Кекириш касаллик белгисими?

Кекиришнинг нордон, аччиқ, айниган тухум таъмли ё кўланса ҳидли, дўриллаган ёки товушсиз кўринишлари бўлиши мумкин. Баъзан кекириқ шунчаки ҳаво аралаш, ҳидсиз ва таъмсиз бўлади.

Кекириш организм эҳтиёжи бўлиб, у беихтиёр юз беради. Бу ҳолат шунчаки овқатни шошилиб ейиш натижасида ошқозонга тушган ҳавонинг таом жойлашувидан кейин қайтиб чиқишидир. Бироқ кўп кекиришни саломатлик аломати деб бўлмайди. Тиббиётда кекиришни бир талай касалликлардан даракчиси дейишади.

Хусусиятлари

Асосан жигар, ўт пуфаги, юрак-қон томир хасталикларида, юрак ишемияси ҳамда миокард инфарктида кўп кекириш рўй беради. Шу билан бирга қизилўнгач чурраси, меъда ва ўн икки бармоқли яраси, ошқозон ости бези ва ўт йўлидаги муаммоларда ҳам кузатилади.

Қорин оч пайти кекириш

Овқат пайти гаплашиш, шошилиб таом ейиш кекиришга сабаб бўлиши тушунарли. Аммо  оч қоринга ҳам кекириш кузатилиши қандай муаммодан дарак беради? Шифокорларнинг айтишларича бу неврологик тизим муаммолари ҳамда меъда-ичак тизими касалликларидан далолат берар экан. Бу фикрнинг тўғрилигини билиш учун кўп кекириш ҳолатида атрофлича текширувдан ўтиш лозим.

Ҳомиладорликдаги кекириш

Ҳомиладорликда ҳам қорин оч пайти кекириқ кузатилиши мумкин. Бунинг сабаби физиологик жараёнлар натижасида  гормонлар даражаси ўзгаришидир. Яъни бачадон катталашиши прогестерон миқдори ошишига ва қорин ичида босим кўтаришига олиб келади. Бундай ҳолатлар асосан ҳомиладорликнинг учинчи босқичида, яъни олтинчи ойдан кейин содир бўлади.

Асаб касалликларидаги кекириш

Оч қоринга кекириқ тутишига неврологик бузилишлар сабаб бўлиши мумкин. Бундай вақтда одам атроф-муҳитдаги воқеа-ходисаларни ё ўта ҳис-ҳаяжон билан қабул қилади ёки ҳаддан ташқари бефарқ бўлади. Аксарият ҳолларда бундай беморлар бошқа соҳа шифокорларига мурожаат қилишади. Улар барча нарсадан шикоят қилишади, ўзларига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ташхисларни қўядилар. Бундай беморларни ҳис-ҳаяжон шу даражада кўп қоплаб оладики, суҳбат пайтида беихтиёр кўп ҳаво ютадилар. Бу ошозон мушаклари қисилишини келтириб чиқаради. Бунда организмни газлардан ҳоли қилишнинг энг осон йўли кекиришдир. Тана рефлекс тарзда бу усулни танлайди. Бу хил беморларни психотерапевт даволайди.

Қандай фарқлаймиз?

Ҳазм тизими аъзолари касалликларида кекиришдан ташқари кўнгил айниши, ҳолсизлик, озиб кетиш, қайт қилиш, жиғилдон қайнаши кузатилади. Диафрагманинг қизилўнгач йўлидаги чуррасида бемор овқат еса-емаса ҳам кекириш кузатилади. Бунда яна тез-тез жиғилдон қайнаши, томоқда бир нима тургандек бўлиши, овқат ютганда оғриқ, юрак уриши тезлашиши кузатилади.

Ошқозон ичи босими ошиб кекириқ келишига ҳазм тизимидаги ўсмалар ёки ошқозондан чиқиш йўлидаги мушаклар қисқариши пилороспазм ва ошқозон чиқиш йўлининг торайиши (пилоростеноз) ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Сурункали гастроэзофагеал рефлюкс номли касалликда меъдадаги масса ўз-ўзидан қизилўнгачга қайтиб келиб туради. Айнан шу кўп кекиришга сабаб ҳисобланади. Бу меъда мушакларининг бўшлигидандир. Хасталик белгиларига ошқозонга тааллуқли бўлмаган йўтал, ҳансираш, юрак мароми бузилиши, томоқ қуриши, ютиниш қийинлашуви кабилар ҳам қўшилади. Бу ҳолат вақтида даволанмаса, бора-бора саратонга олиб келиши эҳтимоли бор. Кўриб турганингиздек, биз беозор деб ўйлаган оддийгина кекириш ҳам жиддий касалликлар аломати бўлиши мумкин.

Ҳидли кекириқ — даволанмаган касалликлар оқибати

Ҳидли кекириқ нафас ёки меъда-ичак йўлининг инфекцион касалликларида безовта қилади. Бундай аломат кузатилса даволашни кечиктирмаслик керак.

Темир етишмаслиги билан боғлиқ анемияда ҳам бемор кекирганда ҳид келади. Иштаҳа пасайиши, меҳнат қилиш қобилиятининг пасайиши, тери рангсизланиши, соч терисининг ўта қуруқлиги темир танқислиги камқонлигининг характерли хусусиятларидир.

Организмга хеликобактер инфекцияси (меъда ярасига сабаб бўлувчи бактерия) тушганда ҳам кекириқ ҳидланади. Бунда оч қоринга жиғилдон қайнаши, қориннинг меъда-ичаклар соҳасида оғриқ кузатилиши мумкин. Ошқозон ярасида ҳидли, нордон таъмли кекириқ келади.

Шунингдек атрофик гастритда (ошқозон шиллиқ ажратиш функцияси бузилиши); сурункали панкреатитда (ферментлар фаоллиги издан чиқиши); сурункали гастритда (ошқозон шиллиқ қавати яллиғланиши), ўт йўллари дискинезияси (ўт йўллари торайиши); ўт тоши; крон касаллиги (ичак деворлари зарарланиши); йўғон ва ингичка ичак яллиғланиши; меъда ва қизилўнгач стенози; ичак бактериялари; ичак инфекциялари; айрим озиқ-маҳсулотларни ҳазм қилолмасликда кекириқ қўланса ҳидли бўлади.

Ўз вақтида даволанинг!

Меъёридан кўп кекириш гастроэнтеролог шифокорга учрашишни тақозо қилади. Текширувларда ўзига тегишли касаллик қайд этилмаса, у невролог, невропатолог, жарроҳ ёки бошқа мутахассисларга йўналтиради. Қандай касаллик аниқланса, шунга кўра даво чоралари белгиланади. Масалан, ичакдаги инфекцион жараёнларда – антибактериал терапия; овқат ҳазм қилишда муаммо бўлса, ичаклар перистальтикасини (юриши) яхшиловчи фермент ва адсорбент дорилар тавсия этилади. Агар касаллик турли паразитлар (гижжалар) сабабли келиб чиққан бўлса, гижжага қарши воситалар буюрилади.

Кўп кекирмаслик учун…

Кўп кекиришга мубтало бўлмаслик учун бирданига кўп таом истеъмол қилмаслик; овқат еганда шошилмаслик талаб этилади.

Шу билан бирга чекишдан, кўп сақич чайнашдан воз кечган одам кекиришдан ҳам қутулади.

Овқат егандан кейин дарров ётиб олиш жуда ёмон одат. Соғлом бўлай десангиз, кўп ҳаракат қилинг ва кўп ишланг, вазн ортишига йўл қўйманг.

Тез-тез кекириш, унинг кўланса ҳидли бўлиши кузатилганда ошқозонда айниш жараёнини тезлаштирувчи маҳсулотлар истеъмолини чеклаш лозим. Улар: сут, барча дуккаклилар, қаймоқ, ёғли сметана, карам, қовоқча, бош пиёз, помидор, олҳўри, олча, ёнғоқ, цитрус мевалар, олма,нок

Таркибида олтингугурт бўлган озиқларни еманг: балиқ консервалари; балиқ, қорамол, қуён, парранда гўшти; жигар; тухум кабилар чекланади.

Гулшан тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: