Дунё иситма ичида ётган беморга ўхшайди…

Бугун дунёнинг етти ярим миллиарддан ортиқ аҳолисини битта мусибат бирлаштириб турибди – коронавирус!

Айни дамда у билан оғриганлар сони 800 минг, қурбонлар 40 мингга қараб бормоқда. Ва, афсуски, бу рақамлар ҳали-вери тўхтамайдиган кўринади…

Ҳар ким ўз дардида…

Шу азим дунёнинг бир парчаси бўлган Ватанимизнинг ҳам бугунги кундаги энг биринчи муаммоси айни шу дарддан тезроқ халос бўлиш, унга қарши курашиш, унинг хавфини бартараф этиш. Давлатимиз ҳам бутун куч ва эътиборини шу масалага қаратган – нима бўлса-да, касаллик тарқалишига йўл бермаслик, беморларни тезроқ оёққа турғазиш, имкон борича, қурбонлар сонини камайтиришга эришиш. Бу иш қанчалик оғирлигини ҳаммамиз тушуниб турибмиз.

Айни дамда ҳамманинг эътибори умид ва қўрқув ила коранавирус ҳақидаги хабарларга қаратилган. Бугун қанча одам бу дард билан оғриди? Қанча одам тузалди? Бу дарддан халос бўлишнинг бирор чораси бормикин?

Албатта, бугунги статистика кечагидан тамоман фарқ қилади. Касалланганлар, соғайганлар ва қурбонлар сони ҳам, энг аввало, мамлакат ва ундаги фуқароларнинг дунёқараши, ҳамжиҳатлиги, турмуш тарзига боғлиқ турибди.

Коронавирус барчани ниқобга киритиш баробарида яна кимларнингдир ниқобини ҳам очиб ташламоқда. Кимнинг ким эканлиги, нима учун яшаётгани, асл башараси ҳам ана шундай синовли кунларда фош бўлмоқда. Кимдир имкон қадар борини эл билан баҳам кўриб, оғир кунида ён босса, яна кимдир бир тангалик молини ўн тангага пуллаб, “бир нималик бўлиб қолиш” пайига тушган.

Яна кимдир имкон даражасида карантин қоидаларига амал қилиб, оила аъзолари ва атрофидагиларни ҳам ана шу талабларга риоя қилишга ундаса, яна кимдир ўлар-тириларига қарамай, ўзини бозор-ўчарга, озиқ-овқат ғамлашга уряпти. Яна кимдир виртуал оламда кўпроқ эътиборни тортиш, “лайк” ёки “фолловер” тўплаш илинжида бўлар-бўлмас маълумотларни тарқатиш билан овора.

Ваҳимадан йироқ бўлинг!

Айни дамда ҳаммамиз битта кемада эканимизни унутмаслигимиз лозим. Кемага тушганнинг жони бир, деб бежиз айтишмаган. Битта нарсани ҳар биримиз англаб олайлик. Жаҳон бундай мусибатларни биринчи бор бошидан кечираётгани йўқ. Аввал ҳам сон-саноқсиз инсонларни комига тортган бедаво дардлар кўп тарқалган. Бироқ, яна ўшандай талафотларга дуч келарканмиз, дея ваҳимага тушишнинг ҳам кераги йўқ.

Аввало, Яратганнинг ўзи ҳаммасини кўриб, билиб турибди. Қолаверса, бизнинг мамлакатимиз биринчи бемор аниқланган кундан бошлаб, эҳтиёт чораларини тобора кучайтирмоқда. Буларнинг барчаси ушбу дарднинг пайини қирқиш учун. Шундай экан, бозорларда, бошқа ҳудудларда сунъий тирбандликлар яратиб, хавф-хатарни орттиришдан маъни йўқ.

Халқимиз ўзининг кўп минг йиллик тарихи давомида бир неча бундай офатлар билан ҳам тўқнашган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобида қайд этилишича, атоқли адибимизнинг катта боболари Абулқосим эшон 1892 йилда Тошкентда тарқалган вабо ва у билан боғлиқ тартибсизликларни бартараф эттишда катта ҳисса қўшган, халқни турли асоссиз ваҳималардан қайтарган, халқ бошига тушган вабога ул зотнинг ўзи балогардон бўлган экан. Ҳатто мамлакатимизга рус истилдочилари билан келган илк зиёлилардан бири Остроумов ҳам бу ҳодисадан ҳайратга тушган…

Дарҳақиқат, халқимиз билиб айтганидек, “дард берган давосини ҳам беради”. Яъни, биринчи ўринда умидсизликка, ваҳимага тушмаслик керак.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда тез-тез тарқалаётган бир ривоятни яна бир бор эслатаман. Бир киши йўлда вабони учратиб ундан қаерга кетаётганини сўрабди. “Фалон шаҳарга, беш минг кишининг жонини олгани” деб жавоб берибди вабо. Орадан бир муддат вақт ўтиб, ўша шаҳарда 50 минг киши нобуд бўлибди. Кунларнинг бирида ҳалиги киши яна кўчада вабони учратиб уни саволга тутибди: “сен 5 минг кишининг жонини олмоқчи эдинг-ку?”, “Ҳа, мен фақат 5000 кишининг жонини олдим, қолганларни қўрқув ва ваҳима адо қилди”.

Бепарволикка ҳам берилманг!

Бу ривоят қанчалик тўғри эканини ҳаётда ҳам кўриб турибмиз. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассисларининг айтишича, кейинги пайтларда юрак-қон томир, асаб ва бошқа хасталикларга чалиниш суръати ҳам ортган. Бунга ҳам коронавирус хавфидан ҳаддан ортиқ ваҳимага тушиш сабаб бўлса ажаб эмас.

Тўғри, бу хасталик бефарқликни, хотиржамликни ёқтирмайди. Бир пайтлар “Коронавирус бизга хавф сололмайди, биз бу касалликни юқтириб олишдан қўрқмаслигимиз керак” дея бепарволикка берилган Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг ўзи ҳам бир ҳафта ўтар-ўтмас мамлакатда вазият жиддий эканини тан олиб, фуқароларни эҳтиёткорликка чақирди. Кўп ўтмай, унинг ўзи ҳам шу дардга йўлиққани маълум бўлди.

Беларусь раҳбари икки кун аввал хоккей чемпионатида қатнашиб, “муз бу энг яхши антивирус, бизга касаллик юқмайди” деб интервью берган бўлса, эртаси куни мамлакатда бу касалликка чалинганлар сони 50 фоизга ошгани аниқланди. Хуллас, коронавирус билан ҳазиллашиб бўлмайди.

Вирус иссиқда чекинармикин?

Бундан анча пайт аввал БМТ ҳузуридаги Халқаро вакциналар институти раҳбарининг ўринбосари Михаил Фаворов Марказий Осиёнинг ўзига хос қуруқ ва иссиқ иқлими коронавируснинг кенг тарқалишига имкон бермаслигини таъкидлаган эди. Афсуски, бугунги кунда минтақамиздаги учта давлатда (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон) бу касаллик қайд этилди. Шунга қарамай, ҳали Тожикистон ва Туркманистонда бу хасталикка учраганлар аниқланмаган. Бу эса, маълум маънода ҳар биримизни қувонтиради.

Коронавирус харитасига эътибор берсак, бу касаллик асосан нам, ҳарорат нисбатан паст мамлакатларда шиддат билан тарқалмоқда. Коронавирус қурбонларининг учдан икки қисми тиббиёт, гигиена, маданият, дунёқараш ниҳоятда юқори бўлган Европа мамлакатларига тўғри келмоқда.

Аҳолининг турмуш даражаси ва иқтисодий салоҳияти нисбатан паст бўлган аксарият Африка давлатларида касалланиш даражасининг ўсиши деярли кузатилмаяпти. Масалан, 31 март ҳолатига кўра, Марказий Африка Республикасида 5 нафар, Чадда 5 нафар, Судан ва Мавританияда 6 нафар, Анголада 7 нафар, Мозамбик ва Ливияда 8 нафар киши коронавирусга чалинган ва бу рақамлар бир неча кунлардан бери ўзгармай келаётир. Ғарбий Саҳрои Кабир, Бурунди, Лесото, Сьерра-Леоне, Жанубий Судан, Сан-Томе ва Принсипи каби давлатларда бу касаллик ҳали учрамаган. Балки бу мамлакатларда тиббий текширув, назорат етарлича эмасдир? Лекин, халқаро ташкилотлар, энг аввало, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёнинг барча минтақалари ва мамлакатларида назоратни кучайтирмоқда.

“Африкада ЖАР, Миср, Марокаш сингари мамлакатларда бу касаллик анча кенг тарқалган” дейишингиз мумкин. Бироқ, бу мамлакатларда туризм, иқтисодиёт, ташқи алоқалар қитъанинг бошқа давлатларга нисбатан анча тараққий этган. Чиқиш-кириш кўрсаткичлари анча юқори. Ушбу мамлакатларда касаллик асосан хорижлик фуқароаларда ёки хорижий мамлакатларда бўлиб қайтганлар орасида кўпроқ аниқланган.

“Ҳаммаси яхши бўлади!”

Бундан анча аввал мамлакатимиз мутахассислари ҳам ўта иссиқ ва қуруқ об-ҳаво коронавирус тарқалишининг олдини олади, деб айтган эди. Мен-ку, бу борада мутахассис эмасман, аммо юқоридаги рақамлар ҳам бу фикрни тасдиқлаб турибди. Демак, мамлакатимизда ҳам кунлар исий бошлаши билан бу хасталик чекинишига умид қилсак бўлади.

Коронавирус қандай ҳаво ҳароратида нобуд бўлади, деган саволларга ҳам турлича жавоблар қайтарилди. Кимдир 30 даражадан юқори ҳароратни белгилаган бўлса, яна биров 40 даража иссиқ вирусга ҳалокатли таъсир кўрсатишини айтди. Ўзимизнинг мутахассисларимиз бир қатор брифингларда коронавирус мавсумий касаллик эканини, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши уни енгишда ёрдам беришини таъкидлашмоқда.

Ҳукуматимиз халқни бу офатдан асраш учун барча чораларни кўрмоқда. Кўп минг кишилик карантин марказлари, шифохоналар бунёд этилмоқда. Тиббиёт ходимлари, фидойи инсонлар кеча-ю кундуз сергак. Ҳар куни касалликдан фориғ бўлаётган ҳамюртларимиз сони ортмоқда.

Бундан ташқари, дунё олимлари коронавирусга қарши дори ва вакцина топиш устида кеча-ю кундуз бош қотиришмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус коронаавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш жараёни узлуксиз давом этаётгани, бироқ бунинг учун бир йилча вақт кераклигини айтган эди…

Демак, турли ваҳималарга берилишнинг кераги йўқ. Энг яхши ҳакам – Вақтнинг ўзи. Ҳали бу оғир дамлар ҳам тарихда қолади.

Ҳатто энг ёмон кунларни бошидан кечираётган европаликлар ҳам тушкунликка тушмасликка, мусибатни яхши кайфият билан, кўтаринкилик билан енгишга ҳаракат қилишмоқда. Ўзлари яшаётган уй балконларидан чиқиб, қўшиқ куйлаб, куй чалиб, бир-бирларини қўллаб-қувватлашяпти.

Халқимиз ҳам биргаликда, ҳамжиҳатликда жуда кўп касалликлар, кулфатларни енгиб ўтган, насиб этса, бу кунлар ҳам тезда ўтиб кетади. Фақат, бунинг учун ҳар биримиз огоҳ, сергак, бардам ва бирдам бўлсак, турли ваҳима-ю васвасаларга қулоқ осмасак, санитария ва шахсий гигиена қоидаларига, бугуни вазиятдан келиб чиқадиган талабларга қатъий риоя қилсак, коронавирусни, албатта, енгамиз.

Рустам ЖАББОРОВ

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: