Маълумотни вазирликнинг матбуот хизмати вакили тасдиқлади. Унинг айтишича, Шерзод Шерматов шаън ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун нашрни судга берган ва судга босим, деб баҳоланмаслиги учун айни дамда вазир интервью беришдан бош тортмоқда.
Газета таҳририяти Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маҳмуд Саъдиевнинг “Вазир матбуот эркинлигини қандай тушунади?” мақоласига нисбатан Халқ таълими вазирининг муносабати ва таҳририятнинг раддиялари ҳам эълон қилинган.
Газета аввал мақолада эълон қилинган фикрларни “ҳақорат” ва “туҳмат”, деб топиб, таҳририят номидан Вазир Шерзод Шерматовдан расман узр сўраган.
Шунга қарамасдан вазир нашрни судга берди ва 26 апрель куни суд бўлиб ўтиши кутилмоқда. Мазкур масала юзасидан медиаэксперт Карим Баҳриев муносабат билдирди.
Журналистларга қилинаётган даъволарнинг аксариятини оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат ва ҳақорат қилганликда, шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини пастга урганликда айбловлар ташкил этади.
Агар биз даъвогарларнинг ижтимоий-ҳуқуқий мақомига назар ташласак, ғалати бир қонуниятга дуч келамиз: оммавий ахборот воситасида ўзини ҳақоратланган, таҳқирланган ҳисоблаётганларнинг аксарияти давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик ташкилотларининг вакилларидир. Даъвогарларнинг маълум қисми собиқ амалдорлар, мансабларга даъвогарлар ва тадбиркорлардир.
Кўриниб турибдики, «ҳақоратланган ва хўрланганлар»нинг асосий қисми муайян ижтимоий мавқега эга бўлган шахслар – вазирлар, мансабдорлар, депутатлар, номзодлар, шоу-бизнес вакиллари бўлиб, улар матбуотнинг эътиборида туриши, бу тоифадагилар ҳаёти ва фаолиятига қизиқиши табиийдир.
Бир томондан, одамларнинг ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини оммавий ахборот воситалари орқали қилинадиган туҳмат ва ҳақоратдан қонуний йўл билан ҳимоялана бошлагани кишини қувонтиради, одамлар ўзлигини англай бошлагандай таассурот қолдиради.
Аммо, иккинчи томондан, ўз шаъни ва қадр-қимматини матбуот орқали «ҳақорат» ва «туҳмат»дан асрашга ҳаракат қилаётганларнинг аксарияти амалдорлар экани, давлат ва бошқарув идораларининг у ёки бу поғонасида ишлаётганлигини кўриб, кўтаринкилик учун сабаб тополмайсан.
Албатта, амалдорлар ҳам қадр-қиммати, шаънини суд орқали ҳимоя қилиши мумкин. Бу ҳар бир кишининг конституциявий ҳуқуқидир. Давлат ва жамоат арбобларининг шахсий ҳаёти ҳам бошқа фуқароларнинг ҳаёти каби ҳимоя қилиниши лозим.
Аммо давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатчилар, амалдорларнинг шахсий ҳаётидаги у ёки бу ҳолатларнинг ижтимоий аҳамияти мавжуд бўлган ҳолларда масалага демократик тамойиллар нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёндашмоқ керак.
Сиёсат майдонига кирган, давлат ва бошқарувнинг юқори мансабларида турган шахслар оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик фикрининг диққат марказида турганликларига, уларнинг ҳаракатларига қизиқиш катта бўлишига кўникишлари лозим.
Жаҳоннинг демократик мамлакатлари судлари амалиётини таҳлил қилсак, судлар давлат ва жамоат арбоблари шаънига айтилган кескин фикрларга кенгроқ муносабатда бўлганларини кўрамиз.
Демократик тизимга ўтиш босқичидаги посткоммунистик давлатларда ҳали амалдорлар сўз эркинлигига унчалик кўникмаган.
Кўпинча оммавий ахборот воситасидаги у ёки бу хабарни «қадр-қимматларини пастга урувчи» деб билган амалдорлар журналистларни судга беради ва «етказилган маънавий зарар» сифатида жуда катта миқдордаги маблағларни кўрсатади.
Ҳолбуки, уларнинг маънавий қониқиши учун ундириладиган пул миқдори катта бўлиши шарт эмас.
Қолаверса, қонунчиликда уларнинг судлашиб, жазо талаб қилишдан кўра, ўша оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавоб ёзиб чиқиш йўлидан фойдаланиш имконлари ҳам бор.
Уларнинг албатта журналистларни жазолашга ва катта маблағ талаб қилишга уриниши сўз эркинлигига кўникмаганларини, мақсадлари «адолатни тиклаш», қадр-қимматларини «ўрнига қўйиш» эмас, оммавий ахборот воситаси ёки муайян журналистни «адо қилиш» эканини кўрсатади.
Журналистнинг танқидий чиқишига сабаб бўлган амалдорнинг фаолиятидаги камчиликлар аслида муҳокама қилиниши ва тузатилиши керак.
Журналистнинг мақоласи, кўрсатуви ёки эшиттириши муҳокама қилинади. Халқ мулкини ўмарган амалдор айбдор эмас, бу ҳақда мақола ёзган журналист айбдор бўлиб чиқади.
Оммавий ахборот воситаларида биз бошқача ахборотларга ҳам дуч келамиз – бу фикрлар, мулоҳазалар, талқинлар, баҳолар бўлиб, уларнинг ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслигини бевосита текшириш, ҳаққоний воқелик билан солиштириш ёки гувоҳлар ёхуд ҳужжатлар воситасида далиллаш мумкин эмас.
Аммо фикрлар, мулоҳазалар, эътиқодларни ифода этувчи ахборотлар – мафкуралар, ғоялар, назариялар, концепциялар, дастурлар, режалар, тахминлар, баҳолар ва ҳакозолар моҳият эътибори билан ҳаққоний ёки ёлғон бўлолмайди, уларнинг ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги текширилиши мумкин эмас.
Бу фикрлар фойдали ёки зарарли бўлиши мумкин, тўғри ёки нотўғри, асосли ёки асоссиз, ишончли ёки баҳсли, тараққийпарвар ёки жоҳилона бўлиши мумкин. Бироқ уларни айтгани ёки ёзгани учун журналист ёхуд чоп этгани, ошкор қилгани учун оммавий ахборот воситаси жавобгар бўлиши мумкин эмас.
Зеро Ўзбекистон Республикаси Конституциясида амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборотларни ва қонун билан чекланган давлат сири ҳамда бошқа сирларга тааллуқли ахборотларни истисно қилган ҳолда ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги кафолатлангандир (29-модда), мамлакатда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши таҳкидлангандир (12-модда).
Афсуски, айрим ҳолларда судлар низо предметини алмаштириб юборадилар – оммавий ахборот воситасига даъвогарнинг жавобини чоп этишни юклаш ўрнига, айтилган фикр ва мулоҳазаларни рад этиш мажбуриятини юклайдилар. Яна «етказилган маънавий зарар учун» товон тўлашни талаб қилади.
Ҳолбуки, фикрлардан воз кечиш талаб қилиниши мумкин эмас, уларга эътироз қилиш лозим.
РАДДИЯМИ ЁКИ ЖАВОБМИ?
Қонунчиликда ўз шаъни, қадр-қимматини оммавий ахборот воситасидаги у ёки бу чиқиш туфайли ерга урилган, ҳақоратланган ёки таҳқирланган ҳисобловчи шахслар учун ўз номини ва шаънини ўша оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавоб бериш орқали тиклаш имкони кўзда тутилган бўлса-да, амалиётда бу усулдан фойдаланиш йўқ ҳисоби. Айниқса, жавоб бериш имконидан деярли фойдаланилмайди.
Даъвогарларнинг судга чопиши, жавоб ўрнига раддия талаб қилиши, маънавий зарар учун товон талаб қилиши шуни кўрсатадики, улар «шаън ва қадр-қиммат»ни тиклашдан кўра, таҳририятни жазолашга, хонавайрон қилишга кўпроқ уринадилар.
Хулоса қилишимиз мумкинки, раддия фактик мазмунга эга бўлган маълумотларга – ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги аниқланадиган маълумотларга берилади. Фикрлар, мулоҳазалар, баҳолар ва ҳакозоларга эса жавоб берилади. Баҳсга сабаб бўлган фикрлар айтилган оммавий ахборот воситасида чоп этиладиган шарҳлар, луқмалар, тушунтиришлар ҳам жавоблар сирасига киради. Фикрга-фикр билан жавоб берилади, фикрлар рад қилинмайди, муҳокама қилинади. Фикр йўқотилмайди, баҳслашилади.
Конституциявий ҳуқуқ бўлган эътиқод, фикр ва сўз эркинлиги талабларига кўра инсонни фикридан кечишга мажбур қилиш мумкин эмас. Реал воқеалар, ҳодисалар, фактлар ҳақидаги маълумотларнинг ҳақиқатда бўлган-бўлмаганлиги аниқланиши ва улар ҳақиқатга тўғри келмаса, рад қилиниши мумкин. Фикрлар эса рад этилмайди, мулоҳаза этилади.
Шунинг учун судларнинг айрим қарорларида учрайдиган «таҳририятга даъвогардан кечирим сўраш мажбуриятини юклаш», «фикрини қайтариб олиш», «айтган мулоҳазасидан воз кечиш» талаблари умуман ҳуқуқий жиҳатдан асоссиздир, ҳеч қайси қонунда кўзда тутилмагандир.
Карим БАҲРИЕВ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ахборот ҳуқуқи бўйича медиаэксперт.
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли