Бугун замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиш қийин. Ҳозир қайси бир соҳани олманг, унинг ривожи учун, энг аввало, таълим тизими ривожланган бўлиши керак. Зеро, инсон капиталига, унинг иқтидорига эътибор қаратмай туриб, натижага эришиб бўлмайди.
Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ёшларнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилди.
Ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган қисқа даврда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизими катта ўзгаришларга юз тутди. Айниқса, “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.
Қарийб етти йил давомида мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар бугунга келиб ўзининг салмоқли натижаларини бера бошлади ва бу ҳолатни таълим ривожининг рақам ва сифат кўрсаткичларида яққол кўриш мумкин.
Янги Ўзбекистонда бир-бири билан чамбарчас боғланган таълим соҳасида — мактабгача таълим, мактаб таълими, ўрта махсус ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасаларини ривожлантириш бўйича беқиёс ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Хўш, мактабгача таълим тараққиётини қайси мезонларда кўриш мумкин? Бу саволга жавобни қуйидаги ҳаётий мисоллар орқали топиш қийин кечмайди.
Мактабгача таълим ёшдаги болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилга нисбатан 2,5 баробарга, яъни 71,8 фоизга етказилгани фикримизнинг биринчи тасдиғи, десак муболаға бўлмайди. Ҳозирги кунда мактабгача таълим ташкилотларида 2 млн. нафардан ортиқ болалар тарбияланмоқда. Бу кўрсаткичларга эришиш учун сўнгги беш йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони 5 211 тадан 29 420 тага етказилганини алоҳида айтиб ўтиш ўринлидир.
Факт ва рақамларга кўра, давлат, хусусий, давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасалари билан бир қаторда, 20 минг 676 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Бу эса ҳудудларда мактабгача таълим қамровини ошириш имконини бермоқда. Албатта, 438 та янги давлат мактабгача таълим ташкилотлари қурилган бўлса, 2 064 тасида реконструкция қилинди ва 785 та мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилгани кишини қувонтиради.
Мамлакатимизда ҳар бир соҳа ва тармоқда ижтимоий ҳимоя балансини шакллантириш яхши анъанага айланган. Таълим тизимида ҳам шундай. Гап шундаки, давлат мактабгача таълим ташкилотларида 57,6 минг нафар кам таъминланган оилалар фарзандлари ота-оналар тўловидан озод қилинди. Иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган туманларда 255,7 минг нафар болаларга ота-оналар тўловини амалга оширишда 50 фоиз, 176,7 минг нафар бир оиладан 2 ва ундан ортиқ болалар қатнаган ҳолларда 30 фоизгача имтиёзлар берилганини халқимиз катта хурсандчилик билан қабул қилишди.
Шу билан бирга, 9 минг 763 нафар боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари мактабгача таълим ташкилотларида ота-оналар тўловидан озод этилган. Давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим ташкилотларининг 56 фоиз тарбияланувчилари имтиёзли шартларда ота-она тўловини амалга оширади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун бепул мактабгача таълимнинг муқобил турлари жорий этилди. Жумладан, “Ақлвой” лойиҳаси доирасида республикадаги мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган ҳамда қамров кўрсаткичлари паст бўлган 7 мингга яқин болаларни қамраб оладиган, қайта жиҳозланган 65 та автобуслар негизида 387 та мобиль гуруҳлар шакллантирилди.
БМТнинг Халқаро болалар фонди ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда тажриба-синов тариқасида Наманган ва Хоразм вилоятларида 8 та мактабгача таълимнинг “Турли хил ёшдаги мактабгача таълим гуруҳлари” (ўйин гуруҳлари) муқобил шакли жорий этилиб, 400 нафар бола қамраб олинди. Қолаверса, болаларни соғлом ва хавфсиз овқатлантириш мақсадида 1 минг 172 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг хизмати йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан ёш авлод вакиллари ва уларнинг ота-оналарига қаратаётган эътиборидан далолат беради, албатта.
Шу ўринда ҳақли савол туғилиши мумкин: Мактабгача таълим муассасаларида болаларни соғлом овқатлантириш борасидаги ишлар талаб даражасидами? Албатта, бу йўналишда ҳам тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида зарур чоралар кўриляпти, дейишга барча асосларимиз етарли.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари билан биргаликда болаларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари учун таомлар рецепти китоби ишлаб чиқилди.
Қолаверса, мамлакатда хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида пуллик хизмат кўрсатиш шаклида 2 ёшли болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш механизми жорий этилдики, бу фуқароларимизга, айниқса, бирор жойда ишловчи ота-оналарга жуда маъқул бўляпти.
Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш ҳамда сифатли таълим хизматини кўрсатиш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Мактабгача таълим тизимидаги педагоглар сони бундан олти-етти йил аввал 58 минг 400 нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич ҳозирги кунда 151 минг 746 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, олий маълумотли педагоглар салмоғи ҳам ортиб, яъни 21,6 фоиздан 34 фоизгача етказилди.
Эътиборлиси, ушбу мақсадларда Тошкент шаҳрида Пучон университети (Жанубий Корея), “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат-бюджет олий таълим муассасаси филиали фаолияти йўлга қўйилган. Бугунги кунда республикадаги 22 та давлат олий таълим муассасаларида мактабгача таълим тизими учун педагог кадрлар тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, давлат мактабгача таълим ташкилотлари замонавий 39 номдаги ўқув-методик қўлланмалар ва дидактик материаллар билан таъминланди. Ўтган йиллар давомида мактабгача таълим ташкилотларига 55 минг дона “Илк қадам” дастури ва давлат талаблари, 122 минг комплект дидактик плакат ва карточкалар, 2 млн 768 минг дона иш дафтарлари, 12,5 минг комплект мавзули режалаштириш тўплами, 153 минг комплект дидактик ўйинлар, 475 минг дона болаларни ривожлантирувчи ўйинчоқлар, 80 минг комплект бадиий адабиётлар, педагоглар учун 255 минг дона ўқув ва методик қўлланмалар етказиб берилди.
Бундан ташқари, инклюзив таълим тамойиллари ва имконияти чекланган болаларга ёрдам кўрсатиш бўйича Нукус, Қарши шаҳарлари ва Қибрай туманида “Имкон” реабилитация марказига эга бўлган кўп тармоқли ихтисослаштирилган ва қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилоти каби янги шакллари жорий этилгани соҳа ривожида туб бурилиш ясади.
Тараққиётнинг тамал тоши
Тараққиётнинг тамал тошини илм-фан, таълим ва тарбия, деб билган ва бу борада барча зарур чораларни кўрган давлатда, албатта, юксалиш бўлади. Шу боис, жаҳоннинг етакчи давлатлари ҳам иқтисодиётнинг барқарор ривожланишидан ҳам кўра кўпроқ, таълимни ривожлантиришни биринчи галдаги вазифа сифатида ўз олдиларига мақсад қилиб белгиламоқда.
Бу жараёнда эса, узлуксиз таълим тизимининг ўрни муҳим саналади. Шу маънода, ёшларимиз мактабгача таълимдан сўнг, умумий ўрта таълимга қамраб олинади. Шу боис юртимизда мактаб таълим тизимини ҳам тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттирилмоқда.
Бугунги кунда республикамизда 10 мингдан зиёд умумтаълим мактаблари ва 14 та Президент мактаби, 166 та ихтисослаштирилган мактаблар, 219 та Баркамол авлод болалар мактаблари, фаолият юритмоқда. Эътиборлиси, уларда 6,4 млн. нафар ўқувчилар таълим олмоқда.
Таълим бериш учун зарур моддий-техника базани мустаҳкамлаш борасида охирги етти йил давомида 5 137 та мактабда қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилди. Натижада 643 минг янги ўқувчи ўрни яратилди.
Республикадаги мактаблар учун халқаро молия институтлари грант ва инвестиция ҳамда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 6 минг 251 та замонавий компьютер синфлари етказилди.
Сир эмас, бугунги кунда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган умумтаълим мактаблари сони ҳам ошиб бормоқда. Айни пайтда хусусий сектор ҳисобига нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 364 тага етиб, 2017 йилдан 2021 йилга қадар нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони деярли 6 бараварга ошгани фикримиз тасдиғидир.
Таъкидлаш жоизки, мактабларда таълим сифатини ошириш мақсадида 246 нафар маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида 22 та умумтаълим фанларидан иборат Миллий ўқув дастури яратилди. Ушбу Миллий ўқув дастурида 20 та компетенция (фаол фуқаролик ҳамда ватанпарварлик, танқидий-ижодий фикрлаш, IT ва медиасаводхонлик, молиявий саводхонлик, толерантлик ва миллатлараро тотувлик, гендер тенглиги) мужассамлаштирилди.
Унга асосан, 420 номдаги янги авлод дарсликлари яратилди. Шунингдек, Кембридж, Клетт нашриётлари ва Герцен университетининг дарсликлари маҳаллийлаштирилиб, инглиз, немис ва рус тили фанларидан халқаро тан олинган 79 номдаги ўқув-методик қўлланма ва дарсликлар татбиқ этилди.
Яна бир қувончли воқеа шундаки, илк бор халқаро баҳолаш тадқиқотлари (PIRLS, TIMSS, PISA, TALIS) ва индексларда (Инсон капитали индекси — 2020) Ўзбекистон умумтаълим муассасалари иштироки таъминланди. Яъни “Инсон капитали индекси — 2020” лойиҳасида 150 та мактабларнинг 3 минг 922 нафар бешинчи синф ўқувчиларининг математика фани бўйича билимлари баҳоланди.
Маълумот учун айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси умумий ўрта таълим муассасаларида ўтказилган баҳолаш натижалари 474 баллни ташкил этиб, 0,62 фоиз кўрсаткич билан 174 та давлатлар ичида 57-ўринда намоён бўлди.
Бундан ташқари, EGRA ва EGMA дастурлари доирасида бошланғич таълим тизимида миллий баҳолашлар ҳам ташкил этилди. Халқаро экспертлар иштирокида мингга яқин мактабларнинг 21 мингдан ортиқ бошланғич (3 ва 5-синф) синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлиги ва ҳисоблаш (математика) кўникмалари баҳоланди. Бу мактаб ўқитувчиларини ўз устида ишлаши ва замон билан ҳамнафас фаолият юритишларида катта мезон вазифасини ўтаётир.
Педагоглар салоҳиятини ошириш — давр талаби
Педагог-ходимлар салоҳиятини ошириш борасида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Ҳаёт давомида таълим олиш тамойили асосида янги, “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали малака ошириш тизими яратилиб, 341 минг нафар ўқитувчини малакаси оширилди. Натижада 278 минг нафар педагог аттестациядан ўтказилиб, тоифага эга ўқитувчилар сони 220 мингдан 325 мингга кўпайди.
Ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш мақсадида «КЛАСС» лойиҳаси доирасида жами 150 нафар россиялик педагог, “English Speaking Nation” лойиҳаси доирасида 26 нафар АҚШлик педагог малака ошириш марказлари ва мактабларга жалб қилинди. Қолаверса, 6 минг нафардан ортиқ информатика фани ўқитувчиларини хусусий секторни жалб қилган ҳолда дастурлаш тиллар (Python, C++, Scratch) бўйича малакаси оширилди.
Шу билан бирга, жамиятда ўқитувчиларни мавқеи ва обрўсини кўтариш борасида ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Халқ таълими ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига барҳам берилиб, 300 минг нафардан ортиқ педагог-ходимлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.
Шунингдек, бошқа тармоқ соҳаларидан фарқли равишда илк маротаба белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлмаган ҳолда, педагог ходимларнинг иш ҳақи 2 босқичда 1,5 бараварга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, малакали педагог ходимларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида Вазир жамғармаси фаолияти йўлга қўйилгани мактаб ўқитувчиларини моддий рағбатлантириш имконини бераётир.
Олис ва чекка ҳудуддаги ҳамда таълим сифати паст бўлган мактабларга дарс бериш учун жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчининг базавий тариф ставкаларига вилоят доирасида бошқа туман(шаҳар)дан келса 50 фоиз, бошқа вилоятдан келса 100 фоиз махсус устамалар жорий қилинди. Шунингдек, ушбу педагогларга 50 бараварида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараварида ҳар ойлик пул компенсацияси берилмоқда. Бугунги кунда педагогларга минг АҚШ доллари эквивалент иш ҳақи олиш имконияти яратилди.
Ўқувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар юқори босқичга кўтарилди, десак, айни ҳақиқат. Оролбўйи ҳудудида ўқувчиларни бепул овқатланиш тизими жорий қилинди. Бунинг натижасида, Қорақалпоғистон Республикасида 139 минг 374 нафар ва Хоразм вилоятида 134 минг 315 нафар бошланғич синф ўқувчилари бепул овқатланиши таъминланди.
Қолаверса, соҳани тартибга солиш мақсадида педагог-ходимлар томонидан юритиладиган ҳужжатлар камайтирилди. Хусусан, ўқитувчиларнинг ҳисоботлари 1 та (илгари 7 та), ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари ҳужжатлари 2 та (илгари 10 та), маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ҳужжатлари 7 та (илгари 18 та), синф раҳбарлари ҳужжатлари 4 та (илгари 10 та) этиб белгиланди.
Нодавлат таълим ташкилотини ташкил этишдаги тадбиркорлик субъектларида ортиқча қоғозбозликни камайтириш мақсадида лицензия учун талаб этиладиган ҳужжатлар сони 9 тадан 5 тага қисқартирилди. Натижада нодавлат таълим ташкилотлари сони 5 600 тадан (2017 йилда 512 тани ташкил этган) ошди. Яъни сўнгги беш йилда уларнинг сони қарийб 11 баробарга кўпайди.
Шунингдек, мактабдан ташқари таълим соҳаси ҳам ривожланиб бормоқда. Мактаб кутубхоналари лотин алифбосидаги бадиий адабиётлар билан бойитилди.
Маълумотларга кўра, 15,3 млн. нусха бадиий адабиёт фонди мавжуд бўлиб, 7,7 млн нусхаси лотин алифбосидаги бадиий адабиётлар ҳисобланади. Охирги 7 йилда лотин алифбосидаги бадиий адабиётлар билан таъминланиш даражаси 52 фоизга ошди.
Сўнгги етти йил мобайнида “Баркамол авлод” болалар мактабларига 297 минг нафар (2016 йилда 105 минг нафар) ўқувчи-ёшлар тўгаракларга жалб қилинди. Натижада ўқувчилар қамрови 3 баробарга ортган. Шунингдек, халқаро танлов ва фестивалда 173 нафар (2016 йилда 28 нафар) ўқувчи-ёшлар ғолиб бўлди.
Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари ўқувчилари томонидан халқаро олимпиадаларда 37 та медал қўлга киритилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас, албатта. Замонавий касбларга хос бўлган тўгараклар билан 6 та йўналишда 65 номдаги тўгараклар йўлга қўйилди. Бугунги кунга келиб, минглаб мактабларда “Ёшлар театр студиялари” ташил этилиб, уларга кўплаб ўқувчилар жалб қилинган.
Соҳани “рақамлаштириш” нима беради?
Шу билан бирга, соҳада давлат хизматлари кўрсатишни жорий этиш, рақамлаштириш, соддалаштириш борасида ҳам залворли ишлар олиб борилмоқда.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали шаҳодатнома дубликатини бериш, экстернат тартибида имтиҳонларда қатнашиш учун аризаларини қабул қилиш, хорижий давлатда умумий ўрта таълим олган фуқароларнинг ҳужжатлари нострификация қилиш, чет эл фуқароларининг фарзандлари мактабга қабул қилиш, ўқувчини бир мактабдан бошқа мактабга кўчириш бўйича давлат хизматлари йўлга қўйилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “Электрон шаҳодатнома”нинг давлат намунаси ва уни битирувчиларга бериш тартиби тасдиқланди. Шу билан бирга, битирувчиларнинг шаҳодатномалари тўлиқ рақамлаштирилди ва Идоралараро интегратциялашув платформаси орқали Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг “АБИТУР” дастурига интегратция қилинди.
Бундан ташқари, умумтаълим мактабларида ягона “Электрон таълим” тармоғи жорий этилиши бошланди. “Электрон таълим” тармоғи учун 454 та электрон контентлар ишлаб чиқилди. Тизимни автоматлаштириш, маълумотлар алмашинувини электрон шаклга ўтказиш ҳамда тизимда шаффофликни таъминлаш мақсадида 20 тадан ортиқ ахборот тизимлари ишга туширилди.
Жумладан, Erp.maktab.uz — халқ таълими тизимини бошқаришнинг Ягона электрон тизим (ЯЭТ) дастурий мажмуаси ишлаб чиқилди ва амалиётга босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ушбу дастурий мажмуа 13 дан ортиқ ташқи маълумотлар базаси билан интеграция қилинди. Ўз навбатида, qabul.maktab.uz онлайн қабул тизими ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳрида ҳамда вилоятлар марказларидаги мактаблардан жами 37 190 нафар 1-синф ўқувчилар хужжатлари онлайн тарзда қабул қилинди.
Бундан ташқари, attestat.uzedu.uz — электрон шаҳодатнома платформаси орқали халқ таълими тизимидаги мактаб битирувчилари тўғрисидаги маълумотларни автоматлаштириш мақсадида “Аттестат” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилди. Бугунги кунда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) билан боғланган ҳолда 1,7 млн. битирувчиларнинг шаҳодатномалари рақамлаштирилган.
Шу билан бирга, электрон кундалик интернет платформаси kundalik.com жорий этилди. Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш, буткул, электрон тизимга ўтказилди. Эътиборлиси, “Ягона дарча” принципи амалиётга жорий этилди.
Дарвоқе, Президентимиз ташаббуси билан 1-4-синф ўқувчиларини Финландия тажрибаси асосида ўқитиш белгилаб олинган бўлиб, ушбу тажрибани амалга ошириш учун Наманган шаҳридаги 23-сонли мактаб танлаб олинди. Жорий йилнинг 4-9 ноябрь кунлари мазкур мактабнинг 8 нафар бошланғич синф ҳамда 2 нафар малака ошириш ҳудудий маркази ўқитувчилари Тошкент шаҳридаги А.Авлоний марказий малака ошириш институтида ўқитилди.
Янги ўқув йилидан Наманган шаҳар ва туманларда жами 14 та умумий ўрта таълим мактаблари тажриба-синов шаклида танлаб олиниб, ўқувчилар иккита хорижий тил ҳамда касб-ҳунарни ўрганишлари учун маҳаллий бюджет маблағлари ва хусусий тадбиркорлар ҳисобидан шарт-шароитлар яратилади.
Олийгоҳлар сони ва таълим сифати ошди
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим соҳасида ҳам эришилган ютуқлар кўп. Янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, хорижий нуфузли университетларнинг филиаллари барпо этилиши, таълим квоталарининг оширилиши, шу билан бирга, олий таълимни ишлаб-чиқариш билан боғлаш борасида қилинган ишларнинг салмоғи жуда катта. Шу билан бир қаторда, талабаларни тураржой билан таъминлаш бўйича бошланган ишлар ҳам жадал равишда давом эттириляпти.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги йиллардаги олий таълим тизимида асосий эътибор мамлакатимиз ёшларини таълим олиши учун кенг имконият ва зарур шароит яратишга қаратилди. Натижада ўтган 6 йил мобайнида олийгоҳлар сони 77 тадан 210 тага етказилди, уларга қабул 3,5 бараварга ортди.
Кейин пайтларда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали 65 нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилди. Хорижий олий таълим муассасалари сони 30 тага, давлат олий таълим муассасалари 115 тага етказилди. Ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 39 фоизга оширилди.
Олий таълим муассасаларидаги қўув жараёни тўлиқ кредит-модуль тизимига ўтказилаётгани ҳам ўзига хос тараққиётга асос бўлаётир. Хусусан, 41 та олийгоҳларга академик ва молиявий мустақиллик берилиб, молиявий барқарорликни таъминлаш, моддий-техника базани мустаҳкамлаш, контракт асосидаги қабул параметрларини белгилашда мустақил ҳал этиш имконияти яратилди. Ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан ўқув режалар ва ўқув дастурларини мустақил ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши тартиби жорий этилди.
Янги стандартлар ва малака талаблари асосида кредит-модуль тизимига мос равишда 625 та бакалавриат таълим йўналиши ва 634 та магистратура мутахассислиги бўйича ўқув режалар ҳамда 4,7 мингдан зиёд ўқув дастурлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробарга қисқартирилди.
Бу борадаги ишларга тўхталганда, дуал таълим тизими ҳақида гапириш ҳам ўринли, албатта. Жумладан, 2021/2022 ўқув йилидан 63 та профессионал таълим муассасаларида Германия тажрибаси асосида дуал таълим шакли жорий этилди.
Дуал таълим шаклини самарали ташкил этиш мақсадида 2 606 та корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилди, корхона ва ташкилотлар томонидан ўқувчиларга 3 170 нафар устозлар бириктирилди.
Юқоридагилар мамлакатимизда мазкур соҳада амалга оширилган ишларнинг бир қисми холос.
Саламат КТАЙБЕКОВ, Барқарор ривожланиш маркази “Сиёсий таҳлил ва инновацион ечимлар” бўлими бош мутахассиси