Олис Венгриянинг Веленц қишлоғи қабристонида Мулла Исҳоқ исмли ватандошимиз дафн этилган. Бу инсон бир пайтлар Хоразмдан машҳур олим ва сайёҳ Арминий Вамбери билан бирга сафарга отланиб, кейин умрининг охирига қадар можор тупроғида қолиб кетганди.
Арминий Вамбери (1832–1913) мусулмон дарвиш қиёфасида Марказий Осиёга келиб, ўша пайтдаги аждодларимиз ҳаёти ҳақида қимматли маълумотлар тўплаган, қизиқарли мақолалар, илмий асарлар ёзиб нашр қилдирган эди. У ўзининг “Ўрта Осиё эсдаликлари” асарида хоразмлик дўсти Мулла Исҳоқ билан боғлиқ хотираларга алоҳида жой ажратган.
Мулла Исҳоқнинг болалик йилларида ҳақида маълумотлар кам. Фақат 1836 йилда Хоразмда туғилгани маълум. Вамбери Мулла Исҳоқни 1863 йилда Хивада учратиб қолади. Бу пайтда ҳаж сафарига отланган Мулла Исҳоқ ўзига ҳамроҳ излаётган эди. У Вамберини дастлаб турк сайёҳи сифатида танийди ва у билан бирга сафарга отланади. Икки дўст биргаликда Бухоро, Самарқанд, Қарши, Ҳирот, Машҳад, Теҳрон ва Истанбул бўйлаб саёҳат қиладилар. Йўл-йўлакай Мулла Исҳоқ Вамберининг аслида европалик эканини англаб етади, шу тариқа улар анча яқинлаша борадилар. Бу сафар Мулла Исҳоқнинг ҳам европаликлар ҳақидаги тасаввурларини ўзгартириб юборади. Улар Истанбулга етиб боришлари билан ўзбек йигити ҳажга бориш фикридан қайтиб, Вамбери билан Венгрияга боришга қарор қилади. Мулла Исҳоқ нима сабабдан ҳажга бориш фикридан воз кечгани Вамбери асарларида очиқланмаган.
Мулла Исҳоқнинг мамлакатга келиши фавқулодда воқеа эди. 1864 йил июнь ойида кундалик газеталарда Вамбери хоразмлик йигитни Венгрияга «венгер ва шарқ тиллари ўртасидаги генетик алоқанинг жонли далили» сифатида олиб келгани ҳақида хабар берилган. Мулла Исҳоқ ҳақида 1860 йилларнинг ўрталарида Венгриядаги газеталар ва журналларда кўплаб суҳбатлар, мақолалар, хабарлар чоп этилган.
Мулла Исҳоқ дастлаб у Вамберининг дўсти, тилшунос олим Жозеф Буденз (1836–1892) билан ҳамсуҳбат бўлиб, унга лингвистик тадқиқотларда ёрдам беради ва маҳаллий олимларнинг Ўрта Осиёдаги туркий тиллар бўйича билимини ривожлантиради. Мулла Исҳоққа Венгриядаги фаолиятининг дастлабки ойларида Венгрия Фанлар академияси томонидан моддий ёрдам кўрсатилади. 1864 йил июль ойида у қаттиқ касал бўлиб қолади ва Венгриядаги энг малакали шифокорлар ёрдамида у оғир дарддан халос бўлади.
Мулла Исҳоқ ёзнинг кўп қисмини Буденз билан Академия кутубхонасида ўтказди ва август ойида улар Будапештдан 150 километр жанубда жойлашган Кискунҳалас шаҳрига, таниқли турколог Арон Силадини (1837-1922) зиёрат қилиш учун боришади. Бир қанча вақт ўтгач, мулла Исҳоқ тез орада венгерча кийим-бош кия бошлаган ва у венгер тилини шу қадар яхши ўрганганки, у машҳур шоир Янош Аранининг (1817–1882) эртакларини ўзбек тилига таржима қилган.
Мулла Исҳоқ табиатан жуда қувноқ, ҳазилкаш инсон бўлган. У ҳақда ҳатто бир қатор латифалар ҳам тўқилган. Унинг ўзи ҳам турли кулгили ҳикоялар ёзиб маҳаллий матбуотда чоп эттирган. Уни Венгрияда Мулла Содиқ номи билан ҳам аташган. У ҳақидаги матбуот материалларида Мулла Исҳоқни баъзида турк, татар деб номлашган. Вамбери ўз эсдаликларида уни чиғатой улусига мансуб деб атайди. Мулла Исҳоқ аслида ўзбекларнинг қўнғироқ уруғига мансуб эди.
У Венгриядаги ҳаёти давомида халқ эртаклари, топишмоқлари, қўшиқларини ўзбек тилига таржима қилиб, ўз Ватанида тарқатиш истагида бўлган. Мулла Исҳоқ ўз Ватанига қайтишга бир неча бор уринган бўлса-да, турли сабабларга кўра нияти амалга ошмаган. Бир неча бор сарсон-саргардон бўлиб, ортга қайтган.
1871 йилга келиб мулла Исҳоқ венгер дурадгорнинг қизига уйланган ва икки фарзанд кўрган. Унинг Искандар исмли ўғли ва Фотима исмли қизи бўлган. Айрим манбаларда унинг Геза исмли (балки Ғозидир) яна бир ўғли бўлгани айтилади.
Мулла Исҳоқ Венгриянинг турли шаҳар ва қишлоқларини кезиб чиқди, турли соҳа вакиллари билан ҳамсуҳбат бўлди. Венгриянинг таниқли адиблари, олимлари, сиёсатчсилари билан учрашди. Сарой тадбирларида ҳам иштирок этди. 1889 йилда Венгрияга ташриф буюрган Эрон шоҳи Насриддин Шоҳ Қожор Фанлар академиясида ҳам бўлади ва бу ерда Мулло Исҳоқ билан узоқ суҳбат қуради. Бу суҳбатдан мамнун бўлган шоҳ Эроннинг тарихий рамзи акс этган “Шер ва қуёш” орденини унга тақдим этади.
Мулла Исҳоқ бир умр Ватанини қўмсаб яшади, ўз тили, урф-одатлари, динига содиқ қолди. Беш вақт намозини канда қилмади. Умрининг охирида ҳам уни мусулмонлар одатига кўра дафн қилишларини васият қилди. Мулла Исҳоқ сўнгги кунларини Будапешт яқинидаги Веленц қишлоғида ўтказди. Шу ерда 1892 йилнинг 10 май куни юрак хуружидан вафот этди. Мулла Исҳоқни қишлоқ қабристонида ислом урф-одатларига амал қилган ҳолда дафн қилишди. Дафн маросимига яқин дўсти Арминий Вамбери шахсан бош-қош бўлди. Мулла Исҳоқ ўз ҳаёти давомида ўзбеклар ҳаётини Европа билан таништиришга катта ҳисса қўшди.
Рустам Жабборов тайёрлади.