Иккинчи жаҳон уруши пайтида Ўзбекистон кўплаб уйсиз ва яқинларисиз қолган норасидаларга бошпана бўлгани тарихдан маълум. 14 нафар ота-онасиз қолган болаларни бағрига олган Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида ҳам нафақат юртимиз, балки чет элларда ҳам кўпчилик билади. Шоаҳмад Шомаҳмудов ва Бахри Акрамова турли миллатга мансуб болаларнинг бошини силаб, болажон ва сахий ўзбек халқининг тимсоли сифатида чексиз ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган. Улар шарафига Тошкент шаҳрида ўрнатилган ёдгорлик халқлар дўстлиги ва инсонпарварликнинг бетакрор намунасидир.
Ёзувчи Раҳмат Файзийнинг «Ҳазрати инсон» романи асосида «Ўзбекфильм» киностудияси томонидан яратилган «Сен етим эмассан» бадиий фильмини кўрган одам борки урушга — лаънат, тинчликка шукрона келтиради.
Шоаҳмад ота ва Баҳри онанинг катта қизи Ҳолида ая (Ольга) Шомаҳмудовани зиёрат қилишга бориб турамиз, онахон ёшлиги, уруш хотиралари ҳақида қизиқарли воқеаларни гапириб беришдан ҳеч эринмайди. Гоҳо “Сизга у воқеани айтиб берганманми, бу воқеани айтганманми? Мана бу расмимизни кўрганмисиз?” деб сўраб қолади ва жавобимни ҳам кутмасдан ҳикоя қилишда давом этади. Суҳбатимиз ҳар сафар янги тафсилотлар билан бойийди…
—Ҳолида ая, қандай қилиб Тошкентга келиб қолганингизни эслай оласизми? Бу ерда сизни қандай кутиб олишган?
—Уруш бошланганида бомбардимонда ота-онамдан ажралганимни, аскарлар билан окопда бир ҳафта яшаганимни, улар мени қаҳва ва нон билан сийлашганини эслайман. Ҳамма ёқда уруш, ёнғин, ваҳима… ўқ товушлари эшитилиб турарди. Кейин бир гуруҳ етим қолган болалар билан қўшиб кемага чиқариб юборишди. Сўнг поездга, машинага ўтқазиб, Тошкентдаги 41-болалар уйига олиб келишди.
Болалар уйига келишимиз билан олдимизга бир тоғорада олма, бир тоғорада қулупнай қўйишди. Хоналар иссиқ, тагимизда чиройли гиламлар тўшалган эди. Кейин биз билан келган болаларнинг ҳаммасини янги ота-оналари олиб кетишди. Фақат бир каттароқ бола билан мен қолдик. Қачон бизни ҳам олиб кетишар экан, деб кутдик (ота-онамни соғиниб кўп йиғлар эдим. Жуда ёш бўлганман-да. Ҳозир саксондан ошган қари кампир бўлсам-да ота-онам эсимга тушса ёш боладай кўзимга ёш оламан).
Кейин Баҳри онам келди. Қўлида яна бир ёш бола ҳам бор эди. У рўмолини олиб, менинг бошимга ўради ва қўлимдан ушлаб олиб кетди. Уйларига келганимизда қўлимга битта конфет ва кичкина пиёлада оқ чой (ширчой) берди. У ерда мендан олдин келган Самуғ, Неъмат, Рафиқ ва бошқа болалар ҳам бор эди. Баҳри онам: «Мана бу – даданг, мен – ойинг, булар – ака-укаларинг», – деб ҳаммани менга таништирди. Ҳеч қулоғимдан кетмайди унинг меҳр билан айтган сўзлари.
Баҳри онам етимлик уқубатларини ўз бошидан кечирган. Уч ёшида отаси, ўн етти ёшида онасидан айрилган. Ўзининг ҳам фарзандлари бўлмаган. Шунинг учун ҳам бизга ўз боласидек меҳр кўрсатар, тарбия берарди. Қўлимга супурги олиб, секин-секин уй супуришни, ҳовлига, сигирга қарашни ўргандим. Оиламиз катта, кўп болали… сўнг онамнинг ёнида юриб, укаларимга қараша бошладим.
Отам ҳам бизга меҳрибон, жуда меҳнаткаш инсон эди. Ундан темирчиликни, деҳқончиликни, онамдан рўзғор тутишни, тикиш-бичишни ўргандик.
Бир-биримизга жуда ғамхўр эдик. Кўчада биронта укам болалар билан уришиб қолса, ҳаммамиз бориб ёнини олардик. Шу боис ҳеч ким бизга бир оғиз ортиқча гап гапиролмасди.
—Шунча бола бир оилада қийналмаганмисизлар? Ейишга овқат, кийим-кечак етарли бўлганми?
—Ҳамма нарса етарли бўлган. Давлат, маҳалла, қўни-қўшнилар ёрдам қилишарди. Ҳатто Москвадан Анна Афанасьевна деган журналист аёл келиб биз ҳақимизда «Правда Востока» газетасига мақола ёзган. Шундан кейин бизга битта сигир ва ер ажратиб беришди. Еримизга аввал беда экдик, кейин буғдой, жўҳори… Аста-аста улғайиб, ақлимиз кириб борди. Дадам билан ўрилган буғдойни ғарам қилишни, аравага ортишни ўргандик. Барча болалар қўлимизга тўқмоқ олиб буғдой янчганимиз, кейин дадам халтага солиб берганлари, сўнг Кўкчадаги тегирмончи унни текин тортиб бергани ҳам эсимда. Онам бир ёпишда 80-100 талаб нон ёпарди. Катта қозонда ҳар куни икки марта овқат қиларди. Уруш пайти бўлса ҳам ҳечам оч қолмаганмиз.
Отам темирчи эди. Отларга, эшакларга сувлиқ ясарди. Биз унга дам босишга ёрдам берардик. Уйимизда танча бор эди. Ҳовлимизда эса битта каравот… Мен каравотда, ака-сингилларим кўрпачада қатор бўлиб ётардик. Осмондаги юлдузларни томоша қилиб, юлдуз санаб ухлаб қолардик.
—Сизга нима учун Ҳолида деб исм қўйишган?
—Юзимда, пешанамда холим бўлгани учун уйда ҳам маҳаллада ҳам, мактабда ҳам мени Ҳолида деб чақиришарди. Шу-шу Холида бўлиб қолдим. Бу исм ўзимга ҳам ёққан.
—Тутинган ака-сингилларингиз, уларнинг фарзандлари билан кўришиб турасизми?
—Оиламизда ўзбек, татар, рус, белорус, молдаван, яхудий, қозоқ болалар ҳам бўлган. Аммо биз миллат айирмасдик. Бир-биримизни яхши кўрардик. Ҳозир ҳам қариндошларимиз билан борди-келди қилиб турамиз. Айримлари раҳматли бўлиб кетган. Ҳалима Тошкентда яшайди. Йўлдош (Фёдор) оиласи билан Россияда яшайди. Урушдан кейин унинг бувиси, холаси топилган.
—Қандай қизиқ воқеларни эслайсиз? Ўша пайтлар меҳр-оқибат қанақа бўлган?
— У пайтларда меҳр-оқибат бошқача эди. Аммо ёмон одамлар ҳам бўлган. Ундайлар ҳамма вақт ҳам топилади.
Урушдан кейинги воқеалардан уйимизга ўғри тушгани эсимда. Ўша пайтлар Самад деган ўғри бор эди. Бир куни у мендан: «Уйларингда арқон борми?» – деб сўради. Мен ундан шубҳаландим. Ўйлаганимдай у бизнинг сигиримизни ўғирлаб кетмоқчи бўлган. Шунга арқон сўраган. Шу куни кечаси ҳовлига чиқсам Самад ака томда пойлаб ўтирган экан. Мен дада, томда ўғри ўтирибди, деб бақирдим. Ўғри эса томдан сакраб, қочиб кетди (у пайтда томлар паст бўларди). Сўнг маккажўҳори экилган далага кириб, кўздан ғойиб бўлди.
У бошқа куни уйимизга ўғриликка тушиб, қопдаги буғдойни, тариқни, жўҳорини ҳатто болаларнинг кийимигача олиб кетди. Шундан кейин отам милицияга айтдилар. Кейин Самад ўғрини қўлга олишди.
Биз сигиримизни ўғирлашмаганига ҳам хурсанд эдик. У бизнинг боқувчимиз эди-да. Ҳар куни сут ичиб катта бўлганмиз. Шунинг учун ҳам илигимиз тўқ бўлган.
—Ўзингиз, фарзандларингиз, орзую армонларингиз ҳақида ҳам гапириб беринг…
—Ўзим турмушга чиқиб биргина қиз фарзанд кўрдим. Аммо турмуш ўртоғим билан узоқ бирга яшамадим. Кейин қизимни ёлғиз катта қилдим, турмушга бердим. Аммо у эрта вафот этди. Ҳозир икки неварам, учта чеварам бор.
Урушдан кейин тикувчилик корхонасида ишладим, далада пахта тердим (намунали меҳнатим учун менга ҳам бир қатор орден ва медаллар беришган). Кейин магазинда фаррош бўлиб ишлаб, пенсияга чиқдим. Ҳозир Жарариқ маҳалласидаги ҳовлимизда неварам Лайлонинг оиласи билан тураман, болаларига қарашаман.
—Ота-онангиз сизга қандай тарбия беришган?
— Чақимчилик — энг ёмон одат. Яхшилик, саҳийлик энг яхши фазилат, дейишарди улар доим. Ота-онам бизга инсонларни севишни, ҳурмат қилишни ўргатишди. Отам: «Ҳеч қачон бировга ёмонлик қилманглар, дуо қилинг, дуосини олинг. Бировга ёмонлик қилсангиз, Худо китобига ёзиб қўяди. Кейин сизга ҳам бошқалардан ёмонлик қайтади», – дер эди.
Шукур ҳозир кимдир сафарга кетадиган бўлса, мени дуо қилинг, деб олдимга келади. Журналистлар ҳам кўп келишади. Ҳаммани дуо қиламан.
—Шомаҳмудовлар оиласи ҳақидаги «Сен етим эмассан» фильмини кўрганда нималарни ҳис қиласиз?
—Шу кинони жуда яхши ишлашган. Ижодкорларга катта раҳмат! Ҳар сафар кўрганда болалик хотираларим, отам, онам, укаларим эсимга тушади. Аммо бир-иккита эътирозларим ҳам бор. Фильмда Баҳри онам ёмғир остида нонга бориб келган жойини кўрсам юрагим эзилиб кетади. Бу бадиийлаштирилган фильм-да… Биз унинг бунақа ёмғирда кўчага чиқиб кетишига ҳечам йўл қўймасдик. Ўзингиз ўйланг, шунча болалар туриб, ёмғир-қорда Она нонга бориб келадими?!
Бундан ташқари биз қора нон емасдик. Уруш пайти ҳам оқ нон еганмиз. Ўзимиз етиштирган буғдойдан онам оппоқ иссиқ нонлар ёпиб берарди. Маҳалламиздан ҳам фақат оқ нон келарди. Ҳалиям маҳалла қараб турмайди. Нима сўрасак ёрдам беради. Мен маҳалла қўмитасини доим дуо қиламан, умрларига барака берсин. Умуман ўзбек халқининг меҳри чегара билмайди.
Телевизорда чет элларда урушдан қочганларни, ҳатто болали оилаларни қабул қилмаётган мамлакатларни кўрсам ёқа ушлайман. Ўзбек халқи ўтган асрдаги урушда минглаб эвакуация қилинган одамларни ўз бағрига олган. Ўзи емай едирган, ичмай ичирган. Нега бошқалар ҳам шундай бўлолмайди?!
Оиламиз шарафига қўйилган ёдгорликнинг яна ўз жойига келтирилганидан жуда хурсанд бўлдим. Президентимизга катта раҳмат. Халқлар ва миллатлараро дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш бўйича хайрли ишлар қиляпти. Илоҳим уни яратганнинг ўзи қўлласин, умридан барака топсин!
Ҳолида ая билан суҳбатда бўлганимизда онахоннинг соддадиллиги, ҳазилкашлиги, самимияти қалбимизга нур олиб кирди. Унинг шу ёшдаги ғайратию меҳнат қилишга бўлган иштиёқига қойил қолдик.
Шонли тарихимизнинг тирик гувоҳлари бор бўлишсин. Уларни йўқлаб, эзгу мақсадларини ижобат этишга, савоб олишга улгурайлик. Дуоларидан бахраманд бўлиш барчамизга насиб этсин.
Манзура БЕКЧАНОВА суҳбатлашди.