25 йил сургунда бўлган шоирнинг 100 йиллиги нишонланди

Ҳақ сўзни айтиб, жазога тортилган, даврнинг силсиласида, асрнинг долғали кунларида салмоқли умрини бандиликда ўтказган ёзувчилардан бири Ўзбекистон халқ шоири Шурулло Юсуповдир. Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида юбилей ёшидаги ижодкорларнинг таваллуд саналарини нишонлаш борасида кўп таклифлар бўлди. Бу сафар Шукруллода тўхталдик. Зеро, ҳаёти ва ижоди кўпам тарғиб қилинавермайдиган, устозларимизнинг Устози бўлган, ўз аъмоли ва виждонига содиқ қолган шоир ҳаётини ўрганиш, хотирлаш бурчимиздир.

Шукрулло (Шукрулло Юсупов) таниқли шоир, драматург, носир ва таржимон сифатида элга танилиб, деярли бир асрга тенг умрини адабиётга бағишлади.

У 1921 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган. Педагогика билим юрти (1935—38) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатган (1944).

Шукрулло 1951 йилда миллатчиликда ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Собиқ Иттифоқнинг жоҳилликда ном қозонган раҳбарларидан бири Сталиннинг вафотидан кейин озод этилган (1955).

Илк шеърлар тўплами — «Биринчи дафтар» (1949). Шундан кейин унинг «Қалб қўшиқлари» (1949), «Ҳаёт илҳомлари» (1959), «Умрим борича» (1960), «Инсон ва яхшилик» (1961), «Инсон — инсон учун» (1964), «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1988), «Тўкилган дардларим» (2001) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган.

Шукрулло «Чоллар» (1948), «Россия» (1956), «Икки қоя» (1964), «26 тонг отари» (1966), «Гул ва оташ» (1972), «Кўнгил чироғи» (1975), «Аср баҳси» (1985) ва бошқалар достонларини ёзган. Шукруллонинг болаларга бағишланган шеър ва эртаклари «Баҳор совғаси» (1962), «Юлдузлар» (1964) шеърий тўпламларидан ўрин олган.

«Хатарли йўл» (1962), «Табассум ўғрилари» (1964), «Тўйдан кейин томоша» (1980), «Ўғрини қароқчи урди» (1982), устоз ёзувчиларнинг ижоди тажрибалари тўғрисида баҳс юритувчи «Жавоҳирлар сандиғи» (1983) эссеси, қатағон даври даҳшатлари ҳақидаги «Кафансиз кўмилганлар» (1989) автобиографик қиссаси, «Қасосли дунё» (1994) публицистик мақолалар тўплами, Убайдулла Хўжаев тўғрисидаги «Тирик руҳлар» (1999) роман-хроникаси муаллифи.

Шукрулло Карло Гоццининг «Бахтиёр гадолар» пьесаси, Ш. Петёфи, Т.Шевченко, Қ.Қулиев ва бошқалар шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган.

Атоқли адиб Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994), «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган.

Усоз адиб 2020 йил 19 июль куни 99 ёшида вафот этди.

Қуйи Чирчиқ туманида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази тумани бўлими ҳамкорлигида ўтказилган хотира тадбирида таниқли шоир ва ёзувчилар – Зулфия Мўминова, Луқмон Бўрихон, Ханифа Зокирова, ажойиб қўшиқлар ижрочиси Шуҳрат Дарёлар иштирок этишди.

Тумандаги Ижодий-маданий фаолият тарғиботчилари, мактаб ўқитувчилари, Маданият уйининг истеъдодли санъаткорлари томонидан ташкил этилган анжуман кўтаринки руҳда ўтди. Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими қошидаги “Парвоз” адабий тўгараги аъзоси Саидакбар Жабборов томонидан намойиш этилган Шукруллонинг «Кафансиз кўмилганлар» асари асосидаги саҳна кўриниши барчага манзур бўлди. Унда муаллифнинг 25 йилга ҳукм этилиб, сургунда яшаган вақтидаги ҳаётидан лавҳалар акс эттирилган.

***
Тошкентдаги Камолон қабристонида бир қўшқабр бор. Бу ерда устоз Шукрулло аёли Мунаввархон билан қўним топган. Улкан азим чинор остидаги қабрда пойида доим гуллар қўйилган туради. Демак, адибнинг сўнгги манзилини зиёрат қилгувчиларнинг изи узилмайди. Аслида киши ҳаётининг мазмун-мундарижаси ҳам шу. Сизни доим эслагувчилар, дуо қилгувчиларнинг борлигидир.

Наргиза АСАДОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: