Собир мўйлов (ҳажвия)

Собир мўйловни кўрсам кулгим қистайди. У билан ёшлигимизда бўлиб ўтган бир воқеа ёдимга тушаверади.

Собир мўйловнинг ўзи яхши одам, мен билан тенқур. У чиройли, сипо кийинар, сочларини текис қилиб осмонга қараб тараб қўярди. Мўйловини айтмайсизми, мўйловини, ўзига шундай ярашиб турардики, асти қўяверасиз. Собир чиройли мўйловини ҳар куни ойнага қараб қиртишлар ва кичкина тароғида тараб қўйишни сира канда қилмасди. Шунинг учун бўлса керак, факультетдагилар унга Собир мўйлов деб лақаб қўйишганди.

У соч сақол олдиргани сартарошга кирса ҳам, мўйловини сартарошга ишонмас, ўзи чиройли қилиб тартибга келтирарди. Хуллас мўйлов Собир учун ҳаёт мамотдек гап эди–да. Биз гарчи бошқа-бошқа қишлоқда турсак ҳам ўқишга бирга қатнаб, ётоқхонада бирга турардик.

Талабалик олтин давр. Иниститутни охирги курсларида ўқиб юрган кунларнинг бирида иккаламиз ётоқхонанинг орқа томонидаги ошхонада ўтирадиган бўлдик. Унда ҳам, менда ҳам ошхонада тузукроқ тамадди қилишга етгулик пул йўқ эди.

—Собир, кел ўтирмайлик ахир пулимиз йўқ бўлса, емоқнинг қусмоғи ҳам бор, юр, кетайлик десам у:

—Эй, бир гап бўлар, қарзга еймиз, кейин пулимиз бўлганида тўлайверамиз деб қолди. Хуллас Собир у десам, бу деди, бу десам у деди, мени кўндирди.
Чойхонанинг хушманзара, сўлим жойидаги сўрига бориб ўтирдик.

Офицант йигит келиб ҳизмат қила бошлади. Биринчисига иккита сомса, кейин тўрттадан сих кабоб, изидан мазалигина шўрва ичдик. Охирида лимонли кўк чой ичиб мазза қилиб ётибмиз денг.
Бир пайт Собир мўйлов тўсатдан тур қочамиз деб қолди.

—Ие, нимага? — дедим.
—Мана бу гулларнинг ортидан ўтиб кетсак ҳеч ким пайқамайди, томом. Ким билиб ўтирибди? Ҳозир айни тушлик вақти, ошхонада одам кўп, ҳеч ким сезмайди.

Мен ҳам рози бўлдим, ахир шундан бошқа иложимиз ҳам йўқ эди-да.
Офицант йигитни кўзини шамғалат қилиб, олдинига Собир мўйлов, бир пастдан сўнг мен гулларни пана қилиб, жуфтакни ростладик.

Оёғимизни қўлимизга олиб юриб бораяпмиз, ҳар замон, ҳар замонда орқамизга қараб қўямиз. Ҳайтовур ҳеч ким қувлаб келаётгани йўқ.

Машмашани каттаси ётоқхонага келганимиздан кейин бошланди.
Биз ошхонадан қочиб чиққанимиздан кейин, албатта офицант биз ўтирган сўрига келган, қараса, у жойда бошқа одамлар ўтирган бўлади. Олдинги мижозлар, яъни биз йўқ. У дарҳол каттасига хабар беради. Катта офицантдан бизнинг белгиларимизни сўраб олгач, талаба эканлигимизни билади ва тўғри ётоқхонага келади. Чунки ётоқхонамиз шундоққина ошхонанинг ёнгинасида…

Кейин эшитсак, олдинлари ҳам бир икки талаба бизнинг усулдан фойдаланиб “қўлга” тушган экан. Қоровулдан бизнинг белгиларимизни сўраб, мўйловли йигит билан мўйловсиз йигитни қидириш бошланади.

Вазиятни талабалардан эшитган Собир мўйлов ўзининг чиройли ва қадрдон мўйловидан воз кечишга қарор қилди. Хонада ўтирибмиз, дарс қилган кишига ўхшаб, бир пайти хона эшиги очилиб, ҳалиги ошхонанинг бошлиғи ва қоровул кириб келди. Хонага кириб, бизга диққат билан разм солди. Бутун вужудимиз билан қалтираб ўтирибмиз.

—Йўқ, булар эмас, уларнинг биттасининг мўйлови бор эди, — деди ҳалиги киши қоровулга.

Қоровул ҳам бир нарсани сездими, чиқиб кетаётиб бир кўзини қисиб қўйди. Иккаламиз ҳам енгил тин олдик. Ҳайтовур билмади. Билса томом эди-да. Бутун бошли иниститут олдида шарманда бўлардик.

—Қара, ошна, мўйловнинг қудратини, — деди Собир менга кўзини қисиб, агар шу мўйловим бўлмаганида ҳозир аниқ қўлга тушган бўлардик.

Ҳа, дарвоқе, қўлимизга бир-икки сўм пул тушганда Собирни ўша еган овқатимизнинг пулини тўлаб келишга кўндирдим. Биз бирга бориб пулни тўлаб, ошхонанинг каттасидан кечирим сўрадик.
Бор гапни эшитган ошхонанинг хўжайини маза қилиб кулди ва биз билан хайрлашди.

Ана шунақа гаплар…

Болтабой МУҲАММАД ҚУРБОН

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: