Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида: “Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт”, деб кўрсатилган. Кўриниб турибдики, жаҳондаги қатор ривожланган мамлакатлар каби Ўзбекистонда ҳам инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат томонидан кафолатланган.
Бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликларига ҳамда жамият ва давлат манфатларига зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, қабул қилинган қарорлар ижроси бажарилмаслиги оқибатида жамиятимизда бир қатор ижтимоий жиҳатдан зарарли иллатларнинг такрорланиши натижасида фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол этилиб, натижада бир қанча фуқаролар жабрланувчига айланиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, маълум бир жабрланувчининг қарзини қайтариб беришга мажбур этиш мақсадида бировнинг мулкини ўзбошимчалик билан тортиб олиш миллий қонунчилигимиздаги талабларга зид келишини англаш қийин эмас, зеро кишининг қонунни билмаслиги унинг жавобгарликдан озод қилинишига сабаб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан буён жамиятимизда кенг демократлаштириш ишлари жадаллаштириб, кучли фуқаролик жамиятини яратиш сари интилмоқда экан, охирги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ўз ҳақ-ҳуқуқларини ўзбошимчалик билан амалга ошириш оқибатида маъмурий ва жиноят қонунчилиги талаблари бузилишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 200-моддасида назарда тутилган, Ўзбошимчалик, яъни ўзининг ҳақиқий ёки назарда тутилган ҳуқуқини фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларига, давлат манфаатлари ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар ёки зиён келтирмаган ҳолда ўзбошимчалик билан амалга ошириши ҳисобланиб, бунда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Агар ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган ҳуқуқбузар бир йил давомида фуқаролик ҳуқуқлари ёки қонуний манфатлари, шунингдек давлат ва жамоат манфатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддаси билан жавобгарликка тортилади. Мазкур моддага кўра, шу қилмишни амалга оширган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Биргина Тошкент шаҳар Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими мисолида жорий йилнинг 10 ойи даъвомида фуқароларимиз ўз ҳуқуқларини етарли даражада билмасликлари оқибатида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 200-моддасида назарда тутилган, Ўзбошимчалик билан боғлиқ бўлган 8 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳамда Жиноят Кодексининг 229-моддасида назарда тутилган, Ўзбошимчалик билан боғлиқ ҳолат бўйича 6 та жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов ҳаракатлари жараёнида фуқаролар қилган жиноятларини англаб етган ҳолда ўз айбларига иқрор эканликларини маълум қилишган. Бундан ташқари фуқароларга қонун барчага баробарлигини, жиноят учун жазо муқаррарлиги такидлаб ўтилиб, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, ҳар қандай фуқаро ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, ушбу қонун талабларига кўра, фуқаролар ариза, шикоят ва таклиф орқали ўз мурожаатларини ёзма, оғзаки ва электрон тартибда тегишли давлат органларига тақдим қилишлари мумкинлиги ҳақида хуқуқий тавсиялар берилган.
Фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида ҳар бир тергов идораси ходимлари томонидан ойига тўрт маротаба маҳалла фуқаролар йиғинлари, идора ва ташкилотларда жиноятларнинг олдини олиш юзасидан турли мавзуларда чиқишлар ва давра сухбатлари ўтказилиши йўлга қўйилган. Бу билан тергов идоралари ходимлари фуқароларни жиноят қурбонига айланишларини олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Ҳозирги кунда фан-техника ривожланган даврда яшаётган эканмиз, технологик коммуникацион тизмнинг ривожи кишилик жамиятининг яна бир пағонага кўтарилишига сабабчи бўлганлигини эътироф этиш зарур. Шундан келиб чиқиб, фуқароларимиз ҳам замон талабларига мос усулда ўзларининг қизиқтирган саволлари ва бошқа турдаги мурожаатларини электрон тартибда давлат органларига билдирадилар; буни ҳукумат давлат порталига кирган ҳолда амалга оширадилар. Ушбу ҳукумат порталида фуқароларни қизиқтирган бошқа давлат органларининг ҳам электрон манзиллари рўйхати келтириб ўтилган.
Ҳурматли фуқаролар, сиз ҳозирги кунда ўзбошимчалик жиноятидан азият чекяпсизми, сизга тегишли бўлган мол-мулкингиз ёки бошқа турдаги ҳуқуқларингиз поймол бўлмоқдам? Унда сиз ўрнатилган тартибда давлат органларига мурожаат этинг. Сизнинг мурожаатларингиз эътиборсиз қолдирилмасдан, қонуний тартибда кўриб чиқилади ҳамда бу ҳақда сизга маълум қилинади. Ўз ҳақ-ҳуқуқларингизнинг поймол бўлишига йўл қўйманг. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида таъкидлаб ўтилганидек, ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикасининг муҳофазасидадир.
Жасур БЕГМАТОВ, Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими Ахборот таҳлил бўлинмаси катта суриштирувчиси, майор