда ҳам туғилган кунини осмон-у фалакда кутиб олишига тўғри келади. Шундагина у халқимизнинг “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир” деган мақолининг мағзини чақди.
«Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришта «омин» дейди»
Бир аёлнинг уч ўғли бор эди. У ўйнаб, уст-бошини кир қилиб келган ўғилларини “Бунча фалокатсанлар?! Кийимларингни ювиш жонимга тегиб кетди-ку! Ўлиб кетгурлар!” – деб койиганининг тез — тез гувоҳи бўлардим. Албатта, бу гапларни аёл аччиқ устида, маъносига эътибор бермай айтарди.
Кўпни кўрган кексалар “Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар “Омин” дейди, ҳар гапни ўйлаб гапиринглар”, деб насиҳат қилишларида ҳикмат бор экан. Уларнинг кенжа ўғли ногаҳон оғир касалликка чалинди. Энди онаизорнинг кўз ёшлари тинмасди. Қанча даволатишлари, парвариш қилишларига қарамай бола кундан-кун офтоб урган майсадай сўлиб бораверди. Эр-хотин туну-кун Яратганга илтижо қилиб, фарзандларининг дардига шифо сўрашди. Бироқ унинг дардига даво топилмади. У ўн ёшда дунёдан кўз юмди. Фарзанд доғида куйган аёл шунчалик юрак олдириб қўйдики, энди Оллоҳдан эрта-ю кеч қолган болаларининг умрини узоқ қилишини сўрар, болалари сал шамолласа ҳам дунё кўзига қоронғи кўриниб, ваҳимага тушарди.
«Яхши сўз –жон озиғи», дейди доно халқимиз. Бир оғиз ширин калом тушкунликка тушган инсонга қайта умид бағишлаши, ҳаётга қайтариши, ногаҳон айтилган ёмон сўз эса қувнаб турган кишининг дилини вайрон этиб, умрига завол бўлиши мумкин. Инсон фақат бировлар билан суҳбатлашганда эмас, ўзи ҳақида гапирганда ҳам ўйламай, ҳар хил гапни гапиравермаслиги лозим экан.
Ҳа, ёмон оғизга тош, яхши оғизга ош, деган мақолда улуғ ҳикмат бор. Шундай экан, инсонга берилган буюк неъмат – тил ва сўзга эътиборли бўлайлик. Тилга эътибор –элга эътибор, деганлари бежиз эмас. Илиқ сўз шакар, совуқ сўз заҳар эканлигини ҳамиша ёдда тутиб, ўзи ҳақида ҳам ўйлаб гапирган, атрофидагиларга хушмуомалада бўлган инсон панд емайди. Зеро ҳазрат Алишер Навоий айтганидек:
«Ямон сўзким келиб жонға урғай, ки жондин ҳам ўтиб, имонға урғай».
Маҳбуба ХОЛОВА.