Кичкинтойни эмлашга қандай тайёрлаймиз?

Биз биламизки, болаларни ўз вақтида эмлатиш турли юқумли касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Аммо режали эмлаш фурсати етганида аксарият оналар ҳавотирга тушишади: «Вакцина реакция берса-чи? Балки олдиндан организмни бақувват қилувчи дори бериш керакдир? Ёки қорнини яхшилаб тўйғазиш лозимдир?..»

Аслида, ҳар қандай вакцинага нисбатан акс таъсир юзага келиши мумкин, негаки, бу организмнинг табиий жавоб реакцияси бўлади. Бироқ боламда безовталик юз берар экан, дея олдиндан ваҳимага берилиш, турли дорилар бериб эмлашга тайёргарлик кўриш мумкин эмас! Ҳатто, эмлаш олдидан қандай маҳсулотлар истеъмол қилингани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хўш, унда нималар мумкин? Келинг, болалар шифокори Саломат Хўжабоева билан кичкинтойларни эмлашга тайёрлаш ва ундан кейинги ҳолатлар юзасидан суҳбатлашамиз.

Нималар мумкин эмас?

Аксарият ота-оналарнинг йўл қўядиган хатоси шуки, улар болада бирон ўзгариш сезилиши билан кичкинтойни антигистамин гуруҳига мансуб препаратлар билан «сийлашади». Гўё шундай қилинса, вакцина реакция бермайди деб ўйлашади. Бу, албатта, нотўғри! Антигистамин, яъни аллергияга қарши тинчлантирувчи препаратлар организм сезувчанлигини пасайтиради. Бу эса салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Демак, шифокорнинг алоҳида кўрсатмаси бўлмаса, фарзандингизга ҳеч қандай дори-дармон берманг. Шунингдек, унга нотаниш бўлган маҳсулот, мева ва таомларни беришга ҳам шошилмай туринг! Эмлаш куни қачонга белгиланганини билсангиз, болангизнинг таомномасини янгилашни сал кейинга қолдиринг. Умаман, эмлашдан олдин ва ундан сўнг 3-5 кун давомида кичкинтой янги маҳсулотлар билан танишмай тургани маъқул.

Педиатр шифокор кўригига боришдан 1-2 кун аввал болага кўпроқ суюқлик ичиришни бошланг, аллерген бўлган егуликларни қатъиян чекланг. Ҳазми оғир таомлар ҳам шулар қаторига киради.

Кўрикда шифокорга нималарни айтиш шарт?

Болада икки-уч кун аввал тана харорати кўтарилиб, йўтал, тумов безовта қилмадими?

Фарзандингиз яқин ўртада сурункали касалликлар билан оғримаганми? Борди-ю, ҳозир ҳам муолажа олаётган бўлса, қандай препаратлар қабул қиляпти?

Дори-дармонлар, истеъмол маҳсулотлари ёки кутилмаган тутқаноқ ёки бошқа хуружлар содир бўлмаганми?

Эмлаш тақвимидаги бошқа вакциналарга нисбатан реакция кузатилмаганми?

Эндигина бошқа вилоятдан сафардан қайтган бўлсангиз, эмлатишга шошилманг. Айниқса, узоқ вилоятга борган бўлсангиз кескин иқлим ўзгаришидан сўнг бола организмининг мослашиш жараёни учун бироз вақт ўтиши керак. Бу ҳақида даволовчи шифокорни огоҳлантиринг.

Болада айни пайтда безовталик йўқми, шуни ҳам аниқлаштиринг! Эмлаш куни бола жисман ва руҳан соғлом бўлиши керак. Мабодо фарзандингиз яқиндагина бирон хасталикдан соғайган бўлса, вакцина, унинг умумий ҳолатига кўра, 5-14 кундан сўнг қилинади.

Айрим кичкинтойларда бош чаноғи ичи босими юқори бўлади. Бундай ҳолатда АКДС вакцинасини фақат невропатолог хулосасидан сўнг олиш мумкин. Маълум муддат чеклов қўйилса, эмлаш тартиби сурилади.

Ёдда тутинг! Эмлашлар ораси бир ой бўлиши керак. Болакайни эмлатишдан аввал шифокор кўригидан ўтказинг. Эринманг, ҳатто, тиббиёт ходими у қадар эътибор кўрсатмаса ҳам ўпкасини эшитиб кўриши, томоғида қизариш бор-йўқлиги, бурун, қулоқлари, қорнини пайпаслаб кўришини сўранг.

Кун давомида неча марта эмиши, ҳаракатчанлиги, уйқуси ҳақида сўзлаб, барча саволларингизга жавоб олинг.

Зарур ҳолларда тор доирадаги мутахассислар — ЛОР, окулист, болалар жарроҳи, невролог кўриги талаб этилиши мумкин. Соғлиги тўғрисида аниқ тиббий хулосага эга бўлмай, кичкинтойни эмлатманг.

Терида шиш кузатилса нима қилиш керак?

Вакциналарнинг айрим турлари терига инъекция юбориш орқали амалга оширилади. Эмлашдан сўнг вакцина юборилган соҳага сув тегизмаслик, боланинг оёғидан зах ўтмаслиги, шамоллашдан эҳтиёт бўлиш айтилади. Борди-ю, терида қизариш, шиш (8 см.дан ошса) ва қичишиш юзага келса, шифокор кўригини кечиктирманг. Маҳаллий реакцияларга қарши муолажа фақат мутахассис томонидан буюрилади.

Вакцина иситма берса-чи?

Эмлашдан сўнг тана ҳароратининг кўтарилиши уч гуруҳга кўра таснифланади кучсиз иситма (37,5 даражагача); ўртача иситма (37,6-38,5 даражагача); кучли иситма (38,6 даража ва ундан юқори). Ҳарорат кўтарилганда болада безовталик, талваса хуружлари юз бериши мумкин. Агар иситма 38 дан юқори бўлса шифокор маслаҳати билан иссиқликни туширадиган дори берилади.

Умуман тирик вакциналарнинг организмда фаоллашиши, эмлашдан сўнг 8-12 кун давомида юз беради. Умумий ҳисобда мазкур жараён 4-15 кунни ташкил этади. Эмлашдан сўнг тана ҳароратининг кўтарилиши турли даражада кечса-да, бу организмнинг вакцина инъекциясига қарши антитаначалар ишлаб чиқараётганидан даракдир. Полиомиелит, БЦЖ, энцефалит, гепатит, қизилча, қизамиқ, паротит вакциналарининг реакция бериши мингтадан битта болада учраши мумкин. Аксар ҳолларда мазкур вакцина турлари ножўя таъсирларни келтириб чиқармайди.

Шаҳризода ОТАБОЕВА тайёрлади. 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: