Қиёмат қўшиғи (Воқеий ҳикоя)

Хонадонимизга кириб келган усталарнинг бири дарҳол эътиборимни тортди.
Отам-қурам мўйсафид. Дўхтир зоти синчковда. Дарров ранг-рўйга назар ташлайди. Бир сония етарли бўлди.
Бу рангпар, ҳилвираган вужудда анчагина дард маҳкам ўрнашиб олганга ўхшайди. Хаёлан уларни бир-бир санаяпману, кекса, касалманд уста норғул ёшлар орасида нима каромат кўрсата олишига ақлим етмади. Танасидаги дардлардан ташқари, нигоҳи, юрагидан сизиб, руҳий ҳолатини ошкор қилиб қўяётган яна бир дунё изтироблари ҳам бор эди.

Бобосини соғиниб қолган Темурим қўққис югуриб бориб мўйсафидни қучоқлади. У ҳам набираларини соғинган чоғи, чўккалаб ўғлимни қучоқлаб, ҳидлади. Мижжасида ёш қалқди. Сўнг уни кўтармоқчи бўлдию, туриб улгурмай чайқалиб, гандираклаб қолди. Уста йигитлар ушлаб қолмаса, бола билан йиқилиши турган гап эди. Бечора қизариб, ҳижолатланиб, Темурни аста ерга қўйиб, аранг эшитиладиган паст овозда менданми, унданми узр сўради.

-Айбга буюрманг қизим. Невараларимни соғиниб қолибман. Биздаям битта шунақа сариғвой борда…

Унинг ғижимланиб отиб юборилган қоғоздан абгор юзига қараб дадамни эсладим.
Йўқ. Дадам анча хушрўй. Юзи нурланиб туради. Айниқса жилмайганида, кулганида.
Бу одам эса кулса ҳам ёзилмай, бадтар ғижимланаётганга ўхшарди.

Энг даҳшатли манзарага охирида эътибор берибман. Танаси бир томонга оғиб турар экан. Бу менга энг енгил шабада ҳам йиқита оладиган қурилиш майдонидаги эски, омонат кранни эслатди.

Уларни бошлаб чиққан қўшнимиз лаби-лабига тегмай усталарнинг ишини мақтар экан, кўнглимдан ўтаётганларни сезгандай мўйсафидга алоҳида урғу берди:
— Айниқса Комил амаки зўр! ҳҲалол, чаққон, тажрибали… хуллас «нўмер адин» қурувчи. Ёшига қараманг! Ўнта йигитга дам беради. Ухламаса ҳам ишини битиради. Қолганларни ҳам ортиқча дам олдирмайди. Ўшанчун ишлари унумли. «Ремонт» га эса гап йўқ! Ўзингиз кўрдингизку! «Короче», афсус қилмайсизлар, қўшни. Нарх ҳам бозордагидан анча арзон. Сув текин деса ҳам бўлади. Иккиланманг!

Усталар хонадонимизни бир қур кўздан кечириб, иш хажмига қараб, инсоф билан нарх айтишди. Маслаҳатлашиб, бир тўхтамга келиб, қўнғироқ қилишимизни айтиб, кузатиб қўйдим. Уларнинг ҳам бошқа жойда бир ойлик ишлари бор экан.

…Темурбек қурилиш-қурилиш ўйнашни ёқтиради. Машиначалари ичида энг кўпи — қурилиш крани. Бўлакларга бўлиб, сочиб ташланадиганидан митти машинадан тортиб, энг сўнги русумда, замонавий, электрон бошқарувли, бир қанча ишларни бажара оладиган, крани ҳам бор. Орқа, олдинга юради. Ипга боғланган ўйинчоқ тўсинларни кўтариб «қурилиш майдони»га етказади. Вақтида қувватлантириб қўйсак бўлди.

Ўша куни ҳам у одатдагидек меҳмонхонани қурилиш майдонига айлантириб, севимли кранини ҳаракатга келтирди. Қолган ишларни мен бажараман. Аввал майдонни тозалаб , бир сават «лего» ғиштларни тўкиб, энг бақувватларидан пойдевор қуришим керак. Ролга кириб «ишчи»ларни гапиртириб турмасам гап ҳам эшитиб оламан. Ҳар куни вазифамни аъло даражада бажариб, маҳорат билан ролларимни ижро этардим. Бугун шаштим анча паст. Хаёлим жойида эмас.
Бетон аралаштиргич, эксковатор, бульдозер ҳатто оддий юк машинасини ҳам эплаб «мина» олмадим. Онасининг кайфиятсизлигини илғаган Темур ҳеч кимга ишонмайдиган кранининг бошқарув ускунасини қўлимга тутқазди:
— Майли, бугун сиз кранни мининг!

Бошқарув ускунасини қўлимга олиб, «прораб»нинг буйруғи билан ипга боғланган «тўсин»ларни кран тумшуғига илиб, тугмачасини босдим… Ҳар доим ишларни енгил бажарувчи машина негадир бу сафар юкни кўтара олмай бир-икки чирандию, ўчди.

Темур тўполон кўтариб, маъсулиятсизлигим учун койиди, сўнг аллақаердан қувватлантиргични топиб келди.
Тушунарли. Демак уни қувватлантириб қўйиш ёдимиздан чиққан экан.

Кечга яқин шамол турди ва ҳеч қанча ўтмай унинг увиллашига яна бир нола қўшилди. Аввал уни ҳовлидаги эски, занглаган «качели»никига ўхшатдим.
Ғийқ-ғийқ…ғийқ-ғийқ.

Йўқ. Уники эмас. Ахир уйимиз тагидаги болалар майдончаси аллақачон таъмирланиб, барча ускуналар қатори эски темир арғимчоқ ҳам аллақачон алмаштирилганди.

Овоз ошхонада баландроқ эшитилаётгани учун деразадан ташқарига қарадим ва ҳаммасига тушундим.

Маҳалла томонда бўлаётган қурилишларнинг бирига ўрнатилган қурилиш кранларидан бирининг тумшуғи шамолда чайқалиб овоз чиқараётган экан.
Шамол яна кучайди.

Негадир кўзимда ёш халқаланди.
Ташқаридан келаётган нолага ортиқ тоқат қила олмай деразани ёпдим.
Бироқ овоз ёпиқ деразани ҳам ёриб, миямни сур найидай пармалаб, қайси хонага қочмай ортимдан қувлаб беркингани жой қолдирмади.

Ўша топда қалбимда Аллохга битта муножот бор эди. Яратган Эгам Шамол, кран, дераза, уй, мени… ва бутун борлиқни миллион зарраларга парчалаб ташласаю, дунёни қайтадан — Темуримнинг қурилиш майдонидаги каби содда, беғубор қилиб тиклаб берса…
Худди дилимдагиларни ўқиб тургандай табиат ўкириб йиғлаб юборди.

«Дунёни оқизиб кетайми» деган шашт билан жала қуйди.

Ваҳимадан қўрқиб кетган ўғлим пинжимга тиқилди:
-Аллох йиглаяпдими ая?
Уни багримга босиб бегубор кўзларига тикилдим. Нималардандир умидланиб, чуқур хўрсиндим…

Оқшомга яқин жала ҳам тинди. Асфалтни ариқча тополмаган лойқа сувлар эгаллаб, «денгиз» хосил бўлди. Тўлқин хосил қилиб суза бошлаган машиналар эса кемага айланди.
Бу манзарани кўрган ўглимнинг кўзлари порлаб, янги ўйин топганидан қувониб, пастда майдончада турган машинамизга ишора қилиб қичқириб юборди:
— Ваууу. Мани ўзим капитан бўламан. Кетдик ойи. Денгизда қолган қурт, қумурсқа, мушук, кучукларни қутқарамиз!

Уни бағримга босдим. Дилим ёришиб , бирга пастга тушдик. «Кема»да тўлқин хосил қилиб суздигу барибир чўкаетганларни топа олмадик. Унинг хафсаласи пир бўлсада анча айландик. Ахийри бир нарсага тушуниб менга далда берган бўлди:
-Майли, демак Аллох қутқарибди ҳаммани. Уйга кетдик, йўлда бирортаси чиқиб қолар…

Чарчаб ухлаб қолган «капитан»имни кўтариб лифт тугмасини боссам, келмади. Демак яна бузилибди.
Зинадан кўтарила бошладим. Иккинчи қаватга етмай, кимнингдир синиқ овози қулоғимга чалинди. Кимдир биров эшитмасин деб, ҳеч ким йўқ зинада, телефонда гаплашаётган эди
Овоз шунчалик дардли эдики, беихтиёр кечаги мўйсафид ёдимга тушди.
Ха, ана! Худди ўзику!
Зинанинг темир тўсиқларига суяниб турган бўлсада янаям қийшайиб, майишиб турарди. Назаримда яна озроқ оғса, тўсиқлардан қулаб тушадигандай қўрқиб кетдим. Шошиб кўтарилиб, йигирма уч йил аввал қурилган уй бақувват бўлсада, тўсиқлар омонатлигини, йиқилса майиб бўлишини айтгим келди-ю, қўлимдаги болам ва қайтишда дўкондан тўлдирилган халта билан одатдагидек иккита зина оралаб сакраб чиқолмай, огир кўтарила бошладим;

-Хўп, хўп дедимку кампир. Юбораман. Озгина сабр қилгин. Эрта-индин бериб қолар….Қанча?….Вай-бў!!! Жа баланд нархку! Озроқ тушмасмикан? Апарасияси шунақа қимматми? Дори -дармони ичидами ишқилиб?….Майли-майли йиғлама. Раҳматли болам ва келинимнинг арвохи чирқирамасин!…
Қулоғимга аввал телефон орқали кимгадир берилган савол, далда, таскин… сўнг яна жаладан аввалги қўрқинчли овоз эшитилди;

Ғийқ-ғийқ..ғийқ-ғийқ… Увввв…
Қўлим банд, қулогимни беркитолмай зинага ўтириб қолдим.

Сўнг яна далда, таскин, савол:

— Неварамиз албатта оёққа туриб кетади. Синглиси Барнохонни кўзини ҳам апарасия қилдирамиз. Балки Тошконга олиб келармиз….Қимматмас, ахмоқ хотин! Зато бағда анча тажрибали дўхтирлар бор!

Ғийқ-ғийқ..ғийқ-ғийқ… Увввв…

-Мандан хавотир олма! Отдайман. Ээээ, ўлмайман хали.
Одатимга хилоф равишда бўлса ҳам, гуноҳ бўлса ҳам миқ этмай, чўккалаб, эшитяпман.
-Бугун бир миллион чиқарворайми? …Якшанба куни юбордимку. Хозир тополмасам керак онаси… Биламан, тушуниб турибман…майли бир амалларман….

-Кредитми? Униям вақти келиб қолдими? Бонкдан келган ўша ходимга кредитга уй олган болам ва келинимни Россиядан ўлиги келди, хозир пулимиз йўқ, озгина сабр қилинглар демайсанми?… Чолим шу ёшда Тошконга кетди. Пул топиб келар, деганингда, балки раҳмилари келиб, сабр қилишармиди, деяпман-да…

Ғийқ-ғийқ..ғийқ-ғийқ… Увввв…

-Бир неварам рак, иккинчисининг кўзи минус саккиз, ота-онасининг ўлимидан сўнг гапирмай қўйди демайсанми?….Дедингми? Индашмадими?

— Қариндош уругимизда пул нима қилсин? Ҳаммаси ҳам биз каби бечора дедингми? Нариги ўглим ҳам Россиядаю уч ойдан бери ойлик олмабди, демадингми? Буйраги ҳам оғрийди, демадингми? Ха, биламан эшитишмайди, тушунишмайди… Майли , бир амалларман.
Йиглама кампир…

— …Светни қачан ўчиришди? Янги учёчик нотўғри ҳисоблаяпти, унчалик кўп ёқмаганмиз демабсанда… Оғилдаги гўнгни сотворамизми кампир?… Молингдан эсталик бўлиб турмайдику! Қиш узааағ…. Таппини бир амаллармиз. Ану иккита ўрикни кестираман борсам, ўтиндан хавотир олма! …Қантак, қантак… Биламан невараларинг ейишини, ўтин ҳам керакку, кампир…

Увввв….Ғийқ-ғийқ..ғийқ-ғиииииийқ… Увввв…

-Қаттиқроқ ишлайман деяпманку… Ҳа, қарзи бор уй эгасиникига келдик. Бугун ҳам озгина ишларини қилиб бердим. Лекин, ҳозир бир тийин пуллари йўқ экан. Бериб қолар…. Йиғлама, тушуняпман, дорига… Яшайди, яшайди неваранг. Барно ҳам гапиради, кўзи «апараса» бўлади.

Ҳаммасини тушундим.
Миямни пармалаётган овоз, анув кран ва шамолдан эмас, шу мўйсафиднинг ичидан чиқаётган экан!
Э,Аллох! Агар бир ғарибингни фарёди шу қадар бўлса, миллионлаб йўқсил, бечораларингники қанақа бўлади?!

Банк, кредит, дори, қарз, таппи, ўлим…

Бунақада луғатдаги барча сўзларни ёмон кўриб қоламанку!

Етим, есир, йўқсилни йиқитаётган, дард, йўқчилик… ўлимни тан олмайдиган судхўр банкларга, катта -кичик идораларга ўт қўйсам, дунёга ўт кетмайдими?!

Йигирма биринчи асрда таппи билан исинаетган болаларингни териб чиқсам, қуёш эриб кетмайдими?!

Ўғлимни кўтарма краничалик кучи йўқ анави мўйсафидингни, дала-дашт, бозор, қурилишларда, ўрисни совуқ ўрмонларилаю, кариснинг заводларида қариётган минглаб меҳнаткашларингни қувватлантирувчи мурувати – бола, чақаси.
Нега анави чолни бунчалик оғир синаяпсан? Бояқишнинг жажжи қувватлантиргичлари ҳам ўчса қиёмат кўпмайдими?!

Ҳа, бечорага бир молнинг бўқини ҳам кўп кўраётган дунёя!
Илтимос, Аллоҳим, бояги жалангдан ўн баравар, юз баравар кучлироғини электр, газ…ни сотаётганлар, ўмараётганлар, нотўғри ҳисоблайдиган ҳисоблагичлар ишлаб чиқарадиганлару, катта-кичик харомхўрларнинг, халқ ҳисобига чўчқадек семираётганларнинг устига ёғдир!

Болаларни отадан,ота-оналарни болаларидан айириб мардикорчилик қилишга мажбур қилаётганларни йиғиб қиёматга сургун қил!

Барча мевали дарахтларинг ўтин бўлиб ёқилаверса, болалигимда шираси тилимни ёрган қантагингни мазасини унутиб, ширин эртаклар эмас, дахшат, қиёматларни ёзаманку!
Наҳот тарихда номим эртакчи эмас, исёнкор бўлиб қолади?!

-Бир миллионни бугун юбора олмайман кампир… иложим йўқ! Юрагимни эзма…

….Ғийқ-ғийқ..ғийқ-ғийқ… Увввв

Яна озгина эшитсам, мўйсафидни аранг тутиб турган темир тўсиқлар ҳам, уй ҳам, дунё ҳам дош бера олмайди…
Ўрнимдан бола, халта билан қандай сакраб турганимни билмайман.
Уйга чопдим. Бир миллиондан сал камроқ пулим бор экан. Олиб яна зина томон чопдим.

Кўзим жиққа ёш, телефонини ўчирган амакининг қўлига тутқаздим. У барчасини тушунди. Гўё гапириб айбли иш қилиб қўйгандай, бошини хам қилди. Ўзи ҳам йиғлаяпди-ю, қани пулни олса! Мажбурлаб бердим.

-Олинг, иккиланманг. Барибир уй таъмирига чақирамизку. Водийликка ўхшайсиз. Қолаверса мусофирсиз. Агар шунча дардингизни эшитиб, индамай, жим кетсам, қиёматда рўбарў келиб қолсак, нима дейман, амаки?!
Кейин неварангиз ётган касалхона маълумотларини ҳам беринг. Балки шифокорлар билан гаплашиб кўрарман. Кейин кичик неварангизни ҳам кўрсатамиз.

Бояқиш елкалари силкинганча йиғлаб, телефон титкилаб, кимнингдир рақамларини топиб, айтяпдию, тинмай дуо қилади. Қайта-қайта қарзини қайтариб беришини айтию, қийшиқ қаддини бироз ростлаб зинадан тушиб кетди.

Эртасига тонгдаёқ сабрим етмай нораста болакайнинг шифокорига қўнғироқ қилдим. Қизилўнгач саратонини экан. Бу касаллик билан аввал катта ёшдаги одамларгина оғриган. Афсус, охирги пайтлар болалар ўртасида ҳам учраб қолди.
Тўйиб- тўймай, кейин пала-партиш овқатланиш , ўта иссиқ , ёки ўта муздек таом ва ичимликларни истеъмол қилиш, химия бодраб кетган ширинликлар, огриқ қолдирувчи, иситма туширувчи каби турли ҳил, рекламаси кўпчиган захри қотиллар урчитиб юборган мараз дард.
Хартугул, бошланиши экан, демак даволаса бўлади. Шифокор Тошкентга олиб кетишни маслаҳат берди. Ўзимнинг ниятим ҳам шу эди.

Кейин Темурбегимни етаклаб болалар майдончасига тушдим. Кеча усталарни бошлаб чиққан қўшнимиз ҳам боласини олиб тушган экан. Кайфияти чоғ. Айланиб ўргилиб кўришди.
-Кайфиятингиз зўрку!
-Бўлмасамчи? Кеча гапни пулини олганман. Бугун хўжайин манга мошина олиб келяпдилар. «Кобальт». Гапни пулига эса ювиб бераман. «Буҳоро кафе»га ўторасиз қўшни. Сизникидака тўқ қизилини хохлагандим. Мокрий аспалт бўп қолди. Шунисига ҳам шукур!

Одатда бунақа вақтда чин юракдан табриклардим. Аммо бу сафар тилим танглайимга ёпишиб қолди. Миямда яна ўша овоз пайдо бўлди:
Ғийқ-ғийқ…ғийқ-ғийқ…уввввв….

Кейин, кеча оқшом зинада эшитган гапларим ҳам жаранглади:

«Қарзи бор уйга келдик. Яга бироз иши бор экан қилиб бердим. Лекин хозир бир тийин пуллари йўқ экан. Бериб қолар….»

Қўшнига унинг гапларини сўзма-сўз, дона -дона қилиб такрорладим. Аммо унинг бир туки қилт этмади. Йўқ, хунук иршайди:
-Уффффф….Биламан. Озгина қарзимиз қолган. Берамиз! Ўзи ит чақирмайдиган қишлақи усталар бўлса. Бир танишимнинг танишлари экан, раҳмимиз келиб «ремўнт» қилдиргандик…

-Кеча мақтадингизку! Қолаверса ўзим ҳам кўрдим.
У илжайди:
-Ростдан ишлари зўр! Эшакдай ишлашади.Бошқалар каби чўзилмай, вақтидан олдинроқ бажаришади. Лекин, деярли ҳамма пулларини ўз вақтида берганмиз. Энди арзимаган сумма қолганида дийдиё қилиб юрибдими? Агар мошина олмаганимизда кеча берворардим. Уйга одам келадику қўшни. Қолаверса «гап»им бор.

Унга бошқа бир оғиз гапирмадим. Нафрат ва надомат билан бош чайқаб, узоқлашдим. Қўлим мушт тугилган, кўзим жиққа ёш миямни эса биргина сас пармаларди:

Ғийқ-ғийқ… ғийқ-ғийқ… увввв!

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: