Жиззахлик аёллар медиасаводхонлик бўйича тренингда қатнашди

“Телевизорда энг тўғри ва ишончли хабар тарқатилади” деб ўйламайман»- деди қишлоқ аёлларидан бири тренингда. Бизнинг “Нега?” деган саволимизга у, “Чунки телевизорда доим гўзал ва фаровон ҳаётни тарғиб этадилар, ҳатто ахборот кўрсатувида ҳам чиройли тадбирларни намойиш этишади. Лекин қишлоқлардаги сув, свет ва газ муаммоси ҳақида ҳеч ким гапирмайдиям, қайғурмайдиям”.

Халқаро медиалойиҳалар ташкилоти томонидан молиялаштирилган, вилоят фаоли Нодира Алимова муаллифлигидаги “Медиасаводхонлик ҳамма учун” лойиҳаси тренинглари Жиззах вилоятининг энг чекка қишлоқларидаги аёллар учун ўтказилди. Мазкур тренингларни ўтказишдан мақсад, қишлоқ аёллари, асосан уй бекаларининг медиасаводхонлигини ошириш, замонавий медиа ускуналардан унумли ва тўғри фойдаланишни ўргатишдан иборат. 

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчиларидан иборат медиатренерлар Филология фанлари доктори, доцент Наргис Қосимова ҳамда ўқитувчи Муҳайё Саидовалар тренинг иштирокчилари учун тузган бир нечта “фикрлар жамланмаси” иштирокчиларнинг қизғин баҳсига сабаб бўлди. Мазкур жамланмада “Оилаларда низо келиб чиқмаслиги ва ажримлар сонини камайтириш учун Телеграмни блоклаш керак!”, “Дунёда содир бўлаёган воқеа-ҳодисаларни Ютубдан кўриб, билиб олиш мумкин”, “Телевизорда энг тўғри ва ишончли хабарлар тарқатилади” каби фикрлардан иборат бўлиб, аёллар унга “юриб” (яъни хонанинг тўрттала деворига ёпиштирилган табассумчаларнинг бирига бориб) овоз беришлари ва ўз фикрларини изоҳлашлари керак.  

«Медиасаводхонлик ҳамма учун» тренинглари Жиззахнинг энг чекка ҳудудларида жойлашган сўлим ва баҳаво қишлоқларда ўтказилди. Бир кунлик тренинг давомида аёллар киберхавфсизлик сирларини, СПАМ нима ва унинг қандай хатарлари мавжудлигини, баъзи мультфильмларнинг болалар руҳиятига салбий таъсири, медиасаводхон бўлиш нима учун кераклигини, хаёл суриш ва фикрлашнинг бир-биридан фарқини, танқидий, мантиқий фикрлашни машқ қилиш сирларини ўргандилар. 

Албатта, тренинглар бепул кофе-брейк ва тушлик билан қизиқарли. Чунки аудиториядаги мулоқотдан кўра дастурхон устидаги суҳбатлар дўстона ва самимий кечиши ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай суҳбатларда онлайн дўкон савдогарларига алданганлар, нотаниш сайтларда эълон қилинган акцияларга чув тушиб, пластик карточкасидаги бор пулидан айрилганлар, ҳатто, телеграмдаги ёзишмалар сабабли ажрашганларнинг дарди ёйилди. Шу билан бирга самимий, дилдан суҳбатлар ҳам бўлди:

— Мени шунчалар қадрлаганликларингиз, тинглаганликларингиз учун раҳмат, — дейди иштирокчилардан бири. – Мен мактабда оддий фаррош бўлиб ишлайман. Тадбирга келинг, деб чақиришганида, хонани тозалаб беришим керакдир-да, деган хаёлга бордим. Чунки одатда, мени фақат супур-сидир ишларига чақиришади. Умримда биринчи марта туманимизнинг илғор аёллари, ўқитувчилар билан бир хонада ўтириб, дарс тинглашим. Умримда биринчи марта вилоят ҳокимининг ўринбосари билан бир дастурхонда ўтириб тушлик қилишим бўлди. Бунчалар эҳтиромни кўриб, бошим кўкка етди. Бугун олган сабоқларимни албатта, болаларимга ҳам ўргатаман.

Тренингга келган аёллардан бири эса ҳатто тушликкача сабри чидамай, кетишга тараддудланди. Бизнинг “нега кетмоқчисиз, шошилинч ишингиз борми?” деган саволимизга у:

— Менга вилоят ҳокимиятидан одамлар келишади, тадбир бўлади, дейишганида хурсанд бўлиб, етиб келдим. Ўйлабманки, бу ерда фермерларни, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича бирор маслаҳатлар, амалий ёрдамлар берилади деб. Афсус. Мен ёлғиз аёлман. Турмуш ўртоғимнинг зуғумлари, зўравонлигига чидай олмасдан, уч нафар фарзандим билан ажрашганимгаям, мана 4 йил бўлди. Ота-онам вафот этган. Келинойиларим ота уйимда яшашимни истамадилар.

Уч нафар вояга етмаган болаларим билан қишлоғимизнинг бир четидаги ҳудуддан озгина ерни ижарага олиб, боғ яратяпман. Олма кўчатлари экдим. Лекин сув масаласи жуда чатоқ. Артизиан суви чиқаришимга, эҳтимол ким учундир балки оз, ким учундир жуда кўп бўлган (мен учун бу жуда кўп маблағ) 2 миллионга яқин пул керак, -дейди у (маълум сабабларга кўра аёлларнинг исм-шарифи келтирилмагани маъқул-муаллиф). – Мен шу маблағни топиш илинжида кўп идораларнинг эшигини қоқдим. Натижа бўлмади. Чиқмаган жондан умид, деб келаверибман, узр.

Тренинглар давомида Интернет ва мобил алоқаси муаммоларидан ташқари, электр, сув таъминоти муаммоларига дуч келинди. Лекин шунга қарамай, Жиззахнинг бешта туманида тренинглар тўлиқ ўтказилди.

Муҳайё САИДОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: