“Ёшим 30да. 2 ҳафтадан бери бошимнинг орқа қисми оғрийди. Эрталабдан ҳолатим яхши-ю, аммо кейинчалик кун давомида мазам бўлмай, бошим айланади, оғрийди. Қон босимим меъёрида. Бу нимадан бўлиши мумкин?”
Тоҳир АЗИМОВ, Фарғона шаҳри
Эксперт: Гулчеҳра ОРТИҚОВА, терапевт
— Мазкур ҳолатнинг сабаблари жуда кўп. Биринчиси, иш фаолиятингиз уззуккун компьютерда ишлаш билан боғлиқ бўлса, ёки туни билан телевизор томоша қилиб чиқсангиз, марказий асаб тизими зўриқади. Бунда очиқ ҳавода сайр қилиш, ҳар соатда 15 дақиқалик танаффус қилиш керак.
Бундан ташқари, бошнинг энса қисмида оғриқ энса нервининг шамоллаши (невралгия)да, бўйин умуртқаси зарарланганида, стрессли вазиятлар таъсирида, умуртқада чурра пайдо бўлаётганида юзага келади. Шифокор-невропатолог кўригидан ўтишингизни, тегишли таҳлиллар топширишингизни тавсия қиламиз.