Ўта озғинлик қандай касаллик?

Анорексиянинг асосида инсон руҳиятидаги жароҳатлар ётади. Уни келтириб чиқарувчи сабаблардан бири эса вазн ортишидан қаттиқ қўрқишдир.

Организмнинг ўта заифлашиб кетишини ўйламай озишга уриниш, ўзининг тана вазнидан қониқмаслик асабий анорексия деб аталади. Бу оғир психологик ва физиологик ҳолат бўлиб, тана вазнининг катта қисми йўқотилиши билан кечади. Бу руҳий ҳолат асосан ўсмирлик даврида пайдо бўлади. Бунда одам озиш мақсадида онгли равишда қатъий тарзда овқатдан бош торта бошлайди.

Асабий анорексия синдроми бир қатор руҳий-асаб хасталикларида учрайди. Масалан, неврозлар, психопатия, неврозга монанд шизофрения, органик нейроэндокринопатия кабилар шулар жумласидан. Невроз анорексияси деб аталувчи алоҳида касаллик ҳам мавжуд. Бу ўсмирликдаги ўтиш даврида эндокрин безлар ишидаги ўзгаришлар оқибатида шахс ривожланишидаги алоҳида патология сифатида кўзга ташланади.

Руҳий анорексия кўпинча 14-18 ёшдаги ёшларда кузатилади. Бироқ айрим 20-28 ёшлиларда ҳам хасталикнинг илк босқичини кузатиш мумкин. Хасталикка кўпроқ қизлар чалинади. Умуман аёллар ва эркаклар ўртасидаги кўрсаткич 1:10 нисбатга тўғри келади. Сўнгги 10 йилликда ушбу касалликка дучор бўлганлар сони бирмунча ошди.

Бу касалликнинг вужудга келишида биологик омиллар билан бир қаторда психоген омиллар ҳам иштирок этади. Ирсий мойиллик камдан кам учрайди. Фақат 2-5 фоиз беморларнинг онаси ҳам ўсмирлик вақтида шундай хасталикни бошдан кечирган бўлиб чиқади.

Бу қандай жараён?

Анорексиянинг асосида инсон руҳиятидаги жароҳатлар ётади. Уни келтириб чиқарувчи сабаблардан бири эса вазн ортишидан қаттиқ қўрқишдир. Бу ҳиссиёт мияга шу қадар чуқур ўрнашиб оладики, бемор ўз танасини нотўғри қабул қила бошлайди. Тассаввурида яратиб олган идеал қоматга ўхшашга тиришади, унга ўхшамаслигидан тушкунликка тушади. Бундай ҳолатларда атрофдагиларнинг — ота-она, шифокор, дўсту дугоналарнинг фикрлари ҳеч қандай аҳамият касб этмай қўяди. Аслида атрофдагилар ўсмирнинг семизлигини юзига солиши, тенгдошларининг мазаҳ қилиши, унга лақаб қўйиши каби руҳий изтиробга солувчи вазиятлар касаллик ривожланишига туртки бўлади.

Беморлар аста-секин тўйимли таом ва маҳсулотлардан бош торта бошлашади.  Улар асосан характерига кўра кўпинча аниқлик ва тартиб-интизомни хуш кўрувчи, қайсар, бир мақсад сари қатъий интилувчи, бошқаларни тан олмайдиган, худбин одамлар ҳисобланади. Болалигида улар онасига жуда боғланган бўлиб, ундан айрилишни кўтаролмайди. Уларда арзимаган нарсага дод-вой қилиб талвасага тушиш каби одат ҳам учраб туради.

Бундай ҳолатда иштаҳа йўқолмайди, аммо овқатдан воз кечиш очликка қарши аёвсиз кураш билан биргаликда кечади. Ота-онаси овқат ейишга мажбурлашса, улар таомни яширади ёки ташлаб юборади. Баъзан эса ўзларини мажбурлаб қайт қилишади. Ични бўшаштирувчи ёки ювувчи дориларни қабул қилиб, истеъмол қилган овқатларини ҳазм қилмай чиқариб юборишади.

Бундан ташқари беморлар тўхтовсиз машқлар билан шуғулланадилар, жисмоний куч талаб қилувчи ишларни жон деб бажарадилар, югуриш, гимнастика, фитнес билан шуғулланадилар. Қизлар белини тортиб турадиган кийимлар кийишга, белбоғлар тақишга ружу қўядилар.

Руҳий томондан улар фақат қандай озиш ҳақида ўйлайдиган, депрессияга мойил, доим тушкун кайфиятдаги, жиззаки характер эгаларидир. Анорексиянинг кейинги босқичларида бемор вужудини ланжлик, хорғинлик, ҳаракатсизлик эгаллаб олади.

Касаллик жиддий тус олганда организм очликдан ҳолдан тойиши натижасида кахексия (ўта озиб кетиш) оқибатида фақат тери ва суяк қолади, қўл ва оёқлар доим совуқ бўлади. Юрак мароми секинлашиб брадикардия кузатилади. Қон босим ҳам тушиб кетади. Доимий қабзият кузатилади. Танада витамин етишмовчилиги белгилари пайдо бўлади. Қизларда аменорея (ҳайз бир неча ой тўхташи), танада туклар ўсиб кетиши, ўғил болаларда жинсий аъзолар дисплазияси (кичрайиши) кузатилади. Бу ҳолат бепуштликка олиб келиши мумкин. Аммо бу касаллик бедаво эмас. Ўз вақтида чора кўрилса бемор шифо топиши мумкин.

 Давоси ўзингизга боғлиқ?

Албатта, анорексия хасталигини даволаш мумкин. Бунда психотерапевт, психиатр, эндокринолог, оилавий психолог ва диетолог шифокорларга мурожаат қилиш керак. Даволашнинг самарадорлиги беморнинг ўзига, оила аъзолари, яқинларининг қўллаб-қувватлашларига боғлиқ.

Бемор ўта озиб кетмаган ҳолларда уй шароитида даволаниш мумкин. Муолажалар беморнинг умумий ҳолати ва и хусусиятларига қараб белгиланади. Бунда қондаги қанд миқдорини аниқлаш, умумий қувватлантирувчи, қон ўрнини босувчи воситалар, витаминлар ва ётоқ тартиби тайинланади. Кучли калорияли, гўшт ва бошқа маҳсулотлар блендердан ўтказилиб истеъмол қилинади.

 Гулшан тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: