Қўшиқчи бўлақолсин (Ҳажвия)

Мактабни битказганимдан кейин онамнинг қистови билан мени ўртага олишди.
— Қайси ўқишга кирмоқчисан? Либой ўқишга киргизиб қўйишга қувватим етади. Лекин ўқиш шартми? –деди отам.
— Шарт деди онам зарда билан.
— Болани доим қушхонага олиб кетиб, мактабда тузукгина ўқигани-ям йўқ.
— Қушхонага олиб кетсам нима қилибди? Ёш бўлса-ям ўтдай қассоб бўлиб етишди. Ҳар қандай рўзғорни тебратишга қодир. Бунга ўзи ўқиш ҳам керакмас!
— Ие, нимага ундай дейсиз? – деди онам пиёлани отамга узатаётиб. – Ўқисин, одам бўлсин!
— Нима, ўқимаган одам бўлмас эканми? Унда мен ҳам одам эмас эканман-да. Ўзинг-чи, ўзинг? Ўқимагансан-ку. Лекин кимдан камсан!
— Қўйинг, бўладиган гапни гапиринг, – деди онам отамни гапини бўлиб. –Ўқигани маъқул. –Айт, ўғлим, ўзи қайси касбни танламоқчисан?
— Сайроқи Булбулбоевдек ашулачи бўлмоқчиман.
— Йўқ, йўқ, – деди отам. Тўйма-тўй юриб, бировларнинг берган садақасига қўл узатиб юрасанми?
Ундан ташқари сени бир марта қўшиқ айтганингни эшитмаганман. Бунга овоз керак.
— Овоз шарт эмас ота. Ҳозир қўшиғи хит хонандаларнинг қўшиғига оғзимни қимирлатиб турсам бўлди, қарсаклар, олқишлар меники бўлади. Лекин юлдузга айланишим учун “кўки”дан анча керак-да…
— “Кўки”дан муаммо йўқ. Қўй одамларни алдаб қўшиқ айтишинг керакмас. Фонограмманинг умри қисқа.
Онам қўшилди:

–Доктор бўла қолсин!
— Қандай доктор деди отам?
— Бола туғдирадиган доктор. Суюнчи пули олиб юради.
— Гинеколог доктор бўлсин демоқчисан-да. Сени миянг олдин ҳам ишламаган, энди ҳам ишламайди. Эркакка бошқа докторлик қуриб қолибдими? Айт ўғлим, агар уйланганингда хотинингни эркак гинекологга кўрсатишни хоҳлармидинг?
— Йўқ, асло.
— Унда ўқитувчи бўла қолсин деди онам. Ойлик маошлари ҳам отни калласидек бўлаётган экан.
— Нима, ўғлингнинг барвақт сочига оқ туширмоқчимисан. Асабидан айрилади. Қўй, керакмас. Ўғлим, ё ўқитувчи бўлмоқчимисиз?
— Йўқ ота, болалар дарс давомида телефон титкилаб ўтиради. Муаллим урса, сўкса ота-онасини бошлаб келади. Асло керакмас!
— Ана, кўрдингми, – деди отам онамга. – Сен ҳали бу нарсаларга тушунмайсан! Айт, яна қайси касбни танласин?
— Ёдингиздами, – деди онам, отамни қўлидан пиёлани олиб чой сузаётиб. – Колхоз даврида қишлоқда инженер деган касб бўларди. Оёқларига раис киядиган этикларни кийиб, походка машиналарнинг кабинкасида савлат тўкиб ўтирарди…
— Муҳандис бўлсин демоқчисан, шундайми?
— Ҳа, инженер бўла қолсин!
— Бўлмайди, ҳозир ўқишни битказиб келган муҳандислар фермага ишга келаяпти. Тракторларни таъмирлайди.
— Мойга ботиб, трактор ҳайдайди. – Фермер қанча буғдой, қанча шоли, қовун-тарвуз берар экан, деб қўлига қараб ўтирадими? Ўғлим, ё муҳандис бўлмоқчимисиз?
— Йўқ, дедим отамнинг гапини эшитиб бир оз ўйлангач. – “Қора мойга” ботишни хоҳламайман.
— Ҳаммаси ўзимизнинг касбимизга тенг келмайди. Пичоғимиз доим мой устида. Ўқиб, ишга кириб оладиган бир ойлик маошингни бир наввос сўйганда қолдирасан. Агар диплом керак бўлиб қолганда ўзим олиб бераман. Юр, қушхонага кетдик, – деди отам.
Отам билан қушхонага йўл олар эканмиз онам ортимиздан деди:
— Ҳай болани ўқитинг! – Қушхонангиз бошингиздан ардона қолсин! Майли, оғзини қимирлатиб турса ҳам қўшиқчи бўла қолсин…

Барди Жуманиёзов, рассом Ҳусан Содиқов.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: