Барчамиз ислоҳотларнинг томошабини эмас, иштирокчиси бўлишимиз керак

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида кириб келаётган 2023 йилга “ИНСОНГА ЭЪТИБОР ВА СИФАТЛИ ТАЪЛИМ ЙИЛИ” деб ном берди. Бу халқимизнинг кўксини тоғдек юксалтирди.

Негаки жамиятимизнинг таркибий қисмини инсон ресурслари ташкил қилади, инсон омили биринчи ўринга қўйилган жойда ҳар доим юксалиш бўлади. Чунки ҳар қандай тараққиётнинг асоси, ҳаракатлантирувчи кучи бу инсон. Фақатгина бу ҳар биримизнинг ижтимоий фаол бўлишимизга, ватанпарварлик, элпарварлик, ақлий ва жисмоний кучимизни аямай, халқимизга сидқидилдан хизмат қилишимизга боғлиқ.

Президент мурожаатини катта қизиқиш билан кузатдик. Мамлакат раҳбари кўнглимиздаги, дилимиздаги гапларни айтдилар, қарийиб барча жабҳалардаги муаммо ва масалаларга, режаларга тўхталдилар. Ушбу маърузани Ўзбекистоннинг келажакдаги ишлар учун ҳаракатлар харитаси деб аташ мумкин.

Маълумки, бугун Ўзбекистон ўзининг маънавий ҳамда тарихий ривожланиш босқичларини бошдан кечирмоқда. Айни жараёнда ютуқларимиз ҳам муайян муаммоларимиз ҳам юзага чиқмоқда. Айниқса маънавият негизида, таълим тизимида ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар жуда кўп.

Президентимиз ўз мурожаатида таълим, тарбия мавзусига алоҳида эътибор қаратдилар. Албатта, жамиятдаги айрим оғриқли муаммолар айнан таълим-тарбия сифати билан боғлиқ эканлигини биз кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Албатта, барча юртдошларимиз, вазифаларни ажратмай, айтилаётган гапга нисбатан масъулиятни зиммасига олиши даркор. Ҳар бир масъул, хоҳ катта, хоҳ кичик раҳбар бўлсин, халқнинг ишончини оқлаши, номига эмас, жавобгарликни ҳис қилиб ишлаши, фуқаролар эса жараёнларга томошабин бўлиб эмас, балки амалга оширилаётган ислоҳотларнинг иштирокчиси сифатида қатнашиши керак.

Мурожаатда эълон қилинган таълим соҳасидаги ислоҳотлар бизга ҳам тегишли. Давлат раҳбари 70 та янги мактаб қуриш, 460 та мактабни кенгайтириш ғоясини илгари сурдилар. Бу айни муддао бўлди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда аҳолининг ўсиши янги боғчалар ва кенг қамровли мактабларни талаб қиляпти. Ҳозирда айрим мактабларда ўқувчилар сони кўп бўлгани боис икки сменалик ўқиш жорий этилган. Албатта, бу таълим сифатига таъсир кўрсатмай қолмайди. Чунки одатда мия эрталаб яхши ишлайди, куннинг ярмида мактабга келган бола эса ҳорғин бўлиб, мияси дарсни яхши қабул қилмайди. Бунинг устига ҳозир қишда кунлар қисқа, болалар уйига етиб боргунча кун ботиб, қоронғи тушиб қоляпти. Агар бир сменалик ўқиш тартибига ўтилса, аввало болаларнинг дарсни қабул қилиши яхшиланади, ҳамда ўз вақтида мактабга келиб, ўз вақтида уйига бориши таъминланади.

Президентимиз кириб келаётган «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да мактабларда бир сменали ўқиш тартиби жорий этилиши, шунингдек, мактаб ўқувчиларига бепул овқатланиш ташкил қилинишини айтиб ўтдилар. Бу бизни жуда ҳам қувонтирди. Мазкур шарт-шароитлар, албатта, саломатлик ва сифатли таълимнинг асосини ташкил қилади. Агар биз мактаб ва боғча тизимидаги ушбу ислоҳотларни амалга оширсак, ишонаманки, юртимизда таълим даражаси юқори поғонага чиқади.

Ҳамид УКУБАЕВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қуйи Чирчиқ туман бўлинмаси раҳбари

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: