Масс-медиани ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама этилди

Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилоти (Словения), Ўзбекистон Республикаси Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан давра суҳбати ташкил этилди.

Мулоқотнинг асосий мавзуси “Масс-медиани ривожлантиришнинг долзарб масалалари” муҳокамасига қаратилди.

Давра суҳбатида бир қатор масъуллар ахборот эркинлиги, журналист этикаси, профессионал журналистика ҳамда фуқаролик позицияси борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Мьюша СЕВЕР, “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилоти раҳбари (Словения):

–Медиа вакилларининг асосий аудиторияси аҳоли, яъни уларни кузатиб борадиган инсонлар ҳисобланади. Айнан аудиториянинг ишончи уларнинг фаолиятига таъсир кўрсатади. Агар улар асосланмаган, фейк ва бошқа турдаги шахсни камситувчи, аҳлоқ тамойилларига зид материалларни тарқатишса аудиториянинг ишончини йўқотадилар. Бу уларнинг келгусидаги фаолиятига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин. Шу ўринда журналист маълумотни камида иккита манбадан текшириб кўриши, шу билан бирга экспертлар фикрларини ҳам инобатга олиши лозим.

Муҳаррирлар эса ўзларининг қабул қиладиган қарорларига жавоб беришади. Улар аудиторияга хизмат кўратадиган журналистларга қулай шароит яратиб беришлари мақсадга мувофиқдир. Шуни таъкидламоқчи эдимки, Ўзбекистонда ҳукумат ва ОАВ фаолиятини мувофиқлаштириш керак. Оммавий ахборот воситалари тизимли ташвиқот воситасига айланиб қолмаслиги, ўз фаолиятида коррупцион ҳолатга ҳам йўл қўймаслиги лозим.

Асаджон ХОДЖАЕВ, Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси ҳузуридаги  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори:

–Фаолиятимизда ОАВлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан бу йўналишда кўпгина қонун ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Уларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши мунтазам назорат қилиб борилади. Юртимизда ОАВ вакилларининг ташаббускорлиги, аҳолини долзарб ва муҳим маълумотлар билан таъминлашдаги саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланади. Давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг очиқлигини таъминлаш бизнинг асосий вазифамиз.

Кейинги 2-3 йил давомида давлат органлари ва оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди. Давлат органларининг ва ҳокимликларнинг матбуот котиблари журналистлар томонидан кўтарилган танқидий савол ва мурожаатларга ҳам жавоб беришяпти. Албатта, бу ишларни келгусида янада юқори босқичга кўтарамиз.

Бу йўналишда давлат бошқаруви органларида ва ҳокимликлар тизимида медиа-режалар тузилган, уларга асосан тизимли равишда ОАВ вакиллари иштирокида пресс-турлар, брифинглар, матбот анжуманлари ўтказиляпти. Шу кунгача республикамиздаги ташкилотлар томонидан 1345 та пресс-бадбирлар ташкил этилди. Агентликнин ўзида 1000 дан ошиқ брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказилди. Шунингдек, 92 та мурожаат кўриб чиқилди ва томонларнинг ўзаро келишуви таъминланди. Бундан ташқари, 34 та зиддитли вазият бўйича мурожаатлар келиб тушган. Айрим ҳокимликларнинг жойлардаги вакиллари томонидан ОАВ ходимларига қўпол муносабатда бўлиш ва очиқ маълумот бермаслик каби масалалар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон журналистлари уюшмаси, Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази билан ҳамкорликда ОАВ вакиллари ва блогерларни ўқитиш бўйича муайян ишлар олиб бормоқдамиз. Келгусида соҳавий медиа-мактабларни ҳам ташкил қилмоқчимиз. Бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Мана шундай мулоқотларда ўртага ташланган фикрлар асосида ишларимизни давом эттирамиз.

Нозима ДАВЛЕТОВА, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди директори:

–Биз айни вақтда оммавий ахборот воситаларининг тўртинчи куч сифатида нуфузини ошириш мақсадида сиз билан учрашиб турибмиз. Бироқ фаолиятни ривожлантириш учун биз ҳали кўпгина тажрибаларни ўрганишимиз керак. Ҳозирда сўз очиқлигини таъминлаш – давр талаби. Лекин биз сўз очиқлигини қанча баланд овозда гапирсак, менимча бу мавзудан шунчалик узоқлашиб борамиз. Шу боис сўз билан амалиётни бирлаштириш муҳимлиги аён бўлиб қолмоқда.

Ахборот маконида фаолият олиб боришда асосий омил профессионаллик ва этикага боғлиқ. Шу ўринда блогерлик тизимини фуқаролик позицияси сифатида қабул қилиш мумкин. Маълумки блогерлар журналист эмас, аммо улар оддий фуқаро ҳам эмас.

Яна бир муҳим жиҳати ахборотдан фойдаланувчининг саводхонлиги масаласидир. Шунингдек ҳукумат позицияси ҳам бу йўналишда орқада қолмоқда. Негаки фейк хабарларни тарқатишда ва вазиятни юмшатишда блокировка қилиш мақбул ндашув эмас.

Бохир ТОШХЎЖАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ахборот соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани ўрганиш ва такомиллиштириш бошқармаси бошлиғи:

– Албатта, фейк ва қадр-қимматни камситувчи постларни ўчиртириш ёки блоклаш билан бунинг туб моҳиятини тушунтириб бўлмайди. Бунда ёш болага “ёмон гапни сўзлама” дегандай батафсил тарбиявий тушунтириш ва ҳар бир нохолис постнинг салбий томонини англаб олишга ёрдам бериш керак.

Айрим ОАВ вакиллари ва блогерлар қонунчиликнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш борасидаги талабларини билишмайди. Баъзилар эса эркинликни нотўғри талқин қилади.

Албатта, биз қонунчиликни мукаммаллаштиришга ҳам эътибор беряпмиз. Ҳозирда қонунчиликка муайян ўзгартиришлар кириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиляпти. Унда цензура, ОАВ маҳсулотини тарқатиш (бунда муаллифлик масаласига эътибор бериш), болалар ҳақидаги маълумотларни уларнинг ота-онасининг розилигисиз тарқатмаслик каби моддаларга қўшимчалар киритиляпти.

Филипп КОСНЕТ, халқаро консалтинг компанияси вакили:

–Ҳар бир инсон ва ҳар бир журналист берадиган хабар унинг позицияси жиҳатидан бошқалар фикрига мос келмаслиги мумкин. ОАВ янгиликларни аҳолига етказиб холис бериш бўйича масъулиятлидир. “Бизга профессионал журналистика керакми?” деган саволга менинг жавобим: “ҳа!” ва доим шундай бўлади. Профессионал журналист аҳолига муҳим бўлган маълумотларни аниқ ва таҳлил қилган ҳолда етказиб беради. Фуқаро ёки блогер эса ўзининг сиёсий позицияси жиҳатидан ноаниқ ёки текширилмаган маълумотни ёзиб қўйиши мумкин. Лекин барибир ҳақиқат юзага чиқади. Шунинг учун демоқчиманки, доим ҳақиқатни ёзинг!

 

Давра суҳбати жонли мулоқот шаклида ўтди. Унда масъуллар журналистларнинг берган саволларига батафсил жавоб қайтаришди. Шунингдек масс-медиа ва соҳавий журналистикани ривожлантириш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: