Сентябрга аталган гуллар

Бўлиқ бошоқлардан ясаб гулчамбар, Сумбула гулидан териб гулдаста, Ижод тонгларида бир бўйи анбар, Мавзуга хаёлим бўлди пайваста.

Бўлиқ бошоқлардан ясаб гулчамбар,

Сумбула гулидан териб гулдаста,

Ижод тонгларида бир бўйи анбар

Мавзуга хаёлим бўлди пайваста.

 

Ҳуснига лол этди тилимни бойлаб,

Эрк куйи дунёга довруғ таратди.

Мўъжаз юракка кенг Ватанни жойлаб,

Мустақиллик деган асар яратди.

 

Йигирма олти ёшда бугун ҳуррият,

Ҳурлик ва тинчликнинг ҳосиласи бу.

Севилиб, бизга ҳам йўллаб муҳаббат,

Нур сочиб оламга бўлмоқда кўзгу.

 

Янги келин каби қилади пардоз,

Бахту беғуборлик инъом этади.

Ўз тилида куйга бўлиб жўровоз,

Атлас кўйлагида хиром этади.

 

Гулчамбар кийдириб мағрур бошига,

Терган гулларимни айлай поёндоз.

Ҳеч кўзлар тегмасин қора қошига,

Бўй чўзиб, кўкларга қилсин у парвоз.

 

Қалбим дафтаридан гуллар саралаб,

Оролаб дилимга тугиб қўйибман.

Ҳур, мустақил, обод Ватанга атаб,

Оҳ, жонимга қадар уни суйибман.

 

Ҳадям бу муқаддас сентябрь учун,

Ягона нурафшон кунга оламда,

Озодлик бонглари кўрсатиб кучин

Олий борлиқ узра таралган дамда

 

Гўёки тўлқинлар ўз қурбонларин

Соҳилга келтириб қўйганларидай

Эрк ерида унган гулларга қўшиб,

Содиқ вужудимни мен туҳфа этай!

 

ТОНГ

Ассалом янги тонг, энг беғубор қалб,

Салом ёғдуларга чўмган замона!

Мен тўйиб ухладим, уйқудан тўйдим,

Азон турткисидан уйғондим мана.

 

Мен энди сенингман қуёшли осмон.

Бахтим — ҳар тонг сенинг пойингда қолсам

Мангу азон мусиқасига сингиб,

Мудроқ туйғуларни уйғота олсам.

 

Сен энди менинг менимсан,

Чунки сени жону дилдан англадим.

Ушбу тонг мен ҳаёт йўлимни топиб,

Ижод мавжларида ҳур жарангладим.

 

ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ

 

Сўнгсиз орзуларим, нурли орзулар

Бир лаҳза умидвор этди-да кетди.

Ўрнини эгаллаб яна қайғулар

Қоронғулик қадам ранжида этди.

Шунда ҳам ўй босар, ўйлайверибман,

Орзуларим дўнди сирли саробга.

Қишда ёзни қўмсаб йиғлайверибман

Бошимни қўйибон кўҳна китобга.

Қани Ҳаёт, ваъда қилган боғларинг,

Қайларда ўттиз йил мен зор кутган бахт?

Кўзим чўқилайди бунча зоғларинг

Мен уларни сийлаб қилсам мурувват.

Кулдан хамир қорди бу содда дунём,

Ёпган нонларимни итлар едилар.

Элимга таралди ошуфта зиём,

Барибир бировлар “лаънат” дедилар.

Толганда суяндим ўзим-ўзимга,

На итдан, на битдан хайр кўрмадим.

Лекин содиқ турдим айтган сўзимга,

Бургага кўшилиб қонлар сўрмалим.

Йўқ қилмоқ қасдида ўйлаб кўрдилар,

Зикр этибон душман ўлишимни.

Баногоҳ ортимдан келиб урдилар

Қайгадир тўғрилаб “лой” калишимни.

Залворли тунларнинг қора зулмати

Унут бўлди бугун, ғафлатда қолиб,

Қотган мафкуранинг битди иззати,

Хумо қуши келди барибир ғолиб.

Мана ўн тўрт йилки истиқлол гули

Хуррият боғида яшнаб турибди.

Музейим олдига экилган ўрик

Қаранг, гулин тўкиб довча тугибди.

Ватаннинг энг сўлим гўшаларида

Ёдгорлигим турар мардона, мағрур.

Болалигим ўтган кўчаларига

Номим ҳам қўйилган, дилимда ғурур.

Мен сизни узоқдан кўриб турибман,

Қабримга гулчамбар қўйган фарзандим.

Сизлардан миннатдор бўлиб турибман,

Ва келар қайтадан яна яшагим…

Шу кунларда ўйнаб-кулмоқ бахтига

Мушаррафсиз, мен шод, баркамол авлод!

Ҳар йил қутлуғ байрам арафасида,

Руҳимиз шод бўлар айласангиз ёд.

Шу Ватанни озод кўрмоқлик эди,

Минг шукр, ушалди дил армонлари.

Ҳокимиздан гуллар, лолалар унди,

Тирилдик биз — қатағон қурбонлари.

 

ОНАМДАН ҚЎЙМАСИН

 

Соғиниб  бағрига боссам кўксимни,

Меҳр ила тўлдирди каму кўстимни,

Кўз берди, танидим ёру дўстимни.

Жисмимга жонбахшим, моҳим сўйласин,

Бошимни силаган онамдан қўймасин!

 

Кўзларининг нури офтобга ўхшар,

Сўзларининг дури китобга ўхшар,

Каломи ҳам илму одобга ўхшар,

Бахтим гули умри билан бўйласин,

Кундек нур таратган онамдан қўймасин!

 

Боғида гул бўлсам, гирён қараган,

Кавсар булоғидан сувлар тараган,

Ул чархи гардундан имдод сўраган,

Фаришталар ҳамду сано куйласин,

Дуога қўл очган онамдан қўймасин!

 

Ризвон гулларига қўнса тўзонлар,

Ишончим йўқотса дўсту ёронлар,

Ашкимга чайилса қора мужгонлар,

Волидам кўнглимни равшан айласин,

Сабрни ўргатган онамдан қўймасин!

 

Юрган йўлингизни тавоблар қилиб,

Олқишлар ёғдирай савоблар қилиб,

Қанийди Каъбага элтсам орқалаб,

Мурод-мақсадларим рўё айласин,

Раҳнамо йўлбошчим – онамдан қўймасин!

Манзура БАХТИЁР

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: