Она Шарқ гавҳари кўҳна Самарқанд,
Илми урфонларни улғайтирган юрт.
Миноралар каби ғурури баланд
Ва дунёга мангу таратгувчи кўрк.
Тиббиёт гулшани кўз очган бунда,
Осиё осмонин ёрқин юлдузи.
Бу даргоҳ билим булоғи, унда
Қолган қушдай учган толиблар изи.
Кўнгилнинг оқлиги либосида жо,
Қўллари шифокор, сўзлари малҳам.
Оқ кийимли оппоқ фаришта гўё,
Берар не-не дардга сўз ила барҳам.
Шифокор ҳам посбон каби хизматда,
Қоронғу дилларнинг умид зиёси.
Оқ либос байроқдай хилпирар мудом,
Токи йўлдош экан халқнинг дуоси…
Она Шарқ гавҳари кўҳна Самарқанд,
Илми урфонларни улғайтирган юрт…
* * *
Ватан ич-ичимда жойлашган Каъбам,
Ҳамма йўллар унга туташ, ҳар ёним.
Мажнундай мафтунман мен унга қалбан,
Қадди тик қаламим – Ўзбекистоним.
Ҳар бешикда ётар Темурийзода,
Мангубердиларга она маконим.
Қанча севсам ишқим шунча зиёда,
Сарафроз оламим – Ўзбекистоним.
Чўп суқсанг дарахтдай ундирар тупроқ,
Ҳар ютган нафасим дардга дармоним.
Бу ерда тошлар ҳам гуллайди кўпроқ,
Меҳрибон ҳамдамим – Ўзбекистоним.
Қўлга қалам олдим, кўзларимда хат,
Ишқда бою сўзда ожиз забоним.
Тугал таъриф топмай ёндим оқибат,
Кўзимда машъалим – Ўзбекистоним,
Кўксимда машъалим – Ўзбекистоним!